Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.03.1997 й. 126-сон "Нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар бериш ва лицензия берганлик учун давлат божи тўлаш тартиби тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
10.03.1997 й.
N 126
НОТАРИАТ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ
ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ЛИЦЕНЗИЯЛАР БЕРИШ ВА
ЛИЦЕНЗИЯ БЕРГАНЛИК УЧУН ДАВЛАТ БОЖИ
ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
"Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар бериш тартиботини тартибга солиш ва уларни берганлик учун давлат божи ундириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Белгилансинки, нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар биринчи марта нотариат фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг адлия бошқармалари томонидан, ушбу органлар ҳузурида тузилган малака комиссиясининг қарори асосига кўра малака имтиҳони топширилган кундан бошлаб бир ой мобайнида, берилади.
"Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кунда нотариус деб ҳисобланган шахсларга нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия малака имтиҳони топширмасдан берилади.
2. Белгилаб қўйилсинки, нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи тўланади.
Малака комиссияси иши билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида нотариат фаолияти билан шуғулланиш хоҳишини билдирган фуқаролар малака имтиҳони топширишдан олдин энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим тўлайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда нотариат фаолиятини тартибга солувчи норматив материалларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири С. Мирсафоев зиммасига юклансин
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Султонов