Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.02.2016 й. ПҚ-2497-сон "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.02.2016 й.

N ПҚ-2497



ҲУДУДИЙ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ

ТУЗИЛМАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Ҳудудий давлат бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тузилмасини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш, ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш, ҳудудларнинг табиий-хомашё, ер-сув, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш ва шунинг асосида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириб бориш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларни комплекс ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий давлат бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 22 февралдаги ПҚ-2495-сонли қарорига мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бошқарув аппарати тузилмасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг бошқарув аппарати тузилмасида эса ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари ташкил этилди.


2. Қуйидагилар:

вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг янгиланган намунавий тузилмалари 1, 1а, 2, 2а - 2г-иловаларга* мувофиқ;

маҳаллий ижроия ҳокимият давлат органлари бошқарув ходимларининг чекланган сони 3, 3а - 3г-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасини ушбу қарорга мувофиқ белгиланган тартибда танқидий кўриб чиқиб, янги тузилмаси ва бошқарув ходимларининг штат бирлигини тасдиқлаш тавсия этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг бошқарув аппаратлари тўғрисидаги Намунавий низомларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўн кун муддатда вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппарати ходимларининг штатлар жадвалларини ушбу қарорга мувофиқ қайта кўриб чиқсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 2004 йил 5 январдаги 2-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритсин, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиришни таъминласин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 29 февраль, 8-сон, 76-модда