Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.04.2021 й. 210-сон қарорига 1-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2021 йил 14 апрелдаги
1-ИЛОВА
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат
мақсадли жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, Жамғармани бошқариш, маблағларини шакллантириш ва фаолият юритиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган бланкага ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
4. Жамғарманинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи - Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси;
қисқартирилган номи - Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
б) рус тилида:
тўлиқ номи - Государственный целевой фонд поддержки женщин;
қисқартирилган номи - Фонд поддержки женщин;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи - State Trust Fund for Women`s Support;
қисқартирилган номи - Fund for Women`s Support.
2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
ҲАМДА ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
5. Жамғарманинг асосий мақсади хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, шу жумладан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишдан иборат.
6. Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш;
хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш;
хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштириш;
хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш.
7. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Васийлик кенгашининг қарори асосида мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;
давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни сўраш ва олиш;
ғазначиликдаги ўз ҳисобварақларида ушбу Низомда белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш;
Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этиш ҳамда молиялаштиришни белгиланган тартибда тўхтатиш;
вақтинчалик бўш маблағларини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида депозитларга жойлаштириш;
Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Жамғарма қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Жамғарма ўз ваколатларини амалга ошираётганда:
қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом талаблари ва Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Васийлик кенгаши қарорларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажариши;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишини назорат қилиши;
ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этиши шарт.
Жамғармага қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
9. Жамғарманинг бошқарув органлари Жамғарма Васийлик кенгаши ва Ижро этувчи дирекциясидан (кейинги ўринларда - Дирекция) иборат.
10. Васийлик кенгаши Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилишни амалга оширувчи олий бошқарув органи ҳисобланади.
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Васийлик кенгаши раиси вазифасини амалга оширади.
11. Васийлик кенгаши аъзолари бир вақтнинг ўзида Дирекцияда меҳнат фаолиятини юритиши мумкин эмас.
12. Васийлик кенгаши:
Жамғарманинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;
Жамғармага юкланган вазифалар бажарилишини ташкил қилади;
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар йиллик параметрларини ҳамда амалга ошириладиган асосий тадбирлар режасини тасдиқлайди;
умумий тасдиқланган параметрлар доирасида, зарурат бўлганда, Жамғарма даромадлари (манбалар бўйича) ва харажатларининг прогноз параметрларига ўзгартиришлар киритади;
Дирекцияни сақлаш харажатлари сметасини, штатлар жадвалини тасдиқлайди, зарурат бўлган тақдирда, тасдиқланган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Дирекция тузилмасига ўзгартиришлар киритади;
Дирекция ижрочи директорини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларни жалб қилади, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайрияларини жалб этишга кўмаклашади;
Жамғарма ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини белгилайди;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
13. Васийлик кенгаши Жамғармага юкланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш, тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга татбиқ этиш ва зарур тавсиялар тайёрланишини таъминлаш мақсадида давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, шунингдек, фуқаролардан иборат таркибда эксперт гуруҳлари ташкил қилиши мумкин.
14. Васийлик кенгаши мажлислари заруратга кўра ўтказилади.
Васийлик кенгаши қарорлари мажлисда қатнашаётган Васийлик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Васийлик кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
15. Дирекция Жамғарманинг ижро органи ҳисобланади. Унга Васийлик кенгаши қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор раҳбарлик қилади.
16. Дирекция:
Жамғармага ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;
маблағлардан мақсадсиз фойдаланилган ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тўловлардан ташқари, молиялаштиришни тўхтатиб туради, кейинчалик ушбу масалани Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритади;
чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларини очади ва юритади, белгиланган тартибда улар бўйича тегишли операцияларни амалга оширади;
Жамғармага ўтказилган пул маблағларининг амалда тушган суммаси бўйича тегишли ташкилотлардан ахборотлар ҳамда статистик маълумотларни сўраб олади;
Васийлик кенгаши розилиги билан бўш маблағларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида миллий валютада депозитларга жойлаштиради;
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритади, шунингдек, улар бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни шакллантиради;
тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилмаган қўшимча маблағларни ажратиш бўйича тушган буюртмаларни тўплайди, уларни умумлаштиради ва кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашига киратади;
Жамғарма Васийлик кенгаши қарорлари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди;
Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши бўйича ҳисоботларни Васийлик кенгашига ва Молия вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
17. Дирекция ижрочи директори:
Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва Жамғармага юкланган вазифалар бажарилиши, шу жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради;
Дирекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, қонунчилик ҳужжатлари, Республика хотин-қизлар жамотчилик кенгаши қарорлари ва Васийлик кенгаши қарорлари билан Жамғармага юкланган вазифалар ҳамда функциялар бажарилишини ташкил этади;
Дирекция, унинг таркибий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ кўрсаткичлар, мақсадли индикаторларга, сифатга ва ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишига эришишни сўзсиз таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўради;
Дирекция ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, уларни рағбатлантириш ҳақида буйруқлар чиқаради;
давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий давлатларнинг тегишли органлари ва ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек, халқаро ташкилотлар олдида Жамғарма манфаатларини ифодалайди;
Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан белгиланган тартибда текширувлар ташкил қилади, уларнинг натижаларини таҳлил қилади ва кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўради;
жисмоний ва юридик шахслар билан Жамғарма фаолиятига тегишли шартномаларни, шу жумладан, кредит, хўжалик ва меҳнат шартномаларини имзолайди, Дирекция номидан ишончномасиз иш юритади;
штатлар жадвалини, Жамғарма маблағлари ҳисобидан Дирекция таъминотининг харажатлар сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Васийлик кенгашига тақдим этади;
Дирекциянинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;
Жамғарма номидан судга ва бошқа давлат органларига даъволар тақдим этади;
Дирекция ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
18. Дирекциянинг таъминоти бюджет ташкилотлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
ШАКЛЛАНТИРИШ ВА САРФЛАШ
19. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
20. Жамғармага унинг даромадлари бўйича тушаётган маблағлар Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.
21. Жамғармага маблағлар тушишининг тўлиқлигини назорат қилиш Васийлик кенгаши томонидан амалга оширилади.
22. Қуйидагилар Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлар ҳисобланади:
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ва Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш;
хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ташкил этишда ҳамда шундай фаолият учун имтиёзли кредитлар ажратишда кўмаклашиш;
хотин-қизларга белгиланган тартибда субсидиялар ва грантлар ажратиш;
ёш қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилишига кўмаклашиш;
оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш;
хотин-қизларни касбларга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда уларнинг муаммолари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга Васийлик кенгаши томонидан ишлаб чиқилган тартиб асосида грант маблағларини ажратиш;
зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларнинг мослашувига ва саломатликларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш;
Васийлик кенгаши талабномасига асосан хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмаларини, инновацион ғояларини, ихтирочилик, рационализаторлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш;
Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссиясининг мурожаати асосида ўрганишлар давомида аниқланган оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмаклашиш харажатларини молиялаштириш;
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши томонидан хотин-қизлар масалалари бўйича ўтказиладиган халқаро тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш, Ўзбекистон делегациясининг халқаро тадбирларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларини қоплашга кўмаклашиш;
хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш, хотин-қизлар масалалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ҳамда хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш йўналишларидан келиб чиқувчи тадбирларни, шу жумладан, халқаро тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш;
хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик марказларида ташкил этилган ўқув курсларини олиб борган мутахассисларга соатбай ҳақ тўлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис Сенати ҳужжатларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир белгиланган вазифаларни бажариш;
Дирекцияни сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.
23. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси Васийлик кенгашига келишиш учун киритилади ҳамда рўйхатдан ўтказиш учун Молия вазирлигига тақдим этилади.
24. Жамғармадан пул маблағларини ажратиш тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда Васийлик кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.
25. Жамғарма маблағларини сарфлаш Жамғарма даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган сметасига мувофиқ унинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан амалга оширилади.
26. Дирекция Жамғармага ажратилган маблағлардан фойдаланилиши ва кейинги ҳисобот даврида кутилаётган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига киритади.
27. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.
УСТИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ
28. Жамғарманинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш Васийлик кенгашининг қарорига биноан Жамғарманинг йиллик фаолияти якунлари бўйича амалга оширилади.
29. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.
30. Васийлик кенгашининг талабига кўра Дирекция томонидан Жамғарманинг молиявий фаолияти тўғрисидаги барча ҳужжатлар тақдим этилиши шарт.
31. Жамғарманинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари бўйича Васийлик кенгаши:
ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маьлумотларнинг ишончли эканлигига баҳо беради;
бухгалтерия ҳисоби юритилиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиш тартиби бузилганлиги ҳоллари тўғрисидаги маълумотни;
аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, шунингдек, Жамғарманинг молиявий фаолияти самарадорлигини оширишга оид таклифларни ўз ичига олган қарор қабул қилади.
6-БОБ. ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИСОБОТ
32. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда Васийлик кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва Дирекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.
33. Жамғарма бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритади, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа тўловларни тўлайди.
34. Дирекция ҳар йил якуни бўйича Васийлик кенгашига Жамғарма фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
35. Жамғарманинг бухгалтерия баланси ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 мартига қадар Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
36. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 14 апрель