Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2021 й. 400-сон "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.06.2021 й.

N 400




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЁШЛАР ИШЛАРИ АГЕНТЛИГИНИНГ ЁШЛАРГА

ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни самарали йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш, унинг маблағларини шакллантириш, улардан фойдаланиш йўналишлари ва сарфлаш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонига мувофиқ ушбу Фармонда белгиланган Агентлик томонидан амалга ошириладиган харажатларни молиялаштириш учун 2021 йилда Агентликка Давлат бюджетидан қўшимча равишда ажратиладиган 100 млрд сўм маблағларнинг Жамғармага ўтказилишини ҳамда ушбу харажатларни молиялаштириш учун 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида Агентликка етарли маблағлар ажратилишини;

2021 йилда Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Агентлик ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг тадбирларга йўналтирилиши белгиланган қисми Жамғармага ўтказилишини ҳамда 2022 йилдан бошлаб Жамғармага ўтказиладиган маблағлар ҳисоб-китоби бюджет сўровида назарда тутилишини таъминласин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, мол-мулкларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг сифатли сақланишини таъминлаш мақсадида амалдаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларининг бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимлари сонининг нисбатини ҳисоблаш меъёрлари Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ёшлар объектлари (ёшлар марказлари, ёшлар учун спорт, маданий-маърифий ва интеллектуал ўйинларни ўтказиш, ёшларни рақамли технологиялар соҳасига йўналтиришга мўлжалланган ёпиқ мажмуалар) учун татбиқ этилмайди.

4. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 июнь