Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.10.2017 й. 872-сон "Sovplastital" МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.10.2017 й.

N 872



"SOVPLASTITAL" МЧЖ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШ ҚУВВАТЛАРИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 18 майдаги ПҚ-2973-сон қарорига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар шакллантиришни давом эттириш, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш қувватларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

"Sovplastital" АЖ томонидан ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва қайта тиклаш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги натижасида бугунги кунда корхона қувватларидан 5 фоизга фойдаланилаётганлиги, ишлаб чиқариш майдонларининг жуда кам қисмидан фойдаланилаётганлиги, харидоргир экспортбоп ва импортнинг ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмаганлиги, охирги ўн йилда корхонада иш ўринлари сони 6 баробарга камайганлиги;

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2017 йил 31 майдаги 10-1704/14493-сон иш бўйича қарори билан "Sovplastital" ҚК устав капиталидаги 96,67 фоиз миқдоридаги улушга давлатнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилганлиги;

муассисларнинг 2017 йил 19 августдаги қарори билан "Sovplastital" ҚК "Sovplastital" МЧЖга айлантирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Sovplastital" МЧЖнинг:

"Sovplastital" МЧЖнинг 1-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича Тошкент шаҳар, Бунёдкор кўчаси, 29-уйда жойлашган "2-сон ишлаб чиқариш ва омборхона бинолари" биноларини (биноларнинг бир қисмини) ва иншоотларини туташ ҳудуд билан бирга (кейинги ўринларда "объект" деб аталади) объектни бериш санасида жамиятнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарздорлиги ва улар бўйича ҳисобланган пенялар, шунингдек объектни бериш натижасида юзага келадиган солиқ ҳисобига Тошкент шаҳри ҳокимлигига бериш;

объект негизида кичик саноат зонасини ташкил этиш мақсадида кейинчалик уни "Сhilonzor kichik sanoat zonasini boshqarish direksiyasi" ДУКга бериш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


3. Тошкент шаҳри ҳокимлиги:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Чилонзор кичик саноат зонаси таркибига киритиладиган ер участкалари чегаралари аниқланишини таъминласин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Сhilonzor kichik sanoat zonasini boshqarish direksiyasi" ДУК ва "Sovplastital" МЧЖ билан биргаликда объектни топшириш ва қабул қилишни таъминласин;

икки ой муддатда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилаётган кичик саноат зонаси ҳудудида амалга оширилиши назарда тутилган инвестиция лойиҳалари рўйхатини ва уларни амалга ошириш тармоқ жадвалларини тасдиқласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда ички захираларни сафарбар қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, шунингдек ихтисосли бўлмаган ва фойдаланилмаётган активларни оптималлаштиришни назарда тутувчи 2017-2018 йилларда "Sovplastital" МЧЖ қувватларидан фойдаланишни ошириш ва молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги ПҚ-2973-сон қарори билан тасдиқланган Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарида ташкил этиладиган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари рўйхатининг 4-позициясига 2-иловага* мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.А. Гулямов ва Тошкент шаҳри ҳокими Р.Ж. Усмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 25 октябрь