Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.11.1992 й. 533-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 13 ноябрдаги

533-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг

паспорти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ва унинг эгаси шахсини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлган ҳар бир фуқароси паспортга эга бўлиши керак.

Шахсий гувоҳнома ва ҳарбий билет ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланади.


3. Паспорт чет элга чиқишда ҳақиқийдир. Чет элга бораётган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


4. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:

а) "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаган шахсларга;

б) "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган шахсларга берилади.


5. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан берилади.

Доимий равишда чет элда яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари бериши мумкин.



II. ПАСПОРТДАГИ ЁЗУВЛАР.

ПАСПОРТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ


6. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти 32 бетга эга бўлади. Паспорт реквизитлари номлари иккинчи бетда ўзбек, рус ва инглиз тилларида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса - Қорақалпоқ, ўзбек ва инглиз тилларида ёзилади.


7. Паспортга ўзбек, рус ва инглиз тилларида фуқаронинг шахси тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар ёзилади:

фамилияси, исми ва отасининг исми;

туғилган йили, куни ва ойи;

туғилган жойи;

идентификация номери;

жинси;

миллати.

Паспортда миллати тўғрисидаги ёзув ота-оналарнинг миллатига мувофиқ амалга оширилади. Агар ота-оналар турли миллатларга мансуб бўлса, биринчи марта паспорт берилганда миллати паспорт олувчининг хоҳишига кўра отаси ёки онасининг миллатига мувофиқ ёзилади. Кейинчалик фуқаронинг ёзма ҳолдаги аризасига мувофиқ миллати тўғрисидаги ёзув отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин, лекин бир мартадан ортиқ эмас.

Паспортда унинг эгасининг имзоси, паспортни берган масъул шахснинг имзоси, шунингдек, паспорт берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилган бўлиши керақ

Паспортда, шунингдек:

болаларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, куни, ойи;

ҳарбий мажбуриятлар;

никоҳдан ўтганлиги ва никоҳнинг бекор қилинганлиги;

паспорт эгасининг яшаш жойи;

визалар тўғрисидаги маълумотлар қайд қилинади.

Қонунчилик билан назарда тутилган ҳолларда ички ишлар органлари алимент тўлашдан бўйин товловчи фуқароларнинг паспортларига алимент тўлаш мажбурияти тўғрисидаги белгиларни қўядилар.

Фуқароларнинг розилиги билан уларнинг паспортларида паспорт эгасига тегишли бўлган қон гуруҳи ва резуси тўғрисидаги белгилар қўйилади.

Фуқаронинг паспортида мазкур Низомда назарда тутилмаган ёзувларни ёзиш тақиқланади.


8. Фуқаронинг паспортидаги:

мазкур Низомнинг 7-банди биринчи хатбошида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги ёзувларни - ички ишлар органлари;

ҳарбий мажбуриятлар тўғрисидаги ёзувларни - мудофаа ишлари органлари;

балоғатга етмаган болалар, никоҳдан ўтиш ва никоҳнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги ёзувларни - фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органлари;

паспортнинг чет элда амал қилиш муддати, бирга кетаётган балоғатга етмаган болалар тўғрисидаги ёзувларни - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, республиканинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари;

яшаш жойи тўғрисидаги ёзувларни - ички ишлар органларининг паспорт бўлинмалари;

- тегишли бўлган қон гуруҳи ва резуси тўғрисидаги ёзувларни - соғлиқни сақлаш муассасалари бажарадилар.


9. 16 ёшга тўлган шахсга у 25 ёшга тўлганга қадар ҳақиқий ҳисобланадиган паспорт берилади.

25 ёшга ва 45 ёшга тўлган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан аввалги паспортларда мавжуд бўлган паспорт бериш пайтидаги ҳақиқий бўлган барча маълумотлар кўчириб ёзилган янги паспортлар берилади.

45 ёшга тўлган фуқаролар паспортларининг амал қилиш муддати чекланмайди.

Чет элда паспорт унда кўрсатилган муддатга ҳақиқийдир.



III. ПАСПОРТ БЕРИШ ТАРТИБИ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ


10. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорт олишда илгари олинган паспортни ўзининг доимий яшаш жойидаги ички ишлар органларига, чет элда доимий яшовчи ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган фуқаро - Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига қайтариши мажбурийдир.


11. Паспорт олиш учун фуқаро томонидан:

а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича ариза;

б) илгари олинган паспорт;

в) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (биринчи марта паспорт олаётганда);

г) оқ-қора ёки рангли тасвирли 35Х45 мм ҳажмли иккита фотосурат;

д) зарурат бўлганда шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан бўшатилган ҳарбий хизматчилар (зобитлар, прапоршчиклар, мичманлар)га паспортлар ҳарбий билетлар ва шахсий гувоҳномалар асосида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган шахсларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига репатриация тартибида келган шахсларга паспортлар белгиланган ҳужжатлар асосида берилади.


12. Паспортнинг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин фуқаро ички ишлар органларига паспорт ҳамда оқ-қора ёки рангли тасвирли 35Х45 мм ҳажмли иккита ўз ёшига мос бўлган фото-сурат тақдим қилиши керақ


13. Паспортни алмаштириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда;

ёзувларда ноаниқликлар аниқланганда;

визалар учун мўлжалланган варақлар тамом бўлганда;

фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолганда.


14. Паспортни алмаштириш учун:

белгиланган шаклдаги ариза;

алмаштирилиши керак бўлган паспорт;

оқ-қора ёки рангли тасвирли 35Х45 мм ҳажмли иккита фотосурат тақдим қилинади.

Фамилия, исм, ота исмининг ўзгариши ёҳуд ёзувлардаги ноаниқликлар аниқланиши билан боғлиқ ҳолда паспортни алмаштириш учун ҳам бу ҳолларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.


15. Фуқаро паспорт олиш ёки уни алмаштириш учун ҳужжатлар билан фотосуратларни тегишли ёшга тўлганларидан ёки фамилия, исм ва отасининг исми ўзгаргандан, ёзувларда ноаниқликлар аниқлангандан ҳамда паспорт фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолгандан кейин бир ой муддатдан кечикмай тақдим этиши керақ


16. Алмаштириш тартибида ёки йўқолган паспорт ўрнига бериладиган паспортда ички ишлар органлари ёки дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари томонидан балоғатга етмаган болалар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, никоҳдан ўтганлик, доимий яшаш жойи тўғрисидаги белгилар киритилган бўлиши керақ


17. Паспорт берилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган миқдорда ҳақ ундирилади. Чет элга бориш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар берилганлиги учун белгиланган тартибда пошлина ундирилади.


18. Фуқаро паспортни эҳтиётлик билан сақлашга мажбурдир, Фуқаро паспорт йўқолганлиги тўғрисида дарҳол ички ишлар органларига ёхуд Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига маълум қилиши шартдир. Улар унинг илтимоси бўйича унга белгиланган намунадаги маълумотнома берадилар. Маълумотнома шакли Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Фуқаро томонидан паспорт йўқотилганда янги паспорт мазкур Низомда белгиланган тартибда паспортни йўқотганлик ҳақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой давомида берилади.


19. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган шахс паспортни ички ишлар органларига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига топшириши шарт.

Фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилганда уларнинг паспортлари хизматни ўташ даврида сақлаш учун чақириқ жойидаги мудофаа ишлари органларига, ҳарбий-ўқув юртларига қабул қилинганда эса - кейинчалик ички ишлар органларига юбориш учун ана шу ўқув юртларига топширилади.

Вафот этган кишининг паспорти фуқаролик ҳолати актларини ёзиш органларига ёхуд дипломатик ваколатхонага ёки консуллик муассасасига топширилади, улар уни вафот этиш рўйхатга олингандан кейин ички ишлар органларига юборадилар.

Топиб олинган паспорт ички ишлар органларига топширилиши керак.


20. Ҳибсга олинган, шунингдек, озодликдан маҳрум этилган ёки сургунга ҳукм қилинган шахсдан ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш шарти билан шартли равишда озодликдан махрум қилинган шахсдан паспорт дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Ҳибсдан озод қилинганда ёки жазо ўтаб бўлингандан кейин паспорт унинг эгасига қайтарилади. Озодликдан маҳрум қилиш жойларидан мажбурий меҳнатга жалб этилиш билан шартли равишда озод қилинган шахсга паспорт ундан иш жойи бўйича чекланишлар олиб ташлангандан кейин қайтариб берилади.


21. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳоллардан ташқари фуқаронинг паспортини олиб қўйиш, шунингдек, паспортни гаровга қабул қилиш ва бериш тақиқланади.


22. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти тўғрисидаги Низомни амалга ошириш учун зарур бўлган гербли муҳрлар, штамплар ва бланкаларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Паспорт олиш тўғрисидаги аризалар бланкалари ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси паспорти тўғрисидаги Низомни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа бланкалар учун уларнинг ҳақиқий қиймати бўйича ҳақ ундирилади.


23. Мазкур Низомнинг ижроси учун масъул бўлган мансабдор шахслар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.


24. Мазкур Низомнинг ижросини назорат қилиш ҳокимликлар, Ички ишлар органлари, ёхуд дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади.

Мазкур Низомни бузган фуқаролар ва мансабдор шахслар қонун билан белгиланган тартибда жавоб берадилар.