Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тижорат низоларини ҳудудий судларга тегишлилик тўғрисидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ТИЖОРАТ НИЗОЛАРИНИ

ҲУДУДИЙ СУДЛАРГА ТЕГИШЛИЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Ўзбек акциядорлик жамияти билан Россия компанияси ўртасида республикага маҳсулот етказиб бериш хусусида контракт тузилган. Маҳсулот ўз вақтида етказиб берилган, бироқ харидор ҳақ тўлашни кечиктирган, шу муносабат билан сотувчи ўзи турган жойдаги (Россия Федерацияси) арбитраж судига асосий қарз суммасини ва контракт шартларига мувофиқ ҳисоблаб ёзилган пеня суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъвогарнинг талаблари қондирилди, баёнот берилган суммалар ундириш учун белгиланди, энди Россия компанияси жавобгар турган жойдаги (Ўзбекистон Республикаси) хўжалик судига арбитраж судининг қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди.


РОССИЯ КОМПАНИЯСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Тузилган контрактга кўра уни ижро этиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган барча низо ва ихтилофлар етказиб берувчи турган жойдаги судда кўрилиши керак. Россия компанияси шундай шахс бўлгани сабабли даъво ҳудудий арбитраж судига берилган. МДҲ доирасида тузилган Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги битимга мувофиқ, ваколатли суд томонидан Россия Федерацияси ҳудудида қабул қилинган қарор мажбурий равишда Ўзбекистонда ижро этилиши керак, чунки иш бўйича жавобгар республика резидентидир. Шу сабабли хўжалик суди ижро варақасини бериши ва арбитраж судининг юқорида айтилган ҳужжатининг бажарилишини таъминлаши керак.



АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Россия Федерациясининг ҳудудий арбитраж суди Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги битим белгиланган судга тегишлилик қоидасини бузган. У юзага келган низони кўриш ҳуқуқига эга эмас эди, чунки тарафлар ўртасида тузилган контракт мазмунидан келиб чиқилса, мазкур низо акциядорлик жамияти турган жойдаги судда кўрилиши керак. АЖ Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтказилганлиги сабабли, тегишлича, Россия компанияси тегишли ҳудудий хўжалик судига мурожаат қилиши керак эди. Судга мурожаат қилиш таомилида йўл қўйилган қоидабузарликлар туфайли Россия Федерациясининг арбитраж суди қабул қилган қарор Ўзбекистонда ижро этилмаслиги керак.



СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ

ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР


Россия компанияси топширган аризани кўришда хўжалик суди бир қатор қуйидаги жиҳатларни текшириши лозим эди:

1) Россия компанияси томонидан даъво аризаси берилиши ва даъво арбитраж суди томонидан қабул қилиниши чоғида шартномавий ҳудудий судга тегишлилик қоидаларига риоя этилган эдими;

2) Россия компанияси томонидан хўжалик судига берилган, арбитраж судининг қарорини ижро этиш хусусидаги аризани қондириш ёки, аксинча, қондиришни рад этиш учун асослар мавжуд эдими.

Тарафларнинг контракт ҳуқуқий муносабатларида хорижий элемент мавжудлиги сабабли (унга асосан бундай муносабатлар юзага келган контрактнинг иккинчи тарафи бошқа давлатнинг резиденти ҳисобланарди), хўжалик суди низонинг судга тегишлилигини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирган Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги битим (Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда тузилган), шунингдек контрактни тузиш пайтида амал қилган Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан тузиладиган экспорт-импорт контрактларини (шартномалари, битимларини) Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга* амал қилди.

МДҲ давлатларининг резиденти бўлган юридик шахслар низоларининг шартномавий ҳудудий судга тегишлилигини белгилаш қоидаси Битим 4-моддасининг 2-бандида қайд этилган. Унга мувофиқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчиси бўлган давлатларнинг ваколатли судлари, агар бу хусусда тарафларнинг низони ушбу судга топшириш тўғрисида ёзма келишуви мавжуд бўлса, ишларни кўради.

Низомнинг*  IV бўлимига мувофиқ контракт мазмунига қўйиладиган талабларнинг бири бўлиб унда тарафлар ўртасида юзага келадиган ва улар томонидан икки тарафли асосда тартибга солинмаган низоларни ҳал этиш тартибини белгилаш ҳисобланарди. Бунда кўриш жойи ва мазкур контракт бўйича низоларни кўрадиган орган аниқлаштирилиши керак эди.

Шу тариқа, хўжалик суди ҳудудий судга тегишлилик тарафлар томонидан ўзаро розилик асосида белгиланишидан келиб чиқди. Юзага келадиган ихтилофлар ва низоларни кўриш тўғрисидаги битим контрактнинг ўзида ифодаланган. Уни ўрганиш чоғида суд қуйидагиларни аниқлади.

Тарафлар ўртасида тузилган контракт рус тилида икки оригинал нусхада тузилган ва расмийлаштирилган. Ҳужжатнинг Россия компанияси қўлида бўлган оригинал нусхасида, низоларни кўриш ва ҳал этиш тартибини белгилайдиган бўлимида улар “етказиб берувчи турган жойдаги” суд органларига топширилиши кераклиги кўрсатилган.

Ўзбек акциядорлик жамияти ихтиёрида бўлган контракт нусхасида  контрактни ижро этиш давомида ва унинг амал қилиши тўхтатилганидан кейин юзага келадиган низолар “жавобгар турган жойдаги” судда кўрилиши кераклиги хусусида қоида мавжуд.

Шу тариқа, қуйидаги шароитлар ҳолатида шартномавий меъёрларнинг ихтилофи юзага келган:

- контрактнинг иккала оригинал нусхаси лозим даражада расмийлаштирилган: улар тарафларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган ва муҳрлар билан тасдиқланган;

- иккала нусхага бир хил мақом берилган: уларнинг матнида кўрсатилишича, улар тенг ҳуқуқли ва бир хилда юридик кучга эгадир;

- иккала нусхаси ҳақиқий, хўжалик суди ташқи таъсирнинг ҳеч қандай аломатларини (ўчириб ёзишлар, бўяш ва ҳоказо) аниқламади.

Тақдим этилган нусхалардан қайси бирини ҳудудий судга тегишлилиги ва низонинг арбитраж суди томонидан кўрилиши тўғрилигини аниқлашда асос қилиб олиш масаласини ҳал этиш чоғида хўжалик суди шартноманинг низоларни ҳал этиш тўғрисида у ёки бу таҳрирдаги бандини эътироф этишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа (билвосита) омилларни ўрганишни тўғри деб ҳисоблади. Суд маъмурий тусдаги қуйидаги омиллардан келиб чиқди:

1) контрактнинг ташқи иқтисодий алоқалар органида рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда унинг ваколатли банк ва божхона органида ҳисобга қўйилганлиги;

2) товар божхона расмийлаштирувининг амалга оширилиши.

Низом* биринчи бўлимининг меъёрларига мувофиқ миллий валютани чет эл валютасига конвертациялаш воситасида молияланган импорт контрактлари ички валюта бозорида албатта ташқи иқтисодий алоқалар органида рўйхатдан ўтказилиши керак эди. Иш материалларидан кўринадики, ўзбек харидорида мавжуд бўлган контрактнинг оригинал нусхаси кўрсатилган рўйхатдан ўтказиш таомилларидан ўтган (рўйхатдан ўтказиш сертификати берилган, контрактнинг ўзида ташқи иқтисодий идоранинг ваколатли мансабдор шахслари қўйган тегишли белгилар мавжуд).

Импорт операциялари бўйича контрактларни ҳисобга қўйиш ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш тўғрисидаги низом** талабларига кўра товарларни етказиб бериш бўйича импорт контрактлари ваколатли банкларда ҳисобга қўйилиши, улар бўйича импорт битим паспорти расмийлаштирилиши керак.

Контрактлар (шартномалар) ва битимларни Ўзбекистон Республикаси божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби*** 6-банди “а” кичик бандининг учинчи хатбошисига мувофиқ (бугунги кунда ушбу кичик банд чиқариб ташланган  муаллиф изоҳи), импорт контрактлари давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйилиши керак.

Хўжалик судининг аниқлашича, Россиядаги етказиб берувчи билан тузилган маҳсулот етказиб бериш контракти ваколатли банкда (импорт битим паспорти мавжуд) ҳамда ҳудудий божхона органида (божхона ваколатли шахс-ларининг тегишли белгилари бор) ҳисобга қўйилган. Импорт қилинаётган товарнинг божхона расмийлаштирувини ҳам акциядорлик жамияти унда бўлган контракт нусхасига асосан амалга оширган.

Шу тариқа, юқорида айтилганларга асосланиб, хўжалик суди ҳудудий судга тегишлилик масаласини ҳал этиш чоғида резидент харидор ихтиёрида бўлган контракт нусхаси матнини асос сифатида қабул қилишни тўғри деб эътироф этди. Бинобарин, мамлакатимиз субъекти томонидан тўловнинг кечиктирилиши хусусидаги низо, унинг фикрича, жавобгар  акциядорлик жамияти турган ердаги хўжалик судида кўрилиши керак эди. Унинг Россия Федерацияси ҳудудий арбитраж суди томонидан кўрилиши ва унга доир қарор чиқарилишини хўжалик суди асоссиз ва низонинг ҳудудий судга тегишлилиги тўғрисидаги шартномавий шартларни бузиш деб ҳисоблади.

Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги битим 9-моддасининг “в” бандига кўра қарор унга қарши йўналтирилган тарафнинг илтимосига кўра уни ижро этишни бошлаш рад этилиши мумкин, фақат агар ушбу тараф ижрони бошлаш талаб этилаётган жойдаги ваколатли судга низо кўрилаётган Битимга мувофиқ ваколатсиз суд томонидан ҳал этилганлиги далилларини тақдим этиши лозим.

Шунга асосан хўжалик суди низо ваколатсиз суд, яъни уни кўришга контрактда қайд этилган контрагентлар битими билан ваколат берилмаган суд томонидан кўрилганлигини кўрсатди.

У Россия компаниясининг аризасини қондиришни рад этди. Кассация инстанцияси чиқарилган ажримни қонуний ва асосли деб топди ҳамда уни бекор қилиш ёки ўзгартиш учун асос топмади.



СЎНГСЎЗ


Хўжалик суди кўриб чи??ан иш мисолида тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий контрактлар тузиш ва уларнинг шартларини баён этиш билан боғлиқ масалалар бўйича, шу жумладан юзага келаётган низоларни судда кўриш тартиби тўғрисида бир қатор тегишли хулосалар чиқариши мақсадга мувофиқдир.

Бунда тарафларда бўлган контрактларнинг оригинал нусхалари бир-бирига мувофиқ бўлиши, яъни шартноманинг айнан ўхшашлиги мезонига риоя этилиши муҳим жиҳат ҳисобланади. Бир контрагентда бўлган контракт нусхаси қоидаларининг бошқа тараф нусхасининг қоидаларига мос келмаслиги туфайли амалиётда кўпинча муаммолар юзага келади. Бундай тафовутлар мавжудлигида мазкур мақолада таҳлил қилинган муаммога ўхшаш низоли вазиятлар пайдо бўлади. Контрактлар матнида иккала нусха бир хил юридик кучга эгалиги кўрсатилиши далили ҳам муаммони ҳал этишни мураккаблаштиради. Шундай бўлгач, қайси нусхани асос сифатида қабул қилиш масаласи юзага келади.

Матнлар турли тилларда тузилган ҳолда, шартнома матнида у ёки бу шартни қўллаш бобида тарафлар ўртасида ихтилофлар юзага келганда қайси тилдаги нусханинг асос сифатида қабул қилиниши кўрсатилиши бунда амалда вазиятдан чиқиш йўли ҳисобланади.

Иккала оригинал нусха бир тилда тузилган тақдирда вазият анча мураккаблашади, зеро бир ҳужжат матнини бошқа матнга нисбатан устувор қўллаш учун асослар мавжуд бўлмайди. Шу сабабли имзо чекиш олдидан контрактлар лойиҳаларининг барча нусхаларини уларда баён этилган шартларнинг бир-бирига мувофиқлиги бобида ди??ат билан ўрганиш ва тарафлар тафовутларнинг мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина расмийлаштириш зарур. Бундан ташқари, корхонанинг юридик хизмати (жалб этилган адвокатлар) томонидан тайёрланадиган хулосада имзоланаётган контракт нусхаларининг матнлари айнан бир хиллиги ва агар тафовутлар мавжуд бўлса, уларнинг бартараф этилишини таъминлаш шартини кўрсатиш тавсия этилади.


-----------------------------------------------------------

*) Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан тузиладиган экспорт-импорт контрактларини (шартномалари, битимларини) Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом, Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 2 декабрда 988-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Шунга эътибор қаратиш лозимки, бугунги кунда кўрсатилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг Президентнинг 2003 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-3321-сон Фармони 1-бандига зид келадиган қисми қўлланмайди. Эслатиб ўтамиз, унга мувофиқ импорт контрактларини Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида олдиндан рўйхатдан ўтказиш таомили бекор қилиниб, уларнинг баъзи тоифаларини экспертизадан ўтказиш билан алмаштирилди.


**) Импорт операциялари бўйича контрактларни ҳисобга қўйиш ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш тўғрисидаги низом, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 13 мартдаги “Ташқи савдо операцияларини амалга ошириш пайтида чет эл валютасидаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 95-сон қарори билан тасдиқланган.


***) Контрактлар (шартномалар) ва битимларни Ўзбекистон Республикаси божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби, Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 15 октябрда 832-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Шуни таъкидлаш лозимки, импорт контрактларини ҳисобга қўйиш бобида кўрсатилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қўлланмайди. Мазкур масала ҳозирги кунда Импорт контрактларини ҳисобга қўйиш ва ташқи савдо операцияларининг божхона мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги “Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 416-сон қарори билан тасдиқланган).


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган