Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2021 й. 286-сон "Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.05.2021 й.

N 286



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

САЙЛОВЧИЛАРИНИНГ ЯГОНА ЭЛЕКТРОН

РЎЙХАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ-3961-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги 630-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 6 майдаги

286-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг

Ягона электрон рўйхатини шакллантириш

ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, "Ахборотлаштириш тўғрисида", "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ-3961-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини (кейинги ўринларда СЯЭР деб аталади) шакллантириш, юритиш, янгилаш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. СЯЭР Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган (шу жумладан сайлов куни), доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига эга бўлган, муомалага лаёқатли, оғир ва ўта оғир жиноятлари учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланмаётган фуқаролари (кейинги ўринларда сайловчи фуқаролар деб аталади) киритиладиган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти (агар сайловчи фуқаро чет давлатда бўлса, хорижга чиқиш паспорти ёки дипломатик паспорти) ёки идентификация ID-картаси серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, фамилияси, исми, отасининг исми (давлат тилида, лотин ёзувида), туғилган санаси (йййй.оо.кк), доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг яшаш жойи манзили ва унинг кадастр рақами Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан тақдим этиладиган сайловчи фуқаролар тўғрисидаги ахборотлар ҳисобланади".


2. 4-бандда:


а) тўртинчи хатбошидаги "рўйхатларга" сўзи "СЯЭРга" сўзи билан алмаштирилсин;


б) қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши қўшилсин:

"СЯЭРдаги маълумотларни сайлов участкалари чегаралари доирасида автоматик равишда тақсимлаш".


3. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси СЖБАТ ва унинг таркибига кирувчи СЯЭР эгаси ҳамда СЖБАТ ва СЯЭРни янада такомиллаштириш бўйича буюртмачи ҳисобланади".


4. 7-банднинг иккинчи хатбошисидан "яратиш" сўзи чиқариб ташлансин.


5. 8-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "бир йилда" сўзлари "ҳар олти ойда" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. 9-бандда:


а) "а" кичик банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

ғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар тўғрисида";


б) "б" кичик бандга "Адлия вазирлиги" сўзларидан кейин "ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги" сўзлари қўшилсин;


в) "в" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

вазирлик тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар тўғрисида - сайлов бошланишидан икки ой аввал;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган, ҳарбий қисм ҳудудидаги казармалар, ётоқхоналар ва хизмат турар жойларида яшаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари тўғрисида - сайлов бошланишидан тўрт ой аввал;

ойлик ҳарбий йиғин ўтаётган сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари тўғрисида - сайлов ўтказиладиган ойнинг иккинчи ўн кунлигига қадар";


г) "д" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"д) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

яшаш давлатини (Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарини) кўрсатган ҳолда доимий ёки вақтинчалик консуллик ҳисобида турган фуқаролар тўғрисида;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчилар рўйхатига киритилган ўша давлат ҳудудида турган фуқаролар тўғрисида";


д) қуйидаги мазмундаги "е" ва "ж" кичик бандлар қўшилсин:

"е) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги - фуқароларнинг кўчмас мулк объектлари кадастр рақамлари, улар жойлашган манзили ва геолокация (геокод) тўғрисида;

ж) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

вазирлик (ташкилот) тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар тўғрисида - сайлов бошланишидан уч ой аввал;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва ҳарбий қисмлардаги фуқаролар тўғрисида - сайлов бошланишидан тўрт ой аввал".


7. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Ваколатли органлар ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ ДПМга маълумотларни электрон шаклда жисмоний шахснинг идентификация рақамини (агар мавжуд бўлса), паспорти (агар сайловчи фуқаро чет давлатда бўлса, хорижга чиқиш паспорти ёки дипломатик паспорти) ёки идентификация ID-картаси серияси ва рақами, туғилган санаси (йййй.оо.кк), жинси, миллати, фамилияси, исми ва отасининг исмини (давлат тилида, лотин ёзувида) кўрсатган ҳолда, фуқароларнинг яшаш жойи манзили (давлатлар, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари, туманлари, аҳоли пунктлари ва кўчалари, кадастр рақамлари, улар жойлашган манзили ва геолокация (геокод) тўғрисидаги маълумотларни эса ДПМ ва Оператор билан ўзаро келишилган техник йўриқномадаги маълумотномалар (кейинги ўринларда маълумотномалар деб аталади) асосида юборадилар".


8. 11-банднинг иккинчи хатбошисига "маълумотларни олиш" сўзларидан кейин "ва шакллантириш" сўзлари қўшилсин.


9. 12 ва 13-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"12. СЯЭРни янгилаш ДПМ томонидан Операторга ҳарбий хизматчилардан ташқари, сайловчи фуқаролар тўғрисидаги рўйхатни электрон шаклда узатиш йўли билан қуйидагиларни кўрсатган ҳолда амалга оширилади:

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти (агар сайловчи фуқаро чет давлатда бўлса, хорижга чиқиш паспорти ёки дипломатик паспорти) ёки идентификация ID-картасининг серияси ва рақами;

давлат тили лотин ёзувида фамилияси, исми ва отасининг исми;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг туғилган санаси (йййй.оо.кк), жинси ва миллати;

маълумотномалар асосида жойлашув (яшаш) жойи манзиллари.

13. СЖБАТ "Ўзбектелеком" АКнинг маълумотларни қайта ишлаш марказида белгиланган тартибда жойлашади".


10. 14-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "Электрон ҳукумат" тизимидан фойдаланувчиларни Идентификациялашнинг ягона" сўзлари "авторизация" сўзи билан алмаштирилсин.


11. 15-бандга қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилсин:

"Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилган сайлов участкаларининг дислокациялари асосида сайлов участкаларига тегишли ҳудуд чегаралари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан сайлов округлари ва участкаларининг геолокацияли электрон харитаси тузилади".


12. 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"17. Сайловчи фуқаролар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Сайловчи фуқаро ўзи бириктирилган сайлов участкаси, манзили ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ёки паспорт ёхуд идентификация ID-картаси серияси ва рақамини киритиш йўли билан МСК расмий веб-сайти орқали сайлов участкасининг жойлашуви (дислокацияси)га оид ахборот билан танишиш имкониятига эга.

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини сайловга ўттиз етти кун қолганидан бошлаб, сайловга беш кун қолгунига қадар уйма-уй юриб аниқлик киритади. Ўрганиш давомида сайловчининг шахсига ёки яшаш жойига оид маълумотлар ўзгарганлиги аниқланган тақдирда, СЯЭРга тегишли ўзгартириш киритади".


13. 18-бандга "МСКнинг расмий веб-сайтида" сўзларидан кейин "ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали" сўзлари қўшилсин.


14. Илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона

электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш

СХЕМАСИ

Ваколатли органлар

Низомнинг 9-бандига мувофиқ Давлат персоналлаштириш марказига маълумот тақдим этишни таъминлайдилар.




V


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази

Ваколатли органлар томонидан тақдим этилган маълумот асосида сайлов ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини рўйхатдан чиқаради.

Сайловчи фуқаролар рўйхатини, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, паспорт ёки идентификация ID-картаси серияси ва рақамини, фамилияси, исми ва отасининг исмини ҳамда яшаш манзилини Операторга тақдим этади.




V


Оператор (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги)

СЖБАТни такомиллаштиради, сайловчилар рўйхатини сайлов участкаларига тақсимлаш, аниқлаштириш ва тузатишлар киритиш воситаларини тақдим этади ҳамда СЖБАТнинг самарали фаолиятини техникавий қўллаб-қувватлашни ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди.

Сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини сайлов участкаларига тақсимлайди.




V


Марказий сайлов комиссияси (сайлов комиссиялари)

Сайлов участкалари бўйича тақсимланган сайловчилар рўйхатига аниқлик киритади ва тасдиқлайди.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 май