ЎзССР Президентининг 06.05.1991 й. ПФ-202-сон "Ўзбекистон ССР Енгил саноат вазирлиги негизида Ўзбекистон давлат енгил саноат моллари ишлаб чиқариш уюшмасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ
СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
06.05.1991 й.
N ПФ-202
ЎЗБЕКИСТОН ССР ЕНГИЛ САНОАТ ВАЗИРЛИГИ
НЕГИЗИДА ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ЕНГИЛ
САНОАТ МОЛЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ
УЮШМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Жумҳурият енгил саноат бирлашмалари ва корхоналарининг мустақиллигини кенгайтириш, бозор муносабатлари шароитида уларнинг иши ҳамда "Ўзбекистон ССРдаги корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон ССР Қонунининг амал қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек, муассис ташкилотларнинг таклифлари ҳисобга олиниб:
1. Жумҳурият Енгил саноат вазирлиги негизида Ўзбекистон Давлат енгил саноат моллари ишлаб чиқариш уюшмаси тузилиб, унинг таркибига қуйидагилар киритилсин:
тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган "Ўзбектўқимачи" Ўзбекистон давлат концерни;
тикувчилик ва трикотаж буюмлари ишлаб чиқарадиган "Ўзбеккийим" Ўзбекистон давлат концерни;
чарм-пойабзал саноати молларини ишлаб чиқарадиган "Ўзбекпойабзал" Ўзбекистон давлат концерни;
чинни буюмлар ишлаб чиқарадиган "Ўзбекистон чинниси" Ўзбекистон давлат концерни;
юқорида санаб ўтилган концернлар тузилмасига кирмаган ва умумтармоқ вазифаларини бажарадиган бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар.
2. Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинети (ўртоқ Ў.К. Исмоилов) Ушбу Фармонни амалга оширишга доир ташкилий чораларни кўзда тутувчи тегишли қарорни тайёрласин.
Ўзбекистон Совет Социалистик
Республикасининг Президенти И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1991 й., 7-сон, 128-модда