Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.09.1996 й. 336-сон "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ўқув муассасалари тингловчилари ҳамда курсантларига тиббий хизмат кўрсатишни тартибга солиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.09.1996 й.

N 336



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ, ФАВҚУЛОДДА

ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ, МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ВА

ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИНИНГ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРИГА,   ЎҚУВ   МУАССАСАЛАРИ

ТИНГЛОВЧИЛАРИ ҲАМДА КУРСАНТЛАРИГА

ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ўқув муассасалари тингловчилари ҳамда курсантларига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-даволаш муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини, катта офицерларининг оила аъзоларини (эри, хотини, ўн саккиз ёшга тўлмасидан олдин ногирон бўлиб қолган ўн саккиз ёшдан ошган фарзандлари, таълим муассасаларида таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган йигирма уч ёшгача бўлган фарзандларини), ўқув муассасалари тингловчилари ҳамда курсантларини белгиланган тартибда тузиладиган шартномаларга асосан стационар даволаш вазифаси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-даволаш муассасалари томонидан тиббий хизматлар кўрсатишда Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия овқатланиш, коммунал хизматлар, ҳаммом-кирхона хизмати, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қилинган ҳаражатларни Мудофаа вазирлигига қоплаб беради, ушбу маблағлар кейинчалик Мудофаа вазирлигининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга йўналтирилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 1996 йил 1 январдаги ҳолатига кўра штатдаги 127 нафар ходимлари билан ички қўшинларнинг гарнизон госпиталини (Навоий ш.) белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги балансига берсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар Вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматини 1996 йилда маблағ билан таъминлаш режаларига тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат хавфсизлик хизмати сметасида ҳарбий хизматчиларини даволаш учун маблағларни ҳар йили назарда тутсин.


Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                              И. Каримов