Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2017 й. 630-сон "Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.08.2017 й.

N 630



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

САЙЛОВЧИЛАРИНИНГ ЯГОНА ЭЛЕКТРОН

РЎЙХАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг сайлов жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда сайлов жараёнига Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини (кейинги ўринларда СЯЭР деб аталади) жорий этиш ишлари амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

СЯЭР "Электрон ҳукумат" тизимини яратиш доирасида амалга оширилади;

СЯЭРни яратиш ва СЯЭРни шакллантиришга йўналтирилган идоравий ахборот тизимларини такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Ахборот-коммуникацияларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда СЯЭРнинг ишлашини техникавий таъминлаш учун кўмаклашишга Корея Республикаси томонидан ажратиладиган грант маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

СЯЭРни яратиш бўйича бош пудратчини белгилаш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

2017 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳри халқ депутатларининг туманлар Кенгашларига сайловлар давомида ахборот тизимининг СЯЭРни шакллантириш ва юритишни назарда тутувчи тажриба тартибида фойдаланилиши ҳуқуқий эксперимент сифатида амалга оширилишини, 2018 йилнинг 1 апрелигача эса - СЯЭРни яратишни ва бутун мамлакат бўйича ишга туширишни таъминласин;

икки ой муддатда - жисмоний ҳимоя ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан зарурий чоралар таъминланишини ҳисобга олган ҳолда СЯЭРни амалга ошириш тадбирлари режасини тасдиқласин.


5. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 859-модда