Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика

институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини кенг жорий этиш, олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими самарадорлигини таъминлаш борасида қатор ишлар қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишда муҳим қадам бўлди.

Шу билан бирга, олий маълумотли мутахассисларни ҳудудлар ва соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш истиқболларини инобатга олган ҳолда тайёрлаш тақозо этилмоқда.

Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ таълими тизимида 1348 та таълим муассасаси, жумладан, 406 та мактабгача таълим муассасаси, 871 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та Меҳрибонлик уйи, 31 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 19 та "Баркамол авлод" маркази, 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Қабул қилинган давлат дастурлари доирасида мазкур таълим муассасаларининг самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса, аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлашни яхшилаш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг асосий вазифалари, тузилмаси ва фаолиятини ташкил этиш, моддий-техника базасини шакллантириш ҳамда илмий-педагогик кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Шунингдек, қарорда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига 2017/2018 ўқув йили учун 750 та қабул квоталари ажратилиб, Институтга талабалар контингентини Тошкент вилоятида доимий яшаётган, Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан, Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантириш белгиланган. Бунда талабаларни ўқитишнинг амалдаги базавий (оширилмаган) тўлов-контракт миқдори асосида тасдиқланган квота доирасида қабул қилиш амалга оширилади.

Мазкур қарор билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари ва олий таълим муассасаси ҳамда вилоят педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг таълим мазмунини такомиллаштириш бўйича фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгашни ташкил қилиш ва унинг асосий вазифалари белгиланмоқда.

Институт учун 2018 йилда таянч олий таълим муассасаларида докторантурага мақсадли квоталар ажратиш, уставини ва штат жадвалларини тасдиқлаш, юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва фанларни ўқув адабиётлари ва илмий-методик қўлланмалар билан ҳамда ўқув хоналарини замонавий лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш, шунингдек, объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш юзасидан вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилмоқда.

Шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларга Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўриш топширилган.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Тошкент вилояти туманлари ва қишлоқларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлашни жойларда ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг олий таълим билан қамрови даражасини ошириш имкониятини яратишда яна бир муҳим қадам бўлди.



"Халқ сўзи" 2017 йил 29 июль