Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.06.2001 й. 262-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 22 июндаги

262-сон қарорига

1-ИЛОВА


Угом-Чотқол Давлат миллий

табиат боғи тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи (кейинги ўринларда "Миллий боғ" деб юритилади) Тошкент вилоятининг табиатни муҳофаза қилиш, рекреацион, маърифий, илмий ва маданий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган ҳамда алоҳида экологик тарихий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиий объектларини сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган.


2. Миллий боғ Бурчмулла ва Чирчиқ ўрмон хўжаликларининг ўрмон фонди ерларида ташкил этилган ҳамда ЎзССР Министрлар Советининг 1990 йил 30 июлдаги 270-сон қарори билан белгиланган чегараларда бошқа ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг ерларини ҳам ўз ичига олади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 2 октябрдаги 378-55-сон қарори билан миллий боғ вилоят бошқармасига тенглаштирилган, Чотқол Давлат биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликлари унинг бўйсунишига киритилган.


3. Миллий боғ Тошкент вилояти ҳокимлиги ихтиёрида, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси ҳисобланади, банкларда ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва ўз номи ёзилган штампларга эга.


4. Миллий боғ ўз фаолиятини "Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида", "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Ўрмон тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, Тошкент вилояти ҳокимининг қарорлари ва мазкур Низом асосида ўз ҳудудида жойлашган бошқа ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар билан ўзаро муносабатлар орқали амалга оширади.


Миллий боғ "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида" ва "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ўзига қарашли ҳудудларга бандитлар тўдалари кириб келиши ва жойлашиб олишининг олдини олиш бўйича қўриқлаш ва режим ишларини Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Мудофаа вазирлигининг ҳудудий органлари ва бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда олиб боради.


5. Миллий боғ ўзига бўйсунувчи тузилмалар томонидан Инспекторларнинг ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ олдига қўйилган вазифалар бажарилишини таъминлайди.


6. Миллий боғ ва унга қарашли корхоналар ходимларининг қуролли хизмат қилиши, қуролни сақлаш, бериш ва қўллаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


7. Миллий боғнинг давлат тилидаги тўлиқ номи: Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи", рус тилида "Угам-Чаткальский государственный национальный природный парк".


Почта манзили: Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Ғазалкент шаҳри, Э.Асанов кўчаси, 75.



II. МИЛЛИЙ БОҒНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


8. Қуйидагилар миллий боғнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

рекреацион, маърифий ва илмий мақсадларда фойдаланиш учун табиий комплекслар ва тарихий-маданий мерос сақланишини таъминловчи режимни сақлаб туриш;

бузилган табиий комплексларни тиклаш;

қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши ва бошқа фаолиятда ресурсларни тежовчи, экологик тоза технологиялар жорий этилишига кўмаклашиш;

илмий тадқиқотлар ўтказиш, табиатни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида илмий кадрлар ва мутахассислар тайёрлашга кўмаклашиш ва уларни тайёрлаш;

ўзига қарашли ўрмон хўжаликлари ва қўриқхонада шаклланган табиий комплексларни, жонсиз табиат ёдгорликлари, сув объектларини сақлаш;

ландшафтлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг эталон ва нодир участкаларини сақлаш;

табиий ресурсларнинг ҳолатини ҳисобга олиш ва баҳолаш, ўзига қарашли ҳудудда табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, ҳудудий экологик дастурларни тасдиқлаш;

ўрмон фондидан ва вилоятнинг бошқа табиий ресурсларидан, шунингдек ўз ҳудудидаги мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

овчилик хўжаликлари устидан давлат бошқаруви ва назорати, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланган ва белгиланган квоталарга мувофиқ ов қилишга рухсатнома бериш, Тошкент вилоятининг ўзига қарашли ўрмон фонди ҳудудида ов қилиш қоидалари, нормалари ва муддатларига риоя этилишини таъминлаш;

айрим фуқаролар, барча ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар, ўрмон фонди ҳудудида жойлашган корхоналар, ташкилотлар томонидан табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари, табиатдан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолияти, экологик назорат ва ўрмон тузилиши масалалари бўйича ўзига қарашли объектларнинг Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси билан самарали ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

вилоятнинг чегарадош туманларида хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудни ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита билан биргаликда ўзига қарашли корхоналарда кадрларни танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш;

вилоят ўрмон фонди ҳудудида қўриқлашни ташкил этиш ва режим-қўриқлаш тадбирларини ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг таклифлари бўйича профилактика ва чегара полосаларини ўрмон дарахтлари ва чангалзорлардан тозалаш;

диверсиячи-террористик гуруҳларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида ўрмон фонди ҳудудида ҳарбийлаштирилган тузилмалар бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда жиноятчилик намоён бўлиши белгилари ва фактлари тўғрисида чегара қўшинларини, ички ишлар бўлинмалари ва органларини тезкор хабардор қилиш, бандитлар тўдаларини йўқ қилиш бўйича самарали тезкор-қидирув фаолияти ўтказилишига кўмаклашиш;

чегара қўшинларига ҳужум қилиш хавфи пайдо бўлганда, қуролли тузилмалар ўрмон хўжалиги корхоналари жавобгарлиги остидаги зона доирасида Давлат чегараси орқали ёриб ўтишга уринган ҳолларда чегара қўшинларини мавжуд кучлар ва воситалар билан кучайтириш;

ўзига қарашли корхоналарнинг лавозим йўриқномалари ва бошқа норматив ҳужжатларини тасдиқлаш;

туризм ва дам олишни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

экологик билимларни тарғиб қилиш, мутахассислар тайёрлашда ва табиатдан оқилона фойдаланишда кўмаклашиш, миллий боғ ҳудудида яшовчи аҳоли билан экологик маърифат ишларини олиб бориш.



III. МИЛЛИЙ БОҒНИ БОШҚАРИШ


9. Миллий боққа Тошкент вилояти ҳокими томонидан тайинланадиган ҳамда миллий боғ ва унга қарашли корхоналар фаолияти учун тўлиқ жавоб берадиган бош директор бошчилик қилади.


10. Миллий боғнинг бош директори мазкур Низомга асосан иш кўради ҳамда боғ, ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона фаолиятига раҳбарлик қилишга доир бутун ишни олиб боради.


Қонунда белгиланган тартибда миллий боғнинг маблағлари ва мол-мулкини тасарруф этади, боғ, қўриқхона, ўрмонлар ва мол-мулк қўриқланиши, ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилиши, смета, молия шартнома ва меҳнат интизомига риоя этилиши учун жавоб беради.


11. Миллий боғнинг бош директорига қуйидагилар юкланади:

миллий боғ ходимларининг лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқиш (вазифаларни тақсимлаш) ҳамда ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш;

ўрмон хўжаликлари, қўриқхона директорларини вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда тайинлаш;

ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона директорлари ўринбосарлари, бош бухгалтерларининг тайинланишини ва уларнинг ишдан бўшатилишини келишиб олиш;

миллий боғда, ўрмон хўжаликлари ва қўриқхонада ўрмон хўжалиги тадбирлари ва бошқа тадбирлар бажарилиши ташкил этилишини назорат қилиш;

миллий боғнинг мол-мулки, асбоб-ускуналари, моддий ва бошқа бойликлари қўриқланишини ташкил этиш;

миллий боғ ходимларини белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;

шартномалар тузиш;

миллий боғ номидан банк муассасаларида молиявий ва пул операцияларини содир этиш;

давлат органлари, судлар ва бошқа ташкилотларда миллий боғ, ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона манфаатларини ифодалаш.


12. Бош директорнинг биринчи ўринбосари бош ўрмончи миллий боғда барча ишлаб чиқариш ишлари тўғри ташкил этилиши ва олиб борилиши, ўрмонлар ҳисоби, давлат ўрмон кадастри юритилиши, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, илғор тажриба жорий этилиши, механизмлардан зарур даражада фойдаланилиши, ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қўриқлашнинг белгиланган тадбирлари ташкил этилиши ва ўтказилиши учун жавоб беради.


13. Миллий боғ бош директорининг режим ва ўрмон фондини қўриқлаш бўйича ўринбосари қуйидагилар учун жавоб беради:

режим-қўриқлаш тадбирларини ўтказиш, кадрларни тўғри танлаш ва жой-жойига қўйиш, миллий боғ, ўрмон хўжаликлари, қўриқхона инспекторлари ишини, профилактика ва чегара полосасини ўрмон дарахтлари ва чангалзорлардан тозалашни ташкил этиш;

қурол-яроғ, ўқ-дорилар сақланишини ва уларнинг тўғри қўлланилишини, формали кийим-бош, алоқа воситалари, махсус анжомлар ва бошқалар сақланишини таъминлаш;

ўрмонлар, қўриқхона сақланишини ташкил этиш ва назорат қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун миллий боғ ҳудудидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни белгиланган тартибда тегишли органларга бериш.


14. Миллий боғ бош директорининг ўринбосарлари бош директорнинг тақдимномаси бўйича белгиланган талабларга мувофиқ Тошкент вилояти ҳокими томонидан тайинланади.



IV. МИЛЛИЙ БОҒ ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ


15. Миллий боғ инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

хавфсизликни таъминлаш ва атроф муҳитни сақлаш мақсадида миллий боғ, ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона ҳудудида фуқаролар ва транспорт воситаларини текшириш ва қараб чиқиш;

боғ ҳудудида қоидани бузиш ҳоллари аниқланган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш;

миллий боғ, ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона ҳудудида шубҳали шахслар аниқланган тақдирда Инспекторларнинг ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги низом асосида иш кўради.



V. МИЛЛИЙ БОҒ РЕЖИМИ ВА

УНИ ҚЎРИҚЛАШ


16. Миллий боғ ҳудудида табиий комплексларнинг ҳолати ва сақланишига, ландшафт хусусиятига, бошқа омилларга боғлиқ равишда қўриқлаш ва фойдаланишнинг турли хил режими ўрнатилади.

Ушбуга мувофиқ қуйидаги функционал зоналар белгиланади:

ғарбий зона Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ҳудудини ўз ичига олади. Қўриқхонанинг фаолият кўрсатиши алоҳида низом билан тартибга солинади;

чегара зонаси ва чегара полосаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом билан тартибга солинади;

бошқариладиган рекреацион ва хўжалик мақсадида фойдаланиладиган табиий ва тикланадиган ландшафтлар зонаси. Ушбу зонада бузилган табиий комплекслар, табиат, тарих, маданият давлат ёдгорликлари сақланиши ва тикланиши, туризм ва экскурсиялар ташкил этилиши учун шарт-шароитлар таъминланади, табиатга зарар етказмаган ҳолда хўжалик фаолияти амалга оширилади;

дам олиш зоналари, пансионатлар, болалар соғломлаштириш комплекслари, туристик базалар, санаторийлар ҳудудларидан иборат фаол рекреация зонаси. Ушбу ҳудуднинг сақланиши муҳандислик қурилмаларининг юксак даражаси ва зарур табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши билан таъминланади.


17. Миллий боғ ҳудудида ажратиб кўрсатилган зоналарга боғлиқ равишда қуйидагилар тақиқланади:

дарахт кесиш (дарахтларни санитария ва парвариш қилиш учун кесишдан ташқари);

экологик хавф туғдирувчи корхоналар фаолияти;

тупроқ эрозиясини, шунингдек ўсимлик ва ҳайвонот дунёси деградациясини келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатлар;

кўниктириш мақсадида жонли организмларни кўчирма қилиш;

ушбу мақсадларга мўлжалланмаган саноат, хўжалик объектлари ва турар жой объектлари қуриш;

фойдали қазилма бойликлар қазиш, тупроқ қатламини бузиш ва тоғ жинсларини очиш. Қидирув ишларининг ушбу барча турлари боғ раҳбариятининг рухсатномаси бўйича олиб борилиши мумкин;

ишлаб чиқариш, кимё ва радиоактив чиқиндиларни кўмиш, заҳарли химикатлар омборларини жойлаштириш ва молларни кўмиш;

механизациялаштирилган транспорт воситаларининг ҳаракати ва тўхтаб туриш жойи, шунингдек йўллардан ташқарида ва умумий фойдаланиладиган йўлларда ҳамда ушбу жойлар учун махсус назарда тутилган жойлардан ташқарида молларни ҳайдаб ўтиш;

спортчиларнинг оммавий тўхташ жойлари ташкил этиш, чодирлар қуриш, мўлжалланмаган жойлардан ташқарида гулхан ёқиш;

саноат мақсадида балиқ овлаш, Белдирсой овчилик хўжалиги ва Оҳангарон туманининг Шоввозсой участкасидан ташқарида ов қилиш, ҳайвонларни йўқ қилиш ва тутиш, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ҳаёт кечириш шароитларини бузиш, коллекциялар тўплаш;

фаолиятнинг боғнинг табиий комплексларини бузувчи ёки унинг ҳудудида табиий ва маданий аҳамияти пасайишига олиб келувчи бошқа турлари.


18. Миллий боғни қўриқлаш инспекторлар томонидан амалга оширилади, улар Ўзбекистон Республикаси табиатни қўриқлаш давлат инспекторларининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланиладилар.

Инспекторлар ягона намунадаги формали кийим-бош ва фарқлаш белгилари билан таъминланади, табель қурол-яроғни сақлаш ва олиб юриш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Миллий боғ фаолияти устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси органлари ўз ваколатига кирувчи масалалар доирасида амалга оширади.


19. Миллий боғ режимини бузишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


20. Айбдор шахслардан миллий боққа етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда ундириб олинади.


21. Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ходимлари, инспекторлари ҳамда халқаро дастурлар бўйича ишловчи мутахассислар илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ва миллий боғ режимини назорат қилиш учун миллий боғ раҳбариятини хабардор қилган ва махсус журналда рўйхатдан ўтказилган ҳолда хизмат гувоҳномалари бўйича миллий боғ ҳудудига тўсиқсиз кириш ҳуқуқига эгадирлар.

Чегара полосасига кирувчи зонага кириш белгиланган қоидаларга мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита органларининг рухсати билан амалга оширилади.



VI. МИЛЛИЙ БОҒНИ МАБЛАҒ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


22. Миллий боғни маблағ билан таъминлаш:

бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

рекреацион, табиатни муҳофаза қилиш, хўжалик, реклама-ноширлик, маърифатпарварлик фаолиятидан, экологик туризмдан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга зид бўлмаган бошқа фаолиятдан олинган даромадлар;

миллий боғга етказилган зарар ундирилиши ҳисобига тушадиган тушумлар;

белгиланган тартибда ундириб олинадиган жарима суммалари тушумларидан;

овлаш ва балиқчилик қуроллари мусодара қилиниши ва улар сотилишидан тушган маблағлар;

беғараз ёрдам ва хайрия мақсадларида давлат, жамоат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва алоҳида фуқаролардан тушувчи, шунингдек ов қилиш ва табиатдан фойдаланишга рухсатномалар берилганлиги учун тушувчи маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


23. Кўзда тутилмаган ишларни бажариш учун боғ табиатини қўриқлашнинг махсус жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма Тошкент вилоятининг маҳаллий бюджети томонидан ажратиладиган маблағлардан ташқари барча молиявий тушумлар суммасининг 5 фоизи унга ажратилиши ҳисобига ташкил этилади,



VII. ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


24. Миллий боғ Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ фаолиятни амалга оширишга доир ҳисоб ва ҳисобот юритади.


25. Миллий боғ ўрмон хўжаликлари ва қўриқхона фаолияти устидан назоратни амалга оширади.



VIII. МИЛЛИЙ БОҒНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


26. Миллий боғ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.