Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги Нутқи

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

АЗИМ ПОЙТАХТИМИЗ ҲАР

ЖИҲАТДАН ГЎЗАЛ ВА ОБОД БЎЛСИН


Президент Ислом Каримовнинг Халқ

депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг

навбатдан ташқари сессиясидаги

НУТҚИ



Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!

Авваламбор, бугун сиз, Тошкент шаҳар халқ ноиблари ва жамоатчилиги вакиллари билан кўришиб, барчангизга ўзимнинг ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этмоқчиман.


Муҳтарам депутатлар!

Ўзбекистоннинг қайси бурчагида бўлмасин, мана шундай учрашувларни мен юртдошларимиз, турли соҳа вакиллари билан мулоқотда бўлиш, бугунги ҳаётимизнинг барча томонлари, мавжуд муаммолари ва уларни ечиш ҳақида атрофлича фикр алмашиб олишнинг яна бир воситаси деб биламан.

Айниқса, азим пойтахтимиз Тошкент аҳолиси билан бўладиган ҳар галги учрашувни - очиқ айтишим керак - мен ўзим учун алоҳида муҳим воқеа сифатида қабул қиламан. Нега деганда, қадимий тарих ва беқиёс салоҳиятга эга бўлган бу шаҳар бутун мамлакатимиз ҳаётини кўзгудек акс эттиради. Тошкент аҳлининг дунёқараши ва кайфияти кўп жиҳатдан эл-юртимизнинг руҳи ва  кайфиятини мужассам этади, десам, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Ҳеч кимга сир эмаски, халқимиз пойтахтда рўй бераётган ижтимоий жараёнларни доимо катта қизиқиш билан кузатади ва уларнинг бутун мамлакат ҳаётига бевосита таъсир кўрсатишини яхши англайди. Чунки Тошкент барчамиз учун аввало мустақил давлатимизнинг гўзал пойтахти, мамлакатимизнинг юраги, таъбир жоиз бўлса, Ватанимизнинг муқаддас остонасидир. Жаҳон аҳли учун она диёримиз билан танишув авваламбор ана шу остонадан бошланади. Шу маънода, Тошкентнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий ҳаётимиздаги, давлат бошқаруви, иқтисодиётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп гапириш мумкин.

Бугунги кунда пойтахтимизнинг обрў-эътибори бутун дунёга таралиб, "Шарқ дарвозаси" деб тан олингани бежиз эмас, албатта. Тошкент - биринчи навбатда йирик сиёсий марказдир. Ички ва ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиш ва тамойиллари, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш, эркин бозор иқтисодиётини ривожлантириш билан боғлиқ, узоқ ва яқин келажакка мўлжалланган режалар айнан мана шу ерда ишлаб чиқилади ва ҳаётга татбиқ этилади.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, Тошкент республикамиз иқтисодий куч-қудратининг шаклланиш ва тикланиш жараёнида доимо мустаҳкам пойдевор бўлиб келган. Ҳозирги пайтда иқтисодиётимизнинг қайси соҳасини олмайлик - бу оғир ёки енгил саноат бўладими, мудофаа соҳасини ташкил қиладиган корхоналар ёки энг юксак технологиялар асосида фаолият кўрсатадиган ишлаб чиқариш қувватлари бўладими - Тошкент буларнинг барчасини ўзида мужассам этган улкан индустрия марказига айланган, иқтисодиётимизнинг жуда катта улуши айнан пойтахтимизга тўғри келади.

Бугунги кунда бу ерда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 14 фоизи ишлаб чиқарилаётгани ва бир ярим миллиард АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги маҳсулот экспорт қилинаётганининг ўзи ҳам буни тасдиқлайди.

Тошкентда энг йирик, замонавий корхоналарни ишлатиш ва бошқаришга, уларнинг келажагини таъминлашга профессионал нуқтаи назардан қодир бўлган кўпмингли ва кўпмиллатли ишчилар аҳли, билимдон менежерлар, мутахассислар, мана шундай завод-фабрикаларни бунёд этадиган қурувчилар борлиги билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди, албатта. Тошкент ўзининг юксак интеллектуал ва маданий салоҳияти билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

Энг нуфузли илм-зиё масканлари - Фанлар академияси, етакчи олий ўқув юртлари, фан ва маданият марказлари, театр ва музейлар, кўргазма заллари, кутубхоналар қаерда жойлашган - пойтахтимиз Тошкентда. Албатта, вилоятларимизда ҳам бундай даргоҳлар кўп, лекин уларнинг ишини мувофиқлаштириб, уларга намуна бўлиб, кўмак берадиган таянч ташкилотлар асосан пойтахтимизда фаолият юритади.

Тошкентнинг меҳнаткаш, бағрикенг, ҳамиша изланиб, келажакка интилиб яшайдиган халқи ҳар қандай ҳурмат-эҳтиромга муносиб.  Айниқса, бу азим шаҳарда нуроний оқсоқоллар, давлат, жамоат арбоблари, ўз вақтида эл-юртга муносиб хизмат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган кўплаб мўътабар инсонларнинг яшаётгани ҳам пойтахтимизга ўзига хос файз ва тароват бағишлайди.

Тошкент маҳаллаларидаги инсонийлик муҳити, ўзаро меҳр-оқибат ҳар бир юртдошимизда катта ҳавас ва ғурур уйғотади. Дунёнинг пасту баландини кўрган маҳалла оқсоқоллари, кайвони онахонлар ўзларининг ҳаёт тажрибаси билан ёшларга тарбия ва сабоқ бериб, анъаналаримиз давомийлигини асраб келаётгани ибратлидир.

Миллий ҳаёт тарзимиз, урф-одат ва удумлар, дунёвий ва диний қадриятларни жой-жойига қўядиган бундай одамлардан кўп нарса ўрганиш мумкин. Шахсан мен шундай оқсоқоллар ва фаоллар билан суҳбатда бўлганимда кайфиятим қандайдир кўтарилиб, кўнглим ёришиб кетади. Шунча йил бу шаҳарда яшаб, раҳбар бўлиб ишлаб қалбимда доимо шундай туйғуни ҳис қилиб келаман ва менинг Тошкентга бундай қарашим, муносабатим ва муҳаббатим асло ўзгармайди.

Мухтасар қилиб айтганда, юртимизнинг бош шаҳри бўлмиш Тошкент, мамлакатимизнинг худдики уриб турган юраги ва шу ердан туриб бутун Ўзбекистонимизнинг томир уришини я??ол сезиш мумкин.


Азиз дўстлар!

Кейинги йилларда Тошкент том маънода яшариб ва яшнаб бормоқда. Пойтахтимизда кўплаб замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, турар-жой бинолари, маданий-маиший объектлар, лицей ва коллежлар, болалар учун спорт масканлари ишга туширилганига, янги йўллар ва кўприклар қурилиб, майдонлар ва хиёбонлар, истироҳат боғлари тубдан реконструкция қилинаётганига барчангиз гувоҳ бўлмоқдасиз.

Тошкентнинг тобора гўзал ва обод бўлиб бораётгани нафақат пойтахт аҳлига, ишончим комилки, бутун халқимизга қувонч ва ифтихор бағишлайди. Сўнгги бир-икки йил ичида миллий ва замонавий меъморчилик ютуқларини уйғунлаштирган ҳолда барпо этилган муаззам ва бетакрор Сенат биноси, Тасвирий санъат галереяси, "Гранд-Мир", "Ле-Меридиан", "Дедеман" каби ўнлаб муҳташам иморатлар айниқса шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Мен бугун бу тўғрида, яъни шаҳримиз қиёфасининг таниб бўлмас даражада ўзгариб бораётгани ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман. Лекин, фурсатдан фойдаланиб, фақат битта мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Шу кунларда пойтахтимизнинг бир қанча майдон ва мавзелари қатори Эски шаҳар ҳудудини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича катта ишлар олиб борилаётганидан сизлар хабардорсиз, албатта.

Ўзингизга маълумки, Эски шаҳар кўп йиллар мобайнида эски ва ночор қиёфада қолиб келди. Бу ҳудуддаги аҳвол инқилобдан ке-йин ҳам, Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва ундан сўнг ҳам амалда ўзгармади.

Бу ҳақда гапирганда, бир ҳолат одамни беихтиёр ҳайратда қолдиради.

Ўзбекистон табиий газ макони бўлатуриб, улкан газ қувурлари орқали Бухоро ва Қашқадарё конларидан олинадиган газ билан собиқ иттифоқнинг барча марказларини таъминлаб турган бир пайтда пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида 90-йилларгача газ у ёқда турсин, ҳатто водопровод қувурлари, кўп жойларда канализация ўтказилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?

Энг ачинарлиси, ҳатто 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентни тиклаш ва қайта қуриш бўйича амалга оширилган ишлардан ҳам шаҳарнинг бу қисми яна четда қолаверди. Бу ерда на шаҳарсозлик, на ободончилик масаласида бирон-бир жиддий иш бажарилмади.

Кўпчилик пойтахт аҳли қатори эллик йилдан буён Тошкентда яшайдиган инсон сифатида мен ҳам буни кузатаман. Бундай пайтда одам беихтиёр ажабланиб, ёқа ушлайди: бу, Эски шаҳар аҳлининг нима айби борки, бундай шароитда яшаши керак?

Ўйлайманки, бундай ҳолат ўзини шу шаҳарнинг фуқароси, шу шаҳарнинг фарзанди деб биладиган ҳар қандай одамни хижолат ва ташвишга солмасдан қўймайди.

Шунинг учун ҳам биз мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан бошлаб Тошкентнинг тарихий маркази бўлган Эски шаҳарни буюк ўтмишимизга, шу ерларда яшаб ўтган ота-боболаримизнинг руҳига ҳурмат-эҳтиром ифодаси сифатида обод қилиш, уни пойтахтимизнинг замонавий қиёфаси билан уйғунлаштиришни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйдик.

Шу мақсадда 90-йилларнинг охирига келиб, Сағбон, Қорасарой ва Форобий кўчалари тубдан қайта қурилиб, магистраль йўлларга айлантирилгани, тангу тор кўчалар кенгайтирилиб, таъмирлангани, ушбу ҳудудга табиий газ ва канализация тармоқлари ўтказилгани ҳам сизларга маълум.

Бироқ, очиқ тан олиш керак, бу ишлар мавжуд аҳволни бутунлай ижобий томонга ўзгартиролмади. Шу маънода, биз Эски шаҳар аҳолиси олдида ҳали-бери қарздормиз. Шунинг учун ҳам бугун иқтисодиётимиз бақувват бўлиб, имкониятларимиз кенгайиши билан шу оғир муаммони ечишни давом эттирдик, қисқа давр ичида бу йўлда дастлабки амалий қадамлар қўйилди.

Буни Эски шаҳар ҳудудида 500 нафар опа-сингилларимизни иш билан таъминлаган "Сағбонтекстиль" қўшма корхонаси, ҳар сменада 300 кишини қабул қиладиган оилавий поликлиника, "Истеъдод" ёшлар маркази, 3 та болалар боғчаси, 4 та стадион, 12 та маҳалла гузари, 5 та маросимлар уйи, маънавият ва маърифат масканлари, кўплаб маиший хизмат шохобчалари қуриб битказилиб иш бошлагани ҳам кўрсатиб турибди.

Шулар қаторида, Шайхонтоҳур туманининг Қоратош мавзесида хорижий ҳамкорлар иштирокида 350 ишчи ўрнига эга бўлган замонавий тикув ва тўқув фабрикаси, Акмал Икромов туманининг Саккокий кўчасида ҳам худди шундай фабрика қурилиб, ишга топширилиш арафасида.

Бунга қўшимча қилиб, "Чевар" акциядорлик жамияти негизида германиялик ҳамкорлар билан пайпоқ фабрикаси ҳамда халқаро молиявий ташкилотлар сармояси иштирокида полиэтилен қоплар тайёрлайдиган корхона қуриш бўйича амалий ишлар қилинаётганини ҳам айтиш лозим.

Барчамизга аёнки, Шарқда азалдан бозор халқ турмуш даражасининг, хонадон ободлиги, дастурхон тўкинлигининг кўзгуси бўлиб келган. Шу сабабли Тошкентнинг асосий бозори бўлмиш Чорсу бозорида қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари бошланиб, изчил давом эттирилмоқда.

Сўнгги пайтда бу ерда 560 ўринли кийим-кечак дўконлари, 220 ўринли миллий либос расталари, 500 ўринли сабзавот расталари барпо этилди.

Айни вақтда бозор инфратузилмасини кенгайтириш, савдо маданиятини ошириш, санитария ҳолатини яхшилаш, транспорт қатнови ва йўлларни тартибга солишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғини реконструкция қилиш, шу мавзеда яшайдиган аҳоли ва фарзандларимизга ҳордиқ чиқариш билан бирга, тарбиявий муҳит яратадиган шароит ташкил қилиб бериш, хориждан замонавий аттракционларни олиб келиб ўрнатиш, атрофни ободонлаштириш бўйича бошлаган ишларимиз ҳам тез кунларда ниҳоясига етади, иншоолло.

Эски шаҳар ҳудудида экология масаласида ҳам талай муаммолар мавжудлигини барчангиз яхши биласиз.

Бу жойларнинг ҳавоси оғир, айниқса ёз пайтида қандайдир ғубор ичида қолиб кетишини ҳисобга олиб, экологик шароитни яхшилаш, таъбир жоиз бўлса, Эски шаҳарнинг кўкрагига шабада тегиши учун амалий ишлар қилинмоқда.

Бу қадимий даҳага хос тарихий-маънавий муҳитни сақлаб қолиш мақсадида ён-атрофда жойлашган меъморий обидаларни таъмирлаш, йўллар четида, бекатларда пала-партиш қуриб ташланган кўримсиз иморатларни тартибга келтириш, ҳудуднинг умумий ҳолатини тубдан ўзгартириш масаласи ҳам ди??атимиз марказида турибди.

Агар эсингизда бўлса, собиқ шўро даврида бетонпарастлик касалига чалинган айрим раҳбар ва мутасаддиларнинг узоқни кўролмаслиги туфайли Тошкент шаҳрида нафақат кўча ва майдонлар, балки одамлар эркин нафас олиши, ҳордиқ чиқариши учун бунёд этилган оромгоҳларни ҳам бетон ва асфальт билан қоплаб ташлаш ёмон одатга айланди.

Оқибатда нима бўлди? Жазирама ёз ойларида аҳоли, айниқса кекса ва касалманд кишилар, ёш болалар нафас олишга қийналадиган, уйида димиқиб ўтирадиган бўлиб қолди, илгари учрамаган турли касалликлар пайдо бўла бошлади.

Ахир, Тошкентдек иқлими ўта иссиқ, ёзда ҳарорат қирқ даражадан ошиб кетадиган шаҳарда шундай иш тутиш калтабинлик эмасми?

Бугун биз ана шу иллатнинг асоратларига барҳам бериш учун шаҳарда, жумладан, унинг марказий қисмида яшил ҳудудлар, дарахтзор ва кўкаламзор майдонларни кўпайтиришга алоҳида эътибор беряпмиз. Йиллар давомида тўпланиб, одамларни қийнаб, шаҳримиз елкасида оғир юк бўлиб келган муаммоларни - улар қанчалик қийин бўлмасин - имкон топиб ечишга ҳаракат қиляпмиз.

Лекин бу масалада ҳам ҳар томонлама узоқни ўйлаб иш тутиш лозим. Менинг фикримча, аввало ҳавони кислород билан бойитадиган эман, қарағай, каштан ва қа-йин каби дарахтларни, одамнинг кўзини қувонтирадиган манзарали буталарни кўпроқ экиш зарур. Ўзидан заҳарли моддалар чиқариб, инсон саломатлигига, экологияга салбий таъсир этадиган дарахтларни имкон қадар камайтириб бориш керак.

Табиийки, бундай ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини нафақат Эски шаҳарда, балки шаҳарнинг бетон босган бошқа жойларида ҳам амалга оширишимиз даркор.

Шунинг учун ҳам Бешёғоч майдонидаги Алишер Навоий номи билан аталадиган миллий боғни обод этиш, у ердаги тарихий кўлни тубдан реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирги пайтда Мустақиллик майдонининг манзараси бутунлай ўзгариб, беқиёс чирой очиб бораётганини ҳаммангиз кўриб турибсиз.

Хабарингиз бор, Буюк Турон кўчасининг Марказий универсал магазинидан Космонавтлар проспектигача бўлган қисми, Шароф Рашидов кўчасининг Алишер Навоий кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган қисмида ҳам яшил ҳудудлар ташкил этилмоқда.

Умуман, ландшафт архитектурасидан оқилона фойдаланиш, яшил майдончалар ва фаввораларни кўпайтириш орқали пойтахтимизга замонавий тус бериш, шу тариқа шаҳарда салқин микроиқлим вужудга келишини таъминлаш, бу тажрибани бошқа вилоят ва шаҳарларимизда ҳам кенг қўллаш лозим, деб ўйлайман.

Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад - аҳолига фаровон турмуш тарзи билан бирга, ҳар томонлама қулай яшаш шароитларини таъминлашдир.

Токи куни билан ишлаб, уйига чарчаб қайтган инсон атрофдаги сўлим боғлар, шинам хиёбонлар, тинч ва осойишта юртнинг гўзал манзараларини кўриб, бутун чарчоғи чиқиб кетсин. Ёш авлод эса мана шундай жаннатмакон диёрда яшаётганидан фахр-ифтихор туй-ғуларини ҳис этсин.

Бугун, шу минбарда туриб, яна бир фикрни халқимизга етказишни жоиз деб биламан. Биз нафақат Тошкент, балки Ватанимизнинг барча шаҳар ва  қишлоқлари обод ва гўзал бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшашни хоҳлаймиз ва бу табиий ҳол, албатта. Лекин, ана шундай ҳаёт даражасига етишни орзу қилар эканмиз, аввало ўз олдимизга катта мақсадларни қўйиб яшашимиз ва меҳнат қилишимиз даркор.

Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон деб аталган шу табаррук заминга эзгу ният билан бир ниҳол экмоқчи бўлсак, уни айнан шу бугун экишимиз керак.

Майли, бу кўчатимиз бугун эмас, эртага эмас, балки йигирма, эллик-олтмиш йилда катта бир дарахтга айлансин, лекин такрор айтаман, унинг ниҳолини бугундан кечикмасдан экишимиз керак.

Агарки ҳар қайси инсон, бу уй меники, бу шаҳар меники, бу юрт меники, у қандай обод бўлса - бу менинг бахтим ва бойлигим, деган фикр билан яшаса, биз ўз мақсад-муддаоларимизга шунчалик тезроқ етамиз.

Мен айнан шундай ҳаётий фалсафа қон-қонимизга, суяк-суягимизга кириб бориши, қалбимиздан чуқур жой топишининг тарафдориман ва барчангизни, бутун халқимизни шунга даъват этаман.

Табиийки, бундай қараш, бундай кайфиятни одамлар онгига сингдириш осон эмас. Бу иш фақат даъват ёки чақириқ билан битмайди. Биз ҳаётга шундай муносабатни ёшларимиз юрагига жо этишимиз, бу масалани таълим-тарбия ишининг таркибий қисмига айлантиришимиз зарур.

Ҳеч шубҳасиз, бундай фикр билан яшаш нафақат давлат идораларининг, балки юртимиздаги барча катта-кичик ташкилотларнинг мақсад-вазифасига, бутун халқимизнинг бурчи ва интилишига айланиши керак.

Аммо бунга эришиш учун пойтахт аҳлининг орзу-ниятларига туртки бериш, одамларни шу эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, сафарбар этиш ва бошқариш авваламбор кимнинг зиммасида бўлиши лозим? Шаҳар ҳокимиятининг зиммасида эмасми?

Биз шаҳар ҳокимияти деганда, содда қилиб айтсак, шаҳар ҳукуматини  тушунамиз. Шаҳар аҳолисининг барча қувонч ва ташвишлари, муаммоларини таг-томири билан биладиган, англайдиган ва уларнинг ечимини ҳар томонлама ўзига тасаввур қиладиган идора айнан шаҳар ҳокимияти бўлиши даркор.

Бу ҳокимиятнинг асосий бурчи - пойтахтда яшайдиган қарийб икки ярим миллион одамнинг кундалик турмушига ҳамнафас, керак бўлса, ҳамдард бўлиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ечишга масъул бўлиб, бу вазифани ўз фаолиятининг асосий маъно-мазмуни деб билишдан иборат.

Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши, ички ва ташқи сиёсат масалалари, мудофаа ва хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларнинг қурилиши, энг йирик корхоналар фаолиятини ташкил этиш каби вазифаларнинг барчаси давлатимизнинг марказий идоралари зиммасида.

Бошқача айтганда, стратегик аҳамиятга эга бўлган бу масалалар бўйича масъулият ва жавобгарлик авваламбор мамлакатимиз ҳукумати ва тегишли идораларга юкланган.

Албатта, бу ишларда шаҳар ҳокимиятининг ҳам ҳиссаси бор, буни ҳеч ким инкор этолмайди. Гарчи Тошкент шаҳрида вилоятлардаги каби ғалла ёки пахта етиштириш, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳаси билан боғлиқ ўта мураккаб вазифалар бўлмаса ҳам, лекин пойтахтимизни бошқариш, кенг кўламдаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, коммуникацияларнинг самарали фаолиятини таъминлаш - булар ҳам ғоят оғир ва масъулиятли иш эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Катта шаҳарнинг юки ҳам, ташвишлари ҳам катта бўлиши табиий. Саноат ёки капитал қурилиш бўладими, хусусийлаштириш, одамларни иш билан таъминлаш, банк-молия ёки савдо-сотиқ масалалари бўладими - бу соҳаларнинг барчасида Тошкент шаҳрининг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор.

Бироқ биз бугун асосий эътиборни ижтимоий соҳага, авваламбор, одамларни қийнаётган, уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган асосий муаммоларга қаратсак, ўринли бўлади, деб ўйлайман.

Бу масалаларда шаҳар ҳокимияти ўзининг зиммасидаги вазифаларни тўла бажариш учун, лўнда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи мустақил ҳолда тортиши керак. Шу нуқтаи назардан бир саволга жавоб излаб кўрайлик: аҳолининг кундалик ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор долзарб муаммолар бугун Тошкент шаҳрида қандай ечиляпти? Бу ерда тўпланиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал этишга шаҳар раҳбариятининг қурби, масъулияти ва жавобгарлиги етарлими?

Қўлимизни кўксимизга қўйиб, холисона айтадиган бўлсак, шаҳар ҳокимиятининг бугунги фаолиятидан бу саволларга ижобий жавоб топиш қийин.

Мисол учун, Тошкент шаҳридаги кўпқаватли уйларни бошқариш масаласини олайлик. Ушбу масала шаҳарда кўпдан буён оғир муаммо бўлиб қолмоқда.

Бу биноларни таъмирлаши ва зарур хизматлар кўрсатиши лозим бўлган уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти яқингача бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Тасаввур қилингки, баъзи ширкатлар таркибида 70 тагача кўп қаватли уй бўлган, яъни улар мутлақо бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган.

Бундай ширкатларнинг ҳокимият органлари, маҳалла фаоллари билан ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган. 

Оқибатда аҳолининг коммунал хизматлар бўйича қарздорлиги, 2005 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 20 миллиард сўмдан ошиб кетган.

Аксарият ширкатлар томонидан аҳоли билан тузилган шартномалар бажарилмай қолиб кетаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Ўзингиз ўйланг, агар уйида иссиқ ва совуқ сув бўлмаса ёки айтайлик, лифт ишламаса, подвалда сув тўпланиб ётган бўлса, электр ўчиб қолаверса ва бундай ҳолат сурункали тус олса, одамнинг хуноби ошмайдими?

Бугунги кунда тез-тез учраб турадиган бундай нохуш ҳолатлар аҳолининг кайфиятига, керак бўлса, ҳокимият ва ҳукумат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди, албатта.

Олиб борилган текширишлар шуни кўрсатадики аксарият ҳолларда аҳоли томонидан тўланаётган маблағнинг асосий қисми ширкат ходимларига иш ҳақи сифатида бериб келинган. Масалан, Собир Раҳимов туманидаги "Умид коммуналчи" ширкатида ойлик тушумнинг 52 фоизи бошқарув аппаратига, 47 фоизи эса техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ойлик иш ҳақига сарфланган.

Натижада уй-жойларни жорий ва капитал таъмирлаш учун маблағ топилмаган.

Масалага шундай нотўғри ёндашув туфайли шаҳар бўйича 2002-2006 йиллар мобайнида таъмирлаш мўлжалланган 1991 йилгача қурилган уйларнинг 43 фоизида бу иш бажарилмаган.

Бундай камчилик ва нуқсонларнинг сабаблари нимада?

Аввало, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан тегишли назоратнинг йўқлигида. Яна бир сабаби - ширкатларни бошқариш вазифаси коммунал хизмат соҳасидан узоқ бўлган тасодифий кишиларга топшириб қўйилганида.

Масалан, Чилонзор туманидаги "Наврўз" ширкатининг раҳбари С.Рашидов фақат ўрта маълумотга эга бўлиб, оддий қоровулликдан дастлаб ширкат бош муҳандиси лавозимига тайинланган, кейинроқ эса ширкат раҳбари бўлиб ишлаган ва тўпланган маблағларни орқа-ўнгига қарамай мақсадсиз сарфлаб юбораверган.

Ўтказилган инвентаризация якунлари бўйича ширкат раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли турар-жой ҳудудларида ва 7 мингдан ортиқ уй атрофида ноқонуний равишда қурилган 35 мингдан зиёд гараж ва бошқа объектлар борлиги аниқланди. Уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти юзасидан 2003 йил бўйича 24 та, 2004 йил бўйича эса 37 та жиноий иш қўзғатилгани бу соҳада ҳукм сурган нохуш аҳволни кўрсатиб турибди.

Бугунги кунда бу масала бўйича жорий йил бошида қабул қилинган Президент қарорларига биноан ширкатлар ишида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, мавжуд 822 та ширкатнинг 428 тасида янги раҳбарлар сайланди. Ҳозирги пайтда ширкатлар таркибидаги уй-жойлар сони ихчамлаштирилиб, ҳар бир ширкатга 10-12 та уй ёки 500-600 та хонадон тўғри келмоқда. Лекин бундай ўзгаришлардан мақсад ширкат раҳбарларини номига алмаштириш ёки улар хизмат кўрсатадиган объектлар сонини камайтиришдан иборат бўлиб қолмаслиги керак.

Буларнинг барчаси, аввало, кўпқаватли уйлардаги одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, коммунал хизмат даражасини оширишга, охир-оқибатда аҳолининг оғирини енгил қилишга таъсир ўтказиши даркор.

Шаҳарнинг қон томири ҳисобланган йўлларнинг ҳолати ҳам бугунги кунда кўп жойларда талабга жавоб бермайди. Айниқса, Акмал Икромов, Собир Раҳимов, Шайхонтоҳур ва Ҳамза туманларидаги аксарият йўллар транспорт қатнови учун яроқсиз ҳолга келиб қолган, баъзи ҳудудларда пиёдалар йўлаклари, ирригация тармоқлари ишдан чи??анига нима деса бўлади?

Шаҳар хонадонларида газ ўлчаш асбобларини ўрнатиш режаси атиги 70,5 фоизга бажарилгани бу муҳим масалага юзаки қаралаётганидан далолат беради. Бу соҳадаги аҳвол айниқса Юнусобод, Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларида ёмонлигича қолмоқда.

Буларнинг барчаси коммунал соҳада ислоҳотларни амалга оширишда жиддий нуқсонлар борлигини, шаҳар ҳокимиятининг бу йўналишдаги фаолияти қониқарсиз эканини кўрсатади. Аҳолига телефон хизмати кўрсатиш бўйича ҳам Тошкент шаҳрида камчилик ва муаммолар кўплиги, албатта, одамни ўйлантирмасдан қолмайди.

Бу соҳадаги дебитор қарздорлик 2005 йилнинг 1 январигача 1,5 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6 фоизга ошган. Таксофон аппаратини ўрнатиш режаси 24 фоизга, магистраль кабелларни капитал таъмирлаш режаси эса 57 фоизга бажарилган, холос.

Шу сабабли ишда йўл қўйган хато-камчиликлари учун Тошкент шаҳар телефон тармоқлари филиали директори ҳамда Собир Раҳимов ва Чилонзор тумани телефон станцияларининг бошлиқлари вазифасидан бўшатилди.

Аммо шу билан бўлди - муаммо ечилди, деб хотиржамликка берилиш мумкин эмас. Аҳволни яхшилаш, истеъмолчиларни рози қилиш учун аввало хизмат сифатини ошириш, бунинг учун соҳага қўшимча маблағлар, керак бўлса, хориж сармояларини жалб этиш ҳақида жиддий бош қотириш лозим.

Яна бир муҳим масала - якка тартибда фаолият юритадиган тадбиркорлар бўйича ишларнинг ҳолатини ҳам қониқарли деб бўлмайди.

Масалан, ўтган йилда режага нисбатан 2 минг 191 та кам тадбиркор рўйхатдан ўтказилган, белгиланган режа Бектемир туманидан ташқари бирорта туманда бажарилмаган.

Бунинг сабаби нимада?

Асосий сабаб - тадбиркорлар йўлига сунъий ғов-тўсиқлар қўйилаётганида. Тадбиркорлар учун зарур шарт-шароит яратиб бериш, уларга ер майдонлари ва объектларни қонуний асосда сотиш, жой ажратиш масаласида, савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчаларининг қурилишида кўплаб пала-партиш ишларга йўл қўйилмоқда.

Бу ишларни назорат қилиши лозим бўлган шаҳар ва туман ҳокимликларининг ўзида ошна-оғайнигарчилик, ўзбошимчалик, керак бўлса, таъмагирлик, пора-хўрлик ҳолатлари учраб турибди ва бу ишлар бўйича тегишли идоралар албатта ўз хулосасини чиқариши зарур.

Шаҳардаги 85 та корхона ўтган йилни қарийб 51 миллиард сўмлик зарар билан якунлаган. Ҳозирги пайтда 177 та корхонанинг ҳисоб рақамида маблағи йўқлиги сабабли иш ҳақидан қарздорлик даражаси шу йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 5,3 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Энг ёмони, бу корхоналарнинг тақдири нима бўлади, деган масала шаҳар ва туман ҳокимларини, мутасадди раҳбарларни ўйлантирмаяпти.

Бугунги куннинг долзарб масаласи бўлган аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ҳам қатор муаммолар йиғилиб қолган. Албатта, бу борада бир қанча тадбирлар амалга оширилаётгани, хусусан, меҳнат ярмаркалари ташкил этилаётганини эътироф этиш лозим.

Лекин, минг афсуски, бу тадбирлар кутилган самарани бермаяпти. Масалан, ўтган йил давомида шаҳар бўйича ўтказилган 57 та шундай ярмаркада атиги 1 минг 714 нафар одамга йўлланма берилган, холос.

Айниқса, Бектемир, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида бу иш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳозирги кунда шаҳар бўйича иш билан доимий банд бўлмаган аҳоли 47,7 минг кишини ташкил этмоқда.

Аҳвол шундай бўлатуриб, Бандлик жамғармаси ҳисобидан ўтган йил мобайнида янгитдан яратилган иш ўринлари 1 минг 264 тани, яъни эҳтиёжга нисбатан атиги 2,6 фоизни ташкил этгани, табиийки, ҳеч қандай талабга жавоб бермайди.

Тошкент шаҳрида уй-жой қурилиши соҳасида ҳам оқсоқлик кўзга ташланмоқда. Бу борадаги кўрсаткич ўтган йили 2003 йилга нисбатан 79 фоиз даражасида қолиб кетганини афсус билан қайд этиш лозим. Янги қурилаётган турар-жойлар ҳудудида тегишли ижтимоий инфратузилмаларни барпо этиш бўйича ҳам муаммолар оз эмас.

Масалан, Собир Раҳимов туманининг Мойқўрғон, Чуқурсой ва Охунбобоев мавзеларидаги турар-жойларда канализация ва коммуникация тармоқлари ўтказилмаган, спорт мажмуалари, болалар майдончалари ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмаган.

Шайхонтоҳур туманининг Биринчи Жарариқ, Форобий мавзеларида ҳам шундай ҳолни кузатиш мумкин.

Акмал Икромов туманидаги 30-кварталда кўп йиллардан буён на йўллар, на коммунал хизматларнинг аҳволи талабга жавоб бермайди, баъзи кўпқаватли уйларда лифтларнинг ишламаслиги, электр энергиясининг мунтазам равишда ўчиши, чиқинди ва ахлатларнинг ўз вақтида ташиб кетилмаслиги сурункали тус олган ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шаҳар бўйича ўткир юқумли касалликларга чалиниш кўрсаткичлари ортиб бораётгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий манзарани кўз олдимизда я??ол намоён қилади, деб ўйлайман.

Жумладан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан гепатит, шу билан бирга, бошқа ўткир юқумли касалликлар бўйича ҳам кўрсаткичлар салбий томонга ошгани барчамизни ташвишга солиши лозим.

"Сиҳат-саломатлик йили" деб эълон қилинган жорий йилда бундай ҳолатларга чидаб бўлмаслиги барчага аён бўлиши керак.


Қадрли дўстлар!

Тошкент шароитида маҳаллалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти қанчалик катта аҳамиятга эга эканини ҳаммамиз яхши англаймиз.

Биз мустақиллик йилларида маҳалла тизимини ривожлантириш, дунёда ўхшаши бўлмаган бу бошқарув идорасига янги-янги имконият ва ваколатлар бериш, унинг нуфузини оширишда бошқа ҳудуд ва минтақаларимиз қатори айнан Тошкент маҳаллалари тажрибасига таянганмиз.

Лекин, бугунги кунга келиб шаҳарда бу соҳада ҳам айрим камчилик ва муаммолар борлигидан, таассуфки, кўз юмиб бўлмайди.

Авваламбор, маҳаллалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масаласида, уларнинг муаммоларини ечишда маҳаллий ҳокимлик идоралари томонидан эътибор етарли эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу масалада амалий ишдан кўра расмиятчилик, хўжакўрсин ишлар кўп.

Баъзи маҳалла оқсоқолларининг шахсий масъулияти, инсоний фазилатлари улар эгаллаб турган лавозимга муносиб эмаслиги ачинарлидир.

Хусусан, нафақа ва моддий ёрдам пулларини тақсимлашда адолатсизлик, таниш-билишчилик, порахўрлик ҳолатларига йўл қўйилганига нима дейиш мумкин?

Бу маҳалла деган муқаддас масканни оёқости қилиш билан баробар эмасми?


Ҳурматли депутатлар!

Тошкент шаҳри раҳбариятининг кейинги даврдаги фаолиятини таҳлил қилиб, бундай хато-нуқсонларни, ечилмаган муаммоларни кўплаб келтириш, уларнинг рўйхатини давом эттириш мумкин.

Бу масалаларнинг ечимини ўз вақтида топиш, Тошкентдек шаҳри азимда яшаётган миллионлаб одамларнинг ғаму ташвишлари, муаммоларини енгиллатиш, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш - бу албатта, биринчи галда шаҳар ҳокимиятида ишлаётган кадрларга, туманларда лавозимда ўтирган раҳбарларга, уларнинг масъулияти ва жавобгарлиги, билим ва тажрибаси, керак бўлса, фидоийлигига боғлиқ.

Ота-бобомиздан қолган бир нақл борки, шаҳар дегани бедарвоза, эгасиз бўлмайди. Узоқ ва яқин тарихда ҳам, бугунги мураккаб замонда ҳам бунинг айни ҳақиқат эканини кўриш мумкин.

Яъни, шаҳарнинг барча ишларида тартиб-интизом, ҳар қайси вазифани изчиллик билан бажариш, қарорлар қабул қилишда аҳоли билан, маҳалла оқсоқоллари билан бамаслаҳат, бир ёқадан бош чиқариб иш тутиш, одамларни бўлаётган ўзгаришлардан доимо хабардор қилиб бориш - бу ҳозирги даврнинг энг муҳим талабларидан биридир.

Шундай талабларга жавоб бермаслик ёки уларга беписанд қараш, бу борада қандайдир яккаҳокимлик ёки ўзбошимчаликка йўл қўйиш - бугунги кунда кечириб бўлмайдиган ҳолат. Бундай номаъқул ҳолатни замон кўтармайди.

Бугун раҳбар бўлиш ўзи осон эмас. Бу - ўта мураккаб ва ўта масъулиятли иш. Бу иш раҳбарлик вазифасида ўтирган одамдан, бошқа фазилатлар қаторида, аввало ирода бақувватлиги ва иймон бутунлигини талаб қилади. Чунки раҳбар зотини доим таъқиб қиладиган бир хатар борки, унинг номини нафс балоси, дейди.

Раҳбарнинг атрофида ҳамиша парвона бўлиб юрадиган ча??он-шоввозларнинг ҳар қандай одамни ҳам ғоят усталик билан қўлга оладиган шундай маккор усуллари борки, бундай хушомадгўйликка, мақтов билан алдаб, ўраб олишга қарши туриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Бундай пайтларда ўз нафсини тийиш, шайтон васвасасидан ва таъсиридан ўзини сақлаш, эл-юрт олдида ўз номига доғ туширмаслик, ўйлайманки, бу ҳар қандай одам учун оғир синов.


Азиз дўстлар!

Бугунги бошимиздан кечираётган ўта мураккаб замонда олдинги даврларга нисбатан раҳбарлик ва етакчилик вазифасининг кундан кунга масъулияти ошиб бораётгани ҳақида кўп гапирамиз. Ва ҳар қандай идора ва ташкилот, корхонада аввало биринчи раҳбарнинг масъулияти, аҳамияти ва моҳияти алоҳида ўрин тутишини барчамиз яхши тушунамиз.

Ўта оғир ва мураккаб масалаларни ҳал қилиш тўғри келадиган Тошкентдек шаҳарда биринчи раҳбар курсисида ўтирган инсон ўзининг худо ато этган ақл-идроки, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатларига эга бўлиш билан бирга, етакчилик қобилиятига, яъни одамларни ўз ортидан эргаштира олишга ҳам қодир бўлиши зарур.

У кенг қамровли тайёргарлиги ва дунёқараши, шижоат ва қатъияти, керак бўлса, қатти??ўллиги, ўзи бошқарадиган ҳудуддаги барча катта-кичик раҳбар, мутахассис, фаолларни бирлаштириб, бир ёқадан бош чиқариб ишни ташкил эта олиши билан ажралиб туриши керак.

Бугун бу вазифада ўтирган Рустам Шоабдураҳмонов ҳақида гапирганда, бу инсон кўпгина давлат идоралари ва ташкилотларида ишлаб, жумладан, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг биринчи ўринбосари, вазир вазифасини бажарувчи, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида анча тажриба топиб келган раҳбар, десак, ортиқча бўлмайди.

Охирги тўрт йил давомида у шаҳар ҳаётини бошқаришда, бир қанча ижобий ўзгариш ва тадбирларни амалга оширишда ўзининг ҳиссасини қўшганини бугун эътироф этишга асосимиз бор.

Лекин охирги пайтда ҳаётнинг ўзи барча раҳбарлар олдига қўяётган талабнинг кучайиши билан унинг фаолиятидаги заиф томонлар сезилиб қолди. Бу эса шаҳарни ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалаларда, аввало бу ерда мавжуд бўлган кўпгина муаммоларни ечишда оқсоқликка олиб келмоқда.

Р.Шоабдураҳмонов фаолиятида айниқса кенг кўламда бошланган ишларни тўла қамраб ололмаслик, уларни охирига етказиш учун изчиллик, қатъият ва талабчанлик етишмаслиги кўзга ташланмоқда, десак, ўйлайманки, сиз, ҳурматли депутатлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Бу масалада бугунги мавжуд бўлган вазиятни ва аҳволни ҳисобга олган ҳолда, Р.Шоабдураҳмонов бошқа ишга ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилгани ҳақида сизларни хабардор этмоқчиман.

Буларнинг барчасини инобатга олиб, бугунги сессия кун тартибига қўйилган ташкилий масала бўйича - Р.Шоабдураҳмоновни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасидан озод қилиш масаласини овозга қўйишни таклиф қиламан ва сиз, ҳурматли депутатлардан бу борада ўз муносабатингизни билдиришингизни сўрайман.


Ҳурматли депутатлар!

Тошкент шаҳрининг янги ҳокимини сайлаб олиш масаласига ўтадиган бўлсак, барчамиз яхши тушунамизки, бундай масъулиятли лавозимга муносиб номзод топиш ўта мураккаб ва оғир масала. Бу ҳақда узоқ ўйладик, бу масалани ҳар томонлама ўргандик, шаҳар жамоатчилиги вакиллари, кўпни кўрган оқсоқоллар ва фаоллар билан маслаҳатлашдик.

Билдирилган фикр ва таклифларга асосланиб, Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Абдуқа??ор Тўхтаев номзодини тавсия этишга қарор қилдик. А.Тўхтаевнинг таржимаи ҳоли ҳақида сизларга - шаҳар аҳли вакилларига батафсил айтиб бериш, унинг мутахассислиги, қаерда ишни бошлаб, қаерда униб ўсгани, қандай раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилгани, унинг шахсий қобилияти ва имкониятлари ҳақида гапириш ортиқча, деб биламан.

Мен ҳам сизлар қаторингизда кўп йиллар давомида бу инсоннинг фаолиятини кузатиб келаман. Менга шахсан маъқул томонлари - авваламбор, ишнинг негизини билиши ва ҳаракатчанлиги билан бирга, унинг оддийлиги ва камтарлиги, тозалиги ва одамийлик хусусиятлари ўзига эътиборни тортади.

Ўйлайманки, сизнинг қарорингизга қўйилган бу номзодни шаҳар жамоатчилиги қўллаб-қувватлайди.


Азиз дўстлар!

Бир оддий ҳақиқатни унутмаслигингизни, бу масала доим барчангизнинг эътиборингиз марказида туришини истардим.

Ҳаммамиз яхши биламизки, раҳбар қандай ақлли ва ўткир, чуқур билим ва кенг тажрибага эга бўлмасин, таъбир жоиз бўлса, қанчалик тилла инсон бўлмасин, унинг бир ўзи ҳеч нарсага эришолмайди.

Бугун биз олдимизга қўйган мақсад ва муддаоларимизга эришиш учун туман ва маҳалла раҳбар-етакчилари, оқсоқол ва кайвонилари, шаҳар аҳли ва жамоатчилиги бу раҳбар атрофида жипслашиб, бу ерда ҳамжиҳатлик ва аҳиллик муҳитини ташкил этиши шарт. Бугун сизлар билан сайлаб-тасдиқлаб олган янги ҳоким ўз ишини энг қуйи поғонадан бошлаб, пойтахтнинг кўпгина қурилиш ва бунёдкорлик ишларида иштирок этиб, замонавий раҳбар даражасигача ўсиб-улғайган инсондир.

У юқорида зикр этилган талабларни бажаришга, яъни одамлар билан ўзаро елкадош бўлиб, баҳамжиҳат бўлиб ишлаш, соғлом муҳит яратиш, азим пойтахтимизни янада тара??ий топтириш ва шу тариқа Тошкент аҳлини рози қилишга сиз, азиз депутат ва фаоллар билан биргаликда ўз ҳиссасини қўшади, деб ишонч билдиришга рухсат бергайсиз.

Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.