Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.04.2015 й. 90-сон “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотларни якка тартибда ҳисобга олишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.04.2015 й.

N 90



ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДАГИ БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ

ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИГА ЎТКАЗИЛГАН

СУҒУРТА  БАДАЛЛАРИ  ТЎҒРИСИДАГИ

МАЪЛУМОТЛАРНИ ЯККА ТАРТИБДА

ҲИСОБГА ОЛИШНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида" 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сон қарорига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган солиқ ҳисоботларига мувофиқ шакллантириладиган Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестрини (кейинги ўринларда Суғурта бадалларини ҳисобга олиш реестри деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилансинки, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадаллари суммалари тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш берувчилар томонидан солиқ органларига фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлови ва суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи таркибида белгиланган тартибда тақдим этилади, ҳисобот бериш:

2015 йилнинг биринчи ярим йиллигидан - Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича;

2016 йилнинг биринчи чорагидан - Ўзбекистон Республикасининг қолган барча ҳудудлари бўйича бошланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

Суғурта бадалларини ҳисобга олиш реестрини юритиш бўйича дастурий таъминотни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва уни солиқ органларининг ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига жорий этсин, шунингдек Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

Суғурта бадалларини ҳисобга олиш реестрини юритиш учун зарур сервер асбоб-ускуналари, компьютер техникаси ва бошқа периферий асбоб-ускуналарни харид қилиш бўйича тендер савдолари 2015 йил 1 августгача бўлган муддатда белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2016 йилдан бошлаб фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларнинг ўтказилган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича давлат интерактив хизматини жорий этсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг вақтинча бўш бўлган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган фоиз даромадлари сотиб олинадиган сервер асбоб-ускуналар, компьютер техникаси ва бошқа периферий асбоб-ускуналарни молиялаштириш манбаси этиб белгилансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 20 апрель, 15-сон, 179-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 4-сон, 28-модда