Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси (ЎзР ВМ 10.03.2012 й. 67-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 10 мартдаги

67-сон қарорига

1-ИЛОВА



Республика оромгоҳларида болаларнинг дам

олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ёшларни ҳар томонлама баркамол авлод этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаб олинди.

Мазкур йўналишда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борадаги ишлар кўлами йил сайин кенгайиб ва такомиллашиб бормоқда.

Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар ўзининг самарасини бериб, ёшларимиз билим даражаси ошмоқда, уларнинг жисмоний ҳолати йилдан йилга ривожланиб бормоқда, ёшларимизнинг жаҳон майдонларидаги турли жабҳаларда эришаётган ютуқлари шарафига давлатимиз байроғи баланд кўтарилиб, унинг нуфузи ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш соҳасида эришилган ютуқлар ҳам бу борада Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасидир.

Шу билан бирга, оромгоҳларга жалб этиладиган болалар салмоғини кўпайтириш, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, оромгоҳлар нуфузини янада юксалтириш мақсади - ушбу йўналишдаги ишларни комплекс равишда такомиллаштириш ва ривожлантиришни, шунингдек унинг доимий фаолият юритувчи тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Мазкур Концепцияда болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш асосий тушунчалари, мақсад ва вазифалари, оромгоҳлар турлари ва йўналишлари, оромгоҳларда болаларга кўрсатиладиган хизматлар ҳамда эришиладиган натижалар ўз аксини топган.

Концепция ўсиб келаётган авлодни болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш ҳамда ҳар томонлама баркамол авлод этиб тарбиялашнинг асосий талаб, мезон ва ғояларининг мамлакат миқёсидаги тўлақонли тизимини белгилайди.

Концепция Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги, "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунларига, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция"сига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.

Концепция болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга йўналтирилган фаолиятда ҳамда турли даражадаги дастур ва режаларни ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу Концепция, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги оромгоҳлар фаолиятига татбиқ этилади.



I. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш - бу санитария-гигиена, санитария-эпидемиология ҳамда хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва қулай шароитда болаларнинг белгиланган кундалик ҳаёт тарзига риоя этиши, сифатли овқатланиши, ижодий салоҳиятининг ривожланиши, соғлом турмуш тарзи кўникмаларининг шаклланиши, дам олдирилиши, саломатликларининг тикланиши ва мустаҳкамланиши, жисмоний тарбия, спорт ва туризм билан шуғулланишларини таъминловчи комплекс тадбирлар мажмуидир.


Дам олиш - болалар организмининг жисмоний ва руҳий функциялари тикланишига, унинг фаоллигини оширишга йўналтирилган махсус ижтимоий тадбирлар мажмуидир.


Соғломлаштириш - болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини яхшилаш, рационал овқатланиш ҳамда соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган тиббий, гигиеник, жисмоний тарбия тадбирларининг мажмуидир.



II. БОЛАЛАРНИНГ ДАМ ОЛИШИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришнинг асосий мақсади - болаларнинг ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, улар онгига миллий ғояни, ватанпарварлик туйғуларини ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш орқали ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдан иборатдир.

Мазкур мақсадга эришиш учун амалга ошириладиган вазифалар қуйидагилардан иборатдир:

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни ташкил этиш ва амалга оширишнинг мукаммал тизимини яратиш, республика оромгоҳлар тармоғини такомиллаштириш ва ривожлантириш;

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш юзасидан ҳар йили режалар ишлаб чиқиш, зарур молиявий маблағлар манбаларини аниқлаш ва жалб этиш орқали ушбу режаларни тўлиқ амалга ошириш;

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, унда бажариш муддатлари ва масъулларни аниқ кўрсатиш, ушбу режа ижросини мунтазам равишда назорат қилиб бориш;

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни ташкил этиш юзасидан вазирлик, идора, ташкилот ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш;

мазкур йўналишда ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни жойининг ўзига чиққан ҳолда ўрганиб, доимий равишда мониторинг қилиб боришни йўлга қўйиш, уларни янада такомиллаштириш бўйича тегишли чораларни амалга ошириш;

болаларда бугунги кундаги "оммавий маданият"нинг турли иллатларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, улар онгига умуминсоний ва миллий қадриятларни сингдиришга қаратилган дастурларни амалга ошириш, бу борадаги ишларга давлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш.



III. ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ


Оромгоҳлар фаолиятининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

болалар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаган ҳамда рационал овқатланишни ташкил этган ҳолда, уларнинг сифатли дам олдирилиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш;

болалар манфаатларининг устуворлиги, уларнинг ижодий ривожланиши ҳамда ўз имкониятларини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ижтимоий меъёрлар ва оромгоҳ қоидаларига риоя қилган ҳолда, педагог ва етакчиларнинг болалар шахсини ривожлантириш ва уларнинг кўнгилли дам олишларини таъминлаш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қаватлаш;

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш мобайнида болалар онгига умуминсоний ва миллий қадриятларни сингдириш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий чора-тадбирлар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш.

Ҳар бир оромгоҳ жамоаси ўз ташкилий-педагогик фаолиятининг йўналишларини юқори даражадаги тегишли ташкилотлар тавсия ва кўрсатмалари асосида мустақил равишда ишлаб чиқади.

У ўз ичига соғломлаштириш, ривожлантириш, таълим-тарбиявий ва болаларни ижтимоий тиклаш дастурларини ишлаб чиқиш, болаларни ижтимоийлаштириш, улар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиши учун шароитлар яратиш кабиларни қамраб олади.



IV. ОРОМГОҲЛАР ТУРЛАРИ


Оромгоҳлар 2 турга ажратилади:


Стационар оромгоҳлар - стационар база асосида қурилган ёки вақтинчалик ижарага олинган объектларда ташкил этилиб, унда болалар смена давомида яшайди.

Мазкур оромгоҳлар стационар оромгоҳлар жойлашуви, таъминоти ва кун тартибини ташкил этишнинг санитария талабларига асосан фаолият олиб боради.


Кундузги оромгоҳлар - умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, спорт, ижтимоий хизмат кўрсатиш, санаторий-курорт муассасалари, клублар қошида вақтинчалик ташкил этилиб, унда болалар фақатгина кундуз куни дам олдирилади ва соғломлаштирилади.

Ушбу оромгоҳлар фаолияти таътил даврида болаларнинг кундуз куни дам олишларини таъминлаш ва соғломлаштириш оромгоҳлари жойлашуви, таъминоти ва кун тартибини ташкиллаштиришнинг гигиена талабларига мувофиқ юритилади.



V. ОРОМГОҲЛАРНИНГ ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Оромгоҳлар болаларнинг ёшини эътиборга олган ҳолда, тарбиявий ишларнинг мазмуни бўйича қуйидаги ихтисослашган йўналишларда ташкил этилиши мумкин:


1. Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари. Оромгоҳлар фан олимпиадалари, таълим соҳасининг турли даражадаги мусобақалари ғолиблари бўлган 10 - 14 ёшдаги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун йўналтирилган бўлиб, унда бир ёки бир нечта фанлар ёхуд тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўрганилишига эътибор берилади.


2. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари. Оромгоҳлар 8 - 18 ёшдаги болалар ва ўсмирлар учун спорт йўналишидаги ўқув муассасалари тарбияланувчиларининг ўқув-машқ жараёнини давом эттиришлари, уларнинг спорт маҳоратини такомиллаштириш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган бўлиб, унда болаларнинг ёши ва спорт турининг ўзига хос хусусиятлари асосида ҳар хил гуруҳлар тузилиши мумкин.


3. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари. Оромгоҳлар юрак қон-томир тизимининг касалланиши, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш органлари, таянч-ҳаракат аппаратининг ўзига хос бўлмаган хусусиятлари билан бетоб бўлиб турадиган 7 - 14 ёшдаги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун ташкил этилади.


4. Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари. Оромгоҳлар умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари 15 - 18 ёшдаги ўқувчиларининг ижтимоий фойдали меҳнати дам олдириш ва соғломлаштириш билан бирга қўшиб олиб борилишига йўналтирилади. Унда болалар ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрланади, уларнинг меҳнат кўникмалари шакллантирилади. Ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш оромгоҳни ташкил этишнинг асосий шарти ҳисобланади.


5. Ҳарбий-спорт оромгоҳлари. Оромгоҳлар 12 - 17 ёшдаги болаларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни Ватан мудофаасига, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафларида хизмат қилишга тайёрлаш мақсадида ташкил этилади.


6. Экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳлари. Оромгоҳларда 7 - 14 ёшдаги болалар учун сайёҳлик-ўлкашунослик ва экскурсия ишларининг серқиррали турлари ташкил этилади, уларга мамлакатимизнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий жиҳатдан ўзига хос жиҳатлари чуқур ўргатилади.


7. Ихтисослашган болалар оромгоҳлари. Оромгоҳлар 7 - 14 ёшдаги болаларда етакчилик ва фаолликни шакллантириш, уларнинг ижтимоий мослашув кўникмаларини оширишга йўналтирилади.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни амалга ошириш бўйича мутасадди ташкилотчиларнинг таклиф ва ташаббуслари билан бошқа йўналишларда ҳам оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.



VI. ОРОМГОҲЛАРДА КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТ ТУРЛАРИ


Оромгоҳларда болаларга кўрсатиладиган хизматлар қуйидагилардан иборатдир:


1. Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, алоқа ва транспорт хизматлари. Бунда:

оромгоҳлар ва уларнинг атрофидаги ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ички ишлар органлари ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилади;

болаларнинг дарё, анҳор ёки сув ҳавзаси бўйида бўлишлари, сайрга чиқишлари оромгоҳ етакчиси ёки тарбиячиси кузатувисиз бўлишига йўл қўйилмайди;

ҳар бир оромгоҳда ёнғин чиқиш ва табиий офат эҳтимолига қарши болаларни кўчириш режаси ишлаб чиқилади ва шунга асосан тайёргарлик кўрилади;

болалар ёнғин хавфсизлиги ва жароҳатланишнинг олдини олиш талабларига жавоб берувчи турар жой билан таъминланади;

оромгоҳ ҳудудида бегона кишиларнинг бўлиши ёки яшашига мутлақо йўл қўйилмайди;

оромгоҳлардаги болалар ҳамда уларга хизмат кўрсатаётган ходимларнинг юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар бўйича ҳушёрлигини ошириш юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилади;

ҳар бир оромгоҳ шаҳарлараро телефон билан таъминланади, агар оромгоҳ жойлашган ҳудудга телефон тармоғи ўтказилмаган бўлса, у ҳолда уяли алоқа воситаси билан таъминланади;

болалар белгиланган жойдан техник жиҳатдан соз бўлган транспорт воситаларида йўл патрул хизмати кузатувида оромгоҳларга олиб борилади ва олиб келинади;

болаларни саёҳат, экскурсия ва сафарларга ёки оромгоҳ томонидан ўтказиладиган бошқа тадбирларга олиб бориш ва олиб келиш учун транспорт воситалари ажратилади.


2. Оромгоҳларни тиббий ёрдам билан таъминлаш, Давлат санитария назоратини ўрнатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда сифатини назорат қилиб бориш хизматлари. Бунда:

ҳар бир оромгоҳда тиббий пункт ташкил этилиб, у тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган барча дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади;

болаларга доимий тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун шай бўлган тиббиёт муассасалари олдиндан белгилаб қўйилади;

болалар оромгоҳга юборилишидан олдин шифокор ва тиббиёт ҳамшираси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади, тиббий ҳужжатлар текширилади, агарда болада бирор касаллик аломати аниқланса, унинг оромгоҳга жўнатилишига рухсат берилмайди;

болаларнинг ёши ва мавжуд касалликларини эътиборга олган ҳолда кун тартиби ишлаб чиқилади, рационал овқатлантириш ташкил этилади ва мунтазам равишда назорат қилиб борилади;

болаларнинг соғлиғи мунтазам равишда кузатиб борилади, улар шифокор томонидан режа асосида тиббий текширувдан ўтказилиб борилади;

болалар узлуксиз равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади, уларнинг сифати ва белгиланган меъёрларга мослиги доимий равишда назорат қилиб борилади;

мавсумий касалликлар (ўткир ичак касалликлари) кўпайиши мумкин бўлган ойларда тиббиёт ходимлари томонидан касалликнинг олдини олиш ва зарур бўлганда даволаш ишлари ташкил этилади;

юқумли касалликлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда соғлиқни сақлаш муассасаларига ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмаларига белгиланган тартибда маълум қилинади ва бемор бола оромгоҳ раҳбари назоратида шифохонага ётқизилади;

оромгоҳ ошхонаси иши устидан назорат олиб борилади, таомнома тузишда шифокор иштирок этади, тайёр овқатлар калорияси текшириб борилади, ташқаридан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари шифокор рухсатисиз болаларга берилмайди;

озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, сақланиши, идиш-товоқ ва технологик жиҳозларни ювишда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши қаттиқ назоратга олинади;

болалар билан соғлом турмуш тарзи бўйича мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, савол-жавоблар, даволаш-профилактик, санитар-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилади, болаларнинг ёшини эътиборга олган ҳолда, улар ўртасида турли юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича санитария-оқартув ишлар олиб борилади;

оромгоҳ жойлашган ҳудуд санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ҳолда тартибга келтирилади ва тозаланади;

тиббиёт ходимларининг болалар саломатлиги ва оромгоҳда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши учун, оромгоҳ раҳбарининг оромгоҳ ҳудуди тозалиги учун жавобгар шахс эканликлари белгилаб қўйилади;

оромгоҳларда кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг мониторинги олиб борилади.


3. Таълим-тарбиявий хизматлар. Бунда:

ҳар бир оромгоҳда кутубхона ёки ахборот-ресурс маркази иши ташкил этилади, болалар китоблар, журнал ва газеталар билан таъминланади;

болаларнинг қизиқишлари ва иқтидорлари бўйича тўгараклар, болалар студиялари, компьютер синфлари, маҳорат дарслари ташкил этилади;

олимпиадалар, викториналар, билимлар танловлари, техник ва бадиий ижодиёт кўргазмалари ўтказилади, фан ва санъат арбоблари билан учрашувлар уюштирилади;

болаларнинг ёши ва саломатлигига мос келувчи ижтимоий фойдали ва педагогик мақсадга мувофиқ меҳнат турлари ташкил этилади;

хизмат кўрсатувчи ходимлар, айниқса, педагог ва етакчиларни оромгоҳ фаолиятига жалб этишда уларнинг ўз касбини пухта эгаллаганлиги, бола шахсини ҳурмат қилиши, ижодкорлиги, ташаббускорлиги, фидойилигига эътибор қаратилади.


4. Маънавий-маърифий ва маданий хизматлар. Бунда:

оромгоҳ ҳудуди, бинолари, маънавият ва маърифат хоналари ноанъанавий ва қизиқарли равишда, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган ҳолда ўзига хос жиҳозланади ва безатилади;

болаларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларни ватанпарварлик ва миллий ғоя руҳида тарбиялашга қаратилган давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилади;

болаларнинг ёшига қараб, улар стол усти ўйинлари ҳамда ўйинчоқлар билан таъминланади;

маданият ва санъат тўғрисида суҳбатлар, ўқилган китоблар, намойиш этилган кинофильмларнинг муҳокамаси ўтказилади, бадиий ва илмий-оммабоп кинофильмлар, мултьфильмлар, слайдлар, видеофильмлар намойиш этилади;

ёш томошабинлар театри ва бошқа ижодий жамоаларнинг болалар учун спектакллари, концерт дастурлари намойиш этилади, болаларнинг музейлар, кўргазмаларга ташрифлари уюштирилади;

болаларнинг ёши, қизиқиш ва қобилиятларини эътиборга олиб, миллий мусиқа маданияти, тасвирий санъат, халқ ҳунармандчилиги, жаҳон маданияти ва санъати дурдоналари бўйича машғулотлар ўтказилади;

турли миллатга мансуб болалар учун янги дўстлар орттириш, тил ўрганиш ва дўстлик клублари ташкил этилади;

жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларда жисмоний ва ақлий меҳнатга бирдай ҳурмат уйғотиш, уларда меҳнатсеварлик ва яратувчанлик хислатларини шакллантиришга қаратилган маҳорат дарслари ташкил этилади;

истеъдодли болалар билан ишлашда уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишларига шароит яратиб берилади ва улар намунасида бошқа тенгдошларининг имкониятлари ҳам кашф этилади;

ҳар бир тадбир ўтказилишига юқори талаб ва масъулият билан ёндашган ҳолда оромгоҳдаги барча нарсалар болалар ёшига мос, уларнинг қизиқишлари, дунёқарашлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб тайёрланади;

оромгоҳ тартиб-қоидаларига амал қилиш, одоб-ахлоқ меъёрларини бажариш ва юксак интизомли бўлиш ҳар бир тарбияланувчига тушунтирилади;

оромгоҳ ҳудуди болалар дунёсига мос равишда турли баннер ва шиорлар билан безатилади.


5. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Бунда:

болалар учун эрталабки гигиеник ҳамда даволаш гимнастикаси ўтказилади;

спорт ўйинлари ҳамда машғулотларини ўтказиш учун спорт майдончалари тайёрланади, улар спорт инвентарлари билан таъминланади;

сузиш, югуриш, юриш, футбол, волейбол, теннис, шахмат, стол тенниси ва спортнинг бошқа турлари бўйича спорт мусобақалари ҳамда машғулотлар ташкил этилади;

спортнинг оммавий турлари билан бир қаторда болаларнинг ёшини, билим даражалари, саломатликлари ва жисмоний имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, махсус машғулотлар ҳам ўтказилади;

болаларнинг ўзларига маъқул бўлган спорт секцияларига қатнашиши, турли мусобақаларда иштирок этиши таъминланади, мазкур тадбирлар белгиланган тартибдаги тиббий кўрик остида амалга оширилиб, бу жараён тиббиёт ходимларининг назоратида бўлиши муҳимдир.


6. Сайёҳлик ва экскурсия хизматлари. Бунда:

болаларни сайёҳлик сафарлари ва экскурсияларга олиб чиқишдан олдин уларда экстремал ҳолатда ўзини тутиш кўникмалари шакллантирилади, хавфсизлик қоидалари тушунтирилади;

ишлаб чиқилган ва тасдиқланган йўналишлар бўйича турли экскурсиялар (шаҳар бўйлаб, шаҳардан ташқарида, дам олиш куни йўналишлари ва бошқалар) уюштирилади;

ўлкашунослик, ёш табиатшунослик ва экологик йўналишларда амалий машғулотлар ўтказилади, бу жараёнда болалар табиат ҳодисаларини кузатишлари ва таққослашлари, экологик муаммоларни амалиётда ўрганишлари ва муҳокама этишлари, бевосита тажриба ўтказишлари мумкин.



VII. БОЛАЛАРНИНГ ДАМ ОЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ДОИР ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР


Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ташкил этилади.

Мазкур Мувофиқлаштирувчи гуруҳ зиммасига болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни таъминлашга доир барча чора-тадбирларни ташкил этиш, бу борада вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, мазкур йўналишда жойларда амалга оширилаётган ишларни таҳлилий ўрганиб, уларни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифалари юкланади.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришни амалга ошириш ишларига давлат ташкилотлари билан бирга жамоат ташкилотлари ҳам кенг жалб этилади.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилади.



VIII. ЭРИШИЛАДИГАН НАТИЖАЛАР


Мазкур Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштиришнинг республика миқёсидаги тизими яратилади;

оромгоҳларни янгидан қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаб бориш туфайли республика оромгоҳлар тармоғи такомиллаштирилади;

болаларни тизимли равишда дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш қамрови йилдан-йилга ортиб боради;

болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ даражасида оромгоҳларда хизмат кўрсатиш борасидаги вазифалар ва уларнинг ижрочилари аниқ белгиланганлиги сабабли хизмат кўрсатиш даражаси ва сифати яхшиланади;

ёш авлодда ҳозирги даврдаги "оммавий маданият"нинг турли иллатларига қарши мафкуравий иммунитет шакллантирилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 11-сон, 118-модда