Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 05.12.2011 й. 253-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.12.2011 й.

N 253-II


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИНИНГ

ЎН ТЎҚҚИЗ ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

АМНИСТИЯ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ, инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 10-бандига ва 93-моддаси 23-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинсин (ушбу Қарорнинг 8-бандида кўрсатилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда):


а) аёллар;

б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;

в) 60 ёшдан ошган эркаклар;

г) чет давлат фуқаролари.


2. Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинсин.


3. Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинсин.


4. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йилдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинсин.


5. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинсин.


6. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ушбу Қарор эълон қилинган кунга ўталмай қолган жазо муддати уч йилдан кам бўлган шахслар манзил-колонияга ўтказилсин.


7. Ушбу Қарорнинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилсин.


8. Татбиқ этилмасин:


а) ушбу Қарорнинг амал қилиши - узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга;

б) ушбу Қарор 1-бандининг амал қилиши - ўта оғир жиноят содир этган шахсларга;

в) ушбу Қарор 1 - 4, 6 ва 7-бандларининг амал қилиши - тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахсларга;

г) ушбу Қарор 4 - 6-бандларининг амал қилиши - муқаддам амнистия бўйича жазодан озод бўлган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга.


9. Сенатнинг тегишли қўмита ва комиссиялари ушбу амнистия акти қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкоралик амалга оширилишида депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминласин.


10. Ушбу Қарор амалга оширилиши юзасидан масъуллик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилсин.


11. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Раиси                                                   И. Собиров



“Халқ сўзи”, 2011 йил 6 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 49-сон, 498-модда