Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш Cтратегияси (ЎзР Президентининг 26.04.2022 й. ПҚ-221-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 26 апрелдаги

ПҚ-221-сон қарорига

1-ИЛОВА



2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида

интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Интеллектуал фаолият натижаларини қўллаш орқали иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий ахборот-инновацион технологияларни тезкор жорий қилиш Ўзбекистон Республикасини жадал ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири саналади.

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланаётган бир пайтда мамлакатимизнинг жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва ривожланган давлатлар даражасига эришиши йўлида дадил қадамлар ташлаш учун ислоҳотларни замонавий инновацион ғоялар, ихтиролар ва машҳур минтақавий брендлар яратилишига асосланган ҳолда амалга ошириш талаб этилади.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар интеллектуал фаолиятни ривожлантириш, илғор интеллектуал фаолият натижаларини қўллаш орқали ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини замон талабларига мослаштириш, интеллектуал мулк объектлари қўлланган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда ўз номига (брендига) эга бўлган рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтириш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаётганини кўрсатди. Хусусан:

интеллектуал мулк объектларини ишлаб чиқариш жараёнларига жалб қилиш кўрсаткичлари жуда паст;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари интеллектуал мулк соҳаси бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга эмас;

хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолиятига интеллектуал фаолият натижаларини жорий қилишдан манфаатдор эмас;

ихтирочилар ва новаторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилмаган;

интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш учун масъул вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик лозим даражада йўлга қўйилмаган, илмий-тадқиқот муассасалари ва лабораторияларининг интеллектуал мулк соҳаси билан боғлиқ фаолияти етарли даражада мувофиқлаштирилмаган;

илмий ишланмаларни фуқаролик муомаласига киритиш кўрсаткичлари паст;

"IP Management" (интеллектуал мулкни бошқариш) соҳасида интеллектуал мулк объектларини ривожлантириш ва уларнинг трансфери билан фаол шуғулланувчи юқори малакали мутахассислар етишмайди;

интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш лозим даражада эмас, ушбу соҳада, айниқса, давлат органлари ва ташкилотларида малакали мутахассислар етишмайди;

таълим ташкилотларида инсонларнинг интеллектуал фаолият натижаларига ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қаратилган амалий тадбирлар ўтказилмайди;

таълим жараёнларида ўзгаларнинг интеллектуал мулк объектларидан тўғри фойдаланишга ўргатиш, кўчирмачиликнинг (плагиат) олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар етарлича амалга оширилмаган;

контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши курашиш билан боғлиқ ишлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган товарлар бўйича интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш лозим даражада ташкил қилинмаган.

Қайд этилган камчиликлар мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасининг жадал ривожланишига, жаҳон бозорларида Ўзбекистон номини ифода қилувчи маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ортишига, хорижий инвестицияларни жалб этишга, иқтисодиётнинг ўсишига ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шу муносабат билан 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этмоқда.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Мамлакатда "Интеллектуал мулкнинг самарали ҳуқуқий муҳофазасидан - кучли ҳуқуқий ҳимояси сари" тамойили асосида интеллектуал мулкни жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантирувчи асосий драйверга айлантириш орқали Ўзбекистонни илмий-техникавий ва ихтирочилик жиҳатдан тараққий этган давлатлар қаторига киритиш ҳамда минтақавий брендларни ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантирувчи восита сифатида юзага чиқариш Стратегиянинг бош мақсади ҳисобланади.


2. Бош мақсадга эришишда Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

интеллектуал мулк соҳаси бўйича қонунчиликда мавжуд бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф қилиш, илғор жаҳон тажрибаси асосида уни доимий такомиллаштириб бориш;

республикада амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида интеллектуал мулк соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини масъул вазирлик ва идоралар фаолиятидаги бир-бирини такрорловчи вазифа ва функцияларни бартараф қилиш орқали такомиллаштириш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш жараёнларини замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда мунтазам такомиллаштириб бориш ва интеллектуал мулк объектлари яратилишини қўллаб-қувватлаш;

контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши курашиш билан боғлиқ ишлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган товарлар бўйича интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини яратиш;

интеллектуал мулк объектларининг таъсирчан ҳуқуқий механизм билан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

интеллектуал мулк соҳасини бюрократиядан ҳоли қилиш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулкка бўлган муносабатини ўзгартириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича инновацион усулларни қўллаган ҳолда манзилли тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш;

интеллектуал мулк соҳаси бўйича глобал интеграция жараёнларида фаол иштирок этиш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


3.1. Интеллектуал мулк соҳасида давлат

бошқарувини такомиллаштириш


1. Интеллектуал мулк объектларини ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида соҳа бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ўртасидаги идоралараро ҳамкорликни янада такомиллаштириш.


2. Интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни судга қадар ҳал қилиш тартибларини кенг жорий қилиш.


3. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича махсус ваколатли органлар фаолияти бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш.



3.2. Интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни

такомиллаштириш


1. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида кучли қонунчилик базасини шакллантириш.


2. Глобаллашув ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, Интернет маконида интеллектуал фаолият натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг ўзига хосликларини акс эттирувчи жиҳатлардан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган реал чораларни кўриш.


3. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгаларининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклаш орқали фойда кўришини таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш.


4. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо аспектлари бўйича битим ва Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк соҳасига оид қонунчилигини қиёсий таҳлил қилиш.


5. Божхона қонунчилигига "ex officio" тартибини киритиш масаласини ўрганиш.



3.3. Интеллектуал мулк объектларини яратиш ва

рўйхатдан ўтказиш жараёнларини янада

такомиллаштириш


1. Ҳудудларда минтақавий брендлар яратилишини қўллаб-қувватлаш ва жаҳонда "Made in Uzbekistan" брендини бутун дунёда танитиш чораларини кўриш.


2. Интеллектуал фаолият натижаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш.


3. Мамлакатда давлат ва жамиятга юқори фойда келтирадиган ихтиролар яратилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш.


4. Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини тартибга солувчи маъмурий регламентларни ишлаб чиқиш.



3.4. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни

ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш


1. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) кўмагида республикада муаллифлик ҳуқуқини Интернетда ҳимоя қилиш бўйича "WIPO Alert" онлайн платформасидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш.


2. Интеллектуал мулк соҳасида профессионал юридик ёрдам кўрсатувчи патент вакиллари фаолиятини янада жонлантириш.


3. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар фаолиятини таҳлилий ўрганиш, уларни муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни том маънода ҳимоя қилувчи ташкилотларга айлантириш чораларини кўриш.


4. Тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча куч ва воситаларни интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга жалб қилиш орқали соҳада кучли ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш.


5. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида лицензияланган дастурий таъминот воситаларидан фойдаланиш истиқболларини илғор хорижий тажриба асосида таҳлилий ўрганиш.


6. Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан кўчирмачиликка (плагиатга) қарши аёвсиз курашиш мақсадида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.



3.5. Интеллектуал мулк билан боғлиқ муносабатларга

ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ

этиш ва такомиллаштириш


1. Интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун тўланадиган муаллифлик ҳақи миқдорини ҳисоблаб берувчи калькулятор модулини ишлаб чиқиш.


2. Интеллектуал мулк объектлари сифатида рўйхатдан ўтказилган фармакологик фаол таъсир кўрсатувчи моддалар ва дори воситалари реестрини тузиш.


3. Адлия вазирлигининг махсус ахборот тизимларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.


4. Интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ жараёнларнинг ҳар бир босқичи тўғрисида талабнома берувчиларни хабардор қилишнинг янги механизмини жорий этиш.


5. Интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини рақамлаштириш орқали талабнома берувчиларни ортиқча бюрократик тўсиқлардан халос қилиш.



3.6. Жамиятда интеллектуал мулкка бўлган ҳурмат

ҳиссини шакллантириш ва аҳолининг ҳуқуқий

маданиятини ошириш


1. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида интеллектуал мулк объектларидан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларнинг фаолиятида интеллектуал мулкни қўллашда юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш бўйича доимий фикр алмашинувини йўлга қўйиш.


2. Умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчи-талабаларида интеллектуал фаолият натижаларини ҳурмат қилиш ҳамда ихтирочилик ва новаторлик хислатларини шакллантириш мақсадида интеллектуал мулк соҳасига оид фан дастурларини такомиллаштириш.


3. Интеллектуал мулк соҳасида янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини яратиш, шу жумладан соҳага оид хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш.


4. Интеллектуал мулк соҳаси бўйича қонунчилик ҳужжатларидан хорижликлар ҳам фойдаланишини таъминлаш мақсадида уларнинг инглиз тилига таржима қилинишини таъминлаш.


5. Интеллектуал мулк соҳасининг долзарб масалалари бўйича халқаро экспертлар иштирокида соҳа ходимлари учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш.


6. Интеллектуал мулк соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш.


7. Таълим ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш мақсадида олий таълим ташкилотларининг (енгил саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишлар) талабалари учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасасида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш.


8. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун тўлов-шартнома асосида ўз интеллектуал мулк объектларини юқори даромад келтирувчи воситага айлантиришга кўмаклашувчи "IP Management" (Интеллектуал мулкни бошқариш) ўқув курсларини ташкил қилиш.


9. Кенг жамоатчиликка интеллектуал мулк соҳаси бўйича маълумотларни етказувчи журналистлар учун тўлов-шартнома асосида ўқув курсларни ташкиллаштириш.



3.7. Интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро стандартларни

имплементация қилиш ва халқаро ҳамкорликни

ривожлантириш


1. Ўзбекистон Республикасининг БИМТ томонидан бошқариладиган интеллектуал мулк соҳасига оид универсал халқаро шартномаларга қўшилиши масаласини ўрганиш.


2. Интеллектуал мулк соҳаси бўйича халқаро ва миллий экспертлар мулоқот майдонини яратиш мақсадида "XXI асрда интеллектуал мулк" халқаро форумини ўтказиш.


3. Ўзбекистон Республикасидаги халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, бошқа давлатларнинг интеллектуал мулк бўйича идоралари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали хорижий донорлар билан алоқаларни фаоллаштириш.


4. Маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг БИМТ махсус дастурларида иштирок этишини таъминлаш орқали уларда интеллектуал мулкдан фойдаланиш кўникмаларини ошириш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 апрель