Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.12.2014 й. ПҚ-2276-сон "Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.12.2014 й.

N ПҚ-2276



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ

НАЗОРАТИ МАРКАЗЛАРИНИ ЛАБОРАТОРИЯ

УСКУНАЛАРИ   БИЛАН   ЖИҲОЗЛАШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимиз аҳолисининг санитария-эпидемиология жиҳатидан саломатлигини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг моддий-техника базасини замонавий лаборатория ускуналари билан мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

"Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) томонидан 14 йил муддатга, шу жумладан, 4 йил имтиёзли даврга мўлжалланган ва бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 17,44 млн. АҚШ доллари миқдоридаги олди-сотди Битими имзоланганлиги;

мазкур лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси қўшадиган улуш эквиваленти 11,03 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги маблағдан, шу жумладан, солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишидаги эквиваленти 3,83 млн. АҚШ долларига тенг миқдордаги маблағлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг эквиваленти 3,7 млн. АҚШ долларига тенг бўлган ўз маблағларидан иборат эканлиги;

Битимга мувофиқ лойиҳани амалга ошириш муддати 4 йилни (2015 - 2018 йй.) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш" лойиҳасини самарали амалга оширишда масъул ижрочи орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "O`zmedexport" Республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси лойиҳани амалга ошириш доирасида тузиладиган шартномалар бўйича контрагент ҳисобланади;

Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини, шу жумладан, устамаларни қайтариш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

"Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш" лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари асосий техник-иқтисодий параметрлари билан 1-иловага* мувофиқ;

"Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш учун ИТБ томонидан тақдим этилаётган молиявий маблағларни қайтариш прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ ўртасидаги бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олди-сотди Битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулосани берсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳа доирасида харид қилинаётган ускуналар ва материаллар етказиб беришдан олдин давлат санитария-эпидемиология назорати марказларида асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва монтаж қилиш учун тегишли хоналар тайёрлашни таъминласин;

соғлиқни сақлаш соҳаси учун кўзда тутилган, тасдиқланган бюджет маблағлари доирасидаги товарлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш ва мўлжалланган жойгача етказиб бериш бўйича хизматлар учун харажатлар ҳақини тўлашни амалга оширсин;

лойиҳани бошқариш функцияси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи (ЛАОГ) зиммасига юклансин, унинг таъминоти лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобида кўрсатилган ОТБ маблағлари ва Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилсин.

6. Қуйидагилар:

ИТБ маблағлари ҳисобидан харид қилинаётган товар (иш, хизмат)лар ва транспорт воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), қўшилган қиймат солиғи, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўловлар ва йиғимлар тўлашдан;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - юридик шахслари - фойда солиғи тўлашдан;

хорижий жисмоний шахслар - жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилсин.

Белгилансинки, мазкур имтиёзларни тақдим этиш натижасида бўшайдиган маблағлар лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон Республикасининг қўшган улуши ҳисобланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақдимномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмаган ҳолда кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирмаган ҳолда кўп марталик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатга қўйиш ва муддатини узайтиришни таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) 1 - 2-иловалар берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 декабрь, 52-сон, 619-модда