Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 15.05.2008 й. 11-сон "Судлар томонидан жиноят ишларини кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.05.2008 й.

N 11


СУДЛАР ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ

КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА КЎРИШ АМАЛИЁТИ

ТЎҒРИСИДА


Кассация тартибида иш юритиш жиноят ишлари бўйича суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш кўринишларидан бири ҳисобланади.

Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, судлар томонидан ишларни кассация тартибида кўришга доир жиноят-процессуал қонуни нормалари асосан тўғри қўлланилмоқда.

Шу билан бирга, судлар баъзан кассация тартибида иш кўришни тартибга солувчи қонун нормаларини нотўғри қўлламоқдалар.

Шу муносабат билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, кассация инстанцияси жиноят процесси иштирокчиларининг иш юқори суд инстанциясида суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг қайта кўрилишига бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. ЖПК 498-моддасига мувофиқ кассация тартибида иш юритиш маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти бўйича қўзғатилади.

Кассация тартибида иш юритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан билдирилган протестлар бўйича ҳам қўзғатилади.

Кассация тартибида иш юритиш муайян маҳкумга нисбатан иш апелляция тартибида кўрилмаган ҳоллардагина қўзғатилиши мумкин.

Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят (протест)ни қабул қилиш пайтида кассация шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини, шунингдек кимга нисбатан шикоят (протест) берилган бўлса, шу шахсга нисбатан апелляция инстанция судининг қарори мавжуд эмаслигини текшириши шарт.


3. Қонунга кўра кассация шикояти (протести) ҳукм (ажрим) чиқарган суд орқали берилади.

Бевосита кассация инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ЖПК 499-моддаси ҳамда 479-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари талабларини бажариш учун ҳукм чиқарган судга юборилиши керак.


4. Қонунда кассация шикояти (протести) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ЖПК 500-моддаси мазмунига кўра, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар (маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, ундирув миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификацияси маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгартирилишига олиб келса ва ҳ.к.), шунингдек оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш назарда тутилган бўлса, суд томонидан қаноатлантирилиши мумкин эмас. Бунда бир йиллик муддат тегишли ҳукм, ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кун қўшилган ҳолда ҳисобланиши керак.

Агар кассация шикояти (протести) бир йиллик муддат ўтгунга қадар берилган бўлиб, мазкур муддат иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар ўтиб кетса, у қаноатлантирилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда шикоят (протест) берган шахсга маълум қилинади.


5. Қонунда кассация шикояти (протести) мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланмаган бўлса-да, биринчи инстанция суди қонун аналогиясини қўллаган ҳолда шикоят (протест) мазмуни апелляция шикояти (протести) мазмунига нисбатан қўйилган талабларга мослигини текшириши лозим.

Агар шикоят (протест)нинг мазмуни ЖПК 497-7-моддаси талабларига жавоб бермаса ва бу кейинчалик ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилса, судья ўзининг ажрими билан кассация шикояти (протести)ни уни берган шахсга қайтаради. Бундай ҳолларда шикоят (протест)ни қайта расмийлаштириш учун ЖПК 502-моддасида белгиланган доирада муддат белгиланади.

Шикоят (протест), жумладан, унда қуйидагилар бўлмаса қайтарилади, яъни:

шикоят (протест) берган шахс ёки кимга нисбатан ҳукм устидан шикоят (протест) келтираётганлиги тўғрисида маълумот;

шикоят (протест) берган шахснинг, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари ва талабларининг мазмуни;

аризачи ўз талабларини асослаётган ҳамда кассация инстанцияси суди томонидан текширилиши шарт бўлган далиллар тўғрисида маълумот;

шикоят (протест) берган шахснинг имзоси.

Агар шикоят (протест) берган шахс суд томонидан белгиланган муддатда ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этса, шикоят (протест) судга дастлаб тақдим этилган кундан бошлаб берилган ҳисобланади. Акс ҳолда шикоят (протест) берилмаган ҳисобланади.


6. ЖПК 503-моддасига мувофиқ кассация шикояти (протести) берган шахс ўз шикояти (протести)ни, маҳкум эса, ҳимоячиси берган шикоятни ҳам қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқи лавозими бўйича юқори турувчи прокурорга ҳам тегишли.

Қонун мазмунига кўра кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунга қадар қайтариб олиниши, шунингдек унинг важлари ўзгартирилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести)нинг қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа процесс иштирокчилари томонидан берилган кассация шикояти (протести) бўлмаса, кассация тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади. Бунда, агар шикоят (протест) кассация инстанцияси суди мажлиси бошлангунга қадар қайтариб олинган бўлса, у шикоят (протест) берган шахсга хат орқали қайтарилади, бошқа ҳолларда эса, суд, кимга нисбатан шикоят (протест) берилган бўлса, ўша шахсга нисбатан кассация тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида баённомада акс эттириладиган ажрим чиқаради.


7. Судларга тушунтирилсинки, қонунда кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган.

Жумладан, биринчи инстанция суди томонидан суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан шикоят (протест) берилиши мумкин эмас. Ушбу ажримлар бўйича эътирозлар кассация шикояти (протести)га киритилиши мумкин.

Ҳукм чиқарилгандан сўнг қабул қилинган амнистия актини татбиқ этиш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, кейинги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ва ҳ.к. ҳолларда берилган шикоят (протест), агар унда айни бир пайтда жиноят ишининг мазмуни ёки ҳукм (ажрим)нинг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, кассация тартибида алоҳида кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 540-моддаси ва 541-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ҳал этилади. Бундай масалалар юзасидан чиқарилган суд ажрими устидан умумий асосларда кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.


8. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 502-моддаси талабларининг бажарилиши процесс иштирокчилари ҳуқуқларининг таъминланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш пайтида:

маҳкум (оқланган шахс)га, жабрланувчига биринчи инстанция суди қарорлари нусхасининг топширилганлигини;

процесс иштирокчиларига кассация шикояти (протести), шунингдек қўшимча материаллар келиб тушганлиги тўғрисида хабар берилганлигини;

маҳкум (оқланган шахс)га, жабрланувчига кассация шикояти(протести) нусхаси юборилганлигини;

процесс иштирокчиларининг кассация инстанциясида иш кўриладиган жой ва вақт тўғрисида тегишли тарзда хабардор этилганлиги, шунингдек маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилларига, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этиш ҳуқуқининг тушунтирилганлигини текшириши шарт.

Кассация инстанцияси суди ушбу талаблар бажарилмаганлигини аниқлаган ва уларни ўзи амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, ишни қайта расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли. Бундай ҳолларда иш ЖПК 502-моддасида назарда тутилган муддатлар ичида юқори инстанция судига қайта тақдим қилиниши шарт.


9. Маҳкум (оқланган шахс)нинг кассация инстанцияси суди мажлисида қатнашиши масаласини ҳал этиш суднинг ҳуқуқига тегишлидир. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкум (оқланган шахс)нинг кассация инстанцияси судида иштирок этишига зарурат борлиги аниқланиши ва натижасига қараб, унинг суд мажлисида иштирок этиши чоралари кўрилиши лозим.


10. ЖПК 480-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра кассация инстанцияси суди мазкур инстанцияда қатнашиш ваколатига эга бўлган прокурорни ҳар бир иш бўйича олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши шарт.


11. Кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этишга ҳуқуқи бор шахслар доираси қонунда белгиланган (ЖПК 479-моддасининг тўртинчи қисми).

Ишнинг кўрилиш жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаслиги уни кўриш учун монелик қилмайди.

Айни пайтда, қонунга кўра, кассация инстанцияси судида прокурорнинг иштироки шарт бўлиб, бундай ҳолда ЖПК 25-моддасининг биринчи қисми, 51-моддаси биринчи қисмининг 6-банди ва иккинчи қисми мазмунидан келиб чиқиб, ушбу инстанцияда ҳимоячининг иштироки ҳам таъминланиши шарт (ЖПК 52-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Шу сабабли прокурор ёки ҳимоячи келмаган ҳолларда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиши керак.


12. Кассация инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Кассация инстанцияси судида ишнинг муҳокамаси, ЖПК 506-моддасида назарда тутилган истисноларни инобатга олган ҳолда, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида олиб борилади.


13. Кассация тартибида иш юритишнинг апелляция тартибидан фарқли хусусияти шундан иборатки, кассация инстанцияси суди фақат қисман суд тергови ўтказиши, шу жумладан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириб чиқиши ва уларга суд мажлисида аниқланган янги ҳолатлар натижасига кўра ҳуқуқий баҳо бериши мумкин (ЖПК 490-моддасининг тўртинчи қисми).

Кассация инстанцияси суди тарафларнинг илтимосномаларини (янги гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертизалар ўтказиш, ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқалар ҳақида), улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас. Зарур ҳолларда суд қўшимча далилларни талаб қилиб олишда ташаббус кўрсатиши лозим.

ЖПК 481-моддасига мувофиқ қўшимча материаллар суд томонидан тергов органларига муайян тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида топшириқ бериш йўли билан ҳам олиниши мумкин. Бу ҳақда кассация инстанцияси суди ажрим чиқаради, ишнинг муҳокамаси эса кейинга қолдирилади.


14. Кассация шикоятида процесс иштирокчиларининг суд мажлиси баённомасида қайд этилган кўрсатувлари уларнинг биринчи инстанция судида аслида берган кўрсатувларига мос эмаслиги тўғрисида келтирилган важлар бу шахсларни кассация инстанцияси суди мажлисида сўроқ қилиш йўли билан текширилиши мумкин.


15. Кассация инстанцияси судида тарафлар музокаралари ЖПК 506-моддаси қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Иш бўйича бир неча кассация шикояти (протести) мавжуд бўлганда, биринчи бўлиб айблов тарафига тегишли процесс иштирокчилари сўзга чиқади.


16. Қонун мазмунига кўра, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этаётган маҳкум (оқланган шахс)га охирги сўз берилмаслиги жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши саналади ва кассация инстанцияси ажримининг бекор бўлишига сабаб бўлади.


17. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлигини, моддий ва процессуал қонун нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

Кассация инстанцияси суди жиноят ишини фақат шахс судланган ёки оқланган айблов доирасида кўриб чиқади. Бироқ, шикоят (протест) ким томонидан берилганлигидан қатъи назар, ЖПК 494-моддасига мувофиқ, суд ишни янгидан судда кўришга юбормай ёки қайта тергов юритиш учун қайтармай туриб, ўз қарори билан жазони кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга ҳақли эмас.


18. ЖПК 482-моддасига мувофиқ кассация инстанцияси суди шикоят (протест)да баён этилган важлар билангина чегараланмасдан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўла ҳажмда (тафтиш тартибида) текширишга мажбур.

Иш бўйича бир неча маҳкум (оқланган шахс) ўтган бўлиб, ҳукм устидан улардан айримлари шикоят берган ҳолларда ҳам, кассация инстанцияси судида иш барча маҳкумларга (оқланган шахсларга) нисбатан кўрилади. Бироқ, агар бу маҳкум (оқланган шахс) аҳволининг оғирлашувига олиб келса, прокурор протести ёки жабрланувчининг шикояти бўлмаган ҳолларда, суд шикоят (протест)да келтирилган важлар доирасидан четга чиқишга, шунингдек кассация шикояти бермаган маҳкумлар (оқланган шахслар)га нисбатан ишни кўришга ҳақли эмас (ЖПК 494-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).


19. Қандайдир сабабга кўра айрим маҳкумларга нисбатан қонунда белгиланган муддатда берилган кассация шикояти (протести) бошқа маҳкумларга нисбатан иш кўрилгандан сўнг келиб тушса ёки маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг кассация шикояти шу маҳкумга нисбатан процесснинг бошқа иштирокчиси томонидан берилган шикоят (протест) кўрилгандан сўнг келиб тушса, кассация инстанцияси суди ЖПК 508-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилиши керак.


20. Кассация инстанцияси, агар чиқарилган ҳукм ЖПК 455-моддаси талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уни ўзгаришсиз қолдиради.

Ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганда кассация инстанцияси:

ЖПК 533-моддаси биринчи қисми учинчи бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, ҳукм ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга ҳақли.


21. ЖПК 484-моддасида ҳукм бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, кассация инстанцияси суди ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, уларни у ёки бу тарзда қўллаши мумкин.

Ҳукм қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши шарт, агар:

дастлабки ёки суд тергови тўлиқ бўлмаса ёки бир ёқлама олиб борилган бўлиб, бироқ йўл қўйилган кам-кўстлар тўлдирилганидан сўнг кассация инстанцияси суди жиноят квалификацияси ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида хулосага келса;

ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмай, бироқ кассация инстанцияси суди маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб, уларга тегишли баҳо бера олса;

иш бўйича Жиноят-процессуал кодекси нормалари бузилган бўлиб, бироқ уларнинг кассация инстанциясида бартараф этилиши ҳукмнинг ўзгартирилишини тақозо этса;

суд томонидан Жиноят кодекси нормалари нотўғри қўлланилган бўлиб, бироқ кассация инстанцияси суди бу хатони маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб тузатиши мумкин бўлса;

суд томонидан номуносиб оғир жазо тайинланган бўлиб, кассация инстанцияси суди ўз ваколати доирасида уни енгиллатишга ҳақли бўлса.

Кассация инстанцияси судида камчиликларни тўлдириш ва процессуал қонун бузилишини бартараф этиш имконияти бўлмаса, ҳукм барча ҳолларда бекор қилиниши шарт.


22. Кассация инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

қилмишни Жиноят кодексининг бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга, агар бу маҳкумга ҳукмда баён қилинганидан жиддий фарқ қиладиган айблов қўйилишига ёки унга оғирроқ жазо тайинланишига олиб келмаса;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган Жиноят кодекси моддасини чиқаришга;

ЖК 70-72-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда - маҳкумни жазодан озод қилишга ёки шартли ҳукм қўллашга;

Жиноят кодекси Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ёки шу Кодекс 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо миқдорини камайтиришга ёки бошқа енгилроқ жазо (асосий ва қўшимча) тайинлашга;

жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек ушбу масала биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилмаган ҳолларда - бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга, башарти бунда жиноят квалификациясини маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган томонга ўзгартириш зарурати юзага келмаса;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан, қаттиқроқ турини белгилашга.


23. Асосий жазо енгиллаштирилганда, шу жумладан, ЖК 57-моддаси қўлланилганда ҳам, кассация инстанцияси суди ҳукмнинг қўшимча жазо тайинлаш ҳақидаги қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


24. ЖПК 494-моддаси биринчи қисми талабларига риоя этган ҳолда маҳкумнинг қилмишини Жиноят кодексининг бир моддасидан икки ва ундан ортиқ моддаларига қайта квалификация қилганда, кассация инстанцияси суди ҳукмга тегишли ўзгартиришлар киритиши ва ЖК 59-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ жазо тайинлашга ҳақли. Бунда янги жазо ҳукм бўйича тайинланган жазодан оғирроқ бўлиши мумкин эмас.

Агар Жиноят кодексининг бир моддаси билан квалификация қилиниши шарт бўлган икки ёки ундан ортиқ қилмиш Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан нотўғри квалификация қилинган бўлса, кассация инстанцияси суди ушбу қилмишларни енгилроқ жиноят тўғрисидаги моддага қайта квалификация қилиб, унинг санкцияси доирасида биринчи инстанция суди томонидан мазкур модда бўйича тайинланган жазодан оғирроқ, бироқ узил-кесил тайинланган жазо миқдоридан кўп бўлмаган жазо белгилашга ҳақли.


25. Биринчи инстанция суди томонидан жазоларни қоплаш принципи (ЖК 59-моддасининг учинчи қисми) нотўғри қўлланилганлиги аниқланганда, кассация инстанцияси жазоларни қўшиш принципига ўтиши мумкин. Бунда янги жазо ҳукм бўйича тайинланган узил-кесил жазо миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


26. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар уларни ҳукмдан чиқариш учун етарли асослар ёки йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, кассация инстанцияси ҳукмни бекор қилиб, ишни тўлиқ ҳажмда янгидан кўриш учун юбориши керак.

Агар маҳкум Жиноят кодексининг турли моддалари билан квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлиб, улардан ҳар бирини алоҳида кўриш имконияти бўлса, кассация инстанцияси суди ҳукмнинг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан кўришга юбориши ёки қўшимча терговга қайтариши, айни пайтда, ўша маҳкумга нисбатан ҳукмнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.

Агар кассация инстанцияси суди ҳукмнинг маҳкумлардан бирига доир қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини янгидан судда кўришга юбориш ёки қўшимча терговга қайтариш тўғрисида фикрга келса ва ишнинг шу қисмини ЖПК 332, 416, 417-моддалари мазмунидан келиб чиқиб ажратишнинг имкони бўлмаса, ҳукм тўла ҳажмда бекор қилиниши керак.


27. Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм сўзсиз бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши тушунчаси ЖПК 487-моддасида кўрсатилган. Бундай қонун бузилишини аниқлаганда, кассация инстанцияси суди жиноят иши кимнинг шикояти (протести)га кўра кўрилаётганлигидан қатъи назар, йўл қўйилган қонун бузилиши дахл этган барча маҳкумларга нисбатан айблов ҳукмини бекор қилиши шарт.

Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши кассация инстанцияси судини шикоят, протестда келтирилган бошқа важларни ҳам (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к.) мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.

Жиноят иши бўйича йўл қўйилган жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши ҳоллари кассация инстанцияси суди томонидан айблов ҳукми бекор қилиниб, ишнинг ЖПК 83, 84-моддаларига мувофиқ тугатилишига тўсиқ бўлмайди.


28. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, ҳукм, гарчи унда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса-да, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак, ишнинг реабилитация учун сабаб бўлмайдиган асосларда тугатилишига монелик қиладиган ҳоллар мавжудлиги бундан мустасно.

Агар кассация инстанцияси маҳкумнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, кассация инстанцияси биринчи инстанция суди қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, бу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди ҳамда учинчи қисмининг 2 ва 5-бандларига мувофиқ жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


29. Агар амнистия акти биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўлланилган бўлса, кассация инстанцияси, жабрланувчининг шикояти ёки прокурор протести бўлган тақдирда, ҳукмнинг жазо тайинлаш қисмини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбориши лозим.

Бироқ, агар кассация инстанцияси амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукмда тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, ҳукмни ўзгартиришга - ундан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, ҳукмда амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.


30. ЖПК 494-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, ҳукм кассация инстанцияси суди томонидан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга фақат жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикоятида, прокурор протестида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин. Масалан, шикоят (протест)да фақат маҳкумнинг ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги тўғрисидаги масала қўйилган бўлса, суд ҳукмни жазонинг енгиллиги сабабли бекор қилишга ҳақли эмас.

Жиноят процесси бошқа иштирокчилари (ўзга маҳкумлар ёки улар ҳимоячилари)нинг оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш зарурлиги ёки жазонинг енгиллиги тўғрисидаги шикоятлари ҳукмни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга бекор қилиш учун сабаб бўла олмайди.


31. Кассация инстанцияси суди ҳукмни бекор қилганда қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 83, 84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни тўлиқ ҳажмда ёки мустақил квалификация қилинган айблов қисми бўйича тугатишга;

ЖПК 484-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ишни янгидан судда кўришга юборишга;

ЖПК 419-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни қўшимча тергов юритиш учун қайтаришга.


32. Кассация инстанцияси суди ишни янгидан судда кўришга ёки қўшимча терговга юбориш пайтида айбловнинг исботланганлиги ёки исботланмаганлиги, у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, айрим далилларнинг бошқа далиллардан устунлиги, жиноятнинг квалификацияси ва жазо тўғрисида дастлабки тергов органлари ва суд томонидан чиқариладиган хулосаларни олдиндан ҳал қилувчи кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.

Кассация инстанцияси суди, ҳукмни бекор қилиб, ишни янгидан судда кўришга юбораётганда, ўз ажримида қандай ҳолатлар ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўлганлигини ва йўл қўйилган қонун бузилиши қандай бартараф этилиши кераклигини кўрсатиши шарт.

Ҳукмни бекор қилиб, ишни қўшимча тергов юритиш учун юбораётганда, суд дастлабки тергов органи томонидан қандай ҳолатлар аниқланиши шартлигини кўрсатиши керак.


33. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, оқлов ҳукмининг асоси бу ҳақда шикоят (протест) берилган ҳолдагина ўзгартирилиши мумкин.

Оқлов ҳукми кассация инстанцияси суди томонидан, фақат, шахснинг асоссиз оқланганлиги тўғрисида жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикояти ёки прокурорнинг протести бўлган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Айрим оқланган шахсларга нисбатан шикоят (протест) берилиши бошқа оқланган шахсларга нисбатан ҳукмнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлмайди.


34. Агар маҳкум ўзи ёки процесснинг бошқа иштирокчилари томонидан кассация шикояти (протести) берилгандан сўнг, бироқ иш кассация инстанциясида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда кассация инстанцияси суди айблов ҳукмини бекор қилиб, ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини ЖПК 83-моддасига мувофиқ тугатади.

Иш тугатилганда ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ, уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса - фуқаролик иш юритув тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритув тартибида кўрилади.


35. Кассация инстанцияси судининг ажрими ЖПК 496-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши, жумладан, унда кассация шикояти (протести)да келтирилган ҳар бир важ муҳокама этилиб, унинг асослилиги ёки асоссизлиги юзасидан хулосалар баён этилиши шарт.

Кассация инстанцияси судининг ажрими у эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилиши шарт.


36. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлигини аниқлаган тақдирда, кассация инстанцияси суди хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга жалб этиши мумкин.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, кассация инстанцияси суди унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига олувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


37. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларга ишларнинг кассация инстанциясида синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиши учун қонунда берилган барча имкониятлардан фойдаланиш тавсия этилсин.


38. Мазкур қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги "Жиноят ишларини кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 5-сонли қарорининг ишларни кассация тартибида кўриш юзасидан берилган тушунтиришларга оид қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Олий суд раиси                                                                Б. Мустафаев



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                            М. Ҳасанов