Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари тўғрисидаги Намунавий низом (ЎзР ОМ Сенати Кенгашининг 08.06.2006 й. 173-I-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Сенати Кенгашининг

2006 йил 8 июндаги

173-I-сон қарорига

ИЛОВА



Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг

доимий комиссиялари тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ваколатига оид масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши қарорларини ва қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этиш учун кўмаклашиш ҳамда ваколатлари доирасида назоратни амалга ошириш учун тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг ваколат муддатига депутатлар орасидан жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи доимий комиссиялар (бундан буён матнда "комиссиялар" деб юритилади) тузилади.


2-модда. Комиссиялар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари Иш тартиби (Регламенти)га ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.


3-модда. Комиссиялар фаолияти жорий, йиллик ёки Кенгашнинг ваколат муддатига мўлжалланган иш режаси асосида олиб борилади. Комиссиянинг иш режаси тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг иш режаси асосида ишлаб чиқилади. Кейинчалик заруратга кўра, унинг йиғилишида қўшимча ёки ўзгартишлар киритилган тақдирда тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиясида тасдиқланади.


4-модда. Комиссияларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши таркибида қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

- маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари;

- қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари;

- ижтимоий-маданий масалаларни ривожлантириш (ёшлар сиёсати ва соғлом авлод);

- саноат, транспорт, қурилиш, коммунал ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари;

- аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари;

- регламент ва депутатлик одоби масалалари.


5-модда. Комиссиялар таркиби тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ваколат муддатига депутатлар орасидан раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Тегишли комиссия раисининг таклифи билан комиссия таркибини ўзгартириш тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиши лозим.

Комиссия котиби унинг аъзолари орасидан комиссия йиғилишида сайланади. Комиссиялар таркиби депутатларнинг касби, мутахассислиги, амалий тажрибаси, хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши лозим. Депутат фақат битта комиссия таркибига сайланиши мумкин.

Комиссиялар таркиби қоида тариқасида тенг миқдордаги депутатлардан иборат бўлади. Тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг раҳбари комиссиялар таркибига киритилмайди.

Комиссиялар таркибига сайланмаган депутат уларнинг йиғилишида маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақли.


6-модда. Комиссия аъзоларининг барчаси тенг ҳуқуқлидир. Депутатнинг комиссия таркибидаги фаолияти унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш билан боғлиқ қонунчиликда назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлганда тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши қарори асосида тўхтатилади.


7-модда. Комиссиялар ўз фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик асосида амалга оширади.

Комиссиялар тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши олдида масъул ва ҳисобдор.


8-модда. Комиссиялар йиғилиши давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда бошқа тилларда ҳамоҳанг (синхрон) таржимаси таъминланади.


9-модда. Комиссиялар ўз фаолиятини ошкоралик асосида амалга оширади. Комиссиялар йиғилишида тегишли ҳудуддаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши ва бу ҳақдаги хабарни жамоатчиликка етказиши мумкин.



II БОБ. КОМИССИЯЛАР ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10-модда. Комиссиянинг ташкилий иш шакли унинг йиғилиши ҳисобланади.

Комиссия йиғилиши жами аъзоларнинг кўпчилиги иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Комиссиялар йиғилишлари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба чақирилади.

Доимий комиссияларнинг йиғилишлари раис, унинг йўқлигида раис ўринбосари томонидан, шунингдек, комиссия аъзолари кўпчилигининг ташаббуси билан ҳам чақирилиши мумкин.

Депутатлар комиссиянинг фаолияти ва йиғилишида иштирок этган давр мобайнида уларнинг доимий иш жойларидан тўланадиган иш ҳақларининг ўртача миқдори сақланиб, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларидан озод қилиниши лозим.

Комиссия аъзоларига комиссия йиғилиши ўтадиган жой, вақт, кун тартиби ҳақида олдиндан хабар қилинади, шунингдек, уларга муҳокама қилиниши мўлжалланган қарор лойиҳаси маълумотнома билан бирга танишиш учун юборилади.


11-модда. Комиссия йиғилиши қоида тариқасида очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади, зарур ҳолларда комиссия қарорига мувофиқ йиғилиш ёпиқ бўлиши мумкин.

Комиссия йиғилишида тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари, корхона, муассаса, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Комиссия йиғилишига таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек раислик қилувчи талабларига бўйсунишлари лозим.

Комиссия йиғилишини самарали олиб бориш учун қоида тариқасида қуйидаги тартибда:

- маъруза учун 20 дақиқагача;

- қўшимча маърузачиларга 15 дақиқагача;

- музокара учун 7-10 дақиқагача;

- ахборот ёки маълумот учун 3 дақиқагача вақт ажратилиши мумкин.


12-модда. Комиссия аъзолари тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг раҳбари, комиссия раисининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуси билан жойларда комиссия кўриб чиқиши лозим бўлган масалани ўрганади, шу масала юзасидан давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролардан тушган таклифларни умумлаштиради, комиссия йиғилишида муҳокама қилади ҳамда таклифларини киритади.


13-модда. Комиссия тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиясида муҳокама қилиниши мўлжалланган масалани дастлабки тарзда кўриб чиқиб, хулоса тайёрлаши мумкин. Комиссия аъзолари тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессияси кун тартибига масала киритиши ҳамда тайёрлашда фаол иштирок этиши шарт.


14-модда. Комиссия йиғилишида қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда, комиссия қарорига биноан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.


15-модда. Ҳар бир комиссия аъзоси - депутат бир овозга эга бўлиб, муҳокама қилинган масала юзасидан "ёқлаш", "қарши" ёхуд "бетараф" эканини билдириб овоз беради.

Очиқ овоз бериш овозларни санамасдан - овозлар мутлоқ кўпчилиги бўйича, башарти йиғилиш бошқа тартиб белгиламаган бўлса ўтказилиши мумкин.


16-модда. Комиссия йиғилишида яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун депутатлар орасидан саноқ комиссияси сайланади. Саноқ комиссиясини сайлаш тўғрисида комиссия аъзолари кўпчилигининг овози билан қарор қабул қилинади.

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарори аъзоларнинг кўпчилик овози билан тасдиқланади.


17-модда. Комиссия йиғилиши яширин овоз беришни бюллетень ёрдамида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганда саноқ комиссияси назорати остида бюллетенлар тайёрланади.

Овоз бериш вақти ва уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.


18-модда. Овоз бериш яширин равишда бюллетень орқали ўтказилганда Саноқ комиссияси комиссиянинг ҳар бир аъзоси - депутатга бир дона бюллетень беради.

Бюллетень комиссия аъзоси - депутат томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки махсус ажратилган хонада бюллетеннинг ўнг томонидаги квадрат қаршисида ёзилган қарор лойиҳасини "ёқлайман" ёки "қаршиман" ёхуд "бетарафман" деган сўзлардан хоҳлаганини қолдириб, қолган иккитасини чизиб тўлдирилади.

Бирон-бир белги қўйилмаган, шунингдек бир дона белги қўйилган бюллетенлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.


19-модда. Яширин овоз бериш натижалари бўйича Саноқ комиссияси баённома тузади ва бу ҳужжат барча аъзолар томонидан имзоланади. Саноқ комиссиясининг маърузаси юзасидан комиссия йиғилиши яширин овоз бериш натижаси тўғрисида комиссия аъзолари кўпчилигининг овози билан қарор қабул қилади.


20-модда. Комиссия ёпиқ йиғилишининг баённомаси ҳокимликнинг тегишли бўлимида "махфий ҳужжат" ёзуви билан сақланади.


21-модда. Комиссия йиғилиши жараёнида баённома юритилади. Комиссия йиғилиши баённомаси раис томонидан тасдиқланади ва котиб томонидан имзоланади.


22-модда. Бир нечта комиссияларга тааллуқли масалалар комиссияларнинг ҳамкорлигида тайёрланиши ва уларнинг қўшма йиғилишида кўриб чиқилиши мумкин.

Комиссияларнинг қўшма йиғилишини раислар келишган ҳолда олиб боради. Қарор ҳар бир комиссия таркибидаги аъзолари умумий кўпчилигининг алоҳида-алоҳида овози билан қабул қилинади.

Комиссия ўрганаётган масаласи юзасидан тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши таркибидаги бошқа комиссияларнинг фикр-мулоҳазаларини олиши мумкин.


23-модда. Комиссия бошқа комиссияларнинг таклифига биноан уларнинг йиғилишида кўриб чиқилаётган масала муҳокамасида, шунингдек шу масала юзасидан қарор лойиҳасини тайёрлашда иштирок этиши мумкин.


24-модда. Ўрганилган масала юзасидан комиссияларнинг фикри турли хилда бўлган тақдирда, масалани тайёрлашга масъул комиссиянинг қарори узил-кесил ҳисобланади ва бу қарор тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига юборилади.


25-модда. Комиссия тавсия хусусиятига эга бўлган қарор қабул қилади ва қарорга маълумотнома илова қилинади. Комиссия қарорини раис имзолайди. Қарор иловада қайд этилган камчиликларни бартараф этиш чорасини кўриш учун тегишли жойларга ёки мансабдор шахсларга юборилади.


26-модда. Комиссиялар қўшма йиғилишлари қарорлари уларнинг раислари томонидан имзоланади. Комиссиялар йиғилиши баённомаси уларнинг раислари томонидан тасдиқланиб, котиб томонидан имзоланади.

Комиссия аъзоси ҳисобланган депутат комиссия қабул қилган қарор билан келишмаган тақдирда ўз нуқтаи-назарини ёзма равишда тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг сессиясига раислик қилувчига маълум қилиши мумкин.


27-модда. Депутат ўзи аъзо бўлган комиссия йиғилишларида қатнашиши, тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши иш тартиби (Регламент) ва мазкур Низомда белгиланган қоидаларга риоя этиши шарт.

Депутат узрли сабабларга кўра комиссия йиғилишида иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, бу ҳақда комиссия раисига олдиндан хабар бериши лозим.



III БОБ. КОМИССИЯ ВАКОЛАТЛАРИ


28-модда. Комиссия фаолияти тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини амалга оширишга йўналтирилади.


29-модда. Комиссия раиси комиссия ишини ташкил этади ва фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, жумладан:

- комиссия аъзолари билан биргаликда иш режасини ишлаб чиқади ва тегишли тартибда тасдиқлатади;

- комиссия аъзолари жумладан ўринбосар ва котиб ўртасида ишларни тақсимлайди ҳамда улар фаолиятини йўналтиради;

- тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессияси ва комиссия йиғилишида муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар, ҳисоботларни ўрганиш учун комиссия аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи тузади, зарур ҳолларда тегишли жойлардан олинган маълумот ёки ахборотларни умумлаштириш учун мутахассисларни жалб этиб, тегишли ҳужжат лойиҳасини (қарор ва хулоса) тайёрлашни ташкил этади;

- тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ва комиссия қарорларининг ижроси юзасидан тегишли ҳудуддаги давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ахборотини комиссия йиғилишида эшитади;

- комиссия йиғилишларини чақиради, аъзолар ва бошқа иштирокчиларни йиғилиш ҳақида хабардор қилади;

- комиссия йиғилиши кун тартиби ва қарор лойиҳасини тайёрлашда раҳбарлик қилади ҳамда йиғилишга муҳокама этиш учун киритади;

- комиссия йиғилишида раислик қилади;

- комиссия йиғилиши баённомаси ва қарорини имзолайди;

- комиссия йиғилишида муҳокама қилинган масаланинг муҳим ва долзарблигига қараб тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши муҳокамасига киритади;

- комиссия қарорини ижро этиш учун тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга юборишни назорат қилади;

- тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши таркибидаги бошқа комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришни ташкил этади;

- комиссия фаолияти юзасидан ҳисоботни тайёрлайди ва Кенгашда ҳисобот беради;

- тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши фаолиятига тааллуқли қонунчиликда белгиланган бошқа масалаларни комиссия томонидан кўриб чиқилишини таъминлайди.


30-модда. Комиссия раисининг ўринбосари раиснинг топшириғига биноан айрим вазифаларни бажаради, раис йўқлигида эса унинг вазифасини амалга оширади.


31-модда. Комиссия котиби:

- комиссия иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди;

- комиссия иш режасини амалга оширишни назорат қилади ;

- комиссия йиғилишида баённомани ёзиб имзолайди ва раислик этувчига тасдиқлаш учун тақдим қилади;

- комиссия иш ҳужжатларини юритади ва тегишли тартибда сақлаш учун ҳокимликнинг тегишли бўлимига топширади;

- комиссия фаолиятига оид бошқа топшириқларни бажаради.



IV БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32-модда. Комиссия фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъминланади.


33-модда. Тегишли ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи комиссияни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлайди, шунингдек, комиссия фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлар беради.


34-модда. Комиссиялар тўғрисидаги Низомни қабул қилиш, қўшимча ва ўзгартишлар киритиш масаласи юзасидан тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилиги овози билан қарор қабул қилинади.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 йил, 6-сон, 362-модда