Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 04.08.2006 й. Р N 104-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.08.2006 й.

Р N 104

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - "Ўзавтойўл" ДАК ва "Сурхондарёавтойўл" йўл хўжалигининг Қумқўрғон шўъба корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар - АТ "Алоқабанк" бошқаруви, АТ "Алоқабанк" Сурхондарё филиали ҳамда "Муқаддас Тош" хусусий фирмасига нисбатан кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Сурхондарё вилоят хўжалик судининг 2006 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Ҳал қилув қарорига нисбатан Сурхондарё вилоят прокурорининг ўринбосари томонидан кассация протести келтирилиб, унда даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 3 июлдаги ажрими билан кассация протестининг чақириб олинганлиги сабабли, кассация инстанцияси судида иш юритиш тугатилган.

Протестда кассация инстанцияси судининг ажримини бекор қилиб, кассация инстанциясида иш юритишни давом эттириш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, кассация инстанциясининг суд мажлиси муҳокамасида иштирок этган Бош прокурор ёрдамчиси протестнинг чақириб олиниши ҳақида фикр билдирган. Судлов ҳайъати прокурорнинг протестни чақириб олиш ҳақидаги фикрини эшитиб, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан кассация шикояти берилмаганлиги сабабли, кассация инстанциясида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган.

"Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 56-моддаси 5-бандида шу Қонуннинг 36-моддасидаги "прокурор" деган атама замирида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, шунингдек уларнинг ўринбосарларини тушуниш кераклиги кўрсатилган.

Ушбу хўжалик ишини кўришда кассация протести Сурхондарё вилоят прокурори вазифасини бажарувчи томонидан киритилган бўлиб, протестни фақат ушбу вилоят прокурори вазифасини бажарувчи ёки Республика Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари чақириб олиш ҳуқуқига эга. Аммо иш бўйича келтирилган кассация протести юқорида қайд этилган шахслар томонидан чақириб олинмаган. Кассация судлов ҳайъати ишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим прокурорининг (унда протестни чақириб олиш ҳуқуқи бўлмаса-да) кассация протестини чақириб олиш ҳақидаги оғзаки фикрини инобатга олиб, асоссиз равишда кассация инстанциясида иш юритишни тугатган.

Бундай ҳолда кассация инстанцияси судининг 2006 йил 3 июлдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун кассация инстанциясига юборилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.