Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.12.1996 й. 43-сон "Жиноят ишларини судлар томонидан кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.1996 й.

N 43



ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ СУДЛАР ТОМОНИДАН

КАССАЦИЯ ВА НАЗОРАТ ТАРТИБИДА КЎРИШ

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Жиноят ишларини кассация тартибида юргизиш, шингдек, жиноят ишлари бўйича суд қарорларининг қонунийлигини ва асослантирилганини назорат тарзида текшириш - юқори судлар томонидан судлов фаолиятининг устидан назорат қилишнинг мухим усули бўлиб, судлар йўл қўйган хатоларни тузатишга, тўғри ва ягона суд амалиётини амалга оширишга ёрдам беради.

Аммо ушбу босқич судларининг ишида суд фаолиятини ва одил судловни амалга оширишда салбий таъсир кўрсатувчи жиддий камчиликлар мавжуд.

Биринчи босқич судлари томонидан жиноят ва жиноят-процессуал қонунларини тўғри қўлланишига айрим ҳолларда эътибор берилмайди, натижада айрим қонунсиз ва асослантирилмаган суд ҳукмлари, қарорлари ва ажримлари ўзгартирилмасдан ва бекор қилинмасдан қолдирилади. Шу билан бир вақтда, қонуний ва асослантирилган суд қарорларини бекор қилиш ҳоллари учраб туради.

Иш ҳужжатларини тўлиқ текширмаслик оқибатида хатоларга йўл қўйилмоқда. Ишларни кўриш тартиби ва шартларини белгиловчи қонунларни бузиш ҳолларига барҳам берилмаган. Ҳукм ва ажримлар бекор қилиниб, ишлар янгитдан судда кўриш учун юборилганда баъзан айблов исботланганлиги масаласи олдиндан ҳал қилиб қўйилади ёки биринчи босқич судларига қайси далилларни қабул қилиш, қайсиларини қабул қилмаслик ва кайси қонунни қўллаш лозимлиги хақида кўрсатмалар берилади.

Айрим ишлар қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмайди. Ишларни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақида суднинг асослантирилган ажрими чиқарилмайди.

Судларнинг айрим ажрим ва қарорларида маҳкумларнинг муқаддам судланганлиги тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмайди, шикоят ва протестларнинг мазмуни, прокурорнинг фикри ва хулосаси, суд муҳокамаси қатнашчиларининг илтимосномалари, изоҳлари ва фикрлари тўлиқ баён этилмайди. Ҳимоя ҳуқуқининг бузилишига йўл қўйилмоқда. Суд амалиётида учраб турадиган айрим масалаларни ҳал қилишда бир хиллик йўқ.

Натижада ана шундай ишлар бўйича чиққан ҳукм, ажрим ва қарорлар юкори босқич судлари томонидан қайта кўриб чиқилмоқда, ишларни ҳал қилишда сансалорликка йўл қўйилмоқда.

Кассация ва назорат тартибида ишларни кўришдаги камчиликларни бартараф қилиш ва масалаларни бир хилда ҳал этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Респуликаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Жиноят ишларини кассация ва назорат тартибида ҳар томонлама синчиклаб текшириб, туғри ҳал қилиш катта ахамият касб этади, чунки судларнинг хатоларини ўз вақтида тузатиш ҳамда қонунларни тўғри ва бир йўсинда қўллаш имкониятини беради.

Юқори судлар қуйи судларга нисбатан, улар чиқарган ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунга тўла мувофиқ қилишига эришиш учун, талабчанликни оширишлари керак. Ишларни кассация тартибида расмийлаштиришда, биринчи босқич суди кассация шикоятлари ва протестлари келтириш, шикоят ва протестлар берилгани тўғрисида хабардор қилиш ва суд мажлиси протоколи билан таништириш тартибини белгиловчи жиноят-процессуал қонун нормаларига қатъи амал қилиши лозим.

Кассация босқич судлари ишларни ўзига қабул қилиб олишда маҳкум, оқланган, жабрланувчи ҳамда процесснинг, шикоят ёки протест манфаатларига тааллуқли бўлган бошқа иштирокчилари келтирилган шикоят ёки протест тўғрисида тегишлича хабардор қилинган-қилинмаганликларини аниқлашлари зарур.

Судлар шуни назарда тутмоқлари керакки, қонунга биноан (Жиноят-процессуал кодексининг 479, 500, 504-моддалари), процесс иштирокчилари келиб тутшган шикоят ёки протестлар билан танишишга ва ўз эътирозларини билдиришга ҳақлидирлар. Лекин, уларга бу мажбуриятларни юклаш қонунга зиддир.


2. Ишнинг кўрилишини бошқа кунга қолдиришга узрли сабаблар бўлгандагина йўл қўйилади. Агар ишни кўришда иштирок этувчи шахслар, ишнинг кўрилиши ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилган бўлиб, судга келмасалар, кассация босқичида уларнинг келмаганлик сабаблари аниқланиб, ишни ушбу шахсларнинг иштирокисиз кўриш масаласи ҳал қилиниши ва бу хақда суднинг ажримида кўрсатилиши керак.


3. Жиноят-процессуал кодексининг 506-моддаси мазмунига биноан суд мажлисига гувоҳлар, экспертлар, мутахассисларни чақириш масалалари кассация босқич суди томонидан иш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилинади.


4. Судланувчининг биринчи босқич судида қатнашган адвокати ўз ташаббуси билан кассация шикояти бериш ҳуқуқига эга. Агар кассация шикояти берган адвокат маҳкумнинг розилиги бўйича бошқа адвокат билан алмаштирилган бўлса, кейингиси Жиноят-процессуал кодексининг 481-моддаси талабига биноан қўшимча шикоят келтириши мумкин.

Агарда маҳкум биринчи босқич судида адвокатдан воз кечса ёки унинг шикоятини кайтариб олса, бундай ҳолатда, иш бўйича бошқа кассация шикояти ёки протест келтирмаган бўлса, кассация иши тугатилади.

Бироқ судлар ЖПКнинг 52-моддасида адвокатдан воз кечиш суд учун мажбурий бўлмаган ҳолатлар қайд этилганини назарда тутмоқлари керак. Кассация босқичи бундай воз кечишни қабул қилмасдан, ишни мазмунан кўради. Адвокатдан воз кечишни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик ҳақидаги қарор коллегиал равишда қабул қилинади ва кассация ажрими матнига киритилади.

5. Кассация шикоятлари ва протестларига диққат-эътибор билан ёндошиш керак. Уларда кўрсатилган важлар ажримда жавобгиз қолмаслиги учун, бу важларни синчиклаб ўрганиб ва текшириб, ишдаги мавжуд бўлган ва қўшимча берилган ҳужжатлар билан солиштириб кўриш шарт. Жиноят ва жиноят-процессуал қонун нормаларига амал қилинишига, жиноий ҳаракат тавсифи тўғрилигига, тайинланган жазони асосли, қонуний ва адолатли бўлишига алоҳида эътибор бериш лозим.


6. Ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунийлиги ва асослантирилганлигини текшираётиб, кассация босқич суди, биринчи босқич суди томонидан йўл қўйилган моддий ва процессуал қонун бузилишларини, бу ҳақда шикоят ёки протестда кўрсатилишидан қатъи назар, бартараф қилишга мажбур. Кассация босқичи чиқарилган хусусий ажримнинг қонунийлигини, унинг ҳукм ва иш ҳужжатларига мослигини текшириши шарт. Агар, асослар бўлса, хусусий ажрим бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.


7. Бир неча кишига нисбатан жиноят иши кўрилаётганда, суд Жиноят-процессуал кодексининг 482-моддасига биноан, кассация шикояти бермаган, ёки жабрланувчининг кассация шикояти ва прокурор протести бўлмаган шахсларга нисбатан ҳам иш тўла ҳажмда текширилади. Агар асослар бўлса, юқорида кўрсатилган маҳкумларнинг ахволини оғирлаштирмаслик шарти билан, суд ҳукмига керакли ўзгартишлар киритиш, ёки уни бекор қилиш мумкин. Агарда ҳукмга ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш учун асослар бўлмаса, ушбу маҳкумларга нисбатан иш текширилганлиги ва ҳукм ўзгартирилмасдан қолдирилганлигини кўрсатиш керак эмас. Шунингдек, кассация шикояти ёки протест келтирилмаган маҳкумнинг шахсига доир маълумотларни қайд этмаслик керак.

8. Жиноят-процессуал кодекси 482, 528-моддаларининг мазмунига кўра, айрим маҳкумларга нисбатан кассация шикоятлари ёки прокурор протести берилиб иш бўйича ҳукм юқори суд томонидан бекор қилинмаса, бу ҳукм иш кассация босқичида кўриб чиқилганидан сўнг ҳамма маҳкумларга нисбатан кучга киради.


9. Агарда бирор сабаб билан айрим маҳкумларга нисбатан ўз муддатида берилган кассация шикояти ёки протест, ишни бошқа маҳкумларга нисбатан кўриб чиқилганидан сўнг келиб тушса, ёки Жиноят-процессуал кодексининг 501-моддасига биноан шикоят ёки протест келтириш муддати тикланган бўлса, шунингдек, маҳкум ва унинг адвокатининг кассация шикояти, бошқа суд процесси иштирокчисининг кассация шикояти ёки протести билан ушбу маҳкумга нисбатан иш кўрилиб чиқилганидан сўнг келиб тушса, кассация босқич суди бундай шикоят ёки протестни мазмунан кўриб, улар бўйича ажрим чиариши лозимдир.

Агар ушбу ажрим билан иш бўйича чиқарилган олдинги ажрим ўртасида қарама-қаршилик келиб чиқса, у ҳолда чиқарилган ажримдан бирини ёки иккаласини бекор қилиш масаласини ҳал қилишлик учун иш, назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган, суд раисига юборилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 508-моддасига биноан ишни қўшимча кўриш тартиби, кечикиб келган хусусий шикоят ва хусусий протестни ҳал қилишга ҳам тааллуқлидир.


10. Ишларни кассация тартибида кўрилиши, судланувчи айбдор деб топилган ёки окланган айб доирасида бўлиши мумкин. Агар, маҳкумнинг аҳволи оғирлаштирилмаса ёки унинг ҳимоя ҳуқуқи бузилмаса, айбни ўзгартириш мумкин. Жумладан, бу ўзгартириш маҳкумнинг ҳукмда мужассамлаштирилган айбидан жиддий равишда фарқ қилмаса, ёки оғирроқ жазо тайинланишига олиб келмаса, суд содир этилган жиноятни бошқа енгилроқ қонун моддасига ёки моддаларига қайта тавсифлашга, айбнинг бир қисмини (эпизодини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқариб ташлашга, алоҳида тавсифланган ҳукмнинг бир қисмини бекор қилишга ва бу қисми бўйича ишни ётқизишга, ҳукмни бекор қилмасдан ва бу қисми бўйича ишни ётқизмасдан, қилинган жиноятга хато бахр бериш натижасида икки жиноятнинг мажмуйи сифатида эълон қилинган қонун моддасини чиқариб ташлашга ҳақли.

Ҳукмга киритилган ўзгартиришлар ажримнинг хулоса қисмида кўрсатилиши лозим.


11. Агар ишни кўриш натижасида кассация босқичи маҳкумнинг ҳаракатларини жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги учун ёки амнистия вақти бўйича жиноят иши қўзғатилмайдиган қонун моддаси бўйича тавсифлаш зарур деган хулосага келса, у Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 1, 2-бандларига риоя қилган ҳолда, биринчи босқич суди қабул қилиши мажбурий бўлган, лекин қабул қилмаган қарор чиқариши, яъни, содир қилинган ҳаракатни қонуннинг тегишли моддасига қайта тавсифлаб, ушбу модда билан жазо тайинлаши ва маҳкумни бу жазодан озод қилиши керак.

12. Биринчи босқич суди томонидан амнистия қўлланиши лозим бўлмаган маҳкумга кўлланилган бўлса, жазо енгиллиги тўғрисида прокурорнинг протести ёки жабрланувчининг шикояти бўлган тақдирда, кассация босқичи Жиноят-процессуал кодекси 494-моддасининг 2-қисмига биноан ҳукмни бекор қилиб, ишни амнистияни қўлламасдан жазо тайинлаш учун янгитдан судда кўриш учун юбориши даркор.

Лекин, агарда кассация босқичи ҳукмдаги якуний (яъни, амнистия қўллангани билан) тайинланган жазо чорасини амнистия қўлламасдан ҳам маҳкумга етарли деб топса, у ишни янгитдан кўришга юбормасдан туриб, ҳукмни ўзгартириши ва амнистия кўлланишини чиқарнб ташлаб, бирламчи тайинланган жазо чорасини ҳукмнинг якуний хулосасидаги жазо чорасига алмаштириши мумкин.

Агарда кассация босқичи бирор сабаб билан (амнистия қўлланиши тўғрисидаги тушунтиришнинг йўқлиги ва б. қ.) амнистия қўлламаган бўлса, у зарур ҳужжатлар келиб тушгандан кейин амнистия қўллаш тўғрисида қўшимча ажрим чиқариши лозим.

Айбдорни жиноий жавобгарликдан озод қилувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганидан сўнг жиноий иш қўзғатилган тақдирда, маҳкум, гарчан, жазони ўташдан озод қилинган бўлсада, айблов ҳукми бекор қилиниб, иш ҳаракатдан ётқизилади.


13. Маҳкум ёки бошқа процесс қатнашчилари томонидан кассация шикояти ёки протести берилгандан сўнг, иш ҳақи кассация тартибида кўрилмасдан маҳкум вафот этса, ишни текшириш натижасида марҳумни оқлаш (реабилитация қилиш) учун асослар топилган тақдирдагина, ушбу маҳкумга нисбатан ишни кўриш давом этиши мумкин. Акс ҳолда, Жиноят-процессуал кодекси 84-моддасининг 3-бандига биноан жиноят иши тугатилади.

Бунда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, маҳкумнинг мулкини давлат фойдасига ўтказиш масаласи Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига биноан ҳамда фуқаролик иш юритувчи тартибида прокурорнинг даъвоси бўйича Фуқаролик-процессуал кодексининг тегишли моддасига биноан, вафот этганнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи эса жабрланувчи ёки прокурорнинг вафот этганнинг ворисларига ёки унинг мулкини идора этишни зиммасига олган шахсларга нисбатан берилган даъво аризаси бўйича кўрилиши мумкин. Иш бўйича далилий ашёларнинг тақдири кассация босқич судининг қарори билан, уларнинг тегишлилиги бўйича, тортишув бўлганда эса фуқаролик ишларини судда кўриш тартибида ҳал этилиши лозим.

14. Маҳкум ёки унинг адвокатининг шикояти бўйича ишни кўраётиб ва ҳукмни суриштирув, дастлабки ёки суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги сабабли бекор қилатуриб, кассация босқичи маҳкумнинг ахволини оғирлаштирувчи кўрсатмаларни биринчи босқич суди аниқламаган ёки рад этган фактларни ва ҳолатларни ўз ажримига киритиши мумкин эмас.


15. Кассация босқич суди, бунга зарурат тукилганда, Жиноят-процессуал кодексининг 541, 542-моддаларида кўрсатилган тартибда ҳукмни моҳиятига дахл қилмайдиган ва маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмайдиган, ҳукм камчиликлари натижасида пайдо бўлган шубҳа ва ноаниқларнигина, ҳал қилишга ҳақлидир.


16. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлар бўйича судлов хайъати, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, Қуролли Кучлар ҳарбий суди шикоятларни ва жиноят ишларини назорат тартибида кўришни янада такомиллаштириш чораларини кўрсинлар, қачонки қонунсиз ва асослантирилмаган ҳукмлар, ажримлар, қарорлар кучида қолдирилмасин, йўл қўйилган қонун бузилишлари эса тўлиқ бартараф этилсин. Шу билан бирга қонуний ва асослантирилган суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳолларига чек қўйилиши керак.

17. Жиноят-процессуал кодексининг 512-моддаси тартибида жиноят ишини талаб қилиб олиш масаласини ҳал этишда шикоятдаги важлар суднинг ҳукмини, ажримини ёки қарорини қонунийлигига ва асослилигига шубҳа туғдирган ёки бундай шубҳалар бошқа асослардан юзага келган ҳар бир ҳолатда иш талаб қилиб олиниши лозимлигидан келиб чиқмоқ керак.

18. Протест келтириш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги муносабати билан шикоятни қаноатлантириш рад қилинганлиги ҳақида ЖПКнинг 516-моддасига биноан аризачи хат билан хабардор қилиниши ва унда шикоятнинг барча важларига асослантирилган жавоблар берилган бўлиши лозим.


19. Жиноят-процессуал кодекси 479-моддасининг 4-қисмига кўра назорат босқичи суди зарур ҳолларда суд мажлисига тушунтирув бериш учун маҳкумни, оқланган шахсни, уларнинг адвокатларини, вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакилларини, жабрланувчини ва унинг вақилини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ва уларнинг вакилларини таклиф этиш масаласини муҳокама қилиши керак.

20. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ЖПК 76-моддасининг 3-қисмига кўра, ишни биринчи ёки кассация босқичи судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок этган судья, унинг иштирокида чиқарилган суд қарори бекор қилингандан кейингина ўша ишни кўришда иштирок эта олмайди. Бу тартиб жиноят ишлари Пленумда кўрилаётганда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларига тааллуқли эмас.

Жиноят-процессуал кодексининг 520-моддасига биноан назорат босқичи судида жиноят ишлари шу кодек снинг 506-моддасида қайд этилган қоидалар асосида кўрилади. Жумладан, ушбу моддада судьялар маслахатлашувининг сир сақланишига риоя этиш кўзда тутилганлигини эътиборга олиш зарур.

Жиноят-процессуал кодексининг 487-моддасига биноан судьялар маслаҳатлашувининг сир сақланишининг бузилиши жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши ҳисобланади.

21. Жиноят-процессуал кодекси 513-моддасининг мазмунидан келиб чикқан ҳолда маҳкумнинг ахволини оғирлаштирувчи асослар бўйича судларнинг қўйидаги масалаларга тааллуқли ҳукмларини, ажримларини ва қарорларини, улар қонуний кучга киргандан кейин бир йил вақт ўтгач назорат тартибида қайта кўриб чиқишга йўл қўйилмайди, жумладан:

- шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш (ЖК 70-моддаси);

- айбдорни чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш (ЖК 71-моддаси);

- жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш (ЖК 73, 74-моддалари);

- касаллик ёки меҳнат кобилиятини йўкотиш оқибатида жазодан озод қилиш (ЖК 75-моддаси);

- амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш (ЖК 76-моддаси);

- судданганликнинг олиб ташланиши (ЖК 79-моддаси);

- шунингдек, ҳукм, ажрим ва қарорларни ижрога қаратишга тааллуқли бошқа масалалар (озодликдан маҳрум этишга шартли равишда ҳукм қилинганда синов муддатини қисқартириш; маҳкумни ҳукмда белгиланган жазони ўташ учун енгилроқ тартибли колонияга жўнатиш ёки кўчириш (ЖПК 541-моддаси); ахлоқ тўзатиш ишлари ўталган вақтни умумий меҳнат стажига қўшиш).

Бунда бир йиллик муддат суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб, назорат босқич суди томонидан қарор қабул қилинган кунгача ҳисобланиши лозим.


22. Судларнинг қарорлари назорат тартибида фақат протестга асосан қайта кўрилиши сабабли, суд протестда кўрсатилган асослар бўйичагина судланганни, окланганни ёки жиноят иши унга нисбатан ётқизилган шахснинг аҳволини оғирлаштирувчи ажрим (қарор) қабул қилишга ҳақлидир. Шунинг билан бирга суд протест келтирилмаган судланганларнинг ахволини оғирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Кассация ажрими бекор қилиниб, ҳукмнинг ўзгаришсиз қолдирилиши, судланганнинг ахволини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.

23. Суднинг қарорини иш ҳужжатларидан келиб чиқадиган асослар мавжуд бўлгандагина назорат тартибида қайта кўришга йўл қўйилади. Агарда суд қарорининг қонунийлиги ва асослилигини шубҳага солувчи ҳолатлар судга маълум бўлмасдан, ҳукм, ажрим ёки қарор қонуний кучга киргандан кейин аниқланган бўлса, бундай суд қарорини қайта кўриш масаласи фақат янги очилган ҳолатлар муносабати билан иш юритиш тартибида ҳал этилиши мумкин. Агарда шу кўрсатилган ҳолатларда назорат тартибида протест келтирилган бўлса, назорат босқич суди протестни қаноатлантирмасдан қолдириб, ишни барча ҳужжатлар билан бирга янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш учун прокурорга юборади.

24. Ҳукм бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан судда кўриш учун юборилганда ва янгитдан ҳукм чиқарилганда, назорат босқич суди ЖПК 490-моддасига кўра биринчи ёки кассация босқич судларининг факат кейинги қарорларини бекор қилиши ёки ўзгартириши мумкин.

25. Назорат босқич судининг қарори аниқ, изчил-мантиқий, хукуқий асослантирилган бўлиши ҳамда айбнинг хажми ва тасдиқлангани, жиноятнинг тавсифланиши, ҳукм бўйича тайинланган жазонинг қонунийлиги ҳақида биринчи ёки кассация босқич суди қарорининг тўғри ёки нотўғрилиги хақидаги хулосаларни ўз ичига олиши керак. ЖПК 496-моддаси талабига кўра ажримда (қарорда) ҳукмни қарор қисмининг мазмунидан ташқари протестнинг мазмуни, прокурор мулоҳазасининг ва ишда иштирок этган шахслар изоҳларининг қисқача баёни, назорат босқич судининг протест важларининг асослилиги ҳақидаги хулосаси, тегишли моддий ва процессуал қонунларга асосланиб қабул қилинган қарорнинг асослари кўрсатилиши лозим.


26. Суд ЖПК 482-моддасига кўра суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини барча, шу жумладан устидан протест келтирилмаган маҳкумларга нисбатан тўлиқ хажмда текширишга мажбур. Бунда ЖПК 484, 489-моддаларига биноан суд қарорларини бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлувчи Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари талабларига, дастлабки терговда ва суд муҳокамаги даврида ахамият берилган ёки берилмаганлигинн ҳар томонлама текширилиши лозим. Протест келтирилмаган маҳкумларга нисбатан бундай асослар аниқланмаган бўлса, ажрим (қарор)да улар бўйича иш текширилгани ва суд қарорлари уларга нисбатан кучида қолдирилгани тўғрисида кўрсатилмаслиги керак (бу ерда ва бундан буён кассация ва назорат босқичи судлари назарда тутилади).

27. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунларнинг ҳукмни бекор бўлишига олиб келадиган жиддий бузилишларини аниқлаб, суд йўл қўйилган бузилишлар тааллуқли бўлган барча маҳкумларга нисбатан, улардан кайси бири шикоят берганидан ёки қайси бирига прокурор протест келтирганидан қатъи назар, ҳукмни бекор қилиши лозим. Ушбу талабга Жиноят-процессуал кодекси 487-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган қонун бузилишларига йўл қўйилганда ҳам, жиноят ёки жиноят-процессуал қонунларининг бошқа бузилишлари айбланувчини, судланувчини ёки процесснинг бошқа иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларини чеклаш йўли билан ёхуд бошқача тарзда суд ишнинг ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона аниқлашига ҳалал берганда ҳамда қонуний ва асосли ҳукм чиқаришига таъсир қилганда ёки таъсир қилиши мумкин бўлганда ҳам риоя қилиниши керак.

Қонунга хилоф ҳолда топилган далиллар айблов ҳукмига асос қилиб олиниши мумкин эмас.


28. Суд ишни қўшимча терговга ёки янгитдан судда кўриш учун юбораётганда айблов исботланган ёки исботланмагани, у ёки бу далилларнинг ишончли ёки ишончсизлиги, бир далилнинг иккинчисидан афзаллиги, жиноятнинг тавсифи ва жазо чораси хақида олдиндан хулоса чиқариб қўйишга ҳақли эмас.

Ҳукмни ёки ажримни бекор қилиб ишни қўшимча терговга юбораётганда суд қандай ҳолатлар қўшимча аниқланиши кераклигини аниқ кўрсатиши, шунингдек, судланувчининг, маҳкумнинг эхтиёт чораси масаласини ҳал қилиши лозим.


29. Жиноят ишини кўришда келтирилган ёки суднинг ташаббуси билан талаб қилиб олинган қўшимча ҳужжатлардан, улар судда текширилган ҳолатларга тааллуқли бўлса ва янги очилган ҳолатлар борлиги тўғрисида далолат бермаса, фойдаланиш мумкин.

Қўшимча ҳужжатлар Жиноят-процессуал кодексининг 149, 170, 290 ва 398-моддаларида назарда тутилган (мурдани эксгумация қилиш, телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, мол-мулкни хатлаш, мулкий зарарни қоплаш ва мол-мулкни мусодара этишни таъминлаш) тергов ҳаракатларини олиб боришни терговчига топшириш йўли билан хам олиниши мумкин.

Кўшимча ҳужжатларга ишдаги мавжуд далиллар билан бирга баҳо берилади ва шулар билан бир қаторда ҳукм, ажрим ва қарорни бекор қилиб, ишни янгитдан тергов ўтказиш ёки янгитдан судда кўриш учун юбориш ҳақидаги қарорга асос қилиб олиниши мумкин. Процесснинг қайси босқичидан янгитдан кўриш учун юбориш масаласини ҳал қилаётиб, суд кўшимча ҳужжатлар дастлабки текшириш мавзуси бўлмаганлигини ва қонунга мувофиқ айбланувчига эълон қилинмаганлигини назарда тутиб, иш ҳолатларини тўла ва ҳар томонлама текширилиши ва айбланувчига ҳимоя ҳуқуқи таъминланиши зарурлигидан келиб чиқиши керак.

Кўшимча тақдим қилинган ҳужжатлар билан аниқланган факт биринчи босқич суди томонидан текширув ўтказиш ва бахо беришни талаб килмайдиган ҳолдан ташқари (кассация шикояти берилганидан сўнг маҳкумнинг ўлиб колиши, маҳкумнинг жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаганлиги, илгари судланмаганлиги ва ҳ.к.лар) бошқа ҳолларда, ушбу ҳужжатлар асосида ҳукмни ўзгартиришга ёки уни бекор қилиб, ишни ҳаракатдан ётқизишга йўл қўйилмайди.


30. Иш ҳолатларининг бошқа эпизодлари билан умумий тавсиф олган бир ёки бир нечта эпизодли қисмини тўлик текширилмаганини аниқлаб (масалан, шахсни бир неча марта пора олганликда айбдор деб топиш), суд эълон қилинган айб бўйича ҳукмни тўла бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш учун юбориши, ёки асослар бўлганда, ҳукмни ўзгартириши кўрсатиб ўтилган эпизодларнн ҳукмдан чиқариши ва ишнинг бу қисмини ҳаракатдан ётқизиши лозим.

Агар маҳкум бир нечта жиноятларни содир килганликда айбдор деб топилган ва уларнинг хар бири қонуннинг тегишли моддаси билан тавсифланган бўлиб, алоҳида кўрилиши мумкин бўлса, суд ҳукмни бир ёки бир неча жиноятлар қисми бўйича бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш ёки қўшимча тергов ўтказиш учун юборишга ҳукмнинг шу маҳкумга нисбатан бошқа қисмини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.


31. Биринчи босқич суди айбдорнинг қонунни бир моддаси билан тавсиф қилиниши лозим бўлган икки ёки ундан ортиқ жиноятларини хато равишда қонуннинг иккита моддаси бўйича тавсифлаган бўлиб, бунда жиноятларидан бирига тўғри ҳуқуқий баҳо бериб, бошқаларига қонуннинг оғирроқ жиноят ҳақидаги моддасини нотўғри қўллаган бўлса, суд мазкур жиноий ҳаракатларни нотўғри тавсиф қилинган моддадан енгилроқ моддага қайта тавсифлаб. шу модда санкцияси чегарасида бу бўйича биринчи босқич суди томонидан тайинлангандан оғирроқ жазо тайинлашга ҳақли, лекин бу жазо ҳукм бўйича ўташ учун қолдирилган жазодан кўп бўлмаслиги керак.


32. Жиноят-процессуал кодекси 490-моддасининг 3-қисмига биноан суд асослар бўлганда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб эътироф этишга, унга тарбия колониясининг ёки жазони ижро этиш колониясининг жиддийроқ турини белгилашга, жиноят оқибатида келтирилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтиришга ҳақлидир.


33. Суд ҳукминиш фукаролик даъвоси қисмини нотўғри деб топса, ҳукмга тегишли ўзгартириш киритиши мумкин.

Жумладан, биринчи босқич суди иш ҳолатларини тўлиқ ва тўғри аниқлаб, лекин моддий ҳуқуқни қўллашда хатога йўл қўйган бўлса, иш бўйича қўшимча далиллар тўплаш ёки текшириш талаб қилинмаса, ундириш миқдорини қўпайтиришн мумкин.

Агарда фуқаролик даъвоси бўйича ундириш миқдорини ошириш жиноят тавсифини ёки айбловнинг мазмунини маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш томонига ўзгартириш заруратини туғдирса, суднинг ҳукми шу мазмунда келтирилган протестга асосангина бекор қилинади.


34. Жиноий ҳаракатларни жиноят қонунининг бир моддасидан унча оғир бўлмаган жиноятларни кўзда тутувчи бир нечта моддаларига қайта тавсифлашда, агар бу маҳкумнинг ахволини оғирлаштирмаса ва унинг ҳимоя ҳуқуқини бузмаса, суд ЖК 59-моддаси тартибида жазо тайинлайди. Бу жазо биринчи босқич суди томонидан тайинланган жазодан оғирроқ бўлмаслиги керак.

35. Ҳукм чиқариш пайтида маҳкумга ўта оғир жазо тайинланганлигидан далолат берувчи иш бўйича аниқланган ҳолатларгина жазони енгиллаштириш ёки уни ўташдан маҳкумни озод қилиш учун асос бўлиши мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Ҳукм чиққандан кейин пайдо бўлган ҳолатлар, шунингдек, маҳкумни жазо ўташ вақтидаги хулқи ишни назорат тартибида кўриш учун бошқа асослар бўлгандагина ҳисобга олиниши мумкин. Бу ҳолатлар ўз-ўзидан ҳукмни ўзгартиришга олиб келмаслиги керак.

36. Назорат босқич суди маҳкумнинг жазосини енгиллаштириш масаласини ҳал қилатуриб, ЖПК 482-моддасига мувофиқ нафақат жазони камайтириши, балки бошқя енгилроқ жазо турига ўтиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда қонун билан ўрнатилган чегарада енгилроқ жазонинг муддати ҳукм бўйича тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддатидан ошиғроқ бўлиши мумкин (масалан, икки йилга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумга суд 3 йил ахлоқ тўзатиш иши тайинлашга ҳақли).

Маҳкумга нисбатан асосий жазони камайтирганда, шу жумладан, қонунда белгилангандан кўра енгилроқ жазога ўтганда ҳам, суд ҳукмнинг қўшимча жазо тайинлаш (мол-мулкни мусодара қилиш, маълум ҳуқуқдан, ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш) қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


37. Ишни кўриш вактида маҳкумнинг содир этилган жиноятга даҳли бўлмаганлиги сабабли ҳукм бекор қилиниб иш тугатилса, жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахсни аниқлаш масаласини ҳал қилиш учун, суд ишни прокурорга юбориши керак.

Суд суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан жиноят-судлов ишларини юргизишда жабрланувчининг қатнашувини тартибга солувчи қонуннинг тўғри қўлланилганлигини синчиклаб текшириши, йўл қўйилган қонун бузилишларини эътиборсиз олдирмаслиги лозим.

Жабрланувчини ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки уларни чеклаш ишни ҳар томонлама кўрилишига ҳалақит берган ҳамда қонуний ва асосли ҳукм чиқарилишига таъсир қилган бўлса, бу жиноят-процессуал қонунининг ҳукмни бекор қилинишига олиб келадиган жиддий бузилиши деб танилиши мумкин (ЖПК 487-моддаси).

Ҳукмни бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш учун судга юбораётиб суд ўз қарорида қандай бузилишлар ҳукмни бекор қилинишига олиб келганлигини ва уларни қандай тузатиш йўлини кўрсатиши шарт.

Лекин, Жиноят-процессуал кодекси 495-моддасининг 2-қисмига биноан, у суриштирув, дастлабки тергов ва суд хулосаларини олдиндан ҳал қилувчи кўрсатмалар беришга ҳакли эмас, чунки ишни қайта кўриш пайтида биринчи босқич суди судланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслиги, жиноят қонунини қўллаш ва жазо тайинлаш масалаларини ишдаги барча ҳолатларни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда ўзининг ички ишончи бўйича далилларга баҳо беришдан келиб чиқиб ҳал қилиши лозим.


38. Ҳукмни бекор қилаётиб ёки ўзгартираётиб, хато ҳукм судьялар ёки суриштирув ёинки дастлабки тергов ўтказган шахсларнинг ўз вазифаларини бажаришга бепарволик ва эътиборсизликлари натижасида чиқарилган деб топилганда, суд Жиноят-процессуал кодексининг 496-моддасига биноан ўзининг хусусий ажрими билан бунга уларнинг эътиборини қаратиши зарур.

Шунингдек, суд хусусий ажрими билан суриштирув ва дастлабки тергов ўтказган мансабдор шахсларни ёки биринчи босқич бўйича ишни кўрган суднинг эътиборини ҳукмни бекор қилишга ёки ўзгартиришга олиб келмайдиган камчиликларга ҳам қаратиши мумкин. Лекин суд, ўзгартирилмасдан колдирилган ҳукмнинг қонунийлигига ва асослилигига шубҳа туғрдирувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳали эмас.

39. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов хайъатлари жиноят ишларини кассаация ва назорат тартибида кўришни тартибга солувчи қонунларнинг тўғри қўлланиши устидан назорат қилишни кучайтиришлари лозим.


40. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 13 ноябрдаги “Жиноят ишларини судлар томонидан кассация тартибида кўриб чикиш амалиёти тўғрисида”ги, “Жиноий ишларни назорат тарзида кўришни тартибга солувчи қонунларни судлар томонидан қўллаш ҳақида”ги қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.