Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.02.1998 й. 80-сон "Импортни тарифлар билан бошқариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.02.1998 й.

N 80



ИМПОРТНИ ТАРИФЛАР БИЛАН БОШҚАРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Импорт операцияларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1998 йил 18 февралдаги ПФ-1930-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 1998 йил 1 мартдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган товарлардан, тижоратчилик фаолияти учун (ўзлари қатнаб олиб келадиганлар томонидан) олиб кириладиган товарлар бундан мустасно, йиғимлар ставкаси товарларни пошлинасиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ортиқ товарлар бож қийматининг 20 фоизи миқдорида белгилансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси:

1998 йил 1 мартгача жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига акциз солиғи солинмай олиб кириладиган товарларнинг чекланган нормаларини;

1998 йил 1 апрелгача жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


3. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 1998 йил 15 мартгача "Товарлар, ишлар ва хизматлар импорти прогнозига киритиш учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан буюртманомалар тақдим этиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби"ни ишлаб чиқсин ва Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси билан келишган ҳолда тасдиқласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси Марказий банк билан биргаликда ўн кун муддатда ҳақини тўлаш учун валюта маблағлари билан таъминланмаган импорт товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишини истисно қилувчи ҳамда уларнинг импорт қилувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобига қайтариб юборилишини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун киритсинлар.


5. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинганлиги учун йиғим ундиришни жорий этиш тўғрисида" 1996 йил 13 августдаги 279-сон қарорининг 1-банди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинганлиги учун йиғим ундиришни жорий этиш тўғрисида" 1996 йил 13 августдаги 279-сон қарорини қисман ўзгартириш ҳақида" 1996 йил 25 октябрдаги 362-сон қарорининг 2-банди;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарори 2-бандининг иккинчи xатбоши;

Вазирлар Маҳкамасининг "1998 йилги Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети прогнози тўғрисида" 1997 йил 5 декабрдаги 540-сон қарорига 14-2-илова.


6. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари Адлия вазирлиги билан биргаликда ўз меъёрий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                        И. Каримов