Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.08.2018 й. 25-сон "Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.08.2018 й.

N 25


СУДЛАР ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ

ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШ АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормаларини бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, апелляция, кассация инстанцияси жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг иши юқори инстанция судида қайта кўрилишига бўлган ҳуқуқлари таъминланишига қаратилган муҳим ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади) 497-2, 498-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация тартибида иш юритиш маҳкум, оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек прокурор ва унинг ўринбосари протести бўйича қўзғатилади.

Апелляция, кассация тартибида иш юритиш ЖПК 497-2-моддасининг тўртинчи қисми ҳамда ЖПК 498-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Улар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) киради.

Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят (протест)ни қабул қилиш пайтида апелляция, кассация шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт.


3. Қонунга кўра апелляция, кассация шикояти (протести) ҳукм чиқарган суд орқали берилади.

Апелляция шикояти (протести) ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса, уларга ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан шундай муддат ичида берилади.

Белгиланган муддатларда бевосита апелляция, кассация инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ЖПК 497-7-моддаси ҳамда 479-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари, шунингдек ЖПК 499-моддаси талабларини бажариш учун ҳукм чиқарган судга юборилиши керак.

Ҳар бир апелляция, кассация шикояти (протести) у келиб тушган сана кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши шарт.


4. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан ЖПК 497-5-моддаси биринчи қисмига мувофиқ кўриб чиқилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан ЖПК 497-9-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ўн кун ичида хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) берилганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни (протестни) асосли деб топса, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди ва ишни апелляция шикояти, протести (хусусий шикоят ёки хусусий протест) бўйича мазмунан кўради. Бунда, кўрсатилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ажрим эълон қилингандан сўнг апелляция инстанцияси судининг мажлиси ЖПК 479-моддаси иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари талабларини бажариш учун кейинга қолдирилади.


5. Қонунда кассация шикояти (протести) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ЖПК 500-моддаси мазмунига кўра, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар (маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, ундирув миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификацияси маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгартирилишига олиб келса ва ҳ.к.), шунингдек оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш назарда тутилган бўлса, суд томонидан қаноатлантирилиши мумкин эмас. Бунда бир йиллик муддат тегишли ҳукм, ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кун қўшилган ҳолда ҳисобланиши керак. Бир йиллик муддат ўтгандан сўнг берилган кассация шикояти (протести) қўриб чиқилмайди ва уни берган шахсга қайтарилади.

Агар кассация шикояти (протести) ЖПК 500-моддасида кўрсатилган бир йиллик муддат ўтгунга қадар берилган бўлиб, мазкур муддат иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар ўтиб кетса, у қаноатлантирилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда шикоят (протест) берган шахсга маълум қилинади.


6. Судларга тушунтирилсинки, қонунда апелляция, кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган.

Жумладан, биринчи инстанция суди томонидан суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан шикоят (протест) берилиши мумкин эмас. Ушбу ажримлар бўйича эътирозлар апелляция, кассация шикояти (протести)га киритилиши мумкин.

Ҳукм чиқарилгандан сўнг қабул қилинган амнистия актини татбиқ этиш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек, маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, кейинги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ва ҳ.к. ҳолларда берилган шикоят (протест), агар унда айни бир пайтда жиноят ишининг мазмуни ёки ҳукм (ажрим)нинг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, апелляция, кассация тартибида алоҳида кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 540-моддаси ва 541-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ҳал этилади. Бундай масалалар юзасидан чиқарилган суд ажрими устидан умумий асосларда хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.


7. ЖПК 497-7, 502-1-моддаларида апелляция, кассация шикояти (протести)нинг мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги туфайли, биринчи инстанция суди шикоят (протест) берувчи шахс томонидан уларга риоя этилганлигини текшириши шарт.

Агар шикоят (протест)нинг мазмуни қонун талабларига жавоб бермаса ва бу кейинчалик ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилса, судья уч кунлик муддат ичида ажрим билан уни берган шахсга қайтаради. Бундай ҳолда шикоят (протест) қайта расмийлаштириш учун ЖПК 497-6, 502-моддаларида белгиланган доирада муддат белгиланади.

Шикоят (протест), жумладан, унда қуйидагилар бўлмаса қайтарилиши мумкин, яъни:

шикоят (протест) берган шахс ёки кимга нисбатан ҳукм устидан шикоят (протест) келтираётганлиги тўғрисида маълумот;

шикоят (протест) берган шахснинг, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги тўғрисидаги важлари ва талабларининг мазмуни;

аризачи ўз талабларини асослаётган ҳамда апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан текширилиши шарт бўлган далиллар тўғрисида маълумот;

шикоят (протест) берган шахснинг имзоси.

Агар шикоят (протест) берган шахс суд томонидан белгиланган муддатда ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этса, шикоят (протест) судга дастлаб тақдим этилган кундан бошлаб берилган ҳисобланади. Суд кўрсатмаларидан бирор-биттаси ажратилмаган ҳолда шикоят (протест) берилмаган ҳисобланади.


8. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонун апелляция шикояти бериш ҳуқуқини амалга ошириш муддатини маҳкум, оқланган шахс ва жабрланувчига ҳукм нусхасини топшириш факти билан боғлайди. Шу туфайли, ишдаги материаллар (масалан суд мажлиси баённомаси) билан танишгандан сўнг "асосий" шикоят (протест) тақдим этилишини кўрсатиб, "дастлабки" апелляция шикояти (протести) берилиши қонунда назарда тутилмаган.

Суд мажлиси баённомаси билан танишиш истагини билдирган процесс иштирокчиси ЖПК 479-моддасининг биринчи қисми ва 497-11-моддасининг тўққизинчи қисмига мувофиқ судга қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.


9. Жиноят процесси иштирокчисининг ўз шикояти (протести)га ўзгартириш киритиш ҳуқуқи апелляция, кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунга қадар амалга оширилиши мумкин. Бироқ, ЖПК 497-7-моддаси биринчи қисмининг 4-банди мазмунига кўра, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган томонга апелляция шикояти (протести) талаблари фақат суд қарори устидан шикоят (протест) бериш учун белгиланган муддатларда, кассация шикояти (протести) талабларини ўзгартириш эса, ЖПК 500-моддасида назарда тутилган муддатда ўзгартирилишига йўл қўйилади.

Қонун мазмунига кўра, апелляция, кассация шикояти (протести) важлари апелляция, кассация суди маслаҳатхонага киргунга қадар ўзгартирилиши мумкин.

ЖПК 497-4, 500-моддаларида белгиланган муддатлар ўтгандан сўнг берилган, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштиришга қаратилган талаблар апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан эътиборга олинмаслиги керак.


10. ЖПК 497-8, 503-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация шикояти (протести) берган шахс ўз шикояти (протести)ни, маҳкум эса, ҳимоячиси берган шикоятни ҳам қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқи юқори турувчи прокурорга ҳам тегишли.

Қонун мазмунига кўра апелляция, кассация шикояти (протести) апелляция, кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунга қадар қайтариб олиниши мумкин.

Апелляция, кассация шикояти (протести)нинг қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа процесс иштирокчилари томонидан берилган апелляция, кассация шикояти (протести) бўлмаса, апелляция, кассация тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади. Бунда, агар шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси суди мажлиси бошлангунга қадар қайтариб олинган бўлса, у шикоят (протест) нусхаси ишда сақланган ҳолда шикоят (протест) берган шахсга хат орқали қайтарилади, бошқа ҳолларда эса, суд, кимга нисбатан шикоят (протест) берилган бўлса, ўша шахсга нисбатан апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида баённомада акс эттириладиган ажрим чиқаради. Апелляция ёки кассация тартибида иш юритиш тугатилиши мазкур шахс томонидан қайта кассация шикояти (протести) берилишига тўсқинлик қилмайди.


11. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 497-6-моддаси иккинчи қисми, 502-моддаси талабларининг бажарилиши процесс иштирокчилари ҳуқуқларининг таъминланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Шу туфайли апелляция, кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш пайтида қуйидагиларни текшириши шарт:

маҳкум (оқланган шахс)га, жабрланувчига биринчи инстанция суди қарорлари нусхасининг топширилганлигини;

процесс иштирокчиларига апелляция, кассация шикояти (протести), шунингдек қўшимча материаллар келиб тушганлиги тўғрисида хабар берилганлигини;

апелляция, кассация шикояти (протести) билан процесс иштирокчилари таништирилганлиги ҳамда уларга ушбу ҳужжатлар нусхаси топширилганлигини;

процесс иштирокчиларининг апелляция, кассация инстанциясида иш кўриладиган жой ва вақт тўғрисида тегишли тарзда хабардор этилганлиги, шунингдек маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилларига, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакилларига апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этиш ҳуқуқининг тушунтирилганлигини.

Апелляция, кассация инстанцияси суди суд қарорининг ишда тараф бўлмаган шахс ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми юзасидан апелляция, кассация шикояти (протести) билан келиб тушган ишни кўришга тайёрлаш пайтида қуйидагиларни текшириши шарт:

унга суд қарори нусхаси топширилганлигини;

унга шикоят (протест) берилганлиги тўғрисида хабар берилганлигини;

келиб тушган шикоят (протест) нусхаси унга берилганлигини;

унга апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилганлигини;

унга апелляция, кассация инстанцияси суди мажлиси ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабар берилганлигини.

Ушбу талаблар бажарилмаганлиги аниқланган ва уларни ўзи амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни қайта расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли. Биринчи инстанция суди томонидан ишни қайта расмийлаштириш ЖПК 497-6 ва 502-моддаларида назарда тутилган муддатларда амалга оширилиши лозим.


12. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган ва апелляция инстанцияси суди мажлисида қатнашиш истагини билдирган маҳкумнинг унда иштирок этишини таъминлаш ушбу суднинг мажбурияти ҳисобланади. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкумнинг апелляция инстанцияси судида иштирок этиш истагини билдирган ёки билдирмаганлиги аниқланиши ва натижасига қараб, уни суд мажлисига олиб келиш чоралари кўрилиши шарт.

Қўлланилган эҳтиёт чораси туридан қатъий назар, маҳкумнинг апелляция инстанцияси суди мажлисида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши деб баҳоланади ва суд ажримининг бекор бўлишига сабаб бўлади.

Маҳкум (оқланган шахс)нинг кассация инстанцияси суди мажлисида қатнашиши масаласини ҳал этиш суднинг ҳуқуқига тегишлидир. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкум (оқланган шахс)нинг кассация инстанцияси судида иштирок этишига зарурат борлиги аниқланиши ва натижасига қараб, унинг суд мажлисида иштирок этиши чоралари кўрилиши лозим.


13. ЖПК 480-моддаси биринчи қисми мазмунига кўра апелляция, кассация инстанцияси суди мазкур инстанцияда давлат айбловини қувватлаш ваколатига эга бўлган прокурорни ҳар бир иш бўйича олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши шарт.


14. Апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этишга ҳуқуқи бор шахслар доираси қонунда белгиланган (ЖПК 479-моддаси тўртинчи қисми).

Ишнинг кўрилиш жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаслиги уни кўриш учун тўсиқ бўлмайди.

Айни пайтда, қонунга кўра апелляция, кассация инстанцияси судида прокурорнинг иштироки шарт бўлиб, бундай ҳолда, ЖПК 25-моддаси биринчи қисми ҳамда 51-моддаси биринчи қисми 6, 9-бандлари мазмунидан келиб чиқиб, ушбу инстанцияда ҳимоячининг иштироки ҳам таъминланиши шарт (ЖПК 52-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Шу сабабли прокурор ёки ҳимоячи келмаган ҳолларда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиши керак.


15. Апелляция, кассация инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси судида ишнинг муҳокамаси, ЖПК 497-11-моддаси ва 497-12-моддаси биринчи қисми, 506-моддасида назарда тутилган истисноларни инобатга олган ҳолда, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида олиб борилади.


16. Апелляция, кассация инстанцияси суди қисман ёки тўлиқ суд тергови ўтказиши, шу жумладан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириб чиқиши ва уларга суд мажлисида аниқланган янги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳуқуқий баҳо бериши мумкин (ЖПК 490-моддаси учинчи қисми).

Апелляция, кассация инстанцияси суди тарафларнинг илтимосномаларини (янги гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертизалар ўтказиш, ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқалар ҳақида), улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас. Зарур ҳолларда суд қўшимча далилларни талаб қилиб олишда ташаббус кўрсатиши лозим.

ЖПК 481-моддасига мувофиқ қўшимча материаллар суд томонидан тергов органларига муайян тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида топшириқ бериш йўли билан ҳам олиниши мумкин. Бу ҳақда апелляция, кассация инстанцияси суди ажрим чиқаради, ишнинг муҳокамаси эса кейинга қолдирилади.


17. Апелляция, кассация шикоятида процесс иштирокчиларининг суд мажлиси баённомасида қайд этилган кўрсатувлари уларнинг биринчи инстанция судида аслида берган кўрсатувларига мос эмаслиги тўғрисида келтирилган важлар бу шахсларни апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисида сўроқ қилиш йўли билан текширилиши мумкин.


18. Апелляция, кассация инстанцияси судида тарафлар музокаралари тегишлича ЖПК 449, 506-моддалари қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Иш бўйича бир неча апелляция, кассация шикояти (протести) мавжуд бўлганда, биринчи бўлиб айблов тарафига тегишли процесс иштирокчилари сўзга чиқади.


19. Қонунга кўра, апелляция, кассация инстанцияси суди мажлисида иштирок этаётган маҳкумга охирги сўз берилмаслиги, жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши саналади ва апелляция, кассация инстанцияси ажримининг бекор бўлишига сабаб бўлади.


20. Апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлигини, жиноят ва жиноят-процессуал қонуни нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

ЖПК 494-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси суди жазони кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга фақат шу асосларга кўра жабрланувчи ёки унинг вакили томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ва ЖПК 500-моддасида белгиланган муддат ўтиб кетмаган ҳоллардагина ҳақли.

Агар ишни кўриш вақтида судланувчи томонидан айб эълон қилинмаган бошқа жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, апелляция, кассация инстанцияси суди ЖПК 416-моддаси биринчи қисми қоидаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Агар ишни кўриш вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, апелляция, кассация инстанцияси суди ЖПК 417-моддаси биринчи қисми қоидаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди фақат прокурор томонидан протест билдирилган, жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили томонидан шикоят берилган ҳоллардагина оқлов ҳукмини бекор қилиб, айблов ҳукми чиқаришга ҳақли.


21. ЖПК 482-моддасига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест)да баён этилган важлар билангина чегараланмасдан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўла ҳажмда (тафтиш тартибида) текширишга мажбур.

Иш бўйича бир неча маҳкум (оқланган шахс) ўтган бўлиб, ҳукм устидан улардан айримлари шикоят берган ҳолларда ҳам апелляция, кассация инстанцияси судида иш барча маҳкумларга (оқланган шахсларга) нисбатан кўрилади.

Бироқ, агар бу маҳкум (оқланган шахс) аҳволининг оғирлашувига олиб келса, прокурор протести ёки жабрланувчининг шикояти бўлмаган ҳолларда, суд шикоят (протест)да келтирилган важлар доирасидан четга чиқишга, шунингдек апелляция. кассация шикояти бермаган маҳкумлар (оқланган шахслар)га нисбатан ишни кўришга ҳақли эмас (ЖПК 494-моддаси иккинчи ва бешинчи қисмлари).

Апелляция инстанциясида ишнинг тафтиш тартибида текширилиши суд қарори устидан апелляция шикояти бермаган процесс иштирокчиларини (агар уларга нисбатан ҳукм ўзгартирилган бўлса) кассация шикояти бериш ҳуқуқидан маҳрум қилади, чунки бунда ҳар доим апелляция инстанцияси ажримининг қонунийлиги ва асослилиги шубҳа остига олинади. Бундай ҳолларда шикоят (протест) назорат тартибида кўриб чиқилиши керак.

Апелляция тартибида шикоят бермаган шахс, агар апелляция инстанцияси суди ажримида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор хулосалар қилинмаган бўлса, суд қарори устидан кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқини сақлаб қолади.


22. Қандайдир сабабга кўра айрим маҳкумларга нисбатан қонунда белгиланган муддатда берилган апелляция шикояти (протести) бошқа маҳкумларга нисбатан иш кўрилгандан сўнг келиб тушса ёки ўтказиб юборилган муддат ЖПК 497-5-моддаси тартибида тикланса ёхуд маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция шикояти шу маҳкумга нисбатан процесснинг бошқа иштирокчиси томонидан берилган шикоят (протест) кўрилгандан сўнг келиб тушса, апелляция инстанцияси суди ЖПК 497-17-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилиши керак.

Агар қандайдир сабабга кўра айрим маҳкумларга нисбатан қонунда белгиланган муддатда берилган кассация шикояти (протести) бошқа маҳкумларга нисбатан иш кўрилгандан сўнг келиб тушса ёки маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг кассация шикояти шу маҳкумга нисбатан процесснинг бошқа иштирокчиси томонидан берилган шикоят (протест) кўрилгандан сўнг келиб тушса, кассация инстанцияси суди ЖПК 508-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилиши керак.


23. Апелляция, кассация инстанцияси суди, агар чиқарилган ҳукм ЖПК 455-моддаси талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уни ўзгаришсиз қолдиради.

Ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганда апелляция, кассация инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 533-моддаси биринчи қисми 3-бандида кўрсатилган асос мавжуд бўлганда - ҳукмнинг ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга.


24. ЖПК 484-моддасида ҳукм бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, апелляция, кассация инстанцияси суди, ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, уларни у ёки бу тарзда қўллаши мумкин.

Ҳукм қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши шарт, агар:

суд тергови тўлиқ бўлмаса ёки бир ёқлама олиб борилган бўлиб, бироқ йўл қўйилган камчиликлар тўлдирилганидан сўнг апелляция, кассация инстанцияси суди жиноят квалификацияси ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида хулосага келса;

ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмай, бироқ апелляция, кассация инстанцияси суди уларга, шу жумладан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирган ҳолда тегишли баҳо бера олса;

иш бўйича ЖПК нормалари бузилган бўлиб, бироқ уларнинг апелляция, кассация инстанциясида бартараф этилиши ҳукмнинг ўзгартирилишига олиб келса;

суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) нормалари нотўғри қўлланилган бўлиб, бироқ апелляция, кассация инстанцияси суди бу хатони, шу жумладан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирган ҳолда тузатиши мумкин бўлса;

апелляция, кассация инстанцияси суди тайинланган жазо енгиллаштирилиши ёки оғирлаштирилиши (шу жумладан, қўшимча жазо тайинлаш йўли билан) лозим деб ҳисобласа.


25. Апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

қилмишни ЖК бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

айбловнинг биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган бир қисмини (айрим эпизодларини) айбловга қўшишга;

ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган ЖК моддасини чиқаришга;

ЖК 70-72-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда - маҳкумни жазодан озод қилишга;

жазо миқдорини ўзгартириб, ЖК Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида енгилроқ ёки оғирроқ жазо (асосий ва қўшимча) тайинлашга ёхуд ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда бошқа жазо тайинлашга;

ЖК 59 ёки 60-моддасини қўллаб, жазо миқдорини ўзгартиришга;

жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек ушбу масала биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилмаган ҳолларда - бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан қаттиқроқ турини белгилашга.


26. Асосий жазо енгиллаштирилганда, шу жумладан ЖК 57-моддаси қўлланилганда ҳам, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмнинг қўшимча жазо тайинлаш ҳақидаги қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


27. ЖПК 494-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари талабларига риоя этган ҳолда маҳкумнинг қилмишини ЖК бир моддасидан икки ва ундан ортиқ моддаларига қайта квалификация қилганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмга тегишли ўзгартиришлар киритиши ва ЖК 59-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ жазо тайинлашга ҳақли. Бунда янги жазо ҳукм бўйича тайинланган жазодан фақат шу асосларга кўра жабрланувчи ёки унинг вакили томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳоллардагина оғирроқ бўлиши мумкин.

Агар ЖК бир моддаси билан квалификация қилиниши шарт бўлган икки ёки ундан ортиқ қилмиш ЖК бир неча моддаси билан нотўғри квалификация қилинган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди ушбу қилмишларни ЖК тегишли моддасига қайта квалификация қилиб, шу модда бўйича жазо белгилашга ҳақли.


28. Биринчи инстанция суди томонидан жазоларни қоплаш принципи (ЖК 59-моддаси учинчи қисми) нотўғри қўлланилганлиги аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди жазоларни қўшиш принципига ўтиши мумкин. Бунда, агар шу асосларга кўра жабрланувчи ёки унинг вакили томонидан шикоят берилмаган ёки прокурор томонидан протест билдирилмаган бўлса, янги жазо ҳукм бўйича тайинланган узил-кесил жазо миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


29. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириб, уларни ҳукмдан чиқариши лозим.

Агар маҳкум ЖК турли моддалари бўйича квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмнинг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини ўзгартириб, ўша маҳкумга нисбатан ҳукмнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


30. Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм сўзсиз бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши тушунчаси ЖПК 487-моддасида кўрсатилган. Бундай қонун бузилишини аниқлаганда, апелляция, кассация инстанцияси суди жиноят иши кимнинг шикояти (протести)га кўра кўрилаётганлигидан қатъий назар, йўл қўйилган қонун бузилиши дахл этган барча маҳкумларга нисбатан ҳукмни бекор қилиши шарт.

Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши апелляция, кассация инстанцияси судини шикоят, протестда келтирилган бошқа важларни ҳам (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к.) мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.

Жиноят иши бўйича йўл қўйилган жиноят-процессуал қонуни жиддий бузилиши ҳоллари апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ҳукм бекор қилиниб, янги ҳукм, шу жумладан айблов ёки оқлов ҳукми чиқарилишига ёки ишнинг ЖПК 84-моддасига мувофиқ тугатилишига тўсқинлик қилмайди.


31. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, ҳукм, гарчи унда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса-да, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак.

Агар апелляция, кассация инстанцияси суди маҳкумнинг ҳаракатларини ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, апелляция, кассация инстанцияси биринчи инстанция суди қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, бу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисми 2-банди ҳамда учинчи қисми 2 ва 5-бандларига мувофиқ жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


32. Агар амнистия акти биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўлланилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди, жабрланувчи ёки унинг вакилининг шикояти ёки прокурор протести бўлган тақдирда, ҳукмнинг жазо тайинлаш қисмини ўзгартириб, амнистия актини қўлламаган ҳолда янги жазо тайинлайди.

Бироқ, агар апелляция, кассация инстанцияси суди амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукмда тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, у ҳукмдан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, ҳукмда амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.


33. ЖПК 494-моддаси иккинчи қисми мазмунига кўра, ҳукм апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга фақат жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикоятида, прокурор протестида кўрсатилган асослар бўйича ўзгартирилиши мумкин. Масалан, шикоят (протест)да фақат маҳкумнинг ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги тўғрисидаги масала қўйилган бўлса, суд ҳукмни жазонинг енгиллиги сабабли ўзгартиришга ҳақли эмас.

Ўзга маҳкумлар ёки улар ҳимоячиларининг оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш зарурлиги ёки жазонинг енгиллиги тўғрисидаги шикоятлари ҳукмни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгартириш учун сабаб бўла олмайди.


34. Апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмни бекор қилиш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

1) айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқаришга;

2) оқлов ҳукмини бекор қилиш ва айблов ҳукми чиқаришга;

3) айблов ҳукмини бекор қилиш ва жиноят ишини тугатишга.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг ҳукми ажрим шаклида чиқарилади.


35. Жиноят-процессуал қонуни мазмунига кўра, ишни хусусий шикоят (протест) бўйича кўрганда апелляция, кассация инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

1) биринчи инстанция суди ажримини ўзгаришсиз, хусусий шикоятни (протестни) эса, қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун юборишга;

3) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиш ва ишни умумий асосларда дастлабки тергов ўтказиш учун прокурорга юборишга;

4) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиш ва амнистия актини қўллашга;

5) биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиш ва ишни тугатишга;

6) биринчи инстанция суди хусусий ажримини бекор қилишга;

7) биринчи инстанция суди ажримини ўзгартиришга.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг хусусий шикоят (протест) бўйича чиқарган ажрими узил-кесил ҳисобланади.


36. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, оқлов ҳукмининг асоси бу ҳақда шикоят (протест) берилган ҳолдагина ўзгартирилиши мумкин.

Оқлов ҳукми апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан, фақат, шахснинг асоссиз оқланганлиги тўғрисида жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикояти ёки прокурорнинг протести бўлган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Айрим оқланган шахсларга нисбатан шикоят (протест) берилиши бошқа оқланган шахсларга нисбатан ҳукмнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлмайди.


37. Агар маҳкум ўзи ёки процесснинг бошқа иштирокчилари томонидан апелляция, кассация шикояти (протести) берилгандан сўнг, бироқ иш апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда, апелляция, кассация инстанцияси суди айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаради, бошқа ҳолларда эса, ҳукмни бекор қилиб, ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини ЖПК 84-моддаси биринчи қисми 3-бандига мувофиқ тугатади.

Иш тугатилганда ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ, уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса - фуқаролик иш юритув тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритув тартибида кўрилади.


38. Апелляция, кассация инстанцияси судининг ажрими ЖПК 496-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши, жумладан, унда апелляция, кассация шикояти (протести)да келтирилган ҳар бир важ муҳокама этилиб, унинг асослилиги ёки асоссизлиги юзасидан хулосалар баён этилиши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг ажрими у эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилиши шарт.


39. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлигини аниқлаган тақдирда, апелляция, кассация инстанцияси суди хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга жалб этиши мумкин.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, апелляция, кассация инстанцияси суди унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига олувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


40. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларга ишларнинг апелляция, кассация инстанциясида синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиши учун қонунда берилган барча имкониятлардан фойдаланиш тавсия этилсин.


41. Мазкур қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қуйидаги қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

"Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида" 2006 йил 3 февралдаги 2-сонли;

"Судлар томонидан жиноят ишларини кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида" 2008 йил 15 майдаги 11-сонли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий суд судьяси

И. Алимов