Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.12.2020 й. 776-сон "Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
11.12.2020 й.
N 776
МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ
ТОМОНИДАН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ СОЛИҚ
ТЎЛАШ МУДДАТЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТАРТИБИ
ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ, шунингдек, солиқ тўловчилар учун солиқ тўловларини амалга оширишда қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича солиқ тўловчилар томонидан мурожаат қилиш тартиби;
солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори лойиҳасини тайёрлаш тартиби;
солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарор қабул қилиш тартиби.
2. Вазирлар Маҳкамасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2019 йил 25 ноябрдаги 951-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 11 декабрь