Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.04.2006 й. ПҚ-321-сон "2006 йил 28-30 март кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон-Корея саммити давомида имзоланган битимлар ва эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.04.2006 й.

N ПҚ-321


2006 ЙИЛ 28-30 МАРТ КУНЛАРИ БЎЛИБ

ЎТГАН ЎЗБЕКИСТОН-КОРЕЯ САММИТИ

ДАВОМИДА ИМЗОЛАНГАН БИТИМЛАР ВА

ЭРИШИЛГАН АҲДЛАШУВЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ БЎЙИЧА БИРИНЧИ НАВБАТДАГИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига Давлат ташрифи (2006 йил 28-30 март) давомида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация, икки томонлама ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида эришилган аҳдлашувлар кенг миқёсда ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Давлат ташрифи давомида имзоланган Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган битимлар ва эришилган аҳдлашувларни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги тадбирлар Дастури 1-иловага* мувофиқ;

Кореянинг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига ва банк-молия ҳамкорлиги доирасида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Мазкур қарорнинг иловаларида кўрсатилган вазирликлар ва идоралар, масъул ижрочилар Корея Республикаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган тадбирларнинг белгиланган муддатларда ижро этилишини таъминласинлар.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Корея Республикасининг тегишли ҳукумат муассасалари билан стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларацияни тўлақонли амалга оширишга қаратилган ҳамкорликнинг узоқ муддатли режаларини ишлаб чиқиш бўйича доимий фаолият юритадиган ишчи гуруҳларни ташкил этсин, шунингдек Корея Республикасига Давлат ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар ва битимлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатсин.


3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазири Р.С. Азимов ва ташқи ишлар вазири Э.М. Ғаниев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 15-сон, 124-модда.