Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.2002 й. 403-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Республикага истеъмол товарлари ноқонуний олиб келиниши ва сотилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2002 йил 19 июлдаги 257-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида" 2002 йил 20 сентябрдаги 327-сон қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.11.2002 й.

N 403



ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

“РЕСПУБЛИКАГА ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ НОҚОНУНИЙ

ОЛИБ КЕЛИНИШИ ВА СОТИЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА” 2002 ЙИЛ 19 ИЮЛДАГИ

257-СОН ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ

ҲАҚИДА" 2002 ЙИЛ 20 СЕНТЯБРДАГИ 327-СОН

ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига истеъмол товарларини олиб келиш ва ички бозорда сотиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2002 йил 1 декабрдан бошлаб ноозиқ-овқат истеъмол товарлари юридик шахслар томонидан импорт қилинганда йиғим ТИФ ТН кодидан ва товарнинг келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товар божхона қийматининг 10 фоизи миқдорида белгилансин.

Бунда кўрсатиб ўтилган йиғим миқдори товарларни олиб келишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солинадиган базага киритилмайди.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 20 сентябрдаги 327-сон қарорининг 1-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й, 9-сон, 52-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда идоравий норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсинлар.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" 2002 й. 22-сон