Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.03.2019 й. 184-сон "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
01.03.2019 й.
N 184
ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ
СОҲАСИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ
РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда спорт иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва тренер кадрларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:
давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектларини инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан белгиланган тартибда хусусий инвесторларга бериш;
хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил қилинган спорт объектларининг ҳолатини яхшилашга кўмаклашишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида давлат шериги ҳисобланади;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра тузилади.
3. Қуйидагилар:
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвесторларга бериладиган фойдаланилмаётган ва бўш турган спорт иншоотлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қуйидагилар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектларидан фойдаланиш ва кейинчалик уларнинг фаолиятини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
ташаббускорларнинг маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги уч ой муддатда:
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни тузиш бўйича танловларни ўтказиш комиссиясини (кейинги ўринларда танлов комиссиялари деб аталади) шакллантирсин ва уларга қуйидаги вазифалар юклансин:
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўриб чиқиш, маъқуллаш, рад қилиш ёки қайта ишлаш ҳақида қарорлар қабул қилиш;
давлат-хусусий шериклик битими лойиҳасини, зарур ҳужжатлар тўпламини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) тақдим қилиш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини Агентлик билан биргаликда кейинчалик танлов комиссиясига киритиш мақсадида баҳолаш;
танлов комиссияси томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси маъқулланганидан сўнг барча молиявий ва иқтисодий тавсифлари киритилган ҳолда лойиҳани амалга ошириш ҳақида тегишли қарор қабул қилсин;
белгиланган тартибда танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш, танловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда унинг якунлари бўйича хусусий шерик билан тегишли давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш чораларини кўрсин;
Агентлик билан биргаликда давлат-хусусий шериклик лойиҳаси, уни тайёрлаш ва амалга ошириш ҳамда хусусий шерикларни танлаш ҳақидаги маълумотнинг Агентликнинг бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки, давлат-хусусий шериклик шартларида инвесторларга топширилган объектларда нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотининг фаолияти ташкил этилган кундан бошлаб, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар амал қилишининг муддатлари давомида уни қайта ихтисослаштириш тақиқланади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар:
уч ой муддатда ўзларига тегишли бўш турган спорт объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши зарур бўлган давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига тақдим этсин;
ҳар йили 1 мартга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотининг биноларини қуриш учун ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини ҳамда ўзларига тегишли бўш турган спорт объектлари, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши зарур бўлган давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини аниқлаб, уларнинг рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига доимий равишда тақдим этиб борилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотини ташкил этиш учун ер участкаси ажратилишини, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган тегишли рўйхатларни умумлаштирган ҳолда, хусусий шерикларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бериладиган ер участкалари ва спорт объектларининг ягона рўйхатини шакллантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритиб борсин.
9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамияти кенг ёритилишини ҳамда аҳолига етказилишини ташкил этиш тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2019 йил 1 мартдаги
184-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт
вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий
инвесторларга бериладиган фойдаланилмаётган
ва бўш турган спорт иншоотлари
РЎЙХАТИ*
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 2 март