Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.07.2019 й. ПҚ-4392-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига қисман ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.07.2019 й.

N ПҚ-4392



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР

МАҲКАМАСИНИНГ ИЖРО ЭТУВЧИ ТУЗИЛМАСИГА

ҚИСМАН ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Бошқарув тузилмасини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги машинасозлигини комплекс ривожлантиришни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш ва кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирларини фаоллаштириш ва кучайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раиси лавозими киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раисига:

қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш, лизинг ва сервис хизмати кўрсатиш тизимини жорий этиш;

янги мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан шахсий масъулият юклансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати тузилмасида 6 нафар ходимдан иборат, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг умумий сони доирасида 3 нафар ходим ҳисобига қишлоқ хўжалиги машинасозлигини, янги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари котибияти ташкил этилсин.


4. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов бир ҳафта муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмалари тузилмасига ўзгартиришлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган штат жадвалини тасдиқласин;

Бош вазирнинг маслаҳатчиси - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раисининг функционал вазифаларини ҳамда Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини, янги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси Р.В. Абдуқодиров ўн кун муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси Р.В. Абдуқодиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июль