Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси

учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини

такомиллаштириш чора-тадбирлари

тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва саноат тармоқларида чуқур таркибий ўзгартиришлар, уни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, кимё ва бошқа тармоқларда замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллий хом ашё асосида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқариш тармоқларининг узоқ муддатли ва барқарор ривожланиши, янги ишлаб чиқариш воситаларини амалга татбиқ қилиш, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдаги самарадорлигини таъминлаш ва юқори оширилган қийматдаги маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича қўйилган вазифалар илғор халқаро тажрибалар асосида юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун олий маълумотли юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда олий техник таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

Қарор асосида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали ташкил этилиб, у Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг таркибий тузилмаси ҳисобланади ва кундузги, махсус сиртқи ҳамда кечки таълим шаклида кадрлар тайёрлашни амалга оширади.

Қарорда 2017/2018 ўқув йили учун Филиалнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул квоталари белгиланган бўлиб, кундузги бўлимга қабул Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ факультетига 2017/2018 ўқув йили учун белгиланган квота ҳисобидан амалга оширилади, махсус сиртқи ва кечки бўлимларга эса 150 (шу жумладан, махсус сиртқига - 75, кечкига - 75) та квота ажратилган.

2017/2018 ўқув йилида Филиалнинг махсус сиртқи ва кечки бўлимларига мақсадли қабул фақат ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йиллик амалий иш стажига эга бўлган, "Олмалиқ КМК" АЖ, "Навоий КМК" ДК, "Ўзбекистон металлургия комбинати" АЖ, "Ўзбеккўмир" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг йўлланмаси берилган шахслар қаторидан суҳбат асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Махсус сиртқи ва кечки бўлимларга ўқишга қабул қилинганда ўқишни якунлагандан сўнг кўрсатилган жойда мажбурий равишда беш йилдан кам бўлмаган муддат ишлаб бериш шарти билан тегишли ташкилот, Филиал ва талаба ўртасида уч томонлама шартнома тузилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Филиалга ўқитувчилик ва илмий иш учун таклиф этиладиган чет эллик профессор-ўқитувчиларнинг яшаши ва транспорт харажатлари учун тўловни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича миллий валютада тўлаш ҳуқуқи берилган.

Филиалга Олмалиқ шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган Навоий давлат кончилик институти қошидаги Олмалиқ академик лицейининг бинолари ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул фойдаланишга берилади.

Қарор асосида "Олмалиқ КМК" АЖга бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда Филиалнинг моддий-техника ва лаборатория базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнига чет эллик олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этишда кўмаклашиш тавсия этилган.

Шунингдек, ушбу қарор билан Россиянинг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси "Миллий технологик тадқиқотлар университети "МИСиС"нинг Олмалиқ филиалини ташкил этиш бўйича Ташкилий қўмита аъзолари тасдиқланган.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Тошкент вилоятининг саноат ишлаб чиқариш тармоқ корхоналари учун малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлашни таъминлаш имконини беради.



"Халқ сўзи" 2017 йил 29 июль