Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент Давлат юридик институти ҳузуридаги Ҳуқуқий маърифат тарғиботи марказинииг Устави (ЎзР ВМ 22.07.1997 й. 367-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 22 июлдаги

367-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент Давлат юридик институти ҳузуридаги

Ҳуқуқий маърифат тарғиботи марказинииг

УСТАВИ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Тошкент Давлат юридик институти ҳузуридаги ҳуқуқий маърифат тарғиботи маркази (кейинги ўринларда - "Марказ") Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида" 1997 йил 25 июндаги ПФ-1791-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Марказ Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари ҳузурида ҳудудий бўлимлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида жамоатчилик асосида ишловчи ўз бўлимларига эга бўлган, ҳуқуқий маърифат тарғиботи билан шуғулланувчи, илмий-оммабоп ҳуқуқий адабиётларни нашр этиш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи, нашр этишга тавсия қилинаётган ҳуқуқий адабиётларга илмий-оммабоп адабиётлар мақомини бериш ҳуқуқига эга бўлган муассаса ҳисобланади.



2. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

- мамлакатда ҳуқуқий таълимни ташкил этишга ёрдамлашиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларни тарғиб қилиш, ҳуқуқий соҳадаги таълим ишларини услубий жиҳатдан таъминлаш;

- аҳоли турли ижтимоий гуруҳларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг замонавий турларини татбиқ этиш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш;

- аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида янги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар даврий умумлаштирилишини амалга ошириш ҳамда уларни Марказнинг минтақавий бўлимларига етказиш;

- ҳуқуқий таълимнинг аҳволини умумлаштириш ва таҳлил қилиб бориш, уларни яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

- жойларда ҳуқуқий тарғибот ишларини мувофиқлаштириш;

- янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўз вақтида аҳолига етказиш ва уларни тарғиб қилиш;

- оммабоп ҳуқуқий адабиётлар, ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар тайёрлаш;

- республика "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик маркази, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот", "Маҳалла" жамғармалари ва бошқа жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда аҳолининг маданий, маърифий ва ҳуқуқий савиясини ошириш борасида иш олиб бориш.



3. МАРКАЗНИНГ МАҚОМИ


Марказ Адлия вазирлигининг Тошкент Давлат юридик институти ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил тузилмаси бўлиб, у ташкилий-услубий ҳуқуқий маърифат тарғиботи муассасаси ҳисобланади.

Марказ Ўзбекистон Республикасининг Герби тасвири туширилган муҳрига, банкда мустақил счётига ва ўз балансига эга бўлади.

Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Республика Президентининг фармонлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда Адлия вазирлигининг буйруқлари, йўриқномалари, шунингдек Ушбу Уставга асосан амалга оширади.

Марказнинг тўлиқ номи:

Тошкент Давлат юридик институти ҳузуридаги Ҳуқуқий маърифат тарғиботи маркази.



4. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


Марказ ўз фаолиятини мустақил равишда амалга оширади.

Ҳуқуқий маърифат тарғиботи маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартларига мувофиқ тариф ставкалари белгиланади.

Марказ ўқув-услубий ишларни ва дарсликларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади, уларни келгусида такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Республикадаги олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ва хорижий мамлакатлардаги ўқув юртлари билан илмий-амалий ва маданий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ўзаро ёрдам кўрсатиш мақсадида шартномалар тузади. Шунингдек республикадаги ва хорижий мамлакатлардаги ўқув юртлари билан ўқув-услубий ишлар бўйича тажриба алмашади.

Ажратилган бюджет маблағлари ёки Марказнинг ўз маблағлари ҳисобига зарур бўлган жиҳозларни сотиб олиши ва уларни ижарага бериши мумкин.

Тежаб қолинган маблағларни, шунингдек шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағларни ўзининг моддий-техник базасини яхшилашга, янги ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва бошқа адабиётлар сотиб олишга, ходимларни рағбатлантиришга сарфлаши мумкин.

Ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий мақолалар тўпламларини нашр қилиши мумкин.

Ўқув-услубий ишларга юқори малакали ҳуқуқшунос олимлар, тажрибали амалиётчи ходимлар ва етакчи мутахассисларни шартнома асосида жалб қилади. Шунингдек чет эллик мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этади.

Марказни ривожлантириш учун илмий-техникавий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий рағбатлантириш, валюта ажратмалари жамғармалари ташкил қилиниши мумкин.

Марказ ўз моддий базасини мустаҳкамлаши, даволаш-профилактика ва соғломлаштириш, маиший, коммунал ва умумий овқатланиш тармоқлари очиши ва уларни кенгайтириши мумкин.



5. МАРКАЗНИНГ ТУЗИЛМАСИ


Марказ директор, директор ўринбосари, унинг Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари ҳузуридаги, шаҳар, туман ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий бўлимлар, мувофиқлаштирувчи-услубий бўлим, маъруза-тарғибот бўлими, нашриёт бўлими, компьютер бўлими, умумий бўлим ва бошқа тузилмалардан иборат бўлади. Марказ ҳузурида илмий-оммабоп ҳуқуқий адабиётларни нашр этиш бўйича идоралараро республика мувофиқлаштирувчи-услубий Кенгаши тузилади.

Марказ фаолиятига директор раҳбарлик қилади.

Марказ директори ва унинг ўринбосари Тошкент Давлат юридик институти ректори тавсиясига кўра Адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Марказ директори ўз ваколати доирасида амалдаги қонунлар асосида буйруқлар чиқаради ва унинг бажарилишини таъминлайди. Директор амалдаги қонунларга ва мазкур Уставга мувофиқ:

барча корхона, муассаса, ташкилотларда Марказ номидан иш кўради. Марказнинг мол-мулки, маблағларини бошқаради. Шартномалар тузади, ишончномалар беради, банкда ҳисоб-китоб счётлари очади;

Марказий аппарат ходимлари ўртасида вазифаларини тақсимлайди;

ходимларни ишга қабул қилади, бошқа ишга ўтказади ва ишдан бўшатади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви барча органларида, муассасалар ва ташкилотларда Марказ номидан вакиллик қилади;

Марказнинг бўлинмалари, Марказга қарашли муассасалар ва ташкилотлар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Марказнинг тарғибот-маъруза, ўқитиш, илмий-тадқиқот, маслаҳатлар ва бошқа бўлинмалари раҳбариятини тасдиқлайди;

Марказ бўлинмаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳақида қарорлар қабул қилади;

маърузаларнинг мавзу режаларини, ўқиш дастурларини тасдиқлайди;

Марказнинг молиявий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади;

Марказни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Тошкент Давлат юридик институтининг ректори билан келишган ҳолда бўлинмалар учун лавозимлар рўйхатини белгилайди, лавозим маошлари жадвалларини, ойлик тариф ставкалари ва меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини мавжуд маблағлар доирасида тасдиқлайди;

Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни мукофотлаш шаклларини ҳамда тизимларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва мазкур Уставга мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширади.



6. МАРКАЗНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


Бюджетдан ажратилган маблағлар ва давлат бошқаруви турли органлари, тижорат тузилмалари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, шу жумладан, хорижий фирмалар билан тузилган шартномалар Марказ молия-хўжалик фаолиятининг асоси ҳисобланади.



7. МАРКАЗГА ҚУЙИДАГИ ҲУҚУҚЛАР БЕРИЛАДИ


Белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

Марказга ажратилган маблағлар ёки ўз жамғармалари ҳисобига давлат ёки тижорат корхоналаридан зарур асбоб-ускуналарни ва бошқа моддий ресурсларни сотиб олиш, уларга буюртма бериш;

ўзига тегишли мол-мулкка, интеллектуал ва бошқа мулкка, хўжалик ёки бошқа хил фаолиятдан олинган маҳсулотга, даромадларга, шунингдек амалдаги қонунчилик йўл қўядиган бошқа асослар бўйича сотиб олинган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

илмий, илмий-техника маҳсулотлари, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш;

Марказ томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга ва товарларга, кўрсатиладиган хизматларга тарифлар ва нархларни мустақил белгилаш;

моддий-техник базасини ривожлантириш, Марказ ходимларига ва таклиф этилган мутахассисларга меҳнат ҳақи тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш, уларнинг уй-жой-турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек мазкур Уставда назарда тутилган ижтимоий ва бошқа вазифаларни ҳал қилиш учун ишлаб топилган ва бошқа шахслар ҳамда ташкилотлардан олинган маблағларни ўз ихтиёрига кўра сарфлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган ва мазкур Уставга зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш.

Марказ банк кредитидан фойдаланади ва кредит шаотномаларининг бажарилиши ва ҳисоб-китоб интизомига риоя қилиниши учун жавоб беради;

пул маблағларини сақлаш ва ҳисоб-китоб, кредит ҳамда касса операцияларининг барча турларини амалга ошириш учун банк ва бошқа кредит муассасаларида ўзининг счётлари (шу жумладан, валюта счётлари)га эга бўлади.

Марказ ўз маблағлари ва ўзига қарашли муассасаларнинг хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан Марказни ривожлантириш жамғармасини ташкил этади. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби Тошкент Давлат юридик институти ректори билан келишган ҳолда Марказ томонидан ишлаб чиқилган махсус Низомга мувофиқ амалга оширилади.



8. ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТ


Марказ ҳуқуқий-маърифий тарғибот, илмий-тадқиқот ишларини юритишда, маърузачи, профессор-ўқитувчилар таркиби малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, хорижий ташкилотлар билан контракт тузиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.



9. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


Марказ фаолияти тнгишли ваколатларга эга бўлган органнинг қарори билан тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.

Марказ қайта ташкил этилган (бошқа ташкилот билан қўшилган, бирлашган ёки ажралиб чиққан) тақдирда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқукий ворисга ўтади.

Марказ фаолиятининг тугатилиши белгиланган тартибда расмийлаштирилади.



10. УСТАВГА ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ


Ушбу Уставга қўшимча ва ўзгартиришлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилади.