Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.03.2021 й. 149-сон "Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.03.2021 й.

N 149




ОРОЛНИ ҚУТҚАРИШ ХАЛҚАРО

ЖАМҒАРМАСИ ИЖРОИЯ ҚЎМИТАСИДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДОИМИЙ

ВАКИЛИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан қуйидагилар:

Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ва Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг Нукус филиали;

Орол денгизи ҳавзасини қутқариш ва соғломлаштириш бўйича тадбирлар ва лойиҳалар молиялаштирилиши инобатга олинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

2021 йилдан бошлаб, Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Оролни қутқариш Халқаро жамғармасига Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихоналари маслаҳатчиси мақомига тенглаштирилади.


3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси органларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш;

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш;

халқаро молия ташкилотлари, донор давлатлар ва соҳага оид жамғармалар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш;

доимий вакилнинг фаолиятини ташкил этиш ва молиявий таъминлаш.


4. Мазкур қарор Оролни қутқариш Халқаро жамғармасига раислик жамғармага аъзо бошқа давлатларга ўтганда, доимий амал қилиши белгилаб қўйилсин.


5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ва сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 март