Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.02.2011 й. 33-сон "Алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.02.2011 й.

N 33



АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАРГА

ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИГА ЯНГИ

НАМУНАДАГИ АКЦИЗ МАРКАЛАРИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2006 йил 7 ноябрдаги ПҚ-505-сон қарорига мувофиқ ҳамда алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2011 йил 1 апрелдан бошлаб алкоголли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига дизайни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва “Давлат белгиси” давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган, ҳимоянинг қўшимча даражаларига эга бўлган янги намунадаги акциз маркалари жорий этилсин.


2. Белгилансинки, эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб олти ой ўтгач маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси:

янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги зарур ахборотни алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар эътиборига етказсинлар;

2011 йил 1 октябрдан бошлаб эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғида мавжуд бўлганларининг сотилишини аниқлаш ҳамда олдини олиш, шунингдек ушбу маҳсулотларни олиб қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўрсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ишлаб чиқарувчи корхоналар ва импорт қилувчиларнинг янги намунадаги акциз маркалари тайёрлашга буюртмалари "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида ўз вақтида жойлаштирилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 7-8-сон, 57-модда.