Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2018 й. 807-сон "Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.10.2018 й.

N 807



СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИДА

ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИ

КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида 2018 йил 15 октябрдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактураларни мажбурий тартибда расмийлаштиришни жорий этиш бўйича эксперимент (кейинги ўринларда эксперимент деб аталади) ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

эксперимент доирасида электрон ҳисобварақ-фактуралар товар-транспорт юкхатлари ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномалар вазифаларини мужассамлаштиради;

эксперимент ўтказиш даврида хўжалик юритувчи субъектларга ҳисобварақ-фактуралар, товар-транспорт юкхатлари ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон шаклда тақдим этиш билан бир вақтда қоғоз шаклида тузиш ҳуқуқи берилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг эксперт хулосасини олган ташкилотларга - электрон ҳужжат алмашиш операторларига қонунчиликда белгиланган тартибда электрон ҳисобварақ-фактураларни электрон айланиши ва сақланишини таъминлаш бўйича хизматларни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

эксперимент доирасида электрон ҳисобварақ-фактураларни электрон‚ шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритишнинг вақтинчалик тартибини бир ҳафта муддатда тасдиқласин;

ўтказилган эксперимент натижалари бўйича электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини республика ҳудудида жорий этиш юзасидан таклифларни, шунингдек, Жаҳон банки ва Россия Федерацияси Федерал солиқ хизматининг техник кўмаги доирасида солиқ маъмуриятчилиги бизнес жараёнларини шакллантириш асосида давлат солиқ хизмати органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказининг ҳисоблаш қувватини кенгайтириш чора-тадбирлари дастурини 2019 йил 1 февралга қадар киритсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасиниг Бош вазири                                   А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 октябрь