Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.07.2011 й. ПҚ-1587-сон "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.07.2011 й.

N ПҚ-1587




МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИНИ

МУНОСИБ ТАРЗДА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА



Халқимиз учун меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, қаноат ва шукроналик рамзи бўлган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини эътиборга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:


1. 2011 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 1 август кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда ўтказиш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

Мазкур тадбирларни ўтказишда муқаддас Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, яхшилик, маънавий поклик фазилатларини эъзозлаш, юртимизда дину диёнатимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш, азиз-авлиёларимиз, буюк алломаларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш борасидаги кенг кўламли ишларимизни тарғиб этиш, азал-азалдан ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.


3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов