Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон ССР Президентининг 05.03.1991 й. ПФ-149-сон "Ўзбекистон ССЖ Фанлар академиясининг мақоми тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН ССР

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

05.03.1991 й.

N ПФ-149

ЎЗБЕКИСТОН ССР

ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ

МАҚОМИ ТЎҒРИСИДА



Фан-техника сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, фундаментал тадқиқотларнинг савияси учун масъулиятни ошириш, илму-зиё салоҳиятини сақлаб қолиш ва бойитиш ҳамда эркин ва самарали илмий ижодкорлик учун замонавий ташкилий тузилишни вужудга келтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг Ўзбекистон ССР қонунлари ва ўз устави асосида иш кўрадиган ўзини ўзи бошқарувчи мустақил ташкилот сифатидаги мақоми белгилаб берилсин.


2. Фан ва техниканинг илғор йўналишларига, республика ишлаб чиқарувчи кучларини ривожлантиришга, шунингдек давлат буюртмалари ва шартномаларига асосланиб, у республиканинг фундаментал ва энг муҳим амалий тадқиқотлар дастурини ишлаб чиқади. У давлат ва бошқа ташкилотларнинг аралашувисиз ўз қарамоғидаги илмгоҳлар, бўлимлар, лабораториялар ва бошқа бўлинмаларнинг самарали ишлашини таъминлайди, республика халқ хўжалиги тармоқларида олинган натижалардан тезроқ фойдаланилишига кўмаклашади, илмий кадрларни тайёрлайди, шунингдек СССР Фанлар академияси билан, иттифоқдош республикаларнинг Фанлар академиялари билан шартнома асосида ўзаро алоқа ва ижодий ҳамкорлик қилади, халқаро илмий-техникавий алоқаларни ривожлантиради.


3. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг ихтиёридаги асосий фондлар ва бошқа давлат мол-мулки қайтиб олмаслик шарти билан унинг мулки қилиб топширилсин. Ўзбекистон ССРда "Мулкчилик тўғрисида"ги Қонун асосида уларнинг мақоми ва улардан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилсин.


4. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг таклифларига асосланиб, ҳар йили умуман академия бўйича илмий тадқиқот ва бошқа ишларга бўладиган харажатларнинг ҳажми, маблағнинг энг кўп миқдори ва иш ҳақи фонди белгилансин, бунда фундаментал илмий тадқиқотларни шу мақсад йўлида бюджетдан пул билан таъминлашни сақлаб қолиш, фан-техника тараққиётининг республика учун устувор йўналишларини рағбатлантириш назарда тутилсин.


5. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг раёсати бир ой муддатда ушбу Фармонни амалга оширишга оид қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинетининг муҳокамасига тақдим этсин.

Ўзбекистон Совет Социалистик

Республикасининг Президенти                                              И. Каримов

"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1991 й., 5-сон, 102-модда