Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.03.2020 й. 133-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 9 мартдаги

133-сон қарорига

1-ИЛОВА



Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни (кейинги ўринларда давлат буюртмаси деб аталади) шакллантириш, бажариш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


академик ҳаракатчанлик - илмий ходимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиши, тажриба алмашиши;


амалий тадқиқотлар - амалий мақсадларга эришиш ва аниқ вазифаларни ҳал этиш учун асосан янги билимларни ва фундаментал тадқиқотлар натижаларини қўллашга йўналтирилган тадқиқотлар;


бенефициар (лойиҳадан фойда олувчи) - илмий-тадқиқот лойиҳасининг амалга оширилишидан манфаатдор бўлган шахс;


давлат буюртмаси - илмий-тадқиқот лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириш топшириғи;


илмий экспертиза - илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича асослантирилган қарор қабул қилиш мақсадида уни ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;


илмий-тадқиқот лойиҳаси - фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар шаклида мақсад ва вазифалари, ижрочилари ва бажариш муддатлари, манбалари, воситалари (уларнинг шакллантириш манбаларидан қатъи назар) илмий ва (ёки) илмий-техник натижаларни, ноу-хау ва янги технологияларни олишга қаратилган ташкилий-техник ва бошқа зарур чора-тадбирлар мажмуи;


илмий-техник кенгаш - Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида илмий лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказиш мақсадида тегишли фан йўналишлари бўйича соҳага оид олимлар, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларидан шакллантирилган ҳамда жамоатчилик асосида фаолият юритадиган илмий-техник жамоа;


инновацион лойиҳалар - амалга ошириш муддати, инфратузилмаси, ижрочилари, молиялаштириш манбаи ва ҳажмига эга инновацияни яратиш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган тадқиқотлар;


коллегиал орган - Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳайъати;


лойиҳанинг ижрочи ташкилоти - илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширувчи илмий фаолият субъектлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланадиган бошқа ташкилотлар;


мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари - Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида белгиланган давлат сиёсати вазифаларининг илмий ечимини таъминлашга йўналтирилган, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган ўзига хос муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган, танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони чегараланган илмий-тадқиқот лойиҳалари;


саноат ҳамкори - илмий-тадқиқот лойиҳаси натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этишдан манфаатдор бўлган ва шунга мувофиқ лойиҳани ҳамкорликда молиялаштириш таклифига эга саноат ёки тармоқ корхонаси;


тажриба-конструкторлик лойиҳаси - тажриба, конструкторлик намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳа;


ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари - фан ва технологияларнинг устувор йўналишларига мувофиқ илмий фаолият субъектларининг ташаббуслари асосида қабул қилинадиган, альтернатив лойиҳа таклифлари талаб қилинмайдиган илмий-тадқиқот лойиҳалари;


тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари - илмий фаолиятнинг илғор йўналишлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжлари ва муаммоларидан келиб чиққан ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқиладиган, молиявий ҳажми кўрсатилган, мавзу доирасида олинадиган якуний маҳсулоти аниқ акс эттирилган мунтазам равишда эълон қилинадиган, танлов асосида молиялаштириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари;


фундаментал тадқиқотлар - табиат, жамият ва инсоннинг тузилиши, шаклланиши ва ривожланишига оид асосий қонуниятлар ҳақидаги янги билимларни олишга, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни, шунингдек, муайян фаолият натижасида яратилган объектларни ўрганишга қаратилган назарий ва (ёки) тажриба ўтказишга қаратилган тадқиқотлар.


3. Давлат буюртмаси тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари, мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳамда илмий фаолият субъектларининг ташаббуслари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари асосида шакллантирилади.


4. Давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади) юкланади.


5. Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни бажариш учун давлат буюртмаси Буюртмачи билан илмий-тадқиқот лойиҳаларининг ижрочи ташкилоти ўртасида шартнома тузиш орқали амалга оширилади.



2-БОБ. ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ДАВЛАТ БУЮРТМАСИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


6. Давлат буюртмаси мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш вазифалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида назарда тутилган мақсадларга эришиш учун шакллантирилади.


7. Давлат буюртмаси бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар йўналишлари, тематикалари ва молиялаштириш ҳажмлари Буюртмачи томонидан шакллантирилади ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини белгиланган тартибда танловдан ташқари (альтернатив лойиҳа таклифлари мавжуд бўлмаганда) ёки танлов асосида (альтернатив лойиҳа таклифлари ичидан) саралаб олиш учун асос бўлади.


8. Буюртмачи давлат буюртмасини бажариш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари танловини мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган талаблар асосида эълон қилади.

Эълонлар Буюртмачининг расмий веб-сайтига аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилган ҳолда жойлаштирилади.


9. Фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

табиат, жамият, инсон, онг ва сунъий равишда яратилган объектларнинг тузилиши, фаолияти ва ривожланишининг асосий қонуниятларини очишга қаратилган янги билимларни эгаллаш;

илм-фаннинг муайян соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини назариялар, тушунчалар, методологиялар, усуллар, тавсиялар шаклида қўллаш мақсадида тадқиқ этиш;

илм-фан назарияси ва методологиясини бойитишга, келгусида бажариладиган амалий тадқиқотлар ҳамда уларни амалий қўллашга қаратилган инновация ишлари учун асос сифатида хизмат қилиш.

Фундаментал лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати беш йилгача бўлиши мумкин.

Фундаментал лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.


10. Амалий илмий-тадқиқот лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

ишлаб чиқариш ва/ёки ижтимоий, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида янги конструкциялар, материаллар, усуллар, хизматларни яратишга ёки мавжудларини такомиллаштиришга хизмат қилиши;

иқтисодиётнинг реал секторини шакллантиришга кўмаклашиш, ишлаб чиқариш соҳасида энергия ва ресурсларни тежашни таъминлаш, миллий иқтисодиёт субъектлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг инновацион таркибини ва қўшимча қийматини ошириш;

юқори технологияли маҳсулотлар намуналарини тайёрлаш ва/ёки ишланмаларнинг техник ва технологик синовларининг натижалари ва/ёки олинган илмий-техник натижани иқтисодиётнинг реал секторига жорий қилиш;

илмий-техник маҳсулотлар ва унга илмий-техник ҳужжатлар тўпламини, шу жумладан лойиҳалаш ҳужжатларини ва/ёки технологик ҳужжатларни тасдиқлаш, лаборатория қоидалари ва/ёки техник шартлар ва паспортлар, шунингдек, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқиш.

Амалий лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати уч йилгача бўлиши мумкин.

Амалий лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.


11. Инновацион лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:

аввал бажарилган фундаментал ва амалий тадқиқотлар асосида маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган янги маҳсулот ва технологияларни яратиш, мавжудларини сифат жиҳатидан такомиллаштириш, таннархини пасайтириш, меҳнат бозорида янги иш ўринларини яратишни таъминлаш;

кейинчалик улардан амалиётда фойдаланиш мақсадида амалга ошириладиган конструкторлик, тажриба намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ тажриба-конструкторлик ишларини бажариш;

юқори технологияга асосланган маҳсулотлар намуналари ёки прототипларини яратиш ва/ёки тажриба-лаборатория технологиясини татбиқ этиш, илмий ҳажмдор маҳсулотни ишлаб чиқаришга тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўллаш учун янги турдаги хизматларнинг тажриба-синовини ўтказиш (соғлиқни сақлаш, банк-молия сектори ва бошқалар).

Инновацион лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати икки йилгача бўлиши мумкин.

Инновацион лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.


12. Илмий-тадқиқот лойиҳаларига ташкилотлардан тақдим этиладиган аризалар Буюртмачи томонидан рўйхатдан ўтказилиб, идентификация рақами олингандан сўнг қабул қилинади. Рўйхатдан ўтиш тартиби ва ижрочи ташкилотларга қўйиладиган талаблар Буюртмачи томонидан белгиланади ва Буюртмачининг расмий веб-сайтида ва/ёки зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.



3-БОБ. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ АСОСИДА

АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ЛОЙИҲАЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларини

шакллантириш тартиби


13. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларига буюртма давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий фаолият субъектларининг асосланган таклифлари, шунингдек, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, тижоратлаштириш имконияти мавжуд якуний тайёр маҳсулот/технологияларга бўлган эҳтиёжлари таҳлилининг натижалари асосида Буюртмачи томонидан ишлаб чиқилади.

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


14. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат буюртмасига киритиш учун иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммоларини ва реал эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилиш ва ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий-тадқиқотлар бўйича белгиланган тартибда ва шаклда асосланган таклифлар (кейинги ўринларда таклифлар деб аталади) тайёрлайди. Таклифлар Буюртмачининг расмий сўровига асосан ёки ихтиёрий равишда кўриб чиқиш учун мунтазам равишда тақдим этилиши мумкин.

Бунда давлат буюртмасига киритиш учун илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан уларнинг илмий-техник ёки илмий кенгашларида кўриб чиқилиб, маъқулланган тематик лойиҳа эълони учун таклиф ушбу муассасаларнинг юқори турувчи вазирлик ва идораларига тақдим этилади.

Юқори турувчи вазирлик ва идоралар илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасаларидан олинган таклифларни умумлаштиради ва кўриб чиқиш учун Буюртмачига тақдим этади.

Иқтисодиёт тармоқларининг илмий ечимни таъминлаш талаб этиладиган эҳтиёжлари бўйича таклифлар тўғридан-тўғри Буюртмачига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан таклифлар ҳудуд иқтисодиётининг муаммоларини ва илмий-техник ишланмаларга бўлган эҳтиёжларни таҳлил қилиш, шунингдек, ҳудуддаги юқори турувчи ташкилоти мавжуд бўлмаган бошқа ташкилотларнинг таклифлари асосида шакллантирилади.


15. Давлат буюртмасига киритиш учун тематик лойиҳа эълони учун таклифларни шакллантиришда қуйидаги принципларга риоя этилади:

илмий-тадқиқот мавзусининг долзарблиги ва тематик лойиҳа мавзусида аниқ якуний маҳсулотга буюртмани акс этганлиги;

фан ва технологиялар ривожи учун устуворлиги;

иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларининг аниқ муаммоларини ҳал этишга қаратилганлиги;

лойиҳа натижасида якуний маҳсулотни яратилиши асосланганлиги;

ишланманинг рақобатбардошлилиги;

тайёр маҳсулотни ишлаб чиқишга йўналтирилганлиги;

лойиҳа натижаларининг тижоратлаштириш имкониятининг мавжудлиги;

лойиҳанинг натижадорлиги (маҳсулот ёки такомиллаштирилган технология);

лойиҳанинг молиялаштириш прогноз ҳажмлари белгиланганлиги.


16. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифларни шакллантириш учун, зарур ҳолларда, Буюртмачи томонидан мавзу ва лойиҳа натижасида яратиладиган маҳсулотни иқтисодиётга кераклиги тўғрисида манфаатдор давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига сўров юборилади.

Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифлар Буюртмачи томонидан мунтазам равишда қабул қилинади.


17. Таклифларни шакллантиришда уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги учун тематик илмий-тадқиқот бўйича таклиф берган (бенефициар) томон жавобгар бўлади.


18. Буюртмачи таклиф(лар) қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун давомида келиб тушган таклифлар йиғма рўйхатини шакллантиради, уларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, амалга оширилаётган ва аввал амалга оширилган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқади.


19. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифларни ўрганиш жараёнига зарур ҳолларда, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг тегишли мутахассислари, шу жумладан хорижий экспертлар ҳам жалб этилиши мумкин.


20. Буюртмачи тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифлар рўйхатини шакллантиришда мавзу доирасида амалга ошириладиган лойиҳанинг тури, кутилаётган якуний натижаси ва амалга ошириш муддатларидан келиб чиқиб, молиялаштиришнинг прогноз ҳажмини белгилаши мумкин.


21. Буюртмачи тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар долзарблиги ҳамда аҳамиятини, кутилаётган якуний натижасини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини белгилайди.


22. Буюртмачининг таркибий бўлинмалари таклиф(лар) қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун муддат ичида лойиҳа таснифи ва унга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва эълон учун тайёрлайди.


23. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларга давлат буюртмаси Буюртмачининг буйруғи билан тасдиқланади ва лойиҳани топширишнинг аниқ муддати ва тартиби белгиланган ҳолда унинг расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилинади.

Ўрганиш натижаларига кўра, айрим таклифлар эълонга берилмаслиги ва қайта кўриб чиқиш учун таклиф этувчига қайтарилиши ёки асослантирилган ҳолда рад этилиши мумкин.



2-§. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини

шакллантириш тартиби


24. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, давлат дастурлари ва концепцияларда баён этилган вазифа ва топшириқлар асосида (агар бу топшириқларни ижроси тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар танловлари доирасида бажарилиши мумкин бўлмаса) ҳамда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган ўзига хос муаммоларни ҳал этиш эҳтиёжидан келиб чиқиб мурожаатга мувофиқ қабул қилинади. Бунда танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони чегараланганлиги учун лойиҳалар тегишли илмий-техник кенгашда ўтказилган илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловдан ташқари молиялаштирилади.

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


25. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари икки ёки ундан ортиқ илмий фаолият субъектлари, халқаро ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.


26. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари қабул қилинганидан кейин ўттиз кун ичида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифларни Буюртмачига тақдим этади. Бунда таклиф қилинаётган илмий лойиҳанинг мақсадлилиги, ўзига хослиги ва танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони йўқлиги ёки чегараланганлиги асослаб берилиши шарт.

Буюртмачининг ўрганишлари ва хулосаси асосида танлов ўтказиш имкони бўлган топшириқларга тематик илмий лойиҳалар шакллантирилиб, танловга қўйилиши мумкин.


27. Буюртмачи мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини тегишли илмий кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловдан ташқари молиялаштиришга йўналтиради.


28. Ариза берувчи (бенефициар) мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантиришда ва амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифлар учун жавобгардир.


29. Буюртмачи таклиф(лар) қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун давомида келиб тушган таклифларнинг йиғма рўйхатини шакллантиради, такрорланишларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, амалга оширилаётган ва аввал амалга оширилган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда тегишли илмий кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра молиялаштиришга тавсия беради.


30. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш жараёнига зарур ҳолларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг тегишли мутахассислари, шу жумладан хорижий экспертлар ҳам жалб этилиши мумкин.


31. Буюртмачи лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий имконият мавжуд бўлганда, маблағлар лимитини ошириш ёки маблағларни тадқиқот йўналишлари ўртасида қайта тақсимлаш ҳуқуқига эга.

Қабул қилинган барча турдаги лойиҳа ҳужжатларининг молиявий-иқтисодий экспертизаси Буюртмачи томонидан амалга оширилади.

Молиявий-иқтисодий экспертиза лойиҳа фан йўналиши бўйича тегишли илмий-техник кенгаш томонидан молиялаштиришга тавсия этиш тўғрисидаги баённома Буюртмачига тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш кунида амалга оширилади.

Молиявий-иқтисодий экспертизадан ўтмаган лойиҳалар кейинги босқичга ўтказилмайди ва молиялаштирилмайди.


3-§. Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини

шакллантириш тартиби


32. Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа манфаатдор ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мувофиқ шакллантирилади, тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловларсиз молиялаштирилади.

Буюртмачи устувор йўналишларга мувофиқ ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон беради.

Эълон бўйича ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига талаб этиладиган ҳужжатлар Буюртмачининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва унда лойиҳа талабномаларини қабул қилиш муддатлари, амалга ошириш муддатлари ва лойиҳаларни амалга оширишдан кутилаётган натижалар кўрсатилган бўлиши зарур.


33. Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича лойиҳа талабномалари Буюртмачи томонидан белгиланган талаблар ва шаклларга мувофиқ тақдим этилади.

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ушбу Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


34. Ташаббускор лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари тадқиқот турлари бўйича ишларни бажариш муддатига қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда, асослантирилган календарь иш режаларига мувофиқ белгиланади.


35. Ташаббускор лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми лойиҳани амалга оширувчи ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китоблар ва молиявий режалар асосида белгиланади.


36. Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан тақдим этилган ташаббускор лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш ҳажми лойиҳа талабномаларининг ўтказилаётган экспертизаси натижаси бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар ва буюртмачининг қарори билан ўзгартирилиши мумкин.


37. Амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларининг талабномалари илмий фаолият субъектлари ва саноат ҳамкорлари билан биргаликда тақдим этилиши мумкин.

Бундай аризада саноат ҳамкори томонидан қўшма (улушли) молиялаштириш ҳажми, шу жумладан қўшма молиялаштириш харажатлари турлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.


38. Буюртмачи берилган эълонга кўра, тадқиқот йўналишларига кўра ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича келиб тушган лойиҳаларни қабул қилади, уларнинг техник экспертизасини ўтказади ва ҳузуридаги илмий-техник кенгашларда лойиҳанинг илмий экспертизани ва очиқ муҳокамаси ташкил этади.



4-БОБ. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ АСОСИДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ЛОЙИҲА

ТАКЛИФЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ЭЪЛОН ВА

ТАНЛОВЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


39. Буюртмачи:

тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларига мунтазам равишда танлов эълон қилади ва тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра энг мақбул лойиҳалардан бирини танлаб, молиялаштиришга тавсия этади;

мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларига таклиф қабул қилади, тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловсиз молиялаштиришга тавсия этади;

илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича ташаббускор лойиҳаларга эълон беради ва тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловсиз молиялаштиришга тавсия этади.


40. Ташаббускор лойиҳаларга эълон ва тематик лойиҳалари танлов талаблари Буюртмачининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда лойиҳа талабномаларини қабул қилиш муддатлари, лойиҳа мавзуларининг номи, амалга ошириш муддатлари ва лойиҳаларни молиялаштиришнинг прогноз миқдори, лойиҳаларни амалга оширишдан кутилаётган натижалар, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқни ўз ичига олган маълумотлар кўрсатилади.

Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чиқарилган топшириқларнинг асосланганлигига қараб, танловлар ўтказилиши ёки танловларсиз молиялаштириш учун коллегиал органга хулоса берилиши мумкин.


41. Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, Буюртмачининг талаблари ва танлов ҳужжатларига мувофиқ илмий фаолият субъектлари, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатлари тўплами билан лойиҳалар танловида қатнашиш, ҳужжатлар тўпламини эълонда белгиланган муддатларга мувофиқ тақдим этиш ҳуқуқига эга.


42. Лойиҳа талабномаси таркибидаги ҳужжатларнинг асосий рўйхати ва уларни расмийлаштириш (тўлдириш) ва тақдим этиш тартиби Буюртмачи томонидан тасдиқланади ҳамда Буюртмачининг расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда, бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.


43. Лойиҳа талабномалари Буюртмачи томонидан эълон қилинган ҳужжатлар эълон ёки танлов шартларида белгиланган санага қадар қабул қилинади.


44. Буюртмачи илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича келиб тушган барча лойиҳани рўйхатдан ўтказади ва уларга рўйхатга олиш рақамларини беради ҳамда техник экспертизадан ўтказади. Техник талабларга мос лойиҳалар илмий экспертиза ва очиқ муҳокама ўтказиш учун буюртмачи ҳузуридаги тегишли илмий-техник кенгашларга йўналтирилади.


45. Ёпиқ мавзудаги (махсус йўналишдаги) илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон ва танловлар давлат буюртмасига қўйилган талаблар доирасида махфий иш юритиш талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Ёпиқ илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон ва танловлар очиқланмайди. Танловда иштирок этиш учун таклифлар лойиҳа талабномалари, олдиндан белгиланган ижрочи ташкилот бўлмаган тақдирда, буюртмачи томонидан махсус алоқа каналлари орқали қабул қилишнинг тегишли даражасига эга ташкилотларга юборилади.


46. Халқаро битимлар доирасида амалга ошириладиган тематик ёки ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон ва танловлар ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ АСОСИДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ЛОЙИҲАЛАРИ

ТАЛАБНОМАЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


47. Лойиҳа талабномасида лойиҳани амалга оширадиган илмий жамоа таркибига киритилган ижрочилар сони, шунингдек, лойиҳанинг асосий ижрочилари тўғрисида тўлиқ маълумотлар кўрсатилиши керак.


48. Лойиҳани амалга ошириш бошланган вақтда тузилган илмий жамоанинг ўртача ёши, қоида тариқасида, 45 ёшдан ошмаслиги керак. Тадқиқот гуруҳининг ўртача ёши ижрочилар ёшининг арифметик ўртача даражаси сифатида ҳисобланади.


49. Академик ва илмий алмашинувни рағбатлантириш, академик ҳаракатчанлик ва ҳамкорликни ривожлантириш учун 45 ёшгача бўлган ёш олимларнинг миллий (республика) илмий ва хорижий таълим муассасаларига қисқа ва узоқ муддатли хизмат сафарлари (жумладан илмий анжуманларда иштирок этиш) лойиҳа талабномаларга киритилиши мумкин.

Хизмат сафарининг мақсади илмий-тадқиқот лойиҳаси календарь режасига мос келиши ва лойиҳа кўрсаткичларининг бажарилишига хизмат қилиши лозим.


50. Фундаментал илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун лойиҳа талабномасига қўйиладиган асосий талаб илмий жамоа ва лойиҳани амалга оширувчи ташкилотнинг фалсафа доктори ёки фан доктори илмий унвони бўйича илмий гуруҳ аъзоларидан камида биттаси томонидан илмий диссертация тайёрлаш ва ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат бўлиши лозим.


51. Амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда саноат ёки тармоқ томонидан ҳамкорликда молиялаштиришга қизиқиш бўлган тақдирда, лойиҳа талабномаларига саноат ёки тармоқ ҳамкори тўғрисидаги маълумот ва унинг молиявий иштироки (ҳамкорликда молиялаштириш) ҳажми ва турларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.


52. Ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, шунингдек, илмий изланувчилар институтини ривожлантириш учун илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун илмий-тадқиқот гуруҳига илмий стажёр лавозими киритилиши лозим.


53. Ижрочи ташкилотлар лойиҳани тўлиқ ёки қисман амалга ошириш учун хорижий олимларни ва хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлайдиган мутахассисларни, таълим муассасаларини, ташкилотларни ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилиши мумкин.


54. Ҳар бир лойиҳа талабномаси Буюртмачи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган шаклларга мувофиқ тузилган қуйидаги ҳужжатларни ўз ичига олиши зарур:

илмий-тадқиқот гуруҳининг таркиби ҳар бир лавозимга талаблар тавсифи билан;

лойиҳа маблағларининг илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурс базасини (бинолар, жиҳозлар, инвентарлар, дастурий таъминот, маълумотлар базалари, маълумот манбалари ва бошқалар) шакллантиришга йўналтирилганлиги (камида 40 фоиз миқдорида), илмий жамоа учун яратиб бериладиган шарт-шароитлар мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар;

ушбу ишларни амалга ошириш билан шуғулланадиган тадқиқот гуруҳи аъзолари билан ишлашнинг кетма-кетлигини тавсифловчи календарь режа;

харажатлар йўналишлари кўрсатилган, зарур молиялаштириш ҳажми ва муддатларини акс эттирувчи молиявий режа ва ҳисоб-китоблар;

тадқиқотнинг кутилаётган натижаларини қўллаш соҳаси кўрсатилган ҳолда унинг асосий натижалари тавсифи.


55. Лойиҳа ва тадқиқот турига қараб, лойиҳа талабномалари таркибига қўйиладиган талабларнинг тўлиқ рўйхати Буюртмачи томонидан белгиланади, тасдиқланади ва расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда, бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.



6-БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ

ВА ЛОЙИҲА ТАЛАБНОМАЛАРИНИ ТАНЛОВ

АСОСИДА САРАЛАБ ОЛИШ ТАРТИБИ


1-§. Лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа

талабномаларини танлов асосида саралаб олишга

қўйилган умумий талаблар


56. Тематик лойиҳалар танловига ҳужжатлар топшириш муддатининг охирги санасигача танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб берадиган камида иккита лойиҳа талабномаси келиб тушган бўлса, танлов ҳақиқий деб ҳисобланади. Бу ҳолда лойиҳа талабномалари экспертиза ва кейинги танлов учун юборилади.


57. Агар танловда битта иштирокчи қатнашган бўлса ёки ҳеч ким қатнашмаган бўлса, у ҳолда танлов бўлмаган деб ҳисобланади. Бу ҳолда Буюртмачи ушбу лойиҳа бўйича бир хил шартлар ва талаблар асосида қайта танлов ўтказиши шарт.


58. Агар лойиҳаларнинг техник экспертизаси натижаларига кўра, Буюртмачи барча лойиҳаларни рад этса ёки битта ҳужжат талабномаси танлов ҳужжатлари талабларига жавоб берса, танлов бўлмаган деб топилади ва қайта танлов эълон қилинади.


59. Танлов ҳужжатлари шартларини ўзгартирмасдан, қайта танловда янги таклифларни қабул қилиш муддати камида ўн иш куни деб белгиланади. Агар қайта танловга муқобил лойиҳа талабномаси келиб тушмаса, дастлабки босқичда танловга келиб тушган битта лойиҳа Буюртмачи томонидан суҳбат асосида аризачи билан музокара ўтказилиб, ижобий хулоса натижасига кўра белгиланган тартибда кейинги босқичга йўналтирилади.


60. Олинган лойиҳа талабномаларининг экспертизаси Буюртмачи томонидан ташкил қилинади. Бунда дастлаб техник ва кейинчалик илмий экспертизани ўтказиш йўли билан якуний хулоса шакллантирилади.



2-§. Лойиҳа ҳужжатларининг техник экспертизаси


61. Қабул қилинган барча турдаги лойиҳа ҳужжатларининг техник экспертизаси Буюртмачи томонидан амалга оширилади. Техник экспертизани ўтказиш муддати лойиҳа талабномалари учун ҳужжатларни қабул қилиш тугаган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмаслиги керак.


62. Техник экспертиза тақдим этилган ҳужжатларнинг Буюртмачи томонидан тасдиқланган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига кўра тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилишда хатоларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади.


63. Техник экспертиза қуйидаги тартибларни ўз ичига олади:

талабномага илова қилинган шаклларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини, зарур имзо, муҳр ва штампларнинг мавжудлигини текшириш;

илгари топширилган лойиҳа талабномасига ўхшаш ёки шу мавзуда бажарилган лойиҳаларнинг мавжудлиги ва лойиҳа талабномаларининг такрорланишини аниқлаш;

тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар мавжудлигини ўрганиш;

лойиҳа талабномасига кўра, ҳар тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни текшириш, техник хатолар ва ноаниқликлар йўқлигини текшириш.


64. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича техник экспертизанинг ижобий хулосаси бўлган тақдирда, ҳужжатлар тўплами Буюртмачи томонидан илмий экспертизани ўтказиш учун Буюртмачи ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашларга юборилади.


65. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича техник экспертизанинг салбий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, Буюртмачи лойиҳани тақдим этган муассасага (ташкилотга) бу ҳақда ёзма равишда маълум қилади. Буюртмачи томонидан камчиликларни бартараф этиш учун уч иш кунидан кам бўлмаган муддат белгиланади.

Буюртмачи лойиҳа талабномада кўрсатилган тартибда асослантирилган хулосани тегишли ташкилотга (муассасага) етказади.

Агар лойиҳа тақдим этган ташкилот (муассаса) Буюртмачи томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган таклифларни белгиланган муддатда тақдим этмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади ва илмий экспертизадан ўтказилмайди. Мазкур ҳолатда лойиҳа ҳужжатлари уни тақдим этган ташкилотга (муассаса) қайтариб юборилмайди ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Буюртмачида сақланади. Лойиҳани тақдим этган ташкилот (муассаса)нинг ёзма мурожаатига асосан лойиҳа ҳужжатлари Буюртмачи томонидан қайтарилиши мумкин.


66. Танловга битта лойиҳа тақдим этилган ҳолларда лойиҳаларни алоҳида тартибда кўриб чиқиш учун Буюртмачининг буйруғига биноан Буюртмачининг таркибий бўлинмаларининг масъул ходимларидан камида беш кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ беш иш куни ичида ягона иштирокчининг лойиҳасини кўриб чиқади ва унинг танлов таклифларини таққослайди.

Индивидуал тартибда кўриб чиқилаётган лойиҳа ушбу мавзу бўйича илмий изланишларнинг ҳозирги босқичида талабга эга бўлиши, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг, шу жумладан тижоратлаштириш имкониятига эга бўлган якуний тайёр маҳсулот технологияларига йўналтирилган лойиҳаларнинг эҳтиёжларига жавоб бериши керак.

Текшириш натижаларига кўра, ишчи гуруҳ лойиҳани илмий-техник кенгашда кўриб чиқиш учун асос бўлган тегишли баённи тасдиқлайди.



3-§. Лойиҳаларнинг илмий экспертизаси


67. Давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳалар давлат илмий экспертизасидан ўтказилиши шарт.


68. Лойиҳа талабномаларининг илмий экспертизаси икки босқичда ўтказилади:

биринчи босқичда ҳар бир лойиҳа талабномаси Буюртмачи томонидан мустақил экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда экспертиза қилинади;

иккинчи босқичда ҳар бир лойиҳа талабномаси фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар (ИТК) томонидан очиқ муҳокамадан ўтказилади.

69. Илмий экспертиза лойиҳанинг илмий янгилиги ва амалий аҳамиятини, уни техник жиҳатдан амалга ошириш имкониятларини, шу жумладан моддий-техник базанинг етарли эканлиги, илмий салоҳиятнинг ва илмий жамоанинг илмий натижалари мавжудлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


70. Илмий экспертиза қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда амалга оширилади:

экспертларнинг мустақиллиги;

илмий лойиҳани илмий ёндашув асосида, холис, тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиш;

экспертиза натижаларининг асослантирилганлиги;

экспертларнинг чуқур билимга эгалиги, юқори даражада профессионал ва касбий маҳоратга эгалиги;

давлат, хизмат ва тижорат сирларига риоя қилган ҳолда экспертиза натижаларининг очиқлиги;

жамоат, техника ва экологик хавфсизликка, миллий ва халқаро стандартларга риоя қилиш.


71. Илмий экспертизани амалга ошириш жараёнида унинг натижаларидан шахсан манфаатдор бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг қатнашишига йўл қўйилмайди.


72. Илмий экспертиза муддати Буюртмачи томонидан ИТКга лойиҳа келиб тушган санадан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.


73. Лойиҳа талабномаларининг илмий экспертизаси икки босқичда ўтказилади.


74. Илмий экспертизанинг биринчи босқичида лойиҳа талабномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида иккита эксперт бўйича таклиф Буюртмачига киритилади. Буюртмачи томонидан экспертлар рўйхатга олингандан сўнг, экспертларга лойиҳалар кўриб чиқиш ва баҳолаш учун тақдим қилинади.

Экспертларга қўйиладиган талаблар, уларни танлаш ва экспертизага тайинлаш тартиби Буюртмачи томонидан белгиланади.


75. Илмий экспертизанинг биринчи босқичида экспертлар лойиҳа талабномасини бир ой муддатда кўриб чиқади. Экспертиза натижаларига кўра, ҳар бир эксперт лойиҳа бўйича ўзининг эксперт хулосасини беради ва уни 100 баллик шкала бўйича баҳолайди, бунда 0 балл - энг паст кўрсаткич, 100 балл - энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Бунда агар бир лойиҳа бўйича икки эксперт баҳоларидаги фарқ 25 баллдан юқори бўлса, экспертиза натижаларини аниқлаштириш мақсадида учинчи эксперт қўшимча экспертиза учун тайинланади.

Лойиҳа талабномасининг якуний эксперт баҳоси барча эксперт баҳоларининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.

Илмий экспертизанинг биринчи босқичи натижалари Буюртмачи томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган эксперт хулосалари илмий экспертизанинг иккинчи босқичини ўтказиш учун ИТКга юборилади.

Илмий экспертизадан ўтмаган лойиҳалар ИТК томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган баённома ва эксперт хулосалари билан бирга Буюртмачига қайтарилади. Буюртмачи асослантирилган рад этиш хулосасини лойиҳа раҳбарларига интерфаол хизмат орқали билдириш учун электрон платформага жойлаштиради.

76. Илмий экспертизанинг иккинчи босқичида лойиҳалар ИТК йиғилишида очиқ муҳокама (тақдимот) шаклида кўриб чиқилади. Илмий лойиҳанинг раҳбари илмий лойиҳа тақдимоти билан ИТК йиғилишларида қатнашади. ИТК аъзолари тадқиқот лойиҳаси ва лойиҳани қўллаш мавзуси бўйича саволлар бериш ҳуқуқига эга.


77. Тақдимот ва очиқ муҳокаманинг натижаларига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга ИТК аъзолари лойиҳа талабномасини 100 балл тизимидан фойдаланган ҳолда баҳолайди, бунда 0 балл энг паст баҳо ва 100 балл энг юқори баҳо ҳисобланади. ИТК аъзоларининг баҳолари йиғилиш баённомасида қайд этилади. ИТК томонидан лойиҳа таклифининг якуний баҳоси ИТК аъзолари баҳоларининг ўртача арифметик қиймати билан белгиланади.

Лойиҳа талабномасини баҳолаш жараёнида лойиҳани амалга оширишни режалаштирилаётган тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари ва аъзоларининг қатнашишига йўл қўйилмайди.


78. ИТК йиғилишининг қоидалари ва қарорларини қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.


79. ИТК томонидан якуний баҳоси 60 ва ундан юқори балл бўлган тақдирда, лойиҳа талабномаси илмий экспертизанинг иккинчи босқичидан ўтган деб ҳисобланади.


80. Ҳар бир лойиҳа талабнома бўйича илмий экспертиза якунлангач, ИТК хулоса ва тавсиялар беради. ИТК қарорлари ва хулосалари йиғилиш баёни шаклида тузилиб, раис томонидан тасдиқланади.


81. ИТК аъзоси баҳолаш жараёнида кўпчиликнинг фикрига қўшилмаса, ўзининг алоҳида фикрини билдиришга ҳақли. ИТК аъзосининг алоҳида фикри йиғилиш баённомасига киритилади.


82. ИТК ўхшаш мавзулар ва йўналишлар бўйича бирлаштирган, уларни бажариш жараёнини мақбуллаштириш мақсадида иш ҳажми ва харажатларни аниқлайдиган режалаштирилган ишларни тўғрилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши мумкин.


83. ИТК экспертизаси натижалари таҳлил қилиниб, умумлаштирилганидан сўнг ўн кун ичида коллегиал органга кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Коллегиал орган лойиҳа буюртмаларини тўғри ва холис баҳолаганлигини текшириш мақсадида қўшимча экспертиза ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қўшимча экспертиза ўтказиш тартиби коллегиал орган томонидан тасдиқланади.

Коллегиал орган ИТК раисларини қабул қилинган қарорларга тушунтириш беришни сўраб муҳокамага таклиф қилишга ҳақли.

Зарур ҳолларда, лойиҳа талабномаси илмий экспертиза жараёнида ишлаб чиқилган хулоса ва тавсиялар асосида, шунингдек коллегиал органнинг кўрсатмасига мувофиқ ИТК томонидан қайта ишланиб, унинг мавзуси ва таркибига қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тавсиялар билан Буюртмачига тақдим этилиши мумкин.

Бунда ИТК томонидан бир маротаба лойиҳа раҳбарига уч иш куни ичида тегишли ўзгартиришлар қилишга рухсат берилади, ўзгартирилган лойиҳа қайта экспертиза ва муҳокамадан ўтказилади. ИТК баёнида ва унинг қарор қисмида лойиҳа талабномасини қайта ишлаш билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ асослантирилиши лозим.


84. Ижобий баҳоланган ва молиялаштиришга тавсия этилган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг якуний рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор коллегиал орган томонидан ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида қабул қилинади.


85. Ижобий баҳоланган лойиҳаларни тасдиқлаш бўйича коллегиал орган йиғилишида низо юзага келган тақдирда, коллегиал орган қарори билан лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун йўналтирилиши ва бунда ИТК раиси томонидан тақдимот ўтказилиши мумкин. Жамоатчилик кенгаши бир ой муддатда лойиҳа бўйича, шу жумладан лойиҳаларни молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш бўйича ўз тавсияларини коллегиал органга тақдим этади.


86. Буюртмачи коллегиал орган қарори қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун муддатда илмий-тадқиқот лойиҳасининг ижрочи ташкилоти билан белгиланган тартибда шартнома имзолаши зарур.

Шартномада молиялаштириш шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари назарда тутилиши лозим.

Шартномаларнинг намунавий шакллари, шу жумладан илова қилинган шакллар, жадваллар ва бошқа материаллар буюртмачи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.



7-БОБ. ЛОЙИҲАЛАР БЎЙИЧА ЎТКАЗИЛАДИГАН

ИЛМИЙ ЭКСПЕРТИЗАНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


87. Давлат буюртмасини амалга ошириш доирасида илмий-тадқиқот лойиҳалари танловига тақдим этилган лойиҳа талабномасининг илмий-техник даражасини баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:


а) фундаментал тадқиқотлар учун:

ташаббускор лойиҳаларнинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги;

лойиҳанинг мақсадли танлов мавзуси ва шартларига мувофиқлиги;

мавзунинг долзарблиги, тадқиқотнинг янгилиги ва ушбу йўналишда илмий натижаларнинг мавжудлиги ва даражаси ҳамда янги билимларни олиш, янги назариялар, усуллар, тушунчаларни яратишга қаратилганлиги;

тадқиқот мавзуси бўйича зарур илмий салоҳият ва илмий маълумотларнинг мавжудлиги (юқори малакали олимлар жамоаси, сўнгги беш йил ичида нашр этилган илмий нашрларнинг сони ва сифати, патентларнинг мавжудлиги, етакчи миллий ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликнинг мавжудлиги ва бошқалар);

лойиҳа ижрочилари таркибида 35 ёшгача бўлган ёш олимларнинг мавжудлиги, уларнинг сони ва сифат хусусиятлари;

зарур моддий-техник базадан (бинолар, жиҳозлар, инвентарлар, дастурий таъминот, маълумотлар базаси, ахборот ресурслари ва бошқалар) фойдаланиш имконияти;


б) амалий лойиҳалар учун:

тадқиқотнинг илмий янгилиги, амалий муаммоларни ҳал қилиш учун янги усулларни ўрганишнинг кутилаётган самараси;

тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш имконияти, шу жумладан саноат ҳамкори ва лойиҳани амалга оширишдаги томонлар ҳиссасини баҳолаш;

лойиҳани амалга ошириш натижасида кутилаётган натижалар: илмий-техник ҳужжатлар тўпламини (технологик ёки лаборатория регламентлари, техник паспорт, техник шартлар, лойиҳалаш ҳужжатлари ва бошқалар), экспериментал (лаборатория, ишлаб чиқариш, клиник) синовларни ўтказиш учун янги ёндашувлар ва усулларни ишлаб чиқиш;

зарур салоҳият - илмий (ушбу масала бўйича юқори малакали олимлар жамоаси) ва моддий-техник ресурслар (асбоблар, ускуналар, материаллар ва бошқа воситалар)нинг мавжудлиги;

лойиҳа ижрочилари таркибида 35 ёшгача бўлган ёш олимларнинг мавжудлиги (докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрлар, бакалаврлар);

лойиҳа ижрочиларининг илмий салоҳияти: илмий нашрларнинг мавжудлиги (хорижий нашрларда мақолалар, патентлар ёки бошқа илмий ҳужжатлар, монографиялар, ўқув қўлланмалари, дастурий маҳсулотлар), шунингдек, сўнгги беш йил ичида нашр этилган халқаро ва миллий конференцияларда илмий мақола ва тезислар;


в) инновацион лойиҳалар учун:

лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар: импорт ўрнини босувчи ёки экспортга йўналтирилган юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш (тайёрлаш) учун илмий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишни (тасдиқлаш) режалаштириш;

лойиҳани тижоратлаштириш истиқболлари ва саноат ҳамкори даражасини ва лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссасини баҳолаш (маҳсулот маълум бир истеъмолчи учун мос бўлган бозорга кириш ва аниқ истиқболга эга бўлиши керак);

инновация объектига талаб даражаси: маҳсулотга (технология, ишланма) талаб - саноат ҳамкори ва (ёки) бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лойиҳани амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратишда кафолатлар мавжудлиги (лойиҳани амалга оширишга қизиқиш, зарур материаллар ёки бошқа манбаларни тақдим этишда иштирок этиш);

муҳофаза қилинадиган ҳужжатларнинг мавжудлиги: патент (дастурий маҳсулот учун гувоҳнома) ва таклиф қилинаётган маҳсулот (технология) учун илмий-техник ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами ёки техник регламент, синов сертификати, техник шартлар, эълон қилинган илмий мақолалар, патентга (дастурий маҳсулотга) топширилган талабнома (сертификат) ва ишлаб чиқарилган лаборатория регламентлари, лаборатория синовлари;

лойиҳа ижрочиларининг тегишли илмий-техник ёки инновацион фаолият ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича амалий тажрибасининг мавжудлиги: маҳсулот тажриба намунасининг мавжудлиги, ишлаб чиқариш режалаштирилаётган маҳсулотнинг илмий-техник ёки ишчи тажриба-технологик ҳужжатлари ва/ёки маҳсулотнинг лаборатория, тажриба намунасининг мавжудлиги;

ишлаб чиқариш базасининг технологик жиҳатдан таъминланганлик даражаси: ишлаб чиқариш базаси, асбоблар, ускуналар ва бошқа зарур инфратузилма мавжудлиги ёки режалаштирилаётганлиги (лойиҳани амалга ошириш пайтида), шунингдек, маҳаллий ресурслар (хом ашё ва бутловчи қисмлар) билан таъминланганлиги (мавжудлиги).



8-БОБ. ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ДАВЛАТ

БУЮРТМАСИ АСОСИДА МОЛИЯЛАШТИРИШ


88. Давлат буюртмаси асосида илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган ҳамда ушбу мақсадлар учун жалб қилинган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда тармоқ ва саноат корхоналари муаммоларини ҳал этишга қаратилган давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари тармоқ ва саноат корхоналари билан келишувлар асосида шерикликда молиялаштирилиши мумкин.

Давлат буюртмаси асосида илмий-тадқиқот лойиҳаларни молиялаштириш тегишли молия йилидан бошлаб қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Илмий-тадқиқот лойиҳалари Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг тегишли қарорлари асосида Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) орқали молиялаштирилади;

Ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳасини молиялаштириш учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очилади;

Ижрочи ташкилот томонидан ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича белгиланган тартибда харажатлар сметаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

89. Ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳаси ҳамда ҳисоботларни (оралиқ ва якуний) мустақил экспертлар томонидан илмий экспертизадан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига тенг ҳажмда гонорар тўланади.

90. Лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хомашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилиши лозим, бунда фундаментал, шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги лойиҳаларда мазкур миқдор 20 фоизгача камайтирилиши мумкин.


8-1-БОБ. ДАВЛАТ ИЛМИЙ ДАСТУРЛАРИ

ДОИРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ИЛМИЙ ЛОЙИҲАЛАР ХАРАЖАТЛАРИНИ

РЕЖАЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

90-1. Лойиҳа илмий раҳбари бошқа жойга ишга ўтган ҳолларда лойиҳанинг амалга оширилиш жойи (ижрочи ташкилот) ўзгартирилмайди.


90-2. Харажатлар калькуляциясини тузишда харажатларнинг умумий молиявий ҳажми лойиҳа бажарилишининг бутун даври учун шу жумладан, ҳар бир молиявий йил кесимида алоҳида жадвалларда кўрсатилади.


90-3. Лойиҳаларни амалга ошириш учун харажатлар калькуляцияси қуйидагича режалаштирилади:

иш хақи тўловлари;

иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар;

ягона ижтимоий тўлов;

бошқа харажатлар шу жумладан, илмий хизмат сафарлари харажатлари ҳамда асосий воситаларни сотиб олиш харажатлари.


90-4. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондини шакллантиришда:

лойиҳани бажаришда иштирок этувчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари раҳбар, илмий ва ишлаб чиқариш ходимларига белгиланган тегишли базавий лавозим маошлари асосида, ёрдамчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тегишли нормативлар ҳамда вақтинчалик пудрат шартномалари асосида ҳисобланган иш ҳақи тўловлари;

иш ҳақини минтақавий тартибга солиш ҳисобига, шу жумладан, чўл, сувсиз ва баланд тоғли ҳудудларда ишлаш учун минтақавий коэффициентлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тўловлар;

ҳомиладорлик ва туғиш даврига касаллик варақаси бўйича тўловлар (лойиҳани бажаришда қатнашувчи ташқи ўриндошларга татбиқ этилмайди);

илмий ходимлар, илмий ёрдамчи ва бошқа ходимлар учун иш ҳақи фондига киритилган ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тўлов турлари лойиҳани бажариш учун ажратилган маблағлар доирасида ҳисобга олинади.


90-5. Ягона ижтимоий тўловлар иш ҳақи фондига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган миқдорда режалаштирилади.


90-6. Сафар харажатларида, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи илмий ва илмий ёрдамчи ходимларнинг сафар харажатлари белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ акс эттирилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлган ижрочи ташкилотлар илмий ходимларининг республика доирасида ҳамда хорижий хизмат сафарлари тадбирларда иштирок этиш учун тақдим этилган асословчи ҳужжатлар ва лойиҳанинг календарь режасига мувофиқ амалга оширилади.

Хорижий хизмат сафарлари харажатларини тўлаш учун миллий валютани хорижий валютага айлантириш қонунчилик хужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.


90-7. Бошқа харажатларнинг ҳар бир тури сарфланадиган маблағлар ва уларнинг тақсимоти харажатлар калькуляциясида алоҳида жадвалларда асослаб кўрсатилади. Харажат турлари ҳар бир лойиҳанинг мазмуни ва хусусиятидан келиб чиқиб шакллантирилади.


90-8. Давлат бюджети ҳисобидан лойиҳаларни бажариш учун ажратилган маблағларнинг қуйидаги харажатларга сарфланиши ман этилади:

бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш;

объектларни қўриқлаш хизмати тўловлари;

транспорт воситаларини (махсус транспорт воситалари бундан мустасно), ҳашаматли юмшоқ мебеллар ва аксессуарларни, уяли телефонларни сотиб олиш харажатлари, лойиҳа ижрочиси бўлмаган ходимларнинг хизмат сафарлари;

жамоат транспорти, махсус йўналишли транспорт воситалари, идоравий транспорт воситаларида иш жойига қатнаш учун йўл ҳақини тўлаш;

даволаниш ва дам олиш, экскурсиялар ва саёҳатлар, спорт секциялари, тўгараклар, клублардаги тадбирлар, маданий-кўнгилочар ва жисмоний тарбия (спорт) тадбирларига ташрифлар ҳамда шахсий истеъмол молларини сотиб олиш харажатлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириладиган, шунингдек ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш ҳамда жорий харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ижрочи ташкилотларда устама харажатлар.


90-9. Лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган молиявий маблағлар Коллегиал орган қарорига мувофиқ Буюртмачи буйруғи билан тасдиқланади.


90-10. Буюртмачининг Коллегиал орган қарорига мувофиқ қабул қилинган буйруғи асосида давлат илмий дастурларини бажаришга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўйича харажатлар сметаси доирасида ижрочи ташкилотларга ажратилган маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳар бир ижрочи ташкилот учун (инновацион, амалий ва фундаментал лойиҳалар бўйича) очилган шахсий ғазна ҳисобварағи орқали молиялаштирилади.

90-11. Лойиҳалар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ташкилотлар орқали молиялаштирилади.


90-12. Давлат илмий дастурларини бажариш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўйича харажатлар сметаси ижрочи ташкилотлар бўйича барча илмий лойиҳаларнинг умумий суммаси Бюджет тизими бюджетлари иқтисодий харажатлар таснифининг бир сатрида - 42 99 990 (Товар ва хизматлар сотиб олиш бўйича бошқа харажатлар) моддаси орқали акс эттирилган ҳолда тузилади ва молиялаштирилади.


90-13. Лойиҳаларни Давлат бюджетидан молиялаштиришни муддатидан олдин тўхтатиш Илмий-техник кенгашнинг ушбу лойиҳаларни молиялаштиришни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосаларига асосан Буюртмачининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Буюртмачининг қарорига асосан лойиҳаларни бажариш муддати узайтирилиши ҳамда молиялаштириш ҳажмига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бунда узайтирилган муддатда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларининг календарь режаси қўшимча шартнома билан тасдиқланади.


90-14. Лойиҳаларни молиялаштириш муддатидан олдин тўхтатилганда, лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг фойдаланилмаган қолдиқ суммаси ижрочи ташкилотларнинг шахсий ғазна ҳисобварағидан белгиланган тартибда чегирилади.

Тўхтатилган лойиҳалар шунингдек, тегишли молия йилида лойиҳалар бўйича сарф этилмаган маблағлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.


90-15. Лойиҳаларга ажратилган маблағлар ҳисобидан харид қилинган барча асосий воситалар ижрочи ташкилотларнинг балансида қайд этилади ва уларнинг мулки ҳисобланади.


90-16. Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларидан ўз вақтида ва мақсадли фойдаланиш бўйича жавобгарлик ижрочи ташкилотлар раҳбарлари ва бош ҳисобчилари, шунингдек, лойиҳа раҳбарлари зиммаларига юклатилади.


90-17. Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.


9-БОБ. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ АСОСИДА

АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ЛОЙИҲАЛАРИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


91. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари мониторинги уларнинг тасдиқланган режасига кўра бажарилишини, молиявий маблағларнинг мақсадга мувофиқ сарфланишини, белгиланган муддатларда ҳисоботлар тақдим этилишини ва олинган натижаларнинг самарадорлигини баҳолашни ўз ичига олади.

Давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган илмий лойиҳаларнинг натижалари мониторинги Буюртмачи томонидан амалга оширилади.


92. Ижрочи ташкилотлар Давлат буюртмаси асосида амалга оширилган лойиҳаларнинг ҳисоботларини (оралиқ ва якуний) Буюртмачига шартномаларда белгиланган муддатларда тақдим этади.

Саноат ҳамкорлари иштирокида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича тайёрланган ҳисоботлар саноат ҳамкорлари томонидан ҳам тасдиқланган бўлиши лозим.


93. Буюртмачи ҳисоботларни қабул қилади, шунингдек, давлат буюртмасини бажариш бўйича ахборот ва бошқа таҳлилий материалларни тайёрлайди ҳамда тегишли ИТКга тақдим этади.

Ҳисоботлар ва молиявий-иқтисодий масалалар бўйича таҳлил қилиш, кўриб чиқиш ва фикр бериш буюртмачи томонидан амалга оширилади.


94. Буюртмачи фан йўналишлари бўйича илмий-техник кенгашлар билан биргаликда зарур ҳолларда мустақил эксперт ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, лойиҳаларнинг бажарилиши мониторингини амалга оширади.

Мониторинг қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

тақдим этилган ҳисоботларни экспертлар томонидан кўриб чиқиш;

ИТК йиғилишларида илмий-тадқиқот лойиҳаси раҳбари томонидан ҳисоботларни ҳимоя қилиш;

зарур ҳолларда лойиҳани бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, бунда қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қаратиш:

илмий-тадқиқот ишларининг лойиҳа бўйича имзоланган шартнома ва унинг календарь режасига асосан бажарилиш ҳолати;

ижрочи ташкилот томонидан илмий-техник лойиҳанинг амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлиги;

ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлиги;

илмий лойиҳалар натижалари бўйича етакчи хорижий журналларда мақолалар чоп этиш борасида эришилган натижалар ва уларнинг мавжуд салоҳиятга нисбатан қиёсий таҳлили;

ҳар бир лойиҳа доирасида қўлга киритиладиган якуний натижалар ва уларни тижоратлаштириш имкониятлари.


95. Буюртмачи томонидан ижрочи ташкилот билан келишилган ҳолда оралиқ ҳисоботларни мониторинг қилиш ҳамда қабул қилиш жараёнида, агар саноат ҳамкори мавжуд бўлса, тадқиқот дастурига ва келишув шартларига аниқликлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


96. Белгиланган ишларнинг алоҳида босқичларининг режалаштирилган ҳажмларини ўз муддатида бажармаслик, шунингдек, ҳисоботларни топшириш муддатларини ва молиявий интизомни бузиш Буюртмачининг ташаббуси билан молиялаштиришни тўхтатилишига ва шартномани бекор қилинишига асос бўлиши ва ижрочи ташкилотга нисбатан тегишли чоралар кўришга олиб келиши мумкин.


97. Давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот лойиҳалари мониторинги натижалари бўйича ИТК хулосалари Буюртмачи томонидан илмий йўналишларнинг истиқболини белгилаш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришни давом эттириш ёки тўхтатиш бўйича қарорлар қабул қилиш учун асос ҳисобланади.


98. Илмий-тадқиқот лойиҳасини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисидаги қарор коллегиал орган томонидан ИТК хулосаси асосида ёки лойиҳани амалга оширувчи ташкилот талабига биноан қабул қилинади.


99. Агар келишмовчилик ёки фарқли натижа ижрочи ташкилотга маълум бўлса, бу ҳақда беш кун ичида буюртмачига маълум қилиниши керак.

Буюртмачи тақдим этилган ҳужжатлар асосида (билдиришнома, тадқиқот лойиҳалари тўғрисидаги ҳисобот), аниқланган ўзгаришлар ёки олинган натижалар кутилганидан ўзгача бўлса, лойиҳаларни келгусида молиялаштириш ёки лойиҳанинг мақсадли параметрларини қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Буюртмачи тақдим этилган ҳужжатлар (ариза-хабарнома, ҳисобот илмий-тадқиқот лойиҳалари) асосида кутилган натижалардан фарқли ўлароқ, натижалар илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлмаганлиги аниқланган бўлса, илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳалардан бўшаган маблағлар мазкур лойиҳалар амалга оширилган ижрочи ташкилотда муваффақиятли амалга оширилаётган бошқа илмий лойиҳа(лар)га (бунда лойиҳанинг календарь режасига қўшимча маблағ ҳисобидан амалга ошириладиган ишларни назарда тутган ҳолда ўзгартириш киритилиши лозим) ёки янги истиқболли амалий ва инновацион лойиҳа(лар)ни, шу жумладан ижрочи ташкилот томонидан тайёрланган лойиҳа(лар)ни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бунда янги истиқболли амалий ва инновацион лойиҳа(лар)ни амалга ошириш муддати молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳа(лар)нинг якунланиш муддати билан мос бўлиши лозим.

Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ҳисоботлари буюртмачи томонидан мажбурий электрон рўйхатга олиниши лозим.



10-БОБ. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ АСОСИДА АМАЛГА

ОШИРИЛГАН ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ЛОЙИҲАЛАРИ

НАТИЖАЛАРИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ВА

ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


100. Давлат буюртмаси асосида амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳалари натижалари ҳужжатлаштирилади ва Буюртмачига шартномага мувофиқ ГОСТ 7.32-2001 давлатлараро стандарти талабларига мувофиқ тузилган тадқиқот ҳисоботи ёки илмий-техник маҳсулотлар шаклида тақдим этилади.


101. Илмий-тадқиқот лойиҳаларининг ижрочи ташкилоти томонидан Буюртмачига қуйидагилар тақдим этилади:

илмий-тадқиқот лойиҳалари ижрочи ташкилотининг расмий бланкидаги йўлланма хати;

тадқиқот лойиҳалари ҳақида ҳисобот;

давлатлараро стандарт талабларига мувофиқ тузилган ГОСТ 7.9-95 "Хулоса ва аннотация. Умумий талаблар" реферат.


102. Илмий-тадқиқот лойиҳалари натижалари тўғрисидаги маълумот илмий-тадқиқот лойиҳалари ижрочи ташкилоти томонидан тузилган реферат шаклида давлатлараро стандарт ГОСТ 7.9-95 талабларига мувофиқ Буюртмачининг электрон маълумотлар базасига киритилади.


103. Давлат буюртмаси асосида тўлиқ амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳасини қабул қилиш тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади, улар томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва Буюртмачи томонидан тасдиқланади.



11-БОБ. ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ АСОСИДА

АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ЛОЙИҲАЛАРИ НАТИЖАЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАР


104. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига илмий фаолият субъектлари томонидан олинган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлатнинг илмий ва олий таълим, шунингдек, бошқа давлат муассасалари номидан, агар интеллектуал мулк объектлари муаллиф (муаллифлари) билан тузилган шартномаларда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, давлатга тегишли бўлади.


105. Давлат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилган илмий-тадқиқот фаолияти натижаларидан ва интеллектуал мулк объектларига мутлақ эгалик ҳуқуқидан олинган даромад уларнинг тасарруфига мустақил ишлатиш ҳуқуқи билан ўтказиб берилади.

Давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ёки давлат сири ҳисобланган маълумотларни қамраб олувчи интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


106. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг (ёш олимлар лойиҳалари бундан мустасно) илмий раҳбарлари илмий даражага эга бўлиши шарт.

Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларнинг ҳар бир ижрочиси фақат бир лойиҳада тўлиқ ставкада ва икки лойиҳада ўриндош сифатида иштирок этиши мумкин, бунда уларнинг умумий улуши икки тўлиқ ставкадан ошмаслиги лозим.


107. Лойиҳа раҳбарлари ижрочи ташкилотларнинг раҳбарлари билан бир қаторда лойиҳа доирасида бажариладиган тадқиқотларнинг илмий-техник савияси, ҳисоботларни белгиланган муддатларда топширилиши, шунингдек, молиявий маблағларнинг самарали ва мақсадли сарф қилиниши ҳамда танловга лойиҳаларни тақдим этишда унда келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосасини илова қилинишига шахсан жавобгар бўлади.

108. Ижрочи ташкилот лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли шарт-шароитлар яратади, ҳисоботларни илмий ёки илмий-техник кенгашда муҳокама қилади, лойиҳа раҳбарининг таклифига кўра, тадқиқотларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш учун "вақтинчалик илмий жамоа" ташкил этади. Жамоага бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам аъзо бўлиши мумкин. Ташкилот раҳбари лойиҳа раҳбарини жамоа раҳбари этиб тасдиқлайди.


109. Ижрочи ташкилот лойиҳа илмий раҳбари узоқ муддатга бетоблиги сабабли иш қобилиятини йўқотган, доимий истиқомат қилиш учун республикадан четга чиқиб кетган, ўз аризасига кўра илмий раҳбарликдан воз кечган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда, Буюртмачига лойиҳа илмий раҳбарини алмаштириш бўйича таклиф (ташкилот раҳбарининг йўлланма хати, ташкилот илмий ёки илмий-техник кенгаши қароридан кўчирма ва тавсия этилаётган янги лойиҳа раҳбари тўғрисида маълумот) киритади.


110. Лойиҳа илмий раҳбари бошқа жойга ишга ўтган ҳолларда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиш жойи (ижрочи ташкилот) ўзгартирилмайди.


111. Ижрочи ташкилотнинг қонун ҳужжатларида кўрсатилган фаолияти тўхтатилганда, фаолияти тўхтатилган ташкилотдаги лойиҳалар илмий йўналиши мос бошқа ташкилотга ўтказилади.


112. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ёш олимларнинг илмий лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари томонидан амалга оширилади.

Ёш олимларнинг илмий-тадқиқот лойиҳаларида илмий даражаси, унвони, мансаби ва иш жойидан қатъи назар, 40 ёшгача бўлган ёш олимлар иштирок этишлари мумкин.


113. Ушбу қоида талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


114. Давлат буюртмаси бажарилишини аниқ шартлари ва тартиби тегишли шартнома билан тартибга солинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида

тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларини

шакллантириш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Амалга ошириладиган тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич

Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади)


Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш учун таклифлар киритиш юзасидан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда илмий фаолият субъектларига сўров юборади.


Мунтазам равишда









2-босқич

Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий фаолият субъектлари


Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва ҳудудларнинг мавжуд муаммолари, тижоратлаштириш имконияти мавжуд якуний тайёр маҳсулот / технологияларга бўлган эҳтиёжларни таҳлил қилади ва давлат буюртмасига киритиш учун асосланган таклифлар ишлаб чиқади ҳамда Буюртмачига тақдим этади.


Буюртмачи сўровига асосан ёки ташаббус тартибида









3-босқич

Буюртмачи


1. Келиб тушган таклифларнинг йиғма рўйхатини шакллантиради, уларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, амалга оширилаётган ва аввал амалга оширилган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқади.


2. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифларни кўриб чиқади, лойиҳа таснифи ва унга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади.



Таклиф(лар) қабул қилингандан бошлаб 30 кун давомида



3. Илмий-тадқиқот лойиҳаларига давлат буюртмасини тасдиқлайди ва ўзининг расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилади.

Бир ҳафта муддатда







4-босқич

Буюртмачи


       

1. Қабул қилинган илмий-тадқиқот лойиҳаларини дастлабки техник экспертизадан ўтказади.



15 кун муддатда


2. Дастлабки техник экспертизанинг:

- ижобий хулосаси бўлган тақдирда, илмий-тадқиқот лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш учун тегишли илмий-техник кенгашга юборади;

- салбий хулосаси бўлган тақдирда, бу ҳақида лойиҳани тақдим этган муассасага камчиликларни бартараф этиш учун ёзма равишда маълум қилади.

Бунда агар белгиланган муддатда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади.

       


3 кун муддатда







5-босқич

Илмий-техник кенгашлар


1. Техник экспертиза натижаларига кўра ижобий баҳоланган илмий-тадқиқот лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказади.


2. Илмий экспертиза натижаларини Коллегиал органга кўриб чиқиш учун тақдим этади.


Бир ой муддатда









6-босқич

Коллегиал орган (Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳайъати)


Молиялаштиришга тавсия этилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини кўриб чиқиб, уларни молиялаштириш бўйича қарор қабул қилади.

Коллегиал орган йиғилишида илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш билан боғлиқ мунозарали саволлар вужудга келса, ушбу масала Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.


10 кун муддатда









7-босқич

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши, Коллегиал орган


Илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида тавсиявий қарор қабул қилади ва йиғилиш баёни тарзида расмийлаштириб, Коллегиал органга тақдим этади.


Бир ой муддатда


Коллегиал орган томонидан Жамоатчилик кенгашининг тавсияси кўриб чиқилиб, илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан якуний қарор қабул қилинади.


10 кун муддатда







8-босқич

Коллегиал орган (Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳайъати)


Молиялаштиришга тавсия этилган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг якуний рўйхатини тасдиқлайди.


10 кун муддатда







Низомга

2-ИЛОВА



Илмий-тадқиқот ишларига давлат

буюртмаси доирасида мақсадли илмий-тадқиқот

лойиҳаларини шакллантириш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Амалга ошириладиган тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич

Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

Буюртмачи


Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари қабул қилинганидан кейин мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифларни Буюртмачига тақдим этади.


Ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўттиз кун ичида









2-босқич

Буюртмачи


1. Қабул қилинган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини дастлабки техник экспертизадан ўтказади.



15 кун муддатда


2. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича дастлабки техник экспертизанинг:

- ижобий хулосаси бўлган тақдирда, ҳужжатлар тўплами илмий экспертизани ўтказиш учун тегишли илмий-техник кенгашга юборади;

- салбий хулосаси бўлган тақдирда, бу ҳақида лойиҳани тақдим этган муассасага камчиликларни бартараф этиш учун ёзма равишда маълум қилади.

Бунда агар белгиланган муддатда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади.


3 кун муддатда







3-босқич

Илмий-техник кенгашлар


1. Тақдим этилган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказади.


2. Илмий экспертиза натижаларини Коллегиал органга кўриб чиқиш учун тақдим этади.


15 кун муддатда









4-босқич

Коллегиал орган (Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳайъати)


Молиялаштиришга тавсия этилган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини кўриб чиқиб, уларни молиялаштириш бўйича қарор қабул қилади.

Коллегиал орган йиғилишида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш билан боғлиқ мунозарали саволлар вужудга келса, ушбу масала Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.


10 кун муддатда









5-босқич

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши, Коллегиал орган


Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида тавсиявий қарор қабул қилади ва йиғилиш баёни тарзида расмийлаштириб, Коллегиал органга тақдим этади.


Бир ой муддатда


Коллегиал орган томонидан мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан якуний қарор қабул қилинади.


10 кун муддатда





Низомга

3-ИЛОВА



Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси

доирасида ташаббускор илмий-тадқиқот

лойиҳаларини шакллантириш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Амалга ошириладиган тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич

Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади)


Устувор йўналишларга мувофиқ ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига танлов эълон қилади


Талабга кўра









2-босқич

Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий фаолият субъектлари, хусусий компаниялар ва жисмоний шахслар


Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари эълонига мувофиқ лойиҳаларни тақдим этади.

Илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича лойиҳа талабномаларини Буюртмачи томонидан белгиланган талаблар ва шаклларга мувофиқ тақдим этади.


Буюртмачи томонидан белгиланган талабларга кўра









3-босқич

Буюртмачи


1. Қабул қилинган ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини дастлабки техник экспертизадан ўтказади.



15 кун муддатда


2. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича дастлабки техник экспертизанинг:

- ижобий хулосаси бўлган тақдирда, ҳужжатлар тўплами илмий экспертизани ўтказиш учун тегишли илмий-техник кенгашга юборади;

- салбий хулосаси бўлган тақдирда, бу ҳақида лойиҳани тақдим этган муассасага камчиликларни бартараф этиш учун ёзма равишда маълум қилади.

Бунда агар белгиланган муддатда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади.


3 кун муддатда







3-босқич

Илмий-техник кенгашлар


1. Тақдим этилган ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказади.


2. Илмий экспертиза натижаларини Коллегиал органга кўриб чиқиш учун тақдим этади.


15 кун муддатда









4-босқич

Коллегиал орган (Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳайъати)


Молиялаштиришга тавсия этилган ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини кўриб чиқиб, уларни молиялаштириш бўйича қарор қабул қилади.

Коллегиал орган йиғилишида лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ мунозарали саволлар вужудга келса, ушбу масала Жамоатчилик кенгашига кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.


10 кун муддатда









5-босқич

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши, Коллегиал орган


Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида тавсиявий қарор қабул қилади ва йиғилиш баёни тарзида расмийлаштириб, Коллегиал органга тақдим этади.


Бир ой муддатда


Коллегиал орган томонидан ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан якуний қарор қабул қилинади.


10 кун муддатда

        


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 март