Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.07.1995 й. 289-сон "Навоий давлат кончилик институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.07.1995 й.

N 289


НАВОИЙ ДАВЛАТ КОНЧИЛИК ИНСТИТУТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Навоий давлат кончилик институтини ташкил этиш тўғрисида" 1995 йил 7 июлдаги Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 1995 йил июль ойидан бошлаб Навоий техника коллежи негизида Навоий давлат кончилик институти ташкил этилсин.


2. "Қизилқумнодирметаллолтин" давлат концерни, Навоий вилояти ва Зарафшон шаҳри ҳокимликларининг таклифлари эътиборга олиниб, шунингдек, ишчи ёшларнинг ихтисосли корхоналарда ўрнашиб қолиши мақсадида, истисно тариқасида, Навоий давлат кончилик институти тузилмасида Зарафшон умумтехника факультети сақлаб қолинсин.


3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда янгидан ташкил этилган институт устави ва тузилмасини тасдиқласин;

талабалар танлашни ва 1995/96 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёни бошланишини таъминловчи зарур чора-тадбирларни кўрсин;

1995/96 ўқув йилида Навоий давлат кончилик институтига қабул қилинадиган талабалар контингентини 250 нафар этиб белгиласин, улардан 75 нафари Зарафшон умумтехника факультетига, бундан ташқари, техника коллежига - 100 киши;

таниқли олимлар ва юқори малакали профессор-ўқитувчиларнинг доимий ишлаш учун Навоий давлат кончилик институтига юборилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда Навоий шаҳридаги 2-ҳунар-техника билим юрти бинолари ва иншоотлари мажмуини ҳамда асбоб-ускуналарини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги балансига ўтказсин.


5. Навоий вилояти ҳокимлиги "Қизилқумнодирметаллолтин" давлат концерни, "Навоийазот" ишлаб чиқариш бирлашмаси ва вилоятнинг бошқа корхоналари билан биргаликда институтнинг ўқув жараёнини зарур қўшимча майдонлар, моддий-техника ва лаборатория базаси, таклиф этилган ўқитувчиларга уй-жой берган ҳолда юқори малакали ўқитувчилар билан таъминлашга оид масалаларни ҳал этсин.


6. "Қизилқумнодирметаллолтин" давлат концерни ва "Навоийазот" ишлаб чиқариш бирлашмасининг:

ташкил этилаётган институтни замонавий компьютер ва репрографик техника, приборлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ўқув бинолари ва ётоқхоналарни мукаммал тузатиш билан боғлиқ харажатларни ҳар йили компенсация қилиш;

институтнинг раҳбар ходимлари таркибини ҳақ тўлаш шароитлари бўйича концерн бошқарув тузилмаси ходимларига тенглаштирган ҳолда улар меҳнатига ҳақ тўлашни таъминлаш;

профессор-ўқитувчилар таркибини моддий рағбатлантириш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин, республиканинг етакчи олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларидан таклиф этилган олимлар ва мутахассисларга ҳар ойда камида бир ойлик маош миқдорида устама тўлаш ҳам шу жумлага киради.


7. Молия вазирлиги Навоий давлат кончилик институти ташкил этилиши муносабати билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бюджети кўрсаткичларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва фан бўлимига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                           И. Каримов