Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IFRS) 5 "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 31-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

31-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 5 "СОТИШ УЧУН

МЎЛЖАЛЛАНГАН УЗОҚ МУДДАТЛИ

АКТИВЛАР ВА ТУГАТИЛГАН ФАОЛИЯТ"



Мақсад


1. Мазкур МҲХСнинг мақсади сотиш учун мўлжалланган активларни ҳисобга олиш ва тугатилган фаолият тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ва ёритиб бериш тартибини белгилашдан иборат. Хусусан, мазкур МҲХС қуйидагиларни талаб этади:

(а) сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирадиган активларни баланс қиймати ва сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматининг кичиги билан баҳолашни ва бундай активлар бўйича эскириш ҳисоблашни тўхтатишни; ва

(б) сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирадиган активларни молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида, тугатилган фаолият натижаларини эса умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида тарзда тақдим этишни.



Қўллаш доираси


2. Мазкур МҲХСда назарда тутилган таснифлаш ва тақдим этишга қўйиладиган талаблар барча тан олинган узоқ муддатли активларига(1) ва ташкилотнинг барча ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларига нисбатан қўлланади. Мазкур МҲХСдаги баҳолаш талаблари барча тан олинган узоқ муддатли активларга ва ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларга (4-бандда кўрсатилганидек) нисбатан қўлланади, бундан келтирилган стандартга мувофиқ баҳоланишда давом этиши лозим бўлган 5-бандда келтирилган активлар мустасно.


3. 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"га мувофиқ узоқ муддатли актив сифатида таснифланган активлар мазкур МҲХСга мувофиқ, улар сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирмагунча жорий активлар сифатида қайта таснифланмаслиги лозим. Одатда, ташкилот томонидан узоқ муддатли активлар деб қараладиган, фақат қайта сотиш мақсадида харид қилинган активлар синфи, агар улар мазкур МҲХСга мувофиқ сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирмаса, жорий активлар сифатида таснифланмаслиги лозим.


4. Айрим ҳолатларда, ташкилот бир операция доирасида активлар гуруҳини, эҳтимол, бевосита у билан боғлиқ баъзи мажбуриятлар билан бирга ҳисобдан чиқаришни амалга оширади. Бундай ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликлар гуруҳи, пул маблағларини ҳосил қилувчи алоҳида бирлик ёки унинг бир қисми бўлиши мумкин(2). Гуруҳ 5-банд орқали мазкур МҲҲСнинг баҳолаш талабларидан истисно қилинганлардан ташқари, ташкилотнинг ҳар қандай активлари ва мажбуриятларини, шу жумладан жорий активларни, жорий мажбуриятларни ўз ичига олиши мумкин. Агар мазкур МҲҲСни қўллаш доирасидаги узоқ муддатли актив ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг бир қисми бўлса, у ҳолда мазкур МҲҲСнинг баҳолаш талаблари бутун гуруҳга нисбатан гуруҳ унинг баланс қиймати ва сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматининг кичиги билан баҳоланадиган тарзда қўлланади. Ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг бир қисми бўлган алоҳида активлар ва мажбуриятларни баҳолаш бўйича талаблар 18, 19 ва 23-бандларда келтирилган.


5. Мазкур МҲХСнинг баҳолаш бўйича қоидалари(3) келтирилган стандартлар билан тартибга солинадиган алоҳида актив сифатида ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг бир қисми сифатида қуйидаги активларга қўлланмайди:

(a) кечиктирилган солиқ активлари (12-сон БҲХС "Фойда солиқлари").

(б) ходимлар даромадларидан келиб чиқадиган активлар (19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари").

(в) 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар" доирасидаги молиявий активлар.

(г) 40-сон БҲХС "Инвестиция кўчмас мулки"даги ҳаққоний қиймат модели бўйича ҳисобга олинадиган узоқ муддатли активлар.

(д) 41-сон БҲХС "Қишлоқ хўжалиги"га мувофиқ, сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланадиган узоқ муддатли активлар.

(е) 4-сон БҲХС "Суғурта шартномалари"да таърифланган суғурта шартномалари бўйича шартномавий ҳуқуқлар.


5A. Мазкур МҲХСнинг таснифлаш, тақдим этиш ва баҳолаш бўйича талаблари сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланадиган узоқ муддатли активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳга) нисбатан қўлланади, шунингдек мулкдор сифатида амал қиладиган мулкдорлар учун тақсимлашга мўлжалланган сифатида таснифланадиган (мулкдорлар учун тақсимлашга мўлжалланган) узоқ муддатли активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳга) нисбатан ҳам қўлланади.


5Б. Мазкур МҲХСда сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларга) ва тугатилган фаолиятга нисбатан ёритиб берилиши талаб этилган маълумотлар белгиланган. Бундай активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларга) нисбатан бошқа МҲХСдаги маълумотларни ёритиб бериш бўйича талаблар қўлланмайди, бунда МҲХС талаб этадиган қуйидаги ҳолатлар мустасно:

(a) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активлар (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар) ёки тугатилган фаолият бўйича маълумотларни алоҳида ёритиб бериш; ёки

(б) 5-сон МҲХСнинг баҳолаш бўйича талаби доирасига кирмайдиган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ таркибидаги активлар ва мажбуриятларнинг баҳоланиши тўғрисидаги маълумотлар ёритиб берилиши ва бундай ёритиб бериладиган маълумотлар молиявий ҳисоботнинг бошқа изоҳларида ҳали тақдим этилмаган бўлиши.

Сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активлар (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар) ёки тугатилган фаолият тўғрисидаги қўшимча маълумотларни ёритиб бериш 1-сон БҲХСнинг умумий талабларига, хусусан мазкур стандартнинг 15 ва 125 бандларига риоя этишни талаб этиши мумкин.



Узоқ муддатли активларни

(ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларни)

сотиш учун мўлжалланган сифатида

ёки мулкдорларга тақсимлаш учун

мўлжалланган сифатида таснифлаш


6. Агар баланс қиймати узлуксиз фойдаланиш орқали эмас, балки асосан сотиш операцияси орқали қопланса, ташкилот узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаши лозим.


7. Бунинг учун, актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) ўзининг жорий ҳолатида, фақат бундай активлар (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар) бўйича одатдаги ва умумқабул қилинган шартлар асосида дарҳол сотиш учун мавжуд бўлиши ва сотилиши юқори эҳтимолли бўлиши лозим.


8. Сотилиши юқори эҳтимолли бўлиши учун, тегишли даражадаги раҳбарият активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш режаси бўйича жавобгарликни қабул қилган бўлиши ва харидорни излаш ва режани бажариш бўйича фаол чора-тадбирларни амалга ошириш бошланган бўлиши лозим. Шу билан бирга, актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) ўзининг жорий ҳаққоний қийматига нисбатан асосли нархда сотиш учун фаол тарзда намойиш этилиши лозим. Бундан ташқари, 9-бандда рухсат этилган ҳолатлардан ташқари, бундай сотиш бўйича таснифланиш санасидан бошлаб бир йил ичида якунланган сотув сифатида тан олиш мезонларини қаноатлантириш кутилиши лозим ва сотиш бўйича режани якунлаш учун талаб этиладиган хатти-ҳаракатлар режада аҳамиятли ўзгаришлар бўлиши ёки унинг бекор қилиниши эҳтимоли камлигини кўрсатиши лозим. Акциядорлар томонидан маъқулланиши (агар у тегишли юрсдикциялардан талаб этилса) сотишнинг юқори эҳтимоллигини баҳолашнинг бир қисми сифатида қаралиши лозим.


8A. Шўъба ташкилот устидан назоратни йўқотишни қамраб оладиган сотиш режасини қабул қиладиган ташкилот 6-8-бандларда келтирилган мезонлар қаноатлантирилганда, сотишдан сўнг ўзининг собиқ шўъба ташкилотида назорат қилинмайдиган улушни сақлаб қолиш ёки қолмаслигидан қатъий назар, бундай шўъба ташкилотнинг барча актив ва мажбуриятларини сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаши лозим.


9. Ҳодисалар ёки ҳолатлар сотишни якунлаш даврини бир йилдан ортиқ муддатга узайтириши мумкин. Агар муддатни узайишига ташкилот назоратидан ташқарида бўлган ҳодисалар ёки ҳолатлар сабаб бўлса ва ташкилот активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш бўйича режага амал қилиши тўғрисида етарлича далил мавжуд бўлса, сотишни якунлаш учун талаб этилган даврнинг узайиши активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланишига тўсқинлик қилмайди. Бу эса Б иловадаги мезонлар қаноатлантирилган ҳолатда бўлиши мумкин.


10. Сотиш операциялари 16-сон БҲХС "Асосий воситалар"га мувофиқ айирбошлаш тижорат моҳиятга эга бўлганда узоқ муддатли активларни бошқа узоқ муддатли активларга айирбошлашни ўз ичига олади.


11. Ташкилот узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) фақат кейинчалик ҳисобдан чиқариш мақсадида харид қилса, у узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) харид қилиш санасида, агар 8-бандда келтирилган бир йиллик талаб қаноатлантирилса (9-банддаги рухсат этилган ҳолатлардан ташқари) ва ушбу санада қаноатлантирилмаган 7 ва 8-бандлардаги бошқа ҳар қандай мезонлар харид қилишдан сўнг қисқа муддат ичида (одатда уч ой ичида) қаноатлантирилиши юқори эҳтимолга эга бўлса, сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаши лозим.


12. Агар 7 ва 8-бандлардаги мезонлар ҳисобот давридан кейин қаноатлантирилса, ўша давр учун эълон қилинган молиявий ҳисоботда ташкилот ушбу узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифламаслиги лозим. Лекин, ушбу мезонлар ҳисобот давридан кейин, аммо молиявий ҳисоботни эълон қилиш учун маъқулланишидан олдин қаноатлантирилса, ташкилот 41(а), (б) ва (г) кичик бандларда белгиланган маълумотларни изоҳларда ёритиб бериши лозим.


12A. Узоқ муддатли актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ), ташкилот бундай активни (ёки бундай ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) мулкдорларга тақсимлаш жавобгарлигини ўз зиммасига олганда, мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланади. Бунинг учун, активлар ўзларининг жорий ҳолатида дарҳол тақсимлаш учун мавжуд бўлиши ва тақсимлашни амалга ошириш юқори эҳтимолли бўлиши лозим. Тақсимлаш юқори эҳтимолли бўлиши учун, тақсимлашни якунлаш бўйича хатти-ҳаракатлар бошланган бўлиши ва таснифлаш санасидан бошлаб бир йил ичида тақсимлашни якунлаш кутилаётган бўлиши лозим. Тақсимлашни якунлаш учун талаб этиладиган хатти-ҳаракатлар тақсимлаш бўйича аҳамиятли ўзгаришлар бўлиши ёки унинг бекор қилиниши эҳтимоли камлигини кўрсатиши лозим. Акциядорлар томонидан маъқулланиши (агар у тегишли юрисдикциялардан талаб этилса) тақсимлашнинг юқори эҳтимоллигини баҳолашнинг бир қисми сифатида қаралиши лозим.



Фойдаланиши тўхтатилиши лозим

бўлган узоқ муддатли активлар


13. Ташкилот фойдаланиши тўхтатилиши лозим бўлган узоқ муддатли активларни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифламаслиги лозим. Чунки унинг баланс қиймати асосан узлуксиз фойдаланиш орқали қопланади. Лекин, агар фойдаланишдан тўхтатилиши лозим бўлган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ 32(a)-(в) кичик бандлардаги мезонларни қаноатлантирса, ташкилот 33 ва 34-бандларга мувофиқ фойдаланишдан тўхтатилган санада ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг натижалари ва пул оқимларини тугатилган фаолият сифатида тақдим этиши лозим. Фойдаланилиши тўхтатиладиган узоқ муддатли активлар (ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар) ўзларининг иқтисодий хизмат муддатлари якунига қадар фойдаланиладиган узоқ муддатли активларни (ҳисобдан чиқариш гуруҳларини) ва сотишдан эмас, балки фойдаланиш орқали ҳисобдан чиқариладиган узоқ муддатли активларни (ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларни) ўз ичига олади.


14. Ташкилот фойдаланишдан вақтинчалик олинган узоқ муддатли активни худди фойдаланиши тўхтатилгандек ҳисобга олмаслиги лозим.



Сотиш учун мўлжалланган сифатида

таснифланган узоқ муддатли активларни

(ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларни)

баҳолаш


Узоқ муддатли активни

(ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) баҳолаш


15. Ташкилот сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) унинг баланс қиймати ва сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматнинг кичиги билан баҳолаши лозим.


15A. Ташкилот мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) унинг баланс қиймати ва тақсимлаш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматнинг кичиги билан баҳолаши лозим(4).


16. Агар янги харид қилинган актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирса (11-бандга қаранг), 15-бандни қўллаш активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) дастлабки тан олишда, агар бу тарзда таснифланмаган тақдирда тан олиниши мумкин бўлган (маслан, бошланғич қиймат бўйича) унинг баланс қиймати ва сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматнинг кичиги билан баҳоланишига олиб келади. Шундай қилиб, агар актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) бизнес бирлашувининг қисми сифатида харид қилинган бўлса, у сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланиши лозим.


17. Сотиш бир йилдан ортиқ муддатда юз бериши кутилаётган бўлса, ташкилот сотиш сарфларини уларнинг дисконтланган қийматида баҳолаши лозим. Вақт ўтиши билан юзага келадиган сотиш сарфларининг дисконтланган қийматидаги ҳар қандай ўсиш молиявий сарф тарзида фойда ёки зарар таркибида тақдим этилиши лозим.


18. Активнинг (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг) сотиш учун мўлжалланган сифатида дастлабки таснифланишидан бевосита олдин, активнинг (ёки гуруҳдаги барча активлар ва мажбуриятларнинг) баланс қийматлари тегишли МҲХСга мувофиқ баҳоланиши лозим.


19. Ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг кейинги қайта баҳоланишида мазкур МҲХСнинг баҳолаш бўйича талаблари доирасига кирмайдиган, лекин сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ таркибига кирадиган активлар ёки мажбуриятларнинг баланс қиймати, ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймати бўйича қайта баҳолашдан олдин, уларга қўлланилиши мумкин бўлган МҲХСга мувофиқ аниқланиши лозим.



Қадрсизланишдан зарарларни тан олиш

ва уларнинг қайта тикланиши


20. Ташкилот активнинг (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг) қийматини сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматгача дастлабки ёки кейинги камайтириш бўйича 19-бандга мувофиқ тан олинмаган даражада қадрсизланишдан зарарни тан олиши лозим.


21. Ташкилот активнинг сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматининг кейинги ўсишидан фойдани мазкур МҲХСга ёки олдин 36-сон БҲХС "Активлар қадрсизланиши"га мувофиқ қадрсизланишдан жамғарилган зарардан ошмаган даражада тан олиши лозим.


22. Ташкилот ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматидаги ҳар қандай кейинги ўсишдан фойдани тан олиши лозим:

(a) 19-бандга мувофиқ у тан олинмаган даражада; лекин

(б) мазкур МҲХСнинг баҳолаш бўйича талаблари доирасига кирадиган узоқ муддатли активлар бўйича мазкур МҲХСга ёки илгари 36-сон БҲХС мувофиқ тан олинган қадрсизланишдан жамғарилган зарардан ошмаган даражада.


23. Ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ бўйича тан олинган қадрсизланишдан зарар (ёки унинг тикланишидан ҳар қандай кейинги фойда) мазкур МҲХСнинг баҳолаш талаблари доирасида бўлган гуруҳдаги узоқ муддатли активларнинг баланс қийматини 36-сон БҲХС (2004 йил таҳририда)нинг 104(а) ва (б) кичик бандларда ва 122 бандларда белгиланган тақсимлаш тартибида камайтирилиши (ёки оширилиши) лозим.


24. Узоқ муддатли актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ)нинг сотиш санасига илгари тан олинмаган фойда ёки зарар тан олишни бекор қилиш санасида тан олиниши лозим. Тан олишни бекор қилишга тегишли талаблар қуйидаги бандларда белгиланган:

(a) асосий воситалар учун 16-сон БҲХС (2003 йил таҳририда)нинг 67-72 бандлари ва

(б) номоддий активлар учун 38-сон БҲХС "Номоддий активлар" (2004 йил таҳрири)нинг 112-117 бандлари.


25. Ташкилот узоқ муддатли актив бўйича, у сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ёки сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг бир қисми бўлган даврда эскириш (амортизация) ҳисобламаслиги лозим. Сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг мажбуриятларига тегишли фоиз ва бошқа харажатлар тан олинишда давом этилиши лозим.



Сотиш режасига ёки мулкдорларга

тақсимлаш режасига ўзгаришлар


26. Агар ташкилот активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган сифатида ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифлаган бўлса, лекин 7-9-бандлардаги (сотиш учун мўлжалланганлик) мезонлар ёки 12А банддаги (мулкдорлар учун тақсимлашга мўлжалланганлик) мезонлар ортиқ қаноатлантирилмаса, у ҳолда ташкилот активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган сифатида ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифлашни тўхтатиши лозим. Бундай ҳолларда ташкилот 26А банд қўлланадиган ҳолатдан ташқари бундай ўзгаришларни ҳисобга олиш учун 27-29 бандлардаги кўрсатмаларга амал қилиши лозим.


26A. Aгар ташкилот активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) бевосита сотиш учун мўлжалланганлик тоифасидан мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланганлик тоифасига ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланганлик тоифасидан бевосита сотиш учун мўлжалланганлик тоифасига қайта таснифласа, таснифлашдаги бундай ўзгариш ҳисобдан чиқариш бўйича дастлабки режанинг давоми сифатида қаралади. Ташкилот:

а) ушбу ўзгаришни ҳисобга олиш учун 27-29-бандлардаги кўрсатмаларга амал қилмаслиги лозим. Ташкилот ҳисобдан чиқаришнинг янги усулига нисбатан қўлланадиган мазкур МҲХСнинг таснифлаш, тақдим этиш ва баҳолаш талабларини қўллаши лозим.

(б) 15-банддаги (агар сотиш учун мўлжалланган сифатида қайта таснифланган бўлса) ёки 15A банддаги (агар мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида қайта таснифланган бўлса) талабларга мувофиқ узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) баҳолаши лозим ва 20-25-бандлардаги талабларга мувофиқ узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) тақсимлаш учун сотиш/тақсимлаш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматдаги ҳар қандай камайиш ёки кўпайишни тан олиши лозим.

в) таснифлаш санаси 8 ва 12A бандларга мувофиқ ўзгартирилмаслиги лозим. Бу ҳолат, агар 9-бандда кўрсатилган шартлар бажарилса, мулкдорларга тақсимланишни якунлаш учун зарур бўлган муддатни узайтиришни истисно қилмайди.


27. Ташкилот сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланишдан тўхтатилган (ёки сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳга киритилиши тўхтатилган) узоқ муддатли активни қуйидаги қийматларнинг ками билан баҳолаши лозим:

(a) актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланишидан олдин, унинг баланс қийматини, агарда актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланмаганда, қадрсизланиш, амортизация ёки қайта баҳолаш бўйича тузатиш киритилган баланс қиймати, ва

(б) сотмаслик ёки тақсимламаслик бўйича кейинги қарор санасидаги унинг қоплаш қиймати(5).


28. Ташкилот сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланиши тўхтатилган узоқ муддатли активнинг баланс қийматига киритилган ҳар қандай тузатишни 7-9-бандларда келтирилган мезонлар қаноатлантирмаган даврдаги давомий фаолиятдан олинган фойда ёки зарарлар(6) таркибига киритиши лозим. Агар сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланиши тўхтатилган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ ёки узоқ муддатли актив шўъба ташкилот, биргаликдаги операция, қўшма корхона, таъсир остидаги ташкилот бўлса ёки қўшма корхонадаги ёки таъсир остидаги ташкилотдаги улушнинг бир қисми бўлса, активнинг сотиш учун мўлжалланган ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш пайтидан бошлаб барча даврлар учун молиявий ҳисоботлар тегишли тарзда тузатилиши лозим. Ташкилот бундай тузатишни умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботнинг, агар мавжуд бўлса, 37-бандга мувофиқ тан олинган фойда ёки зарар тақдим этиладиган моддасида акс эттириши лозим.


29. Агар ташкилот сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳдан алоҳида актив ёки мажбуриятни чиқариб ташласа, сотиладиган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг қолган активлари ва мажбуриятлари, фақат агар бундай гуруҳ 7-9-бандлардаги мезонларни қаноатлантирса, гуруҳ сифатида баҳоланишда давом этиши лозим. Агар ташкилот мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳдан алоҳида актив ёки мажбуриятни чиқариб ташласа, тақсимланадиган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг қолган активлари ва мажбуриятлари, фақат агар бундай гуруҳ 12A бандлардаги мезонларни қаноатлантирса, гуруҳ сифатида баҳоланишда давом этиши лозим. Акс ҳолда, сотиш учун мўлжалланган (ёки мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган) сифатида таснифлаш мезонларини алоҳида тарзда қаноатлантирадиган гуруҳнинг қолган узоқ муддатли активлари алоҳида тарзда уларнинг ушбу санадаги баланс қийматлари ва сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматларининг кичиги билан баҳоланиши лозим. Сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирмайдиган ҳар қандай узоқ муддатли активларни 26-бандга мувофиқ сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш тўхтатилиши лозим. Мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирмайдиган ҳар қандай узоқ муддатли активларни 26-бандга мувофиқ мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш тўхтатилиши лозим.



Тақдим этиш ва маълумотларни

ёритиб бериш


30. Ташкилот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга тугатилган фаолият ва узоқ муддатли активларнинг (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларнинг) молиявий натижаларини баҳолашда ёрдам берадиган маълумотларни тақдим этиши ва ёритиб бериши лозим.



Тугатилган фаолиятни тақдим этиш


31. Ташкилот компоненти операцион ва молиявий ҳисобот мақсадлари жиҳатидан ташкилотнинг қолган қисмидан аниқ фарқланиши мумкин бўлган фаолият ва пул оқимларини қамраб олади. Бошқача айтганда, ташкилот компоненти фойдаланишда бўлган пул маблағларини ҳосил қилувчи бирлик ёки бирликлар гуруҳи бўлади.


32. Тугатилган фаолият ташкилотнинг ҳисобдан чиқарилган ёки сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланадиган компонент ҳисобланади, ва

(a) бизнеснинг алоҳида аҳамиятли йўналишини ёки фаолиятнинг географик жойини акс эттиради;

(б) бизнеснинг алоҳида аҳамиятли йўналишини ёки фаолиятнинг географик жойини ҳисобдан чиқариш бўйича ягона мувофиқлаштирилган режасининг бир қисми бўлади; ёки

(в) фақат қайта сотиш мақсадида харид қилинган шўъба ташкилоти.


33. Ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда қуйидагилардан ташкил топадиган жами сумма:

(i) тугатилган фаолиятнинг солиқ солингандан кейинги фойда ёки зарари; ва

(ii) сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳолаш бўйича ёки тугатилган фаолиятни ташкил этадиган активлар ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ(лар)нинг ҳисобдан чиқарилиши бўйича тан олинган солиқ солингандан кейинги фойда ёки зарар.

(б) (а) кичик банддаги жами сумманинг қуйидаги таркибий қисмлари:

(i) тугатилган фаолиятнинг тушуми, харажатлари ва солиқ солишдан олдинги фойда ёки зарари;

(ii) 12-сон БҲХСнинг 81(ж) банди орқали талаб этилган тегишли фойда солиғи харажати;

(iii) сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳолаш бўйича ёки тугатилган фаолиятни ташкил этадиган активлар ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ(лар)нинг ҳисобдан чиқарилиши бўйича тан олинган фойда ёки зарар; ва

(iv) 12-сон БҲХС нинг 81(ж) банди орқали талаб этилган тегишли фойда солиғи харажати.

Таркибий қисмлар таҳлили изоҳларда ёки умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилиши мумкин. Агар у умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилса, у тугатилган фаолиятга тегишли белгиланган бўлимда, яъни давомий фаолиятдан алоҳида тақдим этилиши лозим. Таҳлил харид қилишда сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирадиган янги харид қилинган шўъба ташкилотлари бўлган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар учун талаб этилмайди (11-бандга қаранг).

(в) тугатилган фаолиятнинг операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятларига тегишли соф пул оқимлари. Мазкур ёритиб бериладиган маълумотлар изоҳларда ёки молиявий ҳисоботда тақдим этилиши мумкин. Мазкур ёритиб бериладиган маълумотлар харид қилишда сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонларини қаноатлантирадиган янги харид қилинган шўъба ташкилотлари бўлган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар учун талаб этилмайди (11-бандга қаранг).

(г) бош ташкилотнинг мулкдорларига тегишли бўлган давомий фаолиятдан ва тугатилган фаолиятдан даромад суммаси. Ушбу ёритиб бериладиган маълумотлар изоҳларда ёки умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилиши мумкин.


33A. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2011 йил таҳририда) 10А бандида тавсифланганидек, фойда ёки зарар моддаларини алоҳида ҳисоботда тақдим этса, ушбу ҳисоботда тугатилган фаолиятга тегишли белгиланган бўлим тақдим этилади.


34. Ташкилот 33 банддаги ёритиб бериладиган маълумотларни, улар тақдим этилган энг сўнгги давр учун ҳисобот даври охири ҳолатига тугатилган барча фаолиятларга тегишли бўладиган тарзда молиявий ҳисоботда тақдим этилган ўтган даврлар учун қайта тақдим этиши лозим.


35. Олдинги даврдаги тугатилган фаолиятнинг ҳисобдан чиқарилишига бевосита тегишли бўлган тугатилган фаолият таркибида олдин тақдим этилган суммаларга нисбатан жорий даврдаги тузатишлар тугатилган фаолият таркибида алоҳида тарзда таснифланиши лозим. Бундай тузатишларнинг характери ва суммаси ёритиб берилиши лозим. Ушбу тузатишлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларга мисоллар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ҳисобдан чиқариш операциясининг шартларидан юзага келадиган ноаниқликларнинг бартараф этилиши, масалан сотиб олувчи билан сотиб олиш нархига тузатишлар ва қоплаш масалаларини ҳал қилиш.

(б) компонентнинг ҳисобдан чиқарилишидан олдин унинг фаолиятидан ва унга бевосита тегишли бўлган ҳолда юзага келадиган ноаниқликларнинг бартараф этилиши, масалан сотувчининг атроф-муҳитга оид ва маҳсулот кафолати бўйича жавобгарликлари.

(в) ходимлар даромадлари дастури бўйича мажбуриятнинг сўндирилиши, бунда ушбу сўндириш ҳисобдан чиқариш операциясига бевосита боғлиқ бўлиши лозим.


36. Агар ташкилот ўзининг бирор компонентини сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлашни тўхтатса, 33-35-бандларга мувофиқ олдин тугатилган фаолият таркибида тақдим этилган компонент фаолиятининг натижалари қайта таснифланиши ва тақдим этилган барча даврлар бўйича давомий фаолиятдан даромад таркибига киритилиши лозим. Ўтган даврлар учун суммалар қайта тақдим этилгандек тавсифланиши лозим.


36A. Шўъба ташкилот устидан назоратни йўқотишни қамраб оладиган сотув режасини бажарадиган ташкилот 33-36-бандларда талаб этилган маълумотларни, шўъба ташкилот 32-бандга мувофиқ тугатилган фаолият таърифини қаноатлантирадиган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни ташкил этганда, ёритиб бериши лозим.



Давомий фаолиятга тегишли фойда ёки зарарлар


37. Тугатилган фаолият таърифини қаноатлантирмайдиган сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) қайта баҳолаш бўйича ҳар қандай фойда ёки зарар давомий фаолиятдан фойда ёки зарар таркибида акс эттирилиши лозим.



Сотиш учун мўлжалланган сифатида

таснифланган узоқ муддатли активни ёки ҳисобдан

чиқариладиган гуруҳни тақдим этиш


38. Ташкилот сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активни ва сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг активларини молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда бошқа активлардан алоҳида тарзда тақдим этиши лозим. Сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳининг мажбуриятлари молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда бошқа мажбуриятлардан алоҳида тарзда тақдим этилиши лозим. Ушбу активлар ва мажбуриятлар ўзаро ҳисоб-китоб қилинмаслиги ва ягона сумма сифатида тақдим этилмаслиги лозим. Сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган активлар ва мажбуриятларнинг аҳамиятли синфлари молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ёки изоҳларда алоҳида тарзда тақдим этилиши лозим, бундан 39-бандда рухсат этилган ҳолат мустасно. Ташкилот сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳга) тегишли бошқа умумлашган даромадда тан олинган ҳар қандай жамғарилган даромад ёки харажатни алоҳида тарзда тақдим этиши лозим.


39. Агар ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ харид қилишда сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонини қаноатлантирадиган янги харид қилинган шўъба ташкилот бўлса (11-бандга қаранг), активлар ва мажбуриятларнинг аҳамиятли синфларининг ёритиб берилиши талаб этилмайди.


40. Ташкилотнинг энг сўнгги тақдим этилган давр учун молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда таснифлашни акс эттириш мақсадида ўтган даврлар учун молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активлар ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларнинг активлари ва мажбуриятлари бўйича тақдим этилган суммаларни қайта таснифламаслиги ёки қайта тақдим этмаслиги лозим.



Қўшимча маълумотларни ёритиб бериш


41. Ташкилот узоқ муддатли актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланганда ёки сотилган давр учун изоҳларда қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) узоқ муддатли активнинг (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳнинг) тавсифи;

(б) сотишга тегишли бўлган ёки кутилаётган ҳисобдан чиқаришга олиб келадиган далиллар ва ҳолатларнинг тавсифи ва ушбу ҳисобдан чиқаришнинг тарзи ва муддати;

(в) 20-22-бандларга мувофиқ тан олинган фойда ёки зарар ва, агар умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида тақдим этилмаган бўлса, умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда ушбу фойда ёки зарарни қамраб оладиган модда;

(г) агар қўллаш мумкин бўлса, узоқ муддатли актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) 8-сон МҲХС "Операцион сегментлар"га мувофиқ тақдим этиладиган ҳисобот сегменти.


42. Агар 26-банд ёки 29-банд қўлланса, ташкилот узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш режасини ўзгартириш бўйича қарорнинг даврида мазкур қарорга олиб келадиган далиллар ва ҳолатларнинг тавсифи ва қарорнинг давр ва тақдим этилган ўтган даврлар учун фаолиятлар натижаларига таъсирини ёритиб бериши лозим.



Ўтиш қоидалари


43. Мазкур МҲХС сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонини қаноатлантирадиган узоқ муддатли активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларга) ва тугатилган сифатида таснифлаш мезонини қаноатлантирадиган фаолиятга нисбатан мазкур МҲХС нинг кучга кириш санасидан кейин перспектив тарзда қўлланиши лозим. Ташкилот мазкур МҲХСнинг талабларини сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифлаш мезонини қаноатлантирадиган барча узоқ муддатли активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларга) ва тугатилган сифатида таснифлаш мезонини қаноатлантирадиган фаолиятларга нисбатан МҲХС кучга кириш санасидан олдинги ҳар қандай санадан кейин, агар мазкур МҲХСни қўллаш учун зарур бўлган баҳолашлар ва бошқа маълумотлар ушбу мезонлар дастлаб қаноатлантирилган пайтда олинган бўлса, қўллаши мумкин.



Кучга кириш санаси


44. Мазкур МҲХС ташкилотлар томонидан 2005 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур МҲХСни 2005 йил 1 январдан олдин бошланадиган давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


44A. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳрири) бўйича МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Шу билан бирга, унга асосан 3 ва 38-бандларга ўзгартириш ва 33А банд киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳриридаги)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


44Б. 27-сон БҲХС "Консолидациялашган ва алоҳида молиявий ҳисобот"га (2008 йилда ўзгартирилган) асосан 33(г) банд киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришни 2009 йил 1 июль ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 27-сон БҲХСни (2008 йилда ўзгартирилган) олдинги давр учун қўлласа, ўзгартириш ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим. Ўзгартириш ретроспектив тарзда қўлланиши лозим.


44В. 2008 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"га асосан ва 36А бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Лекин, ташкилот 27-сон БҲХСни (2008 йилда ўзгартирилган) ҳам қўлламаса, мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 июл ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлламаслиги лозим. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан олдин қўлласа, у ушбу маълумотни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни биринчи марта 5-сон МҲХСни қўллаган санадан бошлаб перспектив тарзда қўллаши лозим ва бу 27-сон БҲХСнинг (2008 йил январда ўзгартирилган) 45-бандидаги ўтиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


44Г. 2008 йил ноябрь ойидаги 17-сон МҲХСШҚ "Пулсиз активларнинг мулкдорларга тақсимланиши"га асосан , 12А ва 15А бандлар киритилган ва 8-бандга ўзгартириш киритилган. Ушбу ўзгартиришлар 2009 йил 1 июлдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун мулкдорларга тақсимлаш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активларга (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳларга) нисбатан перспектив тарзда қўлланиши лозим. Ретроспектив тарзда қўллашга йўл қўйилмайди. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан олдин бошланадиган давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши ва 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари" (2008 йил таҳририда), 27-сон БҲХС (2008 йил январда ўзгартирилган) ва 17-сон МҲХСШҚни ҳам қўллаши лозим.


44Д. 2009 йил апрель ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"га асосан 5Б банд киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришни 2010 йил 1 январдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун перспектив тарзда қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агарда ташкилот мазкур ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


44Е. [Чиқариб ташланган]


44Ё. 2011 йил май ойида эълон қилинган 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар"га асосан 28-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 11-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


44Ж. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"га асосан А иловадаги ҳаққоний қиймат таърифига ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


44З. 2011 йил июнь ойида эълон қилинган "Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар)га асосан 33А бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот мазкур ўзгаришни 2011 йил июнь ойида ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


44И. [Чиқариб ташланган]


44Й. 2014-йил июль ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 5 бандга ўзгартириш киритилган ва 44Е ва 44И бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


44К. 2014 йил сентябрь ойида эълон қилинган "2010-2012 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 9-бандга ўзгартириш киритилган ва 26-29-бандлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни перспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2016 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларда юз берадиган ҳисобдан чиқариш усулидаги ўзгаришларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгаришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


45Л. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]



35-сон БҲХСнинг бекор қилиниши


45. Мазкур МҲХС 35-сон БҲХС "Тугатиладиган фаолият" нинг ўрнини эгаллайди.

          

              




А ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир

            

              

пул маблағларини ҳосил қилувчи бирлик


Бошқа активлар ёки активлар гуруҳларидан келиб тушадиган пул маблағлари киримларидан аҳамиятли даражада мустақил бўлган пул маблағлари киримларини ҳосил қилувчи энг кичик идентификацияланадиган активлар гуруҳидир.


ташкилот компоненти


Операцион ва молиявий ҳисобот мақсадлари жиҳатидан ташкилотнинг қолган қисмидан аниқ фарқланиши мумкин бўлган фаолият ва пул оқимларидир.


сотиш сарфлари


Молиявий сарфлар ва фойда солиғини истисно қилган ҳолда, активни ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ қўшимча бевосита сарфлардир.


жорий актив


Ташкилот қуйидаги ҳолларда активни жорий актив сифатида таснифлаши лозим:

(a) ўзининг одатдаги операцион цикли давомида активни реализация қилиниши ёки сотилиши ёки истеъмол қилиниши кутилса;

(б) актив асосан савдо мақсади учун мўлжалланган бўлса;

(в) активни ҳисобот давридан сўнг ўн икки ой ичида реализация қилиниши кутилса; ёки

(г) актив ҳисобот давридан сўнг камида ўн икки ой мобайнида актив айирбошланиши ёки мажбуриятни сўндириш учун фойдаланиши тақиқланмаган пул маблағлари ёки уларнинг эквиваленти (7-сон БҲХСда таърифланганидек) шаклида бўлса.


тугатилган фаолият


Ташкилотнинг ҳисобдан чиқарилган ёки сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланадиган компоненти ҳисобланади, ва:

(a) бизнеснинг алоҳида аҳамиятли йўналишини ёки фаолиятнинг географик жойини акс эттиради;

(б) бизнеснинг алоҳида аҳамиятли йўналишини ёки фаолиятнинг географик жойини ҳисобдан чиқариш бўйича ягона мувофиқлаштирилган режасининг бир қисми бўлади; ёки

(в) фақат қайта сотиш мақсадида харид қилинган шўъба ташкилоти.


ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ


Сотиш ёки бошқа усуллар орқали ягона операцияда гуруҳ сифатида биргаликда ҳисобдан чиқариладиган активларнинг ва операцияда ўтказиладиган ушбу активларга бевосита боғлиқ мажбуриятларнинг гуруҳидир. Агар гуруҳ 36-сон БҲХСнинг "Активларнинг қадрсизланиши" (2004 йил таҳририда) 80-87-бандларининг талабларига мувофиқ гудвил тақсимланган пул маблағларини ҳосил қилувчи бирлик бўлса ёки агар у бундай пул маблағларини ҳосил қилувчи бирлик ичидаги фаолият бўлса, гуруҳ бизнес бирлашувида харид қилинган гудвилни ўз ичига олади.


ҳаққоний қиймат


Хаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХСга қаранг.)


сотиб олиш бўйича қатъий мажбурият


Иккала томон учун ҳам мажбурий бўлган ва одатда ҳуқуқий ҳимояланган, (а) барча муҳим шартларни, шу жумладан битимлар нархини ва муддатларини белгилайдиган ва (б) мажбуриятни бажариш юқори эҳтимолли бўлиши учун етарлича аҳамиятли бажарилмаганлик бўйича жазони назарда тутадиган боғлиқ бўлмаган томон билан келишувдир.


юқори эҳтимолли


Содир бўлиши эҳтимоли содир бўлмаслик эҳтимолидан аҳамиятли даражада юқори бўлган ҳодисадир.


узоқ муддатли актив


Жорий актив таърифини қаноатлантирмайдиган активдир.


эҳтимолли


Содир бўлиши эҳтимоли содир бўлмаслик эҳтимолидан юқори бўлган ҳодисадир.


қопланадиган қиймат


Активнинг қуйидаги икки қийматларидан каттасидир: сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймати ва унинг фойдаланиш қиймати.


фойдаланиш қиймат


Активдан давомий фойдаланишдан ва фойдали хизмат муддати охирида ҳисобдан чиқаришдан олинишидан кутилаётган келгуси пул оқимларининг дисконтланган қийматидир.

          

         




Б ИЛОВА



ҚЎЛЛАШ УЧУН ҚЎШИМЧА КЎРСАТМА


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир.


Сотишни якунлаш учун талаб этилган

муддатни узайтирилиши


Б.1. Агар муддатни узайишига ташкилот назоратидан ташқарида бўлган ҳодисалар ёки ҳолатлар сабаб бўлса ва ташкилот активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш бўйича режага амал қилиши тўғрисида етарлича далил мавжуд бўлса, сотишни якунлаш учун талаб этилган даврнинг узайиши активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланишига тўсқинлик қилмайди. Ўз навбатида, қуйидаги вазиятлардан келиб чиқадиган ҳодиса ёки ҳолатлар 8-бандда келтирилган бир йиллик давр талабидан истисно ҳисобланади:

(a) ташкилот узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) сотиш режасини қатъий бажаришга қарор қилган санада, у бошқа томонлар (харидор эмас) томонидан активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) ўтказиш бўйича сотишни якунлаш учун талаб этилган даврни узайишига олиб келадиган шартларни белгиланишини асосланган тарзда кутганда; ва:

(i) ушбу шартларни қаноатлантирадиган зарур чоралар сотиб олиш бўйича қатъий мажбуриятга эга бўлгунга қадар амалга ошириш имкони бўлмайди; ва

(ii) бир йил ичида сотиб олиш бўйича қатъий мажбуриятнинг тузилиши юқори эҳтимолликка эга.

(б) ташкилот сотиб олиш бўйича қатъий мажбуриятга эга бўлади ва, натижада, харидор ёки бошқалар кутилмаганда олдин сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) ўтказиш бўйича сотишни якунлаш учун талаб этилган даврни узайтирадиган шартларни белгилайди; ва:

(i) бундай шартларни қаноатлантириш билан боғлиқ бўлган зарур чоралар ўз вақтида амалга оширилган бўлади; ва

(ii) сотишни якунлашни тўхтатиб турган саволларнинг ижобий ҳал бўлиши кутилади.

(в) дастлабки бир йил давр мобайнида, олдин эҳтимоли паст ҳисобланган ҳолатлар юзага келади ва, натижада, олдин сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли актив (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ) ушбу давр охири ҳолатига сотилмайди; ва:

(i) дастлабки бир йил давр мобайнида ташкилот ҳолатлардаги ўзгаришга муносабат билдириш учун зарур бўлган чорани амалга оширган бўлади;

(ii) ҳолатлардаги ўзгариш инобатга олинган ҳолда, узоқ муддатли активни (ёки ҳисобдан чиқариладиган гуруҳни) оқилона ҳисобланган нархда сотиш учун фаол намойиш этилади; ва

(iii) 7 ва 8 бандлардаги мезонлар қаноатлантирилади.

            

              

--------------------------------------------------------------

1) Ликвидлик тартибида тақдим этишга мувофиқ таснифланган активлар учун, узоқ муддатли активлар ҳисобот давридан кейин 12 ойдан ортиқ бўлган даврда қопланиши кутилаётган суммаларни ўз ичига оладиган активлардир. Бундай активларнинг таснифланишига нисбатан 3-банд қўлланади.


2) Лекин, активдан ёки активлар гуруҳидан келадиган пул оқимлари узлуксиз фойдаланишдан эмас, балки асосан сотишдан юзага келиши кутилса, бундай активлар бошқа активлардан юзага келадиган пул оқимларига камроқ даражада боғлиқ бўлади ва пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликнинг бир қисми бўлган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳ пул маблағларини ҳосил қилувчи алоҳида бирлик бўлади.


3) Кўриб чиқилаётган активларни бошқа тегишли МҲХСларга мувофиқ баҳолаш талаб этиладиган 18 ва 19-бандлардан ташқари.


4) Тақсимлаш сарфлари тақсимлашга бевосита тегишли қўшимча сарфлар бўлиб, бунда молиявий сарфлар ва фойда солиғи харажатлари инобатга олинмайди.


5) Агар узоқ муддатли актив пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликнинг бир қисми бўлса, унинг қоплаш қиймати бундай пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликдан юзага келадиган ҳар қандай қадрсизланишдан зарарнинг 36-сон БҲХСга мувофиқ тақсимланишидан кейин тан олиниши мумкин бўлган баланс қийматидир.


6) Агар актив сотиш учун мўлжалланган сифатида таснифланишидан олдин 16-сон БҲХС ёки 38-сон БҲХСга мувофиқ қайта баҳоланган асосий восита ёки номоддий актив бўлмаса, у ҳолда бу каби тузатиш қайта баҳолаш қийматининг ошиши ёки камайиши сифатида ҳисобга олиниши лозим.

            

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь