Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис иккинчи чақириқ олтинчи сессиясидаги Нутқи

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

АДОЛАТ - ҚОНУН УСТУВОРЛИГИДА



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон

Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи

чақириқ олтинчи сессиясидаги

НУТҚИ


(2001 йил 29 август)



Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Муҳтарам халқ депутатлари!

Аввало, барчангизни кириб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам - Ватанимиз мустақиллигининг ўн йиллик айёми билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсизлар.


Азиз дўстлар!

Ўтган ўн йиллик яқин тарихимизни сарҳисоб қилиш, барча соҳаларда эришган улкан ютуқларимизни таърифлаш, шу жумладан, камчиликларимизни ҳам холисона баҳолаш, бир сўз билан айтганда, шу давр мобайнида амалга оширган ишларимиз ҳақида ҳисобот бериш, уларнинг барчасини бир маърузада акс эттириш жуда мураккаб ва қийин вазифа эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Лекин мен бугун мана шу юксак минбардан туриб, сиз, муҳтарам халқ вакилларининг очиқ чеҳрангизга қараб, сиз орқали бутун халқимизга бир ҳақиқатни айтишни истардим.

Бу ҳақиқат шундан иборатки, асрлар давомида кўп-кўп қурбонлар бериб, маша??атли синовлардан ўтиб, мислсиз оғир кунларни кўриб, не-не йўқотишлар, зулм-зўравонликларни бошидан кечирган, аммо озод бўлиб, эркин бўлиб ҳур Ватанда яшаш учун кураш йўлидан қайтмаган халқимизнинг ана шу азалий армони айнан бизнинг кунларимизда рўёбга чи??ани, бундай саодат барчамизга насиб этгани учун Яратганимизга минг-минг шукрона айтишимизни хоҳлардим.

Биз мана шу ўн йил давомида янги ҳаёт, янги жамият қуриш борасида оламшумул воқеаларга бой бўлган тарихий йўлни босиб ўтдик. Бу йўлда муваффақият ва қувончлар ҳам, изтироб ва маша??атлар ҳам бўлгани табиий, албатта.

Лекин биз ўз олдимизга қўйган улуғ мақсадлар сари қатъият билан интилиб тинимсиз меҳнат қилдик, ҳар қандай қийин шароитда ҳам танлаб олган йўлимиздан қайтмадик.

Айниқса, очиқ демократик давлат ва жамият қуриш мақсадида янгича бошқарув ва бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт тизими шакллангани ҳамда ўзимизга мос ва ўзимизга хос мустақил ривожланиш стратегиясини амалга ошираётганимиз, жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътибор қозонганимиз Ватанимизнинг буюк келажаги сари қўйилган муҳим қадамдир.

Мамлакатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги ва суверенитетини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида тезкор, замонавий, қудратли Қуролли Кучларимизни ташкил этганимиз, ўз вақтида, чуқур ўйлаб қилинган ишимизнинг тасдиғи бўлди, десак хато бўлмайди.

Миллий қадриятлар, эзгу анъаналар, тилимиз, муқаддас динимизнинг ҳаётдаги ўрни қайта тиклангани ҳам жамиятимиз қиёфасини ўзгартиришда, маънавиятимизни, одамларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Энг муҳими, кўпмиллатли Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик муҳити - бизнинг беқиёс бойлигимиз эканини юртимизда яшаётган ҳар бир миллат ва элат вакили ўзининг кундалик ҳаётида ҳис этиб турибди.

Бугун миллий истиқлол ғоясини ўзида тўлиқ мужассам этадиган юрт тинчлиги, Ватан тара??иёти, халқ фаровонлиги каби олижаноб мақсадлар атрофида сиёсий ва ижтимоий кучлар жипслашаётгани, элимизнинг иродаси, салоҳияти ва куч-қудрати сафарбар этилаётгани - буларнинг барчаси ҳаммамизни қувонтиради ва келажакка бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди.

Бир сўз билан айтганда, биз танлаган тара??иёт модели, бозор иқтисодиётига таянган очиқ демократик давлат қуриш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантирадиган янги ҳаёт барпо этиш ҳаракатларимизнинг, бир томондан - кўп асрлик тарих, буюк маданият, юксак миллий анъаналар, муқаддас қадриятларга, иккинчи томондан эса - жаҳон халқларининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этган тажрибага асосланган йўлимизнинг тўғри эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.


Азиз дўстлар!

Ҳаётимизнинг бугунги босқичида демократлаштириш, тубдан янгиланиш жараёнлари жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олди десак, асло муболаға бўлмайди. Тара??иётимизнинг ҳозирги босқичидаги бош стратегик вазифа, бу - 2000 йил июнь ойида қабул қилинган, жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнини эркинлаштириш ва чуқурлаштириш Дастурини амалга оширишдан иборат.

Бугун мен ана шу Дастурнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва демократлаштириш масалаларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Қонун устуворлигини таъминлаш, шахс, оила, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, фуқароларни қонунга бўйсуниш ва ҳурмат руҳида тарбиялаш - бу ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган чинакам демократик, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуришнинг нафақат мақсади, балки унинг воситаси, энг муҳим шарти ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилганини эътироф этмоқ лозим.

Бунинг натижасида мамлакатимизда замонавий демократия талабларига жавоб бера оладиган суд тизими шаклланмоқда.

Суд бугунги кунда аввалгидек ҳукмрон коммунистик тизимнинг қатағон ва жазолаш аппарати эмас, балки у ҳар бир инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли тарзда қўриқлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган чинакам мустақил давлат институтига айланмоқда. Фуқароларнинг судга ишончи мустаҳкамланиб бормоқда.


Ҳурматли депутатлар!

Юртимизда бу соҳада бўлаётган ижобий ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Келинг, шу йўлда босиб ўтган босқичларни бир эслайлик. 1993 йили қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги биринчи Қонундаёқ айбсизлик презумпцияси, ҳимояга бўлган ҳуқуқ, суд жараёнидаги тортишув ва ошкоралик каби умумэътироф этилган тамойиллар белгилаб қўйилган эди. Улар кейин жиноий-процессуал, фуқаролик-процессуал ва бошқа кодекс ҳамда қонунларда ривожлантирилди.

Ислоҳотларнинг мана шу босқичида суд иш юритишининг, том маънодаги мустақил ва фақат қонун олдида жавоб берувчи суд тизимининг қонуний асослари яратилди. "Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида"ги, "Адвокатура тўғрисида"ги, "Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги қонунлар, фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтиришга, суд тизимини демократлаштиришга қаратилган бошқа қонунлар қабул қилинди.

Жаҳон тажрибасини ҳисобга олиб, биринчи марта мамлакатимизда Конституциявий суд таъсис этилди. Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитидаги хўжалик муносабатларида қонунчиликни таъминлашда муҳим роль ўйнаётган хўжалик судлари тизими яратилди.

2000 йилда янги таҳрирдаги "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши суд тизимини ислоҳ қилишда муҳим босқич бўлди. Унда мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида орттирилган тажрибадан хулоса чиқарилди ҳамда судлар фаолиятининг янада демократлашуви ва такомиллашуви учун шароит вужудга келтирилди.

"Судлар тўғрисида"ги янги Қонуннинг моҳияти нимадан иборат?

Биринчи ва энг асосийси - давлат ҳокимиятининг бўлинишига оид конституциявий тамойилдан келиб чиқиб, ҳокимиятнинг тўлақонли мустақил тармоғи бўлган суднинг мустақиллигини таъминлашнинг мустаҳкам механизми яратилди.

Судьялик лавозимларига номзодларни тавсия этиш, уларнинг ваколатларини тўхтатиш ва муддатидан илгари тугатиш ҳақида тақдимномалар киритиш ваколатлари Адлия вазирлиги тасарруфидан чиқарилди. Бу ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тузилган Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси зиммасига юкланди.

Иккинчидан, умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви қонуний мустаҳкамланди, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича алоҳида судларни ташкил этиш механизми жорий қилинди.

Ҳаётнинг ўзи бу қарорнинг тўғрилигини кўрсатиб турибди. Судларнинг ихтисослашуви ишларни кўриб чиқиш сифатини оширмоқда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатини кучайтирмоқда.

Учинчидан, судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш вазифаси махсус ваколатли мустақил орган - Адлия вазирлиги қошидаги Суд департаменти зиммасига юклатилди. Бу департамент судларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда иш юритиши белгилаб қўйилган.

Тўртинчидан, "Судлар тўғрисида"ги аввалги Қонундан фарқли ўлароқ, янги қонун асосида суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг самарали ва демократик ҳуқуқий механизми яратилди.

Мазкур Қонунга мувофиқ:

судьялар захираси судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, муассасалар, ташкилотлар, судьяларнинг жамоатчилик бирлашмалари аъзоларининг таклифи асосида судьяларнинг малака (квалификацион) ҳайъатлари томонидан шакллантирилади;

судьялик лавозимига номзодлар ҳақидаги таклифлар Суд департаментида жамлаб борилади, унинг зиммасига судьялик лавозимига номзодларнинг ҳужжатларини йиғиш ва тайёрлаш, суд кадрлари малакасини ошириш вазифаси юклатилади;

номзодларни муқобиллик асосида кўриб чиқиш ҳамда судьялик лавозимига тайинлаш ҳақида тақдимнома киритиш судьялардан, Олий Мажлис депутатларидан, ҳуқуқшунос олимлардан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда нодавлат ташкилотларининг вакилларидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тузилган Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси томонидан амалга оширилади.

Суд кадрларини танлаш ва тайинлашга доир яратилган тизим суд ҳокимиятининг амалдаги мустақиллигини, судьялик лавозимига тайинлашда холисликни таъминлайди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги асосий ҳужжат ҳисобланган "Судлар тўғрисида"ги янги Қонунга мувофиқ жиноий-процессуал ва фуқаролик-процессуал қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди.

Ишларни кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий қилинди. Бу суд хатоларини ўз вақтида тузатиш, суд иш юритишида сансалорликка йўл қўйилмаслигининг муҳим кафолати бўлди.

Янги қонунга мувофиқ апелляция инстанцияси суди ишни қайта кўриб чиқиш учун судга юбормасдан, ўзи мазмунан кўриб чиқишга ҳақли.

Ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини юқори судлардаги кассация инстанцияларида кўриб чиқиш тартиби ҳам ислоҳ қилинди. Фуқаролар қонуний кучга кирган суд қароридан норози бўлган тақдирда ўз ҳуқуқларини кассация инстанцияси судининг мажлисида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлдилар. Бунда ҳимоя билан айблов ҳуқуқий жиҳатдан тенглаштирилди.

Фуқароларга суд қарорлари устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш йўли билан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усули, танлаш имконияти берилди.

Суд тизими билан бир қаторда жамиятда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминловчи Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ҳам чуқур ислоҳотлар рўй бермоқда.


Азиз дўстлар!

Шубҳасиз, ҳаётимиздаги барча тармоқ ва жараёнларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар қаторида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам жорий қилинаётган ислоҳотлар ўзининг самараси ва натижасини бера бошлади.

Энг муҳими, бу ислоҳотлар ижтимоий ҳаёт ва давлат қурилишининг демократик ўзгаришлар йўлида босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлади.

Лекин, шу билан бирга, шуни таъкидлашимиз зарурки, ижтимоий тара??иёт одимлари, жамиятимизда рўй бераётган, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган демократик жараёнлар суд-ҳуқуқ тизимига жорий қилинаётган ислоҳотларни танқидий баҳолаб, уларни янада чуқурлаштиришни ва қатъиятлик билан олиб боришни талаб этмоқда.

Шуни очиқ-ойдин тан олиш лозимки, бу соҳада эришилган ижобий натижаларга қарамай, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамон совет тизимининг асоратлари сезилмоқда. Аниқроқ айтганда, суд фаолиятига доир қабул қилинган қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар умумэътироф этилган халқаро демократик меъёрларга борган сари мослаштирилаётган бўлса-да, афсуски, судьялар, прокуратура ва тергов органлари ходимлари, бир сўз билан айтганда, қабул қилинган янги қонунларни ҳаётга татбиқ этиши лозим бўлган кишиларнинг дунёқараши ва тафаккури анча қийинчилик билан ўзгаряпти.

Буни очиқ тан олиш керак. Бизнинг бош вазифамиз - ўтмиш асоратларидан имкони борича тезроқ қутилишдир.

Энг аввало, жазолашнинг репрессив, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонийлик каби тамойилларининг кучайишини ва амалда қўлланишини таъминлашимиз зарур.

Маълумки, совет қонунчилигида иқтисодий жиноятларда ҳимоя қилинадиган асосий субъект бўлиб, давлат субъекти ҳисобланган. Шунинг учун ҳам давлатга зарар етказиш ҳолларига ўта оғир жиноят сифатида қаралган ва бунга йўл қўйган шахслар ўта шафқатсизлик билан жазоланар эди. Хусусан, жуда катта миқдорда давлат мулкини ўғирлаган ёки пора олган жиноятчи шўро даврида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ ўлим жазосига ҳукм қилинар эди.

Мисол учун, 1986 йилда СССР Олий суди Ўзбекистоннинг собиқ пахта тозалаш саноати вазири Ваҳобжон Усмоновни ноқонуний тергов усулларини қўллаб олинган сохта гувоҳликлар асосида катта миқдорда пора олганликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилган эди. Суд ҳукми ижро этилиб, орадан 12 йил ўтгач, 1998 йилда В.Усмонов батамом оқланди, жиноий иш эса унинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли ҳаракатдан қолдирилди.

Бугун бизнинг ҳуқуқий доктринамиз мутлақо янгича, демократик тамойилларга асосланган. У, энг аввало, Ўзбекистон Конституцияси талабларига кўра инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлайди. Инсон ҳимоянинг бош субъекти бўлиб, унинг ҳаёти ва соғлиғига суиқасд қилиш оғир жиноят ҳисобланади.

Лекин шуни афсусланиб тан олишимиз керакки, ҳали-бери қонунчилигимизда ҳам, қонунни қўллаш фаолиятимизда ҳам ўтмиш замоннинг иллатларидан ҳамон қутила олмаяпмиз. Суд-тергов тажрибасида баъзан умуман тоқат қилиб бўлмайдиган мантиқсизликларга йўл қўйилмоқда.

Жамият учун унчалик хавфли бўлмаган қонунбузарликни содир этган шахс судларимиз томонидан амалдаги қонунларимизга кўра беш йил ёки ундан ҳам кўп муддатларга озодликдан маҳрум этилади.

Масалан, Фарғона вилояти, Охунбобоев туман суди томонидан 20 ёшли Моргунов болалар боғчаси ошхонасидан 8600 сўмлик идиш-товоқ ўғирлагани учун, гарчи бу нарсаларни эртаси куниёқ қайтариб олиб келган бўлса-да, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида балоғат ёшига етмаган Р.Абдуллаев ўгай онасининг 3300 сўм пулини ўғирлагани учун қамо??а олинган. Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан фуқаро Ш. Исматов харидордан 190 сўм ортиқча пул олгани учун жиноий жавобгарликка тортилган ва ҳукм қилинган.

Тошкент шаҳар, Бектемир тумани тергов органлари томонидан 19 ёшли Ҳожирасулов 25 килограмм гилос ўғирлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган ва қамо??а олинган.

Бундай мисоллар, биринчи навбатда, қонунчилигимизда ва қонунларни жорий этиш амалиётининг айрим қисмларида бугун бизнинг қарашларимизга номаъқул бўлган тажрибалар қўлланилаётганини кўрсатади.

Бундай ҳолларда қонунни бузган одамдан уни такрорламаслик ҳақида тилхат олиш, гаров каби бошқа эҳтиёт чораларини, жарима каби жазоларни қўллаш ўзини оқлашини унутмаслик керак. Афсуски, юқоридаги ҳар бир ҳолатда тергов органлари энг оғир эҳтиёт чораларини қўллаган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу йилнинг июнь ойида менинг топшириғим бўйича тергов ҳибсхоналарида ўтказилган текширув натижасида кўплаб ана шундай фактлар аниқланди. Жамият учун хавфли бўлмаган жиноятларни содир этган, илгари судланмаган ва ҳатто етказилган моддий зарарни тўла қоплаган шахслар қачон суд мажлиси бўлишини кутиб, ойлаб ҳибсда сақланган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида бир ой ичида тергов ҳибсхоналаридан икки минг нафардан зиёд ана шундай шахслар озод қилинди.

Бундай ҳолатларнинг ҳар бири ортида тирик жон, бизнинг ватандошимиз, унинг алам-изтиробларини бирга тортаётган ўғил-қизлари, оиласи, қариндош-уруғлари борлигини, минг афсуски, унутамиз.

Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу фактлар, аввало, шундан гувоҳлик берадики, тергов органлари жиноятларнинг содир этилишига олиб келган ҳақиқий сабаб ва шарт-шароитларни, ҳуқуқбузарнинг шахси ва уни жиноятга ундаган омилларни ҳар доим ҳам пухта ўрганмайди.

Терговни зўравонлик билан олиб бориш, яъни олдин ҳибсга олиб, жамиятдан ажратиб, кейин унинг айбини исботлашга киришишдек ўтган замондан қолган ярамас тажрибага ҳали-ҳануз барҳам берилмаган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим нопок ходимлари учун фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш биринчи навбатдаги вазифа бўлмай, балки қўрқитиш, ўз ваколати ва ҳукмдорлигини кўрсатиб қўйишга интилиш, ўзини гўё жиноятчиликка қарши курашаётгандек қилиб кўрсатиш каби нохуш одат ҳамон яшаб келмоқда.

Шундайлар ҳам борки, улар қонунчилигимиздаги айрим номукаммалликлар, одамларнинг хато ва бахтсизликлари ҳисобига ўзларининг ғаразли, таъмагирлик мақсадларига эришишга уринади. Бундай ходимлар халқ ҳақида, давлатнинг обрўси ва фаровонлиги ҳақида мутлақо ўйламайди.

Энг хавфлиси шундаки, одамлар тақдирига бепарволик, номақбул иш усуллари оқибатида биз оддий, умуман олганда, қонунга итоат этувчи, лекин қонундан бироз чекинган фуқароларни нотўғри жазолаб, улардан ҳокимиятга ҳам, қонунга ҳам ишонмайдиган норози одамлар тоифасини ўз қўлимиз билан яратамиз.

Сир эмас, бунинг оқибатида фуқароларнинг айнан ана шундай қатламидан, айниқса, ёшлардан ашаддий жиноятчиларнинг пайдо бўлишига ўзимиз сабабчи бўламиз.

Сўзсиз, ўз номига доғ тушираётган бундай ходимлардан қатъий воз кечиш керак. Шу билан бирга, айрим қонун нормаларини, биринчи навбатда, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг олдини олишга қаратилган қонун нормаларини қўллаш ҳолатларини танқидий баҳолашимиз лозим.

Ривожланган демократик мамлакатларда қўлланиб келинаётган тамойиллар ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизимини қайта кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Оғир жазо, айниқса, фуқароларни жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлган жазоларнинг жиноятчиликнинг олдини олишдаги аҳамиятини ошириб кўрсатиш ўринсиз эканлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш самарадорлиги жазонинг оғирлиги ва шафқатсизлигига эмас, балки, биринчи навбатда, қонунни бузган шахснинг жазонинг муқаррарлигини нечоғли англашига боғлиқ.

Жазонинг муқаррарлиги жиноятчиликнинг олдини олишда самарали таъсир кўрсатувчи омиллардан ҳисобланади.

Шу билан бирга, миллий анъаналаримиз руҳида тарбияланган кўпгина фуқароларимизга содир этган жинояти учун сўроқ ёки тергов ишлари бошланишининг ўзиёқ тегишли хулоса чиқариб олиш ва қонунни бошқа бузмаслик учун кўп ҳолларда кифоя бўлади, деб ўйлайман.

Бугун жиноят учун жазо тайинлаш борасида юқорида келтирилган ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш вақти етди. Жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигини ўзгартириш бўйича ушбу сессияга тақдим қилинган таклифларни бу соҳадаги дастлабки қадамлар деб қабул қилиш керак.

Табиий бир савол туғилади: уларнинг моҳияти ва аҳамияти нимадан иборат? Уларни қабул қилиш билан нима ўзгаради?

Биринчидан, сизлар яхши биласизлар, амалдаги жиноят қонунчилигимизда барча жиноятлар, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, тўрт гуруҳга бўлинади. Эслатиб ўтаман: булар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятлардир.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар Жиноят кодексидаги жами 460 жиноят таркибидан 86 тасини ёки бошқача айтганда, 18,7 фоизини ташкил этади.

Бугун жиноят қонунчилигини эркинлаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига янада мувофиқлаштириш мақсадида яна 110 турдаги унча оғир бўлмаган жиноятларни ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказиш таклиф этилмоқда. Шундай қилиб, Жиноят кодексидаги жиноятлар таркибининг 42,8 фоизи ижтимоий хавф туғдирмайдиган жиноятлар ҳисобланади.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасининг кўпайиши тергов ва суд органларининг қамо??а олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқий чеклашлардан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Жиноятнинг бундай тоифасини содир этгани учун судланиб, озодликдан маҳрум қилинганлар жазони колония жойларида қўриқчисиз ўтайди, эркин юриш ҳуқуқига, қариндош-уруғлари ва яқинлари билан чекланмаган миқдорда учрашиш ва бошқа бир қатор имтиёзларга эга бўлади.

12 турдаги жиноятни оғир тоифадан унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига, етти турини эса ўта оғир жиноятлар тоифасидан оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ўзгартишлар жазони ўташ режимига таъсир кўрсатади. Жазони енгилроғи билан алмаштириш, жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилиш тартибини қўллаш мумкин бўлган маҳкумлар тақдирини сўзсиз анча енгиллаштиради.

Жиноятларни белгилаш қоидаларининг ўзгартирилиши Жиноят кодексимизнинг умумий йўналишини том маънода ўзгартиришга ва уни ҳуқуқий-демократик давлат тамойилларига мослаштиришга имкон беради.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: тасдиқлаш учун таклиф этилган ўзгаришлар жиноятлар таркибининг 73,1 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ва фақат чорак қисмигина оғир ва ўта оғир жиноятлар тоифасига ўтказилади.

Иккинчидан, жиноят қонунчилигида иқтисодий соҳада жиноят содир этган шахсларга нисбатан иқтисодий таъсир чораларини қўллаш имкониятларини кенгайтириш зарур. Бу - қонунчилигимизда иқтисодий соҳадаги жиноятлар ва унинг учун жавобгарлик тушунчасини замон талабига мос равишда идрок этишга асосланган янгича ёндошувдир.

Бунинг моҳияти нимада? Озодликдан маҳрум қилиш ўрнига жазонинг жарима турини қўллашни кенгайтириш, жарима миқдорини ошириб, энг аввало, етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилган бошқа таъсир чораларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ўрнига гаров, тегишли хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат олиш ва бошқа чоралардан фойдаланиш маъқулдир. Ҳақиқатан ҳам, иқтисодий жиноят содир этганликда айбланувчи ўзининг судга қадар қамалмаслигини аниқ билса, тергов ва суддан яширинишга ҳаракат қилиб ўтирмайди.

Бугунги кунда судлар томонидан тайинланаётган жазо чоралари ичида жарима жазоси атиги 8,3 фоизни ташкил этади, уни қўллаш даражаси эса пасайиб бормоқда.

Айни пайтда, жиноят содир этган ҳар икки шахсдан бирига озодликдан маҳрум қилиш чораси қўлланилмоқда. Жазо чораларига доир таклиф этилаётган ўзгаришлар жиноятлар таркибининг 87 тасига тааллуқли бўлиб, жиноят қонунининг жазолаш таъсирини камайтиради.

Шу билан бирга, жавобгарлик доирасини янада аниқроқ белгилаш ва унга алоҳида ёндашув ҳисобига жазонинг тарбиявий аҳамиятини ва унинг самарасини ошириш имконини ҳам беради.

Жиноят кодексининг бешта моддасига, агар жиноят содир этган шахс етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаган тақдирда, судлар томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини қўлламаслик ҳақидаги нормалар киритиш таклиф этилмоқда.

Ўйлайманки, жазо белгилашнинг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш жиноят қонунчилигимизни такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.

Учинчидан, бутун жаҳонда муҳокама этилаётган муҳим масалалардан бири - ўлим жазосининг жиноий жазо чораси сифатида қолаётганлиги билан боғлиқ муаммодир.

Айрим мамлакатларда ўлим жазоси тақиқланган, баъзиларида эса унга нисбатан мораторий эълон қилинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1977 йил 8 декабрда қабул қилинган резолюциясида жаҳон ҳамжамиятининг ушбу муаммога муносабати аниқ-равшан баён қилинган: "Ўлим жазоси масаласида кўзда тутиладиган асосий мақсад, - дейилади ушбу ҳужжатда, - бундай жазони бекор қилиш эҳтиёжидан келиб чи??ан ҳолда, ўлим жазоси қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар миқдорини янада камайтириб боришдан иборат бўлмоғи лозим".

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда ўлим жазосини қўллашга доир жиноят қонунчилиги сиёсати бутун жаҳонда кечаётган жараёнларга тўла мос бўлиб, Ўзбекистон Конституцияси моҳиятидан келиб чиқадиган инсонпарварлик тамойилини ўзида тўла акс эттиради.

Бинобарин, инсонга, унинг Парвардигор ато этган ҳаётига ҳамиша буюк неъмат сифатида муносабатда бўлиб келган халқимизнинг маънавий қадриятлари ҳам шуни тақозо этади.

Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, 1994 йили Жиноят кодекси қабул қилинганида 13 та моддада жазо чораси сифатида ўлим жазоси кўзда тутилган эди. 1998 йили бу жазо тури Жиноят кодексининг бешта моддасидан олиб ташланди.

Яъни, бугунги кунда ўлимга ҳукм қилиш мумкин бўлган моддалардан фақатгина саккизтаси қолдирилган. Бугун улардан яна тўртта моддасини қисқартириш таклифи киритилмоқда.

Таклиф этилаётган муайян ўзгаришлар қабул қилинган ҳолда, фақат тўрт турдаги жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланиши мумкин бўлади. Агрессия, геноцид, террорчилик шулар жумласидан ҳисобланиб, халқаро нормаларга мувофиқ, улар энг оғир жиноят сифатида қаралади ва ўта қаттиқ жазо тайинлашни тақозо этади.

Яна битта сақланаётган модда - қасддан одам ўлдириш ўта оғир жиноятлар қаторига киради ва оғирлаштирувчи ҳолатларда бундай жиноятни содир этадиганларга ўлим жазоси қўлланилиши мумкин.

Бир ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак: инсон ҳаёти Худо томонидан ато этилган улуғ неъмат экан, демак, оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одамни ҳаётдан маҳрум этиш ўлим жазосига лойиқдир.

Тўртинчидан, қонунчилигимиздаги жиноий жазо тури сифатида мол-мулкни мусодара қилиш жазосини қўллаш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

Сизларга яхши маълумки, бошқа турдаги жиноий жазоларга қўшимча сифатида қўлланадиган ушбу жазо туридан шўролар даврида кенг фойдаланилган эди. Бундан кўзланган мақсад битта: яъни, одамни бутунлай синдириш, руҳан эзиш, уйидан, рўзғоридан айириш ва яна энг номақбули, оиласи, фарзандларини асосий тирикчилик манбаидан маҳрум этиш эди.

Халқимиз марказдан келган "десант"чи терговчилар "пахта иши", "ўзбеклар иши" каби сохта айбловлар асосида минглаб мутлақо бегуноҳ кишиларни қамо??а ташлаган оғир кунларни бошдан ўтказди. Ана шу кезларда одамларнинг мол-мулкини рўйхатга олиш каби та??ирловчи, ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар кўплаб содир этилди. Судланувчиларнинг хотинлари, бола-чақалари бамисоли кўчага ҳайдалиб, турли хўрлаш ва камситишларга дучор этилди.

Бундай ишларни амалга оширган "десант"чиларнинг ўзлари эса катта минбарларга чиқиб, демократия ва ошкоралик, қайта қуриш ва инсон ҳуқуқлари ҳақида бор овоз билан дунёга жар солди. Аслида, ҳибсга олинган ва маҳкум этилганларнинг болалари ва қариндошлари моддий ва маънавий нуқтаи назардан ноҳақ бадном бўлиб, ана шу тазйиқлар тамғасини бир умр кўтариб юришга мажбур бўлдилар.

Мана, бугун замон ўзгарди. Ҳаёт ҳамма нарсани жой-жойига қўйди. Аммо ўша даврдаги эскича қарашлар асорати муайян масалаларга ёндашувда, шу жумладан, қонунчилигимизда, ҳуқуқий нормаларни қўллаш амалиётида баъзан кўзга ташланиб қолмоқда.

Табиийки, жиноий йўл билан орттирилган мол-мулк ва бойликларни мусодара қилиш ва етказилган зарарни мол-мулк ҳисобидан ундиришга доир қонун нормалари ўз кучида қолади. Аммо қонунни бузган оила бошлиғининг қилмиши учун унинг хотини, бола-чақаси азият чекмаслиги ва жавоб бермаслиги керак.

Инсон ҳуқуқининг моҳияти ҳам, авваламбор, мана шундадир. Биз синфий кураш ғояларига, давлат манфаатларининг мутлақ устунлигига асосланган ва ҳали-бери онгимиздан батамом йўқ бўлиб кетмаган коммунистча ёндашувлардан воз кечишимиз керак.

Яъни, агар бирор бир оила бошлиғи қонунни бузишда айбланадиган бўлса, унинг бутун оиласи ва яқинлари ҳам жиноят тамғаси ва шармисорлик азобини кўтариб юришига қаршимиз. Биз отанинг номуносиб хулқи учун оила аъзолари, энг аввало, ҳаётга ёруғ ният ва катта умидлар билан эндигина қадам қўяётган ёшларнинг жамиятдан узилиб қолишига асло йўл қўймаслигимиз керак. Бу - бизнинг бош мақсадимиздир.

Бешинчидан, биз вояга етмаганлар, аёллар ва кексаларга нисбатан қўлланадиган жазо тизимини қайта кўриб чиқмоғимиз зарур. Бизнинг жиноят қонунчилигимиз инсонпарварлик қоидаларига асосланган ҳолда, жиноят содир қилган аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда бир қатор енгилликларни назарда тутади.

Ишончим комилки, бу борадаги эркинлаштириш жараёнини изчил давом эттиришимиз зарур.

Шуни тан олиб айтиш керакки, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик - бу аввало биз, катталарнинг уларни тарбиялашда йўл қўйган жиддий хатоларимиз оқибатидир. Бинобарин, шунинг учун ҳам, руҳий ва маънавий жиҳатдан шахс сифатида шаклланмай қолиб, жиноят содир этган ёшларимизни жамиятга қайтариш - аввало, биз, ота-оналар ва давлатнинг зиммасига тушади.

Бугунги кунда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятлар миқдорининг 4 фоизини, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар эса қарийб 11 фоизни ташкил этади. Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётганлар умумий миқдорининг бир фоизи вояга етмаганлар, 2,3 фоизи эса аёллардир.

Шуни барчамиз англаб олишимиз муҳимки, колониялардаги ишлар нечоғли яхши ташкил этилмасин, барибир, бу ер ёшларни тарбиялайдиган жой эмас.

Кўп ҳолларда арзимас қилмиши эвазига қаттиқ жазо олган навқирон йигит айнан шу ерда жиноят оламига киради, ашаддий жиноятчиларга қўшилиб, уларнинг турмуш тарзига хос кўникмаларни эгаллай бошлайди.

Бугун Жиноят кодексига киритиш учун тавсия қилинаётган ўзгартиришлар олтмиш ёшдан ошган эркакларга ва аёлларга нисбатан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги юқори жазо муддатларини ҳам камайтиришга қаратилган. Бу тоифадаги кишиларга бирор бир жиноят учун бериладиган жазо қонунда назарда тутилган энг юқори муддатнинг тўртдан уч қисмидан ошмайди.

Яна бир муҳим ўзгаришга эътибор беришингизни истардим. Вояга етмаганлар томонидан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этилса, уларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосини қўлламаслик таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, сессия муҳокамасига киритилган таклифларда ёши олтмишдан юқори бўлган эркакларга ўлим жазосини қўллаш амалиётини тақиқлаш масаласига алоҳида эътибор берилган.

Нега деганда, фарзандлари, неваралари бор, соч-соқоли оппоқ қарияни ҳаётдан маҳрум этиш бизнинг миллий анъаналаримизга мутлақо тўғри келмайди. Кексаларни эъзозлаш, уларга мурувват кўрсатиш ва ғамхўрлик қилиш халқимизнинг ўзига хос бетакрор ва бебаҳо инсоний фазилатларидан ҳисобланади.

Ёши бир жойга борганида жиноятга қўл урганлар, майли, яхшиси, Оллоҳни ёдга олиб, унга илтижо қилсин, яқин орада Яратганнинг ҳузурида ўз қилмишларига яраша ҳисоб бериши муқаррарлиги ҳақида ўйласин. Майли, хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри ишлари учун улар вақти-соати келиб, невара-чеваралари, келгуси авлодлари олдида жавоб бериши лозимлиги ҳақида ўйласин.

Олтинчидан, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини эркинлаштириш ва демократлаштиришда ишларни кўриб чиқиш тартибини соддалаштириш, жиноий ишларни тергов қилиш ва судда кўриш муддатларини қисқартириш долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб турибди.

Чунки, тергов ҳамда суд амалиётининг таҳлили шуни кўрсатадики, бу соҳада ҳозир ҳам хато-камчиликлар талайгина.

Баъзан бирон-бир иш ойлаб, йиллаб тергов идоралари томонидан текширилади, сўнгра судда кўрилиши учун яна навбат кутиб ётади.

Амалдаги қонунларга кўра, жиноят ишларини дастлабки тергов қилиш икки йилгача, айбланувчини қамоқда ушлаб туриш муддати эса бир ярим йилгача узайтирилиши мумкин. Ҳолбуки, бу муддатнинг ҳар бир куни ҳукм чиқарилишини кутаётган одам учун, айниқса, у қамоқхонада ўтирган бўлса, жазонинг ўзидан ҳам оғирроқдир.

Шу муносабат билан Жиноят кодексига тергов қилиш ва ҳибсда сақлаш муддатларини тў??из ойга қадар камайтириш бўйича ўзгартиш киритиш катта аҳамият касб этади.

Яна бир янгилик. "Жабрланувчи билан ярашув" тўғрисидаги алоҳида тоифадаги иш юритиш тартибининг жорий этилиши жиноят процесси қонунчилигини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлади.

Хўш, бу ерда гап нима ҳақда бормоқда?

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс, агар муқаддам судланмаган бўлса, ўз айбини бўйнига олса, жиноят оқибатида келтирган зарарни тўласа, жабрланувчи билан ярашса, суд ишни ҳаракатдан тўхтатади.

Бу ҳолатда жиноят содир этган шахс судланган деб ҳисобланмайди. Муҳими, дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриш учун сарфланадиган муддатлар қисқаради. У узоғи билан уч ҳафтагача чўзилиши мумкин.


Ҳурматли депутатлар!

Бугун кўриб чиқилаётган Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар жиноий ишларга тааллуқли қонунларни эркинлаштириш ва демократлаштириш сари ташланган муҳим ва масъулиятли қадамдир.

Айни чоғда, шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, биз бу ишни амалга оширадиган идоралар фаолиятини тубдан ўзгартирмас эканмиз, бу қонун нормалари тўла-тўкис ишламайди ва ижобий самара бермайди.

Шунинг учун ҳам ушбу сессияда "Прокуратура тўғрисида"ги қонун лойиҳасини талабчанлик ва синчковлик билан, принципиал нуқтаи назардан кўриб чиқиш ғоят муҳим. Лойиҳа учинчи ўқишда муҳокама этилмоқда.

Бу бир жиҳатдан табиийдир. Негаки, прокуратура қонунни, унинг талабларини қатъий ҳимоя қилувчи идора ҳисобланади. У ҳуқуқий ислоҳотларни ўтказишда, ҳуқуқий давлат, демократик жамият қуриш ишида ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис "Прокуратура тўғрисида"ги қонунни мукаммал ишлаб чиқиш ўта муҳим аҳамиятга молик вазифадир.

Ўз навбатида бунинг бошқа сабаблари ҳам бор. Эсингизда бўлса, олдинги сессия муҳокамасига киритилган ушбу қонун лойиҳаси бугунги ҳаёт тақозо этаётган ўзига хос принципиал ўзгаришларни тўла қамраб олмаган эди. Унда моҳиятан прокуратура фаолиятининг маъно-мазмуни ҳар томонлама ва чуқур акс эттирилмаган эди.

Жиддий равишда қайта ишланган, бугун қайта кўрилаётган қонун лойиҳасида муҳим ўзгаришлар ва замон талабларига жавоб берадиган янгиликлар киритилган.

Аввало, бу янгиликлар нимага қаратилган?

Биринчидан, шуни афсус билан тан олишимиз керакки, прокуратуранинг қонунлар бажарилишини назорат қилиш бўлинмаларининг иши ўзининг ижобий ва яратувчанлик ролини йўқотиб, кўпинча жазолаш хусусиятларини касб этмоқда.

Прокурорларнинг фаолиятида қонунларни ўзбошимчалик билан талқин этиш ҳоллари ҳам учраётгани, айниқса, ташвиш ва хавотир уйғотади.

Яна бир ўз ечимини кутаётган муаммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг барчасига тааллуқлидир. У ҳам бўлса, ушбу касбни танлаган айрим ходимларнинг махсус хизмат либосини кийиши билан бирданига юриш-туриши, хулқ-атвори ўзгариб қолади. Уларнинг онгида "Биз - давлатнинг ўта ишончли одамларимиз, қолганлар эса биз назорат қилиб туришимиз лозим бўлган омма, холос" деган кайфият пайдо бўлади.

Бу, ахир, ўтмишга, шўролар даврига хос бўлган ахлоқий тубанлик асорати эмасми? Оддий одамларда ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан гоҳида ишончсизлик туғилишининг сабаби ҳам шунда эмасми?

Аксарият ҳолларда жамоатчилик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўртасида девор пайдо бўлиши ҳам ана шундай манманлик, ўзгаларни менсимаслик туфайли келиб чиқади.

Давлат муассасалари, биринчи навбатда, прокуратура ходимлари бир ҳақиқатни қулоғига қуйиб олсинки, улар ҳам мана шу халқнинг бир қисми, ҳеч кимдан, оддий одамлардан ортиқ жойи йўқ. Уларни шу халқ, шу жамият тарбиялаб вояга етказган. Бас, шундай экан, прокуратура ходимлари уларни назорат қилиши эмас, балки уларга хизмат қилиши керак.

Яна ва яна такрорлаб айтмоқчиман: прокуратура халқнинг устидан назорат қилмаслиги, аксинча унга хизмат қилмоғи даркор. Прокуратура ваколатининг доирасини, унинг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини айнан ана шу нуқтаи назардан келиб чи??ан ҳолда белгилаш зарур.

Жамиятни демократлаштиришнинг ҳозирги босқичида, яъни мамлакатда бозор муносабатларини тартибга солишнинг муҳим ҳуқуқий асослари, фуқароларни ва хўжалик субъектларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш институти барпо этилаётган бир пайтда прокурорлик назорати тизимига ҳам ўзгаришлар киритиш вақти келди.

Боз устига, прокуратура органларининг хўжалик фаолиятига ўринсиз аралашуви иқтисодий ислоҳотлар йўлида ғов-тўси??а айланмоқда.

Қисқача қилиб айтганда, замон талабларига қараб, "Прокуратура тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасига прокурорлар ваколатини чеклайдиган бир қанча ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, қонун билан белгиланган прокурорлик назорати объектлари қаторидан фуқаролар чиқарилмоқда.

Демократик жамиятда алоҳида фуқаролар эмас, балки уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари қандай ҳимоя қилинаётгани прокурорлик назоратининг объекти ҳисобланади.

Прокуратура идоралари фуқароларнинг ҳуқуқлари камситилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида бошқарув ва контроль органларининг ҳуқуқий ҳужжатлари қонунийлигини назорат қилиб бориши зарур. Бу - прокурорларнинг асосий вазифаси ва бурчидир.

Амалдаги процессуал қонунчиликка мувофиқ ҳолга келтирилган янги таҳрирдаги қонунга кўра, прокурорлар суд қарорлари ижросини тўхтатиш ҳуқуқига эга эмас.

Бундай қоида бошқа янги ўзгартишлар қаторида судларнинг мустақиллигини таъминлаб, суд ва прокуратура ваколатлари ўртасидаги тегишли мувозанатни ўрнатишга ёрдам беради.

"Прокуратура тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳририда прокурорларнинг ижро этиш учун мажбурий бўлган "предписание", яъни амрнома киритиш ваколати ҳам олиб ташланди.

Чунки, тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бу ваколат прокуратура идораларига контроль органлари вазифасини амалга ошириш ва хўжалик субъектларининг фаолиятига аралашиш учун замин яратиб келмоқда.

Қолаверса, қонуннинг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича прокурорларда бошқа таъсир чоралари ҳам етарли.

Прокурорлар ваколатига тааллуқли бир қанча ўзгартишларни Жиноят-процессуал кодексига ҳам киритиш таклиф этилмоқда. Тергов қилиш муддатларини қисқартириш, жиноий ишларни тергов қилишда сифат ва тезкорликни ошириш мақсадида шаҳар ва туман прокурорларини тергов ва айбдорларни қамоқда сақлаш муддатларини узайтириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда.

Кўрсатилган ва белгиланган муддатларни узайтириш ҳуқуқлари вилоят прокурорлари, мамлакатимизнинг бош прокурори ва унинг муовинларига берилган. Умумий узайтириш муддати, яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман, 9 ойдан ошмаслиги керак.

Иккинчидан, "Прокуратура тўғрисида"ги Қонунда прокуратура фаолияти устидан самарали, биринчи галда, жамоатчилик томонидан назорат ўрнатишни таъминловчи механизмлар мустаҳкам белгилаб қўйилиши лозим.

Мамлакатимиз Конституциясида прокуратура ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисоб бериши белгилаб қўйилган. Аммо бу нормани амалга оширишни таъминловчи ҳуқуқий механизмлар ҳанузгача яратилмаган эди. Бу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқ кўп ҳолларда прокуратура ходимлари ўртасида ўзбилармонлик ва шунга ўхшаган номаъқулчиликларга сабаб бўлди.

Қонунчиликка амал қилиниши устидан назорат ўрнатиши керак бўлган тизимнинг ўзида турли суиистеъмоллик ҳолатлари, порахўрлик каби иллатларнинг мавжудлиги мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолдир.

Сўнгги бир ярим йил ичида 500 га яқин ходим интизомий жавобгарликка тортилган, прокуратура идоралари обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлари учун 44 киши эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шулардан 9 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

"Прокуратура тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасига прокуратура фаолияти устидан назоратни кескин кучайтирувчи қоидалар киритилди.

Қонун лойиҳасига Конституциявий суд томонидан Бош прокурор қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва амалдаги қонунчиликка мослиги устидан суд назоратини ўрнатиш механизми ҳақидаги қоиданинг киритилиши жуда тўғри бўлган, деб ўйлайман.

Қонун лойиҳасига вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари қонунчиликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг аҳволи тўғрисида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига мунтазам равишда ахборот бериб туриши шарт эканлиги ҳақидаги қоида ҳам киритилди.

Ушбу ҳужжатда прокурорлар ишини қонунчилик асосида баҳолашнинг аниқ мезонларини белгилаб берадиган нормалар ҳам илк бор кўзда тутилмоқда. Улар прокурорларни лавозимларга тайинлашда ҳисобга олинади.

Прокурорлар фаолиятига улар томонидан қўзғатилган жиноий ишлар ёки жавобгарликка тортилган фуқаролар сонига қараб эмас, балки тегишли ҳудудда қонунчиликка амал қилинишининг ҳолатига қараб баҳо берилади.

Муҳтарам депутатлар!

Ижозатингиз билан юридик кадрлар ва биринчи навбатда, прокуратура органлари учун мутахассислар тайёрлашнинг амалдаги тизими, унинг камчиликлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Бугун ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш бир қатор ўқув муассасаларида - Тошкент давлат юридик институтида, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғона давлат университетларининг юридик факультетларида, бошқа ўқув даргоҳларида амалга оширилмоқда.

Холисона тан олиш керакки, сўнгги йилларда ўқув жараёнини, ўқитиш услуби ва шаклларини такомиллаштириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, кадрлар сифатига жиддий эътироз билдириш учун бизда ҳамма асослар бор. Хусусан, малакали ҳуқуқшуносларни тарбиялаш иши ҳамон эскича олиб борилмоқда, ўқитиш дастурларининг сифати, айниқса, ҳуқуқнинг янги устувор йўналишлари бўйича, замонавий талабларга жавоб бермайди.

Уларда эскича ёндашув ва тамойиллар ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. Ўқитувчиларнинг ўзини қайта тайёрлаш ва касб маҳоратини ошириш тизими ҳамон паст савияда қолмоқда. Улар ўз маҳоратларини ошириш устида деярли ишламайди.

Андижон ва Наманган давлат университетларида бор-йўғи учтадан фан номзодлари ишлайди, фан доктори илмий даражасига эга бўлган бирорта ҳам ўқитувчи йўқ. Шунга қарамай, бу ўқув юртлари ўз битирувчиларига ҳуқуқшунос деган университет дипломларини бермоқда.

Ихтисослашган юридик адабиётларни, дарслик ва услубий қўлланмаларни нашр этиш иши ҳам мутлақо талаб даражасида эмас.

Лўнда қилиб айтганда, таълим жараёни ҳамда юридик амалиётни илмий жиҳатдан таъминлаши лозим бўлган ҳуқуқшунослик фани замон талабларидан орқада қолган.

Биз бугунги кунда ҳуқуқшунослик институтидан, унинг профессор-ўқитувчиларидан суд-ҳуқуқий ҳамда юридик тизимни такомиллаштиришга доир бирорта йирик ташаббус чи??анини эслай олмаймиз.

Мамлакатимизда ҳуқуқшунослик соҳасидаги муҳим муаммоларга оид фундаментал тадқиқотларни ташкил этадиган ҳамда мувофиқлаштирадиган республика Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институти бу соҳадаги янгиликлардан ортда қолиб, амалда бу борадаги фаолиятини деярли тўхтатган. Янгича ҳуқуқшунослик мактаби бизда, афсус билан таъкидлаш керакки, ҳанузгача шаклланган эмас.

Айни вақтда биз юридик кадрлар тайёрлайдиган ўқув ва илмий марказлардан, авваламбор, Адлия вазирлигидан улар ўзларига қўяётган талабларни қайта кўриб чиқишни кутишга ҳақлимиз.

Тошкент давлат юридик институти фақат таълим йўналишидаги ўқув юрти бўлиб қолмай, жиддий илмий база асосида ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилиш билан боғлиқ дастурлар, қарорлар лойиҳалари тайёрланадиган илмий ва ташкилий марказга айланиши лозим.

Умид қиламизки, ҳуқуқшунослик институти, мамлакатимизнинг бошқа йирик ўқув ва илмий марказлари бор салоҳиятини миллий ҳуқуқшунослик мактабини яратишга қаратади.

Бу даргоҳда ҳуқуқшунослик фани илмий ва амалиётининг долзарб муаммоларига доир очиқ ва кенг баҳс-мунозаралар олиб борилади, ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, қонунлар тайёрлашнинг истиқболли дастурлари тайёрланади.


Ҳурматли депутатлар!

"Прокуратура тўғрисида"ги Қонун муҳокама этилиши муносабати билан яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман.

Қонунни ҳимоя қилиш, суд, прокуратура органларининг асосий вазифаси, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг ўз ҳуқуқларини, қонунларни яхши билишларига эришиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб боришдан иборатдир.

Биз мана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етсак, ўшанда жамиятимизда жиноятчилар сони ҳам, эҳтимол бу соҳада ишловчи ходимларнинг сони ҳам кескин камаяди.

Аммо бугунги кунда, айтиш мумкинки, тушуниб бўлмайдиган, қандайдир мавҳум вазият юзага келмоқда.

Биз ҳали ҳам болаларнинг ҳуқуқий тарбиясига етарлича эътибор бермаяпмиз. Мактаблардаги ўқув дастурларида қонунларни, ҳуқуқий тизимимизнинг асосларини ўрганишга амалда эътибор берилмаяпти.

Таажжубланиб айтмоқчиманки, бу масалалар билан оилалар ҳам, жамоатчилик ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ҳам самарали тарзда шуғулланмаяпти. Биз инсон улғайиб, фаол турмушга киришиб, жиноят қилганда ёки қонунни буза бошлагандагина у содир этган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан "муваффақиятли" кураша бошлаймиз.

Келинг, азиз дўстлар, бир ўйлаб кўрайлик. Вақт ўтгач, бундай салбий ҳолатларга қарши курашгандан кўра, аввал-бошдан бундай қонун бузилишларининг олдини олган яхши эмасми?

Ҳуқуқбузарлик қилган инсон ҳали ёш, дунёқараши ва ҳуқуқий онги эндигина шаклланаётган, қонунларга итоат қилувчи киши қилиб тарбиялаш мумкин бўлган пайтда аниқ мақсадни кўзлаб, унинг тарбияси билан шуғулланган яхши эмасмиди?

Бу масаланинг ҳал этилиши прокуратура идоралари, бутун ҳуқуқий тизимимиз ва умуман, жамиятимиз учун асосий фаолият йўналиши бўлмоғи керак.


Азиз юртдошлар!

Шахс эркинлиги ва ҳуқуқларини, бутун жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунларнинг қабул қилиниши, бир томондан, фуқароларнинг бу қонунларни ҳурмат этиши ва уларга амал қилиши шарти бўлса, бошқа томондан, бугун ўз мустақиллигининг ўн йиллигини нишонлаш арафасида турган мамлакатимизнинг изчил демократик тара??иёти гаровидир.

Сўзимнинг ниҳоясида, ҳурматли депутатлар, сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни энг азиз, энг улуғ байрамимиз - Мустақиллигимизнинг 10 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Сизларга, барча Ўзбекистон фуқароларига тинчлик-омонлик, бахт-саодат, фаровонлик тилайман.