Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.02.2022 й. ПҚ-136-сон "Спортни ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.02.2022 й.

N ПҚ-136



СПОРТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги "Туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида давлат бошқарувини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-75-сон Фармонига мувофиқ:

5. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил қилинсин.

Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига спорт соҳасидан келиб тушган маблағлар Жамғармага тўлиқ ўтказилсин.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимига ўтказилсин.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирилиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти Давлат бюджети маблағлари, вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Жамғарма маблағлари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирилиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, тизим ташкилотлари ходимларини қўшимча рағбатлантиришга, моддий-техник базани мустаҳкамлашга, соҳани рақамлаштиришга ҳамда спортни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган бошқа тадбирларга йўналтирилади.

7. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгилансин:

2023 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига Давлат бюджетидан спорт соҳасини ривожлантириш дастурлари харажатлари учун ажратилган маблағлар (сақлаш харажатлари учун ажратилган маблағлар бундан мустасно);

муассиси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳисобланган корхоналар ва ташкилотлар (кейинги ўринларда - тизим ташкилотлари) ихтиёрида солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;

хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларга мувофиқ давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган тегишли маблағлар;

тизим ташкилотларининг мол-мулкини (бундан кўчмас мулк мустасно) сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи;

тизим ташкилотларининг мол-мулкини ижарага беришдан тушган бюджетга йўналтирилаётган маблағларнинг 50 фоизи;

тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган Давлат бюджети маблағларининг, шунингдек, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;

тизим ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари, талон-торож, растраталар, камомадлар суммалари;

тизим ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи (олий таълим муассасаларига ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушадиган маблағлар бундан мустасно);

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

спорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Белгилансинки:

Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларининг 3 фоизи (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар бундан мустасно) Жамғармага йўналтирилади. Бунда, ушбу маблағларнинг бир қисми тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини мақсадли молиялаштириш учун Савдо-саноат палатасига йўналтирилади ва унинг миқдори Савдо-саноат палатаси Президиуми томонидан белгиланади;

Туризм ва спорт вазирлигининг мол-мулки, шу жумладан автотранспорт воситаларини Спортни ривожлантириш вазирлигига ўтказишда қайта расмийлаштириш учун тўловлар ундирилмайди;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирилиги томонидан қайта ташкил этилаётган, тугатилаётган, ўзгартирилаётган ва бошқа ташкилотлар тизимига ўтказилаётган ташкилотларга бириктирилган кўчмас мулк объектларига ва бошқа мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар тегишли йиғимлар ва бошқа тўловлар ундирилмаган ҳолда қайта расмийлаштирилади;

Туризм ва спорт вазирлигининг марказий аппарати ходимларини Спортни ривожлантириш вазирлигига ишга қабул қилиш спортни ривожлантириш вазири томонидан тегишли давлат органлари томонидан илгари амалга оширилган келишувларни, танлов натижаларини инобатга олган ҳолда, мустақил амалга оширилади;

Спортни ривожлантириш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқлангунга қадар, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда ҳудудий бўлинмалар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 июлдаги 477-сон қарори билан тасдиқланган Туризм ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низомга ва амалдаги тартибга асосан амалга оширилади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда вазирлик тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Спортни ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Давлат бюджетининг 2022 йил учун тасдиқланган бюджет параметрларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Тошкент шаҳри, Абдулла Қодирий кўчаси, 2-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.

11. Спортни ривожлантириш вазирлиги:

икки ҳафта муддатда вазирликнинг ҳудудий, таркибий ва қуйи бўлинмалари тўғрисидаги низомлар (уставлар), уларнинг тузилмалари, шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари қайта тасдиқланишини таъминласин;

бир ой муддатда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         Ш. Мирзиёев


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 19 февраль


"Халқ сўзи", 2022 йил 22 январь