Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.07.2017 й. 541-сон "Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.07.2017 й.

N 541



ИЧКИ ИСТЕЪМОЛ БОЗОРИДА

НАРХ-НАВОНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШГА

КЎМАКЛАШИШ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДАГИ ВАҚТИНЧАЛИК

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3082-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги Вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини мақсадли молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан фақат Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) қарорлари бўйича амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган ҳудудий комиссиялар раҳбарлари:

бир ҳафта муддатда - ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларини жойларга ўз вақтида етказиб бериш ва сотишнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш бўйича иш режаларини тасдиқласинлар;

ўн кун муддатда - уларга кўрсатиб ўтилган озиқ-овқат товарларини чакана сотиш юкланадиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларини сақлаш ва уларнинг савдосини ташкил этиш учун омборхоналар рўйхатларини тасдиқласинлар ва уларни Республика комиссиясига тақдим этсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, шу жумладан гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи учун нархлар конъюнктураси доимий мониторингини, Республика комиссияси томонидан белгиланган ҳажмларда Жамғарма маблағлари ҳисобига ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларини тайёрловчи ташкилотлар томонидан харид қилишни рақобат асосида ташкил этиш учун юритсинлар.

Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари ҳисобига ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларини импорт контрактлари бўйича етказиб бериш учун тавсияларни Республика комиссиясига тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан таъминланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси Жамғарманинг ажратилган маблағларидан қатъиян мақсадли фойдаланилиши юзасидан назоратни белгиланган тартибда таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Жамғарма маблағлари ҳисобига харид қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг ҳаракати, шунингдек савдо тармоқларида улар нархларининг сунъий равишда ошишига йўл қўймаслик юзасидан таъсирчан назоратни белгиланган тартибда таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, З.Т. Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А. Хўжаев ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р. Парпиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 740-модда