Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.08.2018 й. 653-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 13 августдаги

653-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда "Ўзатом" агентлиги деб аталади) мақоми, функциялари, вазифалари, ҳуқуқлари, ташкилий асослари ва мажбуриятларини белгилайди.

2. "Ўзатом" агентлиги атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишлари амалга оширилиши учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

3. "Ўзатом" агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. "Ўзатом" агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. "Ўзатом" агентлиги давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисобрақамларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга бўлади.


6. "Ўзатом" агентлигининг расмий номи:


а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги;

қисқартирилгани - "Ўзатом" агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ - Agency for the Development of Nuclear Energy under the Ministry of energy of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилгани - Agency "Uzatom";

в) рус тилида:

тўлиқ - Агентство по развитию атомной энергетики при Министерстве энергетики Республики Узбекистан;

қисқартирилгани - Агентство "Узатом".


7. "Ўзатом" агентлигининг жойлашган жойи (почта манзили):

Тошкент шаҳри, Ойбек кўчаси, 26/1.



2-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар "Ўзатом" агентлигининг атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифларни, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишланмаларини тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни атом энергетикаси соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиш;

саноат ва экологик хавфсизликнинг халқаро талабларига мувофиқ бўлган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда атом энергетикаси объектларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш;

атом илм-фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий изланишлар, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш;

тадқиқий ва энергетик атом реакторларини, ядро-физика қурилмаларини, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктлари ривожлантирилишини ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш;

бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ядро аварияларининг ва радиацион авария вазиятларининг олдини олиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда республиканинг радиация ва ядро хавфсизлиги объектлари тизимини такомиллаштириш;

ядро материаллари ва технологияларининг, радиоактив материалларнинг тарқатилмаслигини, жисмоний ҳимоя ҳамда ядро ва радиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

кадрларни, шу жумладан, етакчи хорижий институтларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва кадрлар малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

Халқаро атом энергетикаси агентлиги, Атом энергетикаси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ва ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда атом энергетикаси соҳасидаги халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан атом энергетикаси соҳасига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида ҳамкорликни ривожлантириш.


9. "Ўзатом" агентлиги атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида қўйилган вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

атом энергетикасидан фойдаланиш, шу жумладан, илмий-техника ва инвестиция сиёсати соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш, атом энергетикаси, ядро илм-фани ва технологиялари объектларини ривожлантириш ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

атом энергетикасидан ва ядро технологияларидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди ва белгиланган тартибда киритади;

радиация, ядро, саноат ва экологик хавфсизликнинг халқаро талабларига мувофиқ бўлган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда атом энергетикаси объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қисқа муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқади;

ушбу соҳадаги ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлар доирасида тинчлик мақсадларида атом энергетикаси объектларини қуриш бўйича ҳар йиллик ишлар режаларини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа идоралар билан биргаликда атом энергетикаси соҳасида илғор технологияларни жорий этиш бўйича фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда тармоқни ривожлантиришнинг ҳар йилги, ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлари доирасида атом энергетикасидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида мавзули илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг устувор йўналишларини белгилайди;

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш, ядро ва радиация хавфсизлиги, ядро материаллари ва радиоактив моддалар билан иш олиб бориш соҳасида ўз ваколатлари доирасида норма ва қоидаларни ишлаб чиқади;

атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлашни, етакчи хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

ягона кадрлар сиёсати амалга оширилишини ишлаб чиқади ва таъминлайди ҳамда "Ўзатом" агентлиги, идоравий мансуб муассасалари ходимлари меҳнатига иш ҳақи тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини шакллантиради;

алоҳида зарарли (радиоактив ва бошқа) шароитларда ишларни олиб борганлик учун қўшимча ҳақ миқдорларини белгилаш бўйича таклифларни асослайди ва ишлаб чиқади, тармоқда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштиради.



3-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. "Ўзатом" агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда, давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

"Ўзатом" агентлиги ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик органларидан, корхоналар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

"Ўзатом" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотларни давлат статистика органларидан текин олиш;

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида бажариладиган давлат ва тижорат лойиҳалари ҳамда дастурларида иштирок этиш;

"Ўзатом" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича кенгашларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этиш;

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш учун идоравий илмий ва ўқув марказларини, хўжалик ҳисобидаги консультация ва ахборот марказларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги жорий ва стратегик вазифаларни ёритиш учун ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириш ва матбуот органларини таъсис этиш;

"Ўзатом" агентлиги мол-мулкини ўз ташкилий тузилмаси диорасида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда бериш;

биноларга хизмат кўрсатиш ишларини бажариш, инвентарлардан ва хўжалик буюмларидан, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техникани сақлаш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот воситаларини харид қилиш бўйича ишларни бажариш юзасидан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўзатом" агентлигининг ижтимоий инфратузилмасини ташкил этиш ва такомиллаштириш, "Ўзатом" агентлиги ходимлари меҳнатини рағбатлантиришнинг ягона тизимини шакллантириш;

"Ўзатом" агентлиги ходимларини, улар томонидан тегишли соҳадаги улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрларининг бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;

"Ўзатом" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

"Ўзатом" агентлиги ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича хорижий мамлакатларда, халқаро ва хорижий ташкилотларда, форумлар ва майдончаларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

"Ўзатом" агентлиги фаолияти соҳасига киритилган масалаларни ишлаб чиқиш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

атом энергетикасидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва атом энергетикасини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалари лойиҳаларини келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

"Ўзатом" агентлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ва мутахассисларини стажировкалардан ўтиш, малака ошириш, халқаро конференцияларда, бизнес-форумларда ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун хорижий мамлакатларга белгиланган тартибда юбориш;

атом энергетикаси соҳасидаги етакчи хорижий мутахассисларни "Ўзатом" агентлигида ва унинг идоравий мансуб ташкилотларида ишлаш учун шартнома асосида, белгиланган тартибда жалб этиш;

"Ўзатом" агентлиги ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари билан белгиланган тартибда музокаралар ўтказиш;

зарурият бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун тегишли тармоқларда олимлар ва мутахассислардан вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш, ушбу ишларга бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан мутахассислар ва экспертларни шартнома асосида жалб этиш;

идоравий мансуб ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

ушбу Низомда белгиланган мақсадларга эришишга йўналтирилган, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.


11. "Ўзатом" агентлиги қуйидагилар учун жавоб беради:

"Ўзатом" агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

республикада атом энергетикасини ривожлантириш бўйича олдиндан чора-тадбирлар кўрилиши;

атом энергетикаси бўйича техникавий тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли назоратнинг юритилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ва келгусида тизимли мониторинг олиб борилишини таъминлаган ҳолда узоқ муддатли, ўрта муддатли ва ҳар йилги ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиши;

атом энергетикаси учун юқори малакали, олий ва ўрта маълумотли, профессионал билимга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ушбу тармоқ ходимлари малакасини ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши;

"Ўзатом" агентлигининг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларига эришиш соҳасидаги ишларнинг самарали ташкил этилиши;

Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, "Ўзатом" агентлиги томонидан қабул қилинадиган қарорлар лойиҳаларининг сифати ва якуний натижалари;

тармоқни ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши.



4-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИ РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Қуйидагилар "Ўзатом" агентлиги бош директорининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

"Ўзатом" агентлиги фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларида "Ўзатом" агентлигига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

"Ўзатом" агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиши юзасидан чуқур ва танқидий таҳлилни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг хизматлари ва Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан "Ўзатом" агентлиги фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ва унинг ўринбосарларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг топшириқларини ижро этиш;

"Ўзатом" агентлиги фаолияти айрим участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан "Ўзатом" агентлиги мансабдор шахсларининг ваколатларини аниқлаш ва уларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

"Ўзатом" агентлиги фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, "Ўзатом" агентлиги ва мансабдор шахсларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни ташкил этиш таъсирчан тизимини яратиш ва мониторингини юритиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ "Ўзатом" агентлиги фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ "Ўзатом" агентлигининг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти деб аталади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3161-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда фаолият кўрсатиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

"Ўзатом" агентлигига тақдим этилган таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хил экспертизадан пухта ўтказилишини, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси Регламентида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти аппаратининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилишини (визаланишини) таъминлаш;

"Ўзатом" агентлиги ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

"Ўзатом" агентлигига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, "Ўзатом" агентлиги кадрлар захирасини шакллантириш;

"Ўзатом" агентлиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

"Ўзатом" агентлиги фаолиятига ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда "Ўзатом" агентлиги раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

"Ўзатом" агентлиги ходимлари томонидан "Ўзатом" агентлиги ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ "Ўзатом" агентлиги тизимида коррупция ва бошқа қоида бузилишларининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш;

"Ўзатом" агентлиги ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар қабул қилиш ва кўрсатмалар бериш;

зарурат бўлган тақдирда "Ўзатом" агентлигининг ташкилий тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

"Ўзатом" агентлигининг штатлар рўйхатини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

"Ўзатом" агентлиги ходимларини кўкрак нишонлари ва фахрий ёрликлар билан белгиланган тартибда мукофотлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш, "Ўзатом" агентлигининг алоҳида намуна кўрсатган ходимларини Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тавсия этиш;

"Ўзатом" агентлиги ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан, уларнинг бундан буён эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли масалаларни кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ "Ўзатом" агентлигининг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

"Ўзатом" агентлиги мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш.


13. Қуйидагилар "Ўзатом" агентлиги бош директори ўринбосарларининг ва таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига "Ўзатом" агентлиги таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан риоя этилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, таркибий бўлинмалар ходимларининг топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

"Ўзатом" агентлиги қарорларининг, бош директор буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифа ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун "Ўзатом" агентлиги раҳбариятига киритиш;

"Ўзатом" агентлиги таркибий бўлинмаларига кадрларни танлаш ва тайинлашда бош директорга таклифлар тақдим этиш, таркибий бўлинмаларга ишга қабул қилинаётган кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, кейинчалик уларни кўриб чиқиш учун "Ўзатом" агентлиги таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларга виза қўйишни ташкил этиш, уларни "Ўзатом" агентлиги раҳбарияти томонидан имзолаш (виза қўйиш), уларнинг Вазирлар Маҳкамаси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати Регламенти талабларига қатъий равишда ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

"Ўзатом" агентлигига тақдим этилган таклифларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз ваколати доирасида тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизалардан пухта ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

"Ўзатом" агентлиги таркибий бўлинмалари ходимларининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини йиғилишларда эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

"Ўзатом" агентлиги ходимлари томонидан ходимларнинг ахлоқ-одоб қоидалари талабларига риоя этиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ "Ўзатом" агентлиги таркибий бўлинмаларида коррупция ва бошқа қоида бузилишларининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИ

РАҲБАРЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТИ


14. "Ўзатом" агентлигининг бош директори:

"Ўзатом" агентлигига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун;

"Ўзатом" агентлигининг ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


15. "Ўзатом" агентлиги бош директорининг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши учун;

ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.



6-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Агентлик раҳбарияти


16. "Ўзатом" агентлигини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош директор бошқаради.

Бош директорнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосари бўлади.

"Ўзатом" агентлиги бош директори ўз мақомига кўра вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директорнинг ўринбосари эса - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

"Ўзатом" агентлигининг бош директори ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шароитлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


17. "Ўзатом" агентлиги бош директори:

"Ўзатом" агентлиги якка тартибдаги ижро органи ҳисобланади ва унинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади;

"Ўзатом" агентлиги фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва "Ўзатом" агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

"Ўзатом" агентлиги ходимларининг лавозим мажбуриятларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

"Ўзатом" агентлиги ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

ўз ваколати доирасида "Ўзатом" агентлиги ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради.

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Бош директор бўлмаган даврда унинг ваколатларини вазифалар тақисмотига мувофиқ директор ўринбосарлари бажаришади.



§ 2. "Ўзатом" агентлигининг бошқа давлат ва

хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат

ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлиги


18. "Ўзатом" агентлиги ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


7-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА ИШЧИ

ИНДИКАТОРЛАРИ


20. "Ўзатом" агентлиги фаолиятининг самарадорлиги мунтазам равишда баҳоланади.


21. "Ўзатом" агентлиги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири тасдиқлайдиган "Ўзатом" агентлиги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари асосида амалга оширилади.

22. "Ўзатом" агентлиги фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра қуйидагилар бўйича чоралар кўрилади:

"Ўзатом" агентлиги раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликнинг тегишли чораларини кўриш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва "Ўзатом" агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш.


23. "Ўзатом" агентлиги фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



8-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ


24. "Ўзатом" агентлиги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва қонун ҳужжатларига мувофиқ жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлардан, шунингдек, Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармасидан (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) молиялаштирилади.


25. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Молия вазирлиги билан келишиладиган харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.


26. "Ўзатом" агентлиги ходимларини моддий рағбатлантириш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


27. "Ўзатом" агентлиги ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.


28. "Ўзатом" агентлиги ходимларига қуйидагилар учун лавозим маошига коэффициентларда ҳар ойлик устамалар тўланади:

меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун - 1,7 миқдорида, у қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритилади;

узоқ муддат давомидаги узлуксиз иш стажи учун қуйидаги миқдорларда, рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда: 3 йилдан 5 йилгача - 0,05; 5 йилдан 10 йилгача - 0,1; 10 йилдан 15 йилгача - 0,15; 15 йилдан 20 йилгача - 0,2; 20 йилдан ортиқ - 0,25 миқдорида.

Ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ва "Ўзатом" агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармасидан тенг улушларда амалга оширилади.



9-БОБ. "ЎЗАТОМ" АГЕНТЛИГИНИНГ

ҲИСОБОТДОРЛИГИ


29. "Ўзатом" агентлиги бош директори "Ўзатом" агентлиги фаолиятининг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлиги олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.

30. Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири "Ўзатом" агентлигига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши бўйича доимий фаолият мониторингини амалга оширади, "Ўзатом" агентлиги фаолияти самарадорлигига объектив баҳо беради.

31. Фаолият мониторинги ва баҳоси якунларига кўра "Ўзатом" агентлиги мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан юкланган вазифаларни виждонан ва ўз вақтида бажарганлик учун рағбатлантириш ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан бўшатишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


32. "Ўзатом" агентлигини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 август