Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.2019 й. 391-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 майдаги

391-сон қарорига

3-ИЛОВА



Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим

ташкилотлари ва қўшма турдаги мактабгача

таълим ташкилотлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар деб аталади) ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотларининг (кейинги ўринларда қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар деб аталади) мақсадлари ва вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Ўзбекистон Республикасининг "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига, ушбу Низомга ҳамда ўз уставига амалга қилади.

3. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларнинг фаолияти ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларнинг мактабгача таълим олишига, шунингдек, уларни тарбиялаш ва реабилитация қилишга қаратилган.

Қўшма турдаги мактабгача ташкилотларнинг фаолияти ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар ва ривожланишида нуқсонлари бўлмаган болаларнинг бир ташкилотда алоҳида гуруҳларда биргаликда ўқишини ва тарбияланишини ташкил этишга қаратилган.

Қўшма турдаги мактабгача ташкилотларда инклюзив гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.

4. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар бўлиши мумкин.

5. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот аккредитацияси аттестация асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

6. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда штампга, мустақил балансга, бюджет ва бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига эга.

7. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот юридик шахслар ҳисобланади, ажратилган мол-мулкка, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича ўз ихтиёридаги мол-мулк билан жавоб беради, ўз номи ёзилган муҳрга ва штампга эга бўлиши мумкин.

8. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот лицензия олган вақтдан бошлаб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таълим фаолиятини амалга оширади.


2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТ ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТНИНГ МАҚСАДЛАРИ ҲАМДА ВАЗИФАЛАРИ

9. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот мақсадлари қуйидагилардан иборат:

боланинг таълим олишга бўлган ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш;

болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, жамиятга мослаштириш, шунингдек, ривожланишидаги нуқсонларни коррекциялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг ёш ва ўзига хос имкониятларига, қобилиятлари ва эҳтиёжларига мувофиқ уларнинг жисмоний, ақлий ва маънавий камол топишини таъминлаш;

боланинг шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, унинг ижтимоий тажриба орттиришини таъминлаш.


10. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига, шунингдек, улар асосида ишлаб чиқилган таълим-тарбия ва коррекцион ишларни ташкил этиш дастурларига мувофиқ тарбияланувчиларга таълим-тарбия ва коррекция-педагогик ёрдам берилишини таъминлаш;

болаларда Ватанга муҳаббат, оилага ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллий қадриятлар ва урф-одатларга ҳурмат, ўзига ва атроф муҳитга онгли муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;

тиббий абилитация ва реабилитация ўтказиш, болалар ривожланишидаги нуқсонларни компенсация ва коррекция қилиш;

болаларга сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиш имконини берадиган шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг ижтимоий мослашувчанлигини ҳамда таълим ва тарбия олишни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш;

болаларни умумтаълим муассасаларида ўқишга тайёрлаш;

ўқув жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этиш.



3-БОБ. ДАВЛАТ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБГАЧА ТАШКИЛОТИ ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ

ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАШКИЛОТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ,

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

11. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотнинг муассислари бўлиши мумкин.

12. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларини ташкил этиш учун гуруҳларнинг энг кам сони 6 тани ташкил этади.

Қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларини ташкил этиш учун гуруҳларнинг энг кам сони тегишли равишда қуйидагиларни ташкил этиши керак:

а) камида 3 та инклюзив гуруҳ;

б) қуйидаги ихтисосликлар бўйича ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар учун камида 3 та гуруҳ:

эшитишда оғир нуқсонлари бўлган болалар учун;

кўришда оғир нуқсонлари бўлган болалар учун;

психик ривожланиши кечиккан болалар учун;

ақлий заифлик билан тарбияланувчилар учун;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари бўлган болалар учун.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган 5 ёшгача бўлган болалар контингенти мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили йиғиб боради ва бу маълумотни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этади.

14. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси (кейинги ўринларда мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органлари, деб аталади) Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари деб аталади) билан биргаликда бундай муассасаларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш якунлари бўйича ташкил этилади.

15. Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар мавжуд бўлса, мактабгача таълимнинг ҳудудий бошқарув органлари соғлиқни сақлашнинг ҳудудий бошқарув органлари билан биргаликда давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотини ёки қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига мурожаат қилади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотини ёки қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф охирги 5 йил ҳар йилга бўлиб чиқилган ва тегишли ҳудуддаги 5 ёшгача бўлган болалар орасида қайд этилган касалликлар ўсишини кўрсатадиган соғлиқни сақлаш органларининг расмий статистика маълумотлари билан асосланган бўлиши керак.

16. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотни ёки қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини ташкил этиш масаласини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиб олганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли таклиф билан мурожаат қилади.

17. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотни ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотни ташкил этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қабул қилинади.

18. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларининг ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларининг бино ҳамда иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилмасдан хусусийлаштирилиши, ўзгага берилиши ва қайта ихтисослаштирилиши мумкин эмас.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот ўқув йили тугаганидан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ёки тугатилади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотини ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида болаларни бошқа давлат мактабгача таълим ташкилотларига ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан боланинг қонуний вакиллари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


4-БОБ. НОДАВЛАТ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

МАКТАБГАЧА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ВА ҚЎШМА

ТУРДАГИ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ

19. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилотлар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бериладиган лицензияни олган вақтдан бошлаб амалга оширади.


5-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ

20. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тасдиқланган мослаштирилган таълим дастури асосида мустақил равишда ўз таълим дастурини ишлаб чиқиш;

боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлик қилиш;

мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича инновацион фаолиятда қатнашиш.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

21. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар:

болаларнинг жисмоний ўсиши ва соғлиғи мустаҳкамланиши учун санитария-гигиена меъёрларига мувофиқ шарт-шароитлар яратиши ва уларга риоя этилишини таъминлаши;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли нозологияларни даволаш стандартларига мувофиқ болаларнинг абилитацияси ва реабилитациясини ўтказиш учун шарт-шароитларни яратиши;

таълим-тарбия ва коррекцион-педагогика жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган шакллар, усуллар ва воситаларнинг болаларнинг ёш, психик ва физиологик хусусиятлари, қизиқишлари, қобилиятлари, манфаатлари ва эҳтиёжларига мос келишини таъминлаши;

болалар тўғри овқатланишини ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиши;

болаларни шахсга йўналтирилган ёндашувни қўллаган ҳолда умумтаълим муассасаларида ўқишга сифатли тайёрлашни таъминлаши;

мактабгача таълим сифатини таъминлаш устидан назорат олиб боришда, саломатликни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, абилитация ва реабилитация тадбирларини ўтказишда ваколатли давлат органларига кўмаклашиши;

ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдаги гуруҳларни ихтисослаштирилган мактабгача таълимга қўйиладиган талабларга мувофиқ болалар билан тўлдирилиши;

қўшма турдаги мактабгача ташкилотлардаги инклюзив гуруҳлар учун мўлжалланган гуруҳларни умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларига қўйиладиган талабларга мувофиқ, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларни ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларга қўйиладиган талабларга мувофиқ болалар билан тўлдириши шарт.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

22. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар қуйидагилар учун жавоб беради:

болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

болалар ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотда бўлган вақтида уларнинг ҳаётини ҳимоя қилишни ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этиш;

белгиланган талабларга мувофиқ таълим-тарбия, коррекцион-педагогика ҳамда реабилитация жараёнларини амалга ошириш;

болани тарбиялаш ва таълим бериш масалалари бўйича унинг қонуний вакилларига маслаҳатлар билан ёрдам бериш;

умумтаълим дастурларини амалга оширишни тегишли сифатда ва белгиланган ҳажмда таъминлаш;

ушбу Низомда назарда тутилган вазифалар ва функцияларни бажариш.


23. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларнинг ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотларнинг фаолияти устидан мониторинг ҳамда назорат ваколатли давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

24. Ўқув жараёнидан сиёсий мақсадларда ёки таълим олаётган болаларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига зид ҳаракатларни содир этишга ундаш учун фойдаланиш тақиқланади.



6-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАРГА ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАРГА БОЛАЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ҲАМДА

УЛАРДАН ЧИҚАРИШ

25. Болаларни ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотга қабул қилиш ушбу ташкилотда бўш жойлар бўлса, календарь йил давомида амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларга болаларни қабул қилиш:

психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг белгиланган тартибда берилган хулосаси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича боланинг тиббий картаси ва профилактик эмлаш картаси асосида амалга оширилади.

Қўшма турдаги мактабгача ташкилотнинг инклюзив гуруҳларга ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлмаган болалар:

бола қонуний вакилининг аризаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ваколатли орган берган йўлланма (қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти учун);

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича боланинг тиббий картаси ва профилактик эмлаш картаси асосида қабул қилинади.

Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларга, шунингдек қўшма турдаги мактабгача ташкилотнинг инклюзив гуруҳларига ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар қуйидагилар асосида қабул қилинади:

бола қонуний вакилининг аризаси;

психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг белгиланган тартибда берилган хулосаси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича боланинг тиббий картаси ва профилактик эмлаш картаси асосида қабул қилинади.


26. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда, қўшма турдаги мактабгача ташкилотининг ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган ҳамда инклюзив гуруҳларда бўлиш даври, коррекцион ишлари муддати психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланади.

27. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотга қуйидаги нуқсонлари бўлган болалар қабул қилинмайди:

оғир ва чуқур даражадаги ақли заифлик;

шизофрения, ҳиссий ироданинг чуқур бузилишлари;

тез-тез такрорланувчи умумлашган эпилептик хуружлар;

турли сабабли психопатия ва психопатсимон ҳолатларнинг оғир шакллари;

асаб тизимининг органик шикастланганлиги сабабли сийдик ва нажас ушлаб туролмаслик;

юрак-қон томир, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш тизимининг хуруж ва декомпенсация босқичи.


27-1. Болалар ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдан ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотдаги ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар учун гуруҳлардан қуйидагилар асосида чиқарилади:

болани қонуний вакилларининг аризаси;

соғлиқни сақлаш органлари муассасаларининг тиббий кўрсатмалари;

мактабгача таълим ташкилот ва боланинг қонуний вакилларнинг ўртасидаги шартнома шартларининг бажарилмаслиги;

мактабгача таълим ташкилот тиббий-психологик-педагогик кенгашининг хулосаси;

психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасида кўрсатилган боланинг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда бўлиш муддати тугаши;

мактаб ёшига етиши (7 ёш).


7-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

28. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот мактабгача таълимга қўйиладиган белгиланган давлат талабларига мувофиқ болалар таълим олиши, тарбияланиши, парваришланиши ва соғломлаштирилишини таъминлайди.

29. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдаги ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотдаги таълим-тарбия жараёнининг мазмуни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган таълим дастури асосида, Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган (шу жумладан, муаллифлик, мослаштирилган ва бошқа) дастур билан белгиланади.

30. Таълим-тарбия жараёни машғулотларнинг йиллик, календарь-мавзули режалари ва жадвали билан тартибга солинади.


31. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот қонун ҳужжатларига ҳамда Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ болаларга таълим бериш ва тарбиялаш шакллари, воситалари ва усулларини танлайди.

32. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда таълим-тарбия жараёни ишлаб чиқиладиган якка тартибдаги йўналиш асосида болаларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади. Машғулотлар фронтал, кичик гуруҳ ва якка тартибда олиб борилади.

33. Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга қуйидаги тамойиллар асосида таълим берилади ва тарбияланади:

таълимнинг коррекцион йўналтирилганлиги;

ижтимоий мослашуви;

таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда таълимнинг махсус методологиясидан ва тоифаланган ёндашувдан фойдаланиш.


34. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади.

35. Болалар ташкилотда бўлиш вақтига қараб ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдаги ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотдаги гуруҳлар:

болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳлар (кунига 3-4 соат);

тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 9, 10,5 ва 12 соат);

болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар бўлиши мумкин.

36. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда ишлаш тартиби ҳамда тарбияланувчиларнинг бўлиш вақти унинг уставида ва муассис қарорида белгиланади.

37. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва боланинг қонуний вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, қўшма турдаги мактабгача ташкилот ва боланинг қонуний вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар бола ушбу ташкилотга жойлаштирилганда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади.

38. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда таълим-тарбия жараёни махсус мактабгача таълим бўйича тегишли малакага эга педагог ходимлар томонидан ўтказилади. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотдаги ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотдаги таълим-тарбия жараёнининг психологик-педагогик кузатуви психологлар томонидан амалга оширилади.

39. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда таълим-тарбия давлат тилида ҳамда "Давлат тили тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ бошқа тилларда олиб борилади.


8-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА РЕАБИЛИТАЦИЯ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

40. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларида ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларида ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар учун реабилитация тадбирлари ташкилот штатидаги тиббиёт ходимлари, шунингдек, ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотга ҳудудий бириктирилган соғлиқни сақлаш органлари тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилади.

41. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларда ва қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилотларда реабилитация тадбирлари ташкилот штатидаги тиббиёт ходимлари, шунингдек, бошқа тиббиёт ходимлари томонидан шартнома асосида ўтказилади.

42. Тиббиёт ходимлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш стандартларига мувофиқ тарбияланувчининг ривожланишидаги нуқсонларни коррекция қилишга, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни тиббий реабилитация қилиш, абилитация қилиш ва ижтимоий мослашувга қаратилган даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўтказади.


43. Даволашнинг белгиланган курси доирасида тиббий реабилитация муолажаларини ўтказиш ҳар бир тарбияланувчи учун машғулотлар жадвалини ҳисобга олиб якка тартибда ўтқазилади.


44. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда боланинг бўлиш муддати тугаганидан сўнг унинг қонуний вакиллари яшаш жойидаги тиббиёт муассасаси учун ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган ҳар бир боланинг тиббий картасидан кўчирма берилади.

45. Тиббий жисмоний тарбия бўйича машғулотлар тиббий жисмоний тарбия инструктори ёки тегишли тайёргарликка эга ўқитувчи томонидан ўтказилади.


46. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда барча соғломлаштириш ва реабилитация тадбирлари тўғри ташкил этилиши ҳамда ўтказилиши устидан назорат ушбу ташкилот жойлашган жойдаги соғлиқни сақлаш органлари томонидан амалга оширилади.

47. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотининг штатидаги ходимлар соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий текширувдан ўтади.

48. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилотлар ходимлари соғлиқни сақлаш органларининг муассасалари томонидан шартнома асосида тиббий текширувдан ўтказилади.


9-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТДА ГУРУҲЛАРНИ ТЎЛДИРИШ

49. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган 2 ёшдан 7 ёшгача тарбияланувчилар контингентига мувофиқ қуйидаги гуруҳлар тузилади:

нутқида оғир нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун;

эшитишида оғир нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун;

кўришида оғир нуқсонлар бўлган тарбияланувчилар учун;

психик ривожланишда кечикаётган тарбияланувчилар учун;

ақли заиф бўлган тарбияланувчилар учун;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун.


50. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида гуруҳлар болаларнинг тоифасига ва ёшига қараб тўлдирилади ҳамда тегишли равишда қуйидагиларни ташкил этади:

кар тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

заиф эшитучи тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

кўзи ожиз тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

заиф кўрувчи яхши кўрмайдиган тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлар бўлган тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 15 нафар ва кўпи билан 18 нафар тарбияланувчи;

гемипарез, монопарез, плегия асоратлари билан тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

болалар церебрал фалажи синдроми асоратлари билан тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

енгил даражада ақли заиф бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи; ўрта даражада ақлий заиф бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 6 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

нутқида оғир нуқсонлари бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

аутизм билан уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

психик ривожланишда кечикаётган уч ёшдан катта болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

мураккаб нуқсонли (икки ва ундан ортиқ нуқсонли) тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи.


51. Қўшма турпдаги мактабгача ташкилотларда инклюзив гуруҳлар ёши бўйича тўлдирилади.

52. Қўшма турдаги мактабгача ташкилотларда уч ёшдан катта болаларга мўлжалланган инклюзив гуруҳлар ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларнинг тоифасига қараб тўлдирилади ҳамда қуйидагини ташкил этади:

камида 20 нафар ва кўпи билан 25 нафар бола, шу жумладан, кўпи билан ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган (заиф кўрувчилар ёки заиф эшитувчилар ёки таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлар бўлган) 3 нафар бола;

камида 20 нафар ва кўпи билан 25 нафар бола, шу жумладан, кўпи билан ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган (амблиопия билан, кўзи ғилайлик, ёки нутқида оғир нуқсонлари бўлган ёки аутизм билан) 2 нафар бола;

камида 20 нафар ва кўпи билан 25 нафар бола, шу жумладан, кўпи билан нутқида оғир нуқсонлари бўлган 3 нафар бола;

камида 20 нафар ва кўпи билан 25 нафар бола, шу жумладан, кўпи билан психик ривожланишда кечикаётган 3 нафар бола.

Қўшма турдаги мактабгача ташкилотларда гуруҳлар болаларнинг тоифасига ва ёшига қараб тўлдирилади ҳамда тегишли равишда қуйидагини ташкил этади:

кар болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар бола;

заиф эшитувчи болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар бола;

кўзи ожиз болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар бола;

заиф кўрувчи болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар бола;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда -камида 15 нафар ва кўпи билан 18 нафар бола;

гемипарез, монопарез, плегия асоратлари билан болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар бола;

болалар церебрал фалажи синдроми асоратлари билан болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар бола;

енгил даражада ақли заиф бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи; ўрта даражада ақли заиф бўлган уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 6 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

аутизм билан уч ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи;

психик ривожланишда кечикаётган уч ёшдан катта болаларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 10 нафар ва кўпи билан 12 нафар тарбияланувчи;

мураккаб нуқсонли (икки ва ундан ортиқ нуқсонли) тарбияланувчиларга мўлжалланган гуруҳларда - камида 8 нафар ва кўпи билан 10 нафар тарбияланувчи.


53. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳларни тўлдириш тартиби мактабгача таълим ташкилотларини сақлаб туриш, тузиш ва уларда ишлаш тартибини ташкил этишга қўйилган санитария-гигиена талабларини ҳисобга олган ҳолда муассис томонидан белгиланади.



10-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАРДА ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАРДА ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

54. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда овқатланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

55. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда тарбияланувчилар овқатланишини ташкил этиш учун жавобгарлик ушбу ташкилотнинг раҳбари зиммасига юкланади.


11-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАР ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТЛАР ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

56. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот фаолияти қуйидагилар ҳисобига молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

мактабгача таълим ташкилотларида болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун олинадиган ота-оналар тўлови;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайрия эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


57. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотига ва қўшма турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотига қўшимча бюджет маблағларини жалб қилиш бюджетдан молиялаштиришни камайтиришга олиб келмайди.

58. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотни ва қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилотни молиялаштириш ҳамда моддий-техник таъминлаш муассис маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайрия эҳсонлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

59. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларида ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларида болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун олинадиган ота-оналар тўлови қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ундирилади.

60. Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларда ва қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилотлари ўзи кўрсатаётган мактабгача таълим ва тарбия хизматлари ҳақи муассис томонидан шартнома асосида белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича тўланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

61. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган оилаларнинг болаларини парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун ота-оналар тўлови имтиёзли шартлар асосида қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда олинади.

62. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотларида ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларида ота-оналар тўлови ундирилмайдиган тарбияланувчиларнинг ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлар рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.

63. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотни молиялаштириш ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот томонидан тасдиқланган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларининг инклюзив гуруҳлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатга олинган умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотлари учун харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.

Қўшма турдаги мактабгача ташкилотларнинг ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатга олинган ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари учун харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.

64. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотида ходимлар иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида раҳбарлар, педагог ва тиббиёт ходимлари, шунингдек, тарбиячилар ёрдамчилари лавозим маошларига ҳамда тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўланади.

Қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотларининг ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишловчи педагог ва тиббиёт ходимлари, шунингдек, тарбиячилар ёрдамчилари лавозим маошларига ҳамда тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўланади.

65. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот тегишли давлат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ва статистик ҳисобот тақдим этади.

66. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотининг молия-хўжалик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан назорат қилинади.


12-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАШКИЛОТИНИ ВА ҚЎШМА ТУРДАГИ ДАВЛАТ

МАКТАБГАЧА ТАШКИЛОТИНИ БОШҚАРУВИ

67. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотни ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини бошқариш қонун ҳужжатларига, ушбу Низомга ва мазкур ташкилотнинг уставига мувофиқ амалга оширилади.

68. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотини ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини бошқариш органлари қуйидагилардан иборат:

Педагогик кенгаши;

Кузатув кенгаши;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти раҳбари.

Нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлар ва нодавлат қўшма турдаги мактабгача ташкилотлар ўз бошқарув органлари тизимини мустақил белгилайди.

69. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти педагогик кенгаши:

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқади;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти иш режасини ҳамда педагог ходимларнинг педагогик юкламасини белгилайди;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти таълим дастурини амалга ошириш натижаларини баҳолайди;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотининг боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлиги тартибини белгилайди;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти педагог ходимлари малакасини ошириш, уларнинг ижодий ташаббусини ривожлантириш, таълим жараёнига фан ютуқларини ва илғор педагогик тажрибани жорий этиш масалаларини муҳокама қилади;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти ходимларини маънавий ва моддий рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти раҳбари ва педагог ходимлари ҳисоботларини эшитади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотининг Педагогик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.

70. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотида ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотида болани тарбиялаш, ривожлантириш ва таълим беришда кўмаклашиш мақсадида Кузатув кенгаши ташкил этилади. Унинг таркиби ушбу ташкилотга борадиган болаларнинг қонуний вакиллари, унинг ходимлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан тузилади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотининг Кузатув кенгаши:

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти раҳбарини сайлайди, шунингдек уни эгаллаган лавозимидан озод қилиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритади;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти раҳбарининг унинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, молия-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги даврий ҳисоботларини эшитади;

давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти раҳбари, педагог ходимлар ва бошқа ходимлар фаолиятига тааллуқли ижтимоий сўровлар ўтказади;

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларига давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти ходимларини рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритади.

Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотининг Кузатув кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.

71. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ва қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти Кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

72. Давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотига ёки қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилотига Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан Кузатув кенгаши томонидан танланадиган директор раҳбарлик қилади.

73. Мактабгача таълим ташкилотининг уставига мувофиқ лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотнинг ёки қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилотнинг раҳбари ҳисобланади.

74. Директор давлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги давлат мактабгача ташкилоти фаолиятига жорий раҳбарлик қилади ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотининг Кузатув кенгаши ва муассис олдида ҳисоб беради

75. Директор нодавлат ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ёки қўшма турдаги нодавлат мактабгача ташкилот фаолиятига жорий раҳбарлик қилади ва муассис олдида ҳисоб беради.

76. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот раҳбарининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари қонун ҳужжатларида, уставда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, меҳнат шартномасида белгиланади.

77. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилот раҳбарининг лавозимига қўйиладиган малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

78. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда психолог, тиббиёт ва педагог ходимлардан иборат тиббий-психологик-педагогик кенгаш тузилади ҳамда фаолият кўрсатади.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилот ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотнинг тиббий-психологик-педагогик кенгаши:

бола қабул қилинганда унинг ўзига хос ва ёш хусусиятларини, соғлиғи ҳолати ва ривожланиш даражасини ҳисобга олиб коррекцион-педагогик ҳамда реабилитация тадбирларини ўтказиш юзасидан индивидуал йўналишни ишлаб чиқади;

индивидуал йўналишни амалга ошириш жараёнида бола ривожланиши динамикасини аниқлайди ва зарурат бўлса, унга ўзгартишлар киритади;

коррекцион-педагогик ва реабилитация тадбирлари натижалари, боланинг ўзига ўзи хизмат кўрсатиш кўникмалари даражаси ва ижтимоий мослашув динамикаси, таълим-тарбия дастурларини ўзлаштириши мониторингини олиб боради ва баҳолайди;

бола ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда бўлган муддат давомида уни психологик-тиббий-педагогик комиссияга қайта текширувга юбориш зарурати ҳақидаги масалани кўриб чиқади;

психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасида кўрсатилган боланинг бўлиш муддати тугашидан камида бир ой олдин боланинг қонуний вакилларини тарбияланувчининг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда бўлиш муддати тугаганидан хабардор қилади ҳамда ушбу ташкилотларда бўлишини давом эттириш юзасидан уни психологик-тиббий-педагогик комиссияга текширувга юборади.


13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


79. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда сиёсий партиялар ва диний муассасаларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига ва фаолиятига йўл қўйилмайди.

80. Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотда ва қўшма турдаги мактабгача ташкилотда халқаро ҳамкорлик, педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари амалиётини ўтказиш ва малакасини ошириш белгиланган тартибда амалга оширилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 май