Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 2 "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" "Заҳиралар" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

3-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 2 "ЗАҲИРАЛАР"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади заҳираларни ҳисобга олиш тартибини белгилашдан иборат. Заҳираларни ҳисобга олишнинг асосий масаласи актив сифатида тан олинадиган ва тегишли тушумлар тан олинмагунча келгуси даврларга ўтказиладиган сарфлар суммасини аниқлашдир. Мазкур стандарт таннархни аниқлаш ва уни харажат сифатида кейинги тан олиниши, шу жумладан уни ҳар қандай соф сотиш қийматигача камайтирилиши бўйича кўрсатмалар беради. Шунингдек, унда сарфларни заҳиралар қийматига олиб боришда фойдаланиладиган таннархни ҳисоблаш формулалари бўйича кўрсатмалар берилган.



Қўллаш доираси


2. Мазкур стандарт, қуйидагилардан ташқари, барча захираларга нисбатан қўлланилади:

(а) [чиқариб ташланган]

(б) молиявий инструментлар (32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш" ва 9-сон МҲҲС "Молиявий инструментлар"га қаранг);

(в) қишлоқ хўжалиги фаолияти ва йиғим пайтидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан боғлиқ биологик активлар (41-сон БҲХС "Қишлоқ хўжалиги"га қаранг).


3. Мазкур стандарт қуйидагилар эгалик қиладиган заҳираларга нисбатан қўлланилмайди:

(a) тегишли тармоқларда қабул қилинган бухгалтерия амалиётига мувофиқ соф сотиш қиймати бўйича баҳоланадиган қишлоқ ва ўрмон хўжаликлари маҳсулотлари, йиғимдан кейинги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фойдали қазилмалар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар. Агар бундай заҳиралар соф сотиш қиймати бўйича баҳоланса, ушбу қийматдаги ўзгаришлар шу ўзгариш рўй берган даврдаги фойда ёки зарар таркибида тан олинади.

(б) ўз заҳираларини сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймат бўйича баҳолайдиган товар брокер-трейдерлари. Агар бундай заҳиралар сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймат бўйича баҳоланса, сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматдаги ўзгаришлар шу ўзгариш рўй берган даврдаги фойда ёки зарар таркибида тан олинади.


4. 3(а)-бандда назарда тутилган заҳиралар ишлаб чиқаришнинг маълум бир босқичларида соф сотиш қиймати бўйича баҳоланади. Бу, масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосили йиғилганда ёки фойдали қазилмалар қазиб олинганда уларнинг сотилиши форвард шартномаси ёки давлат кафолати билан таъминланганда ёки фаол бозор мавжуд бўлганда ҳамда сотилмай қолиш риски жуда кам бўлганда юз беради. Бундай заҳираларга нисбатан мазкур стандартнинг фақатгина баҳолаш бўйича талаблари қўлланилмайди.


5. Брокер-трейдерлар ўз маблағлари ҳисобидан ёки бошқа томонлар номидан товарларни сотиб олувчи ёки сотувчи шахслардир. 3(б)-бандда назарда тутилган заҳиралар, асосан, келгусида сотиш ва нархлардаги тебранишлардан ёки брокер-трейдерларнинг маржасидан фойда олиш мақсадида харид қилинади. Агар бундай заҳиралар сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймат бўйича баҳоланса, уларга нисбатан мазкур стандартнинг фақат баҳолаш бўйича талаблари қўлланилмайди.



Таърифлар


6. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Заҳиралар:

(a) одатдаги фаолият доирасида сотиш учун мўлжалланган;

(б) сотиш учун ишлаб чиқариш жараёнида бўлган;

(в) ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ишлатиладиган хом ашё ёки материаллар шаклида бўлган активлардир.

Соф сотиш қиймати одатдаги фаолият давомида ишлаб чиқаришни якунлашнинг ҳисобланган сарфлари ва сотишни амалга оширишда зарур бўлган ҳисобланган сарфлар чегириб ташланган ҳисобланган сотиш нархидир.

Ҳаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасида одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нарх. (13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"га қаранг.)


7. Соф сотиш қиймати ташкилотнинг одатдаги фаолият давомида заҳирани сотишдан олиши кутилаётган соф суммани англатади. Ҳаққоний қиймат баҳолаш санасида заҳирани худди шундай заҳира сотиладиган асосий бозорда (ёки энг афзал бозорда) бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда сотилиши мумкин бўлган нархни акс эттиради. Биринчиси ташкилотга хос қиймат; иккинчиси эса йўқ. Заҳираларнинг соф сотиш қиймати уларнинг сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматига тенг бўлмаслиги мумкин.


8. Заҳиралар харид қилинган ва қайта сотиш учун мўлжалланган товарларни, шу жумладан, чакана савдо ташкилоти харид қилган ва қайта сотиш учун мўлжаллаган товарлар ёки қайта сотиш учун мўлжалланган ер ва бошқа мулкларни ўз ичига олади. Заҳиралар, шунингдек, ташкилот томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот ёки тугалланмаган ишлаб чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланишга мўлжалланган хом ашё ва материалларни ўз ичига олади. Заҳираларни (ёки бошқа стандарт доирасидаги активларни) келтириб чиқармайдиган, харидор билан тузилган шартномани бажариш учун амалга оширилган сарфлар 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум"га мувофиқ ҳисобга олинади.



Заҳираларни баҳолаш


9. Заҳиралар икки қийматнинг кичиги билан баҳоланиши лозим: таннарх ва соф сотиш қиймати.



Заҳиралар таннархи


10. Заҳиралар таннархи уларни харид қилиш, қайта ишлаш бўйича барча сарфлар ва заҳираларни жорий жойлашган жойига ҳамда ҳолатига келтириш учун амалга оширилган бошқа сарфларни ўз ичига олиши лозим.



Харид қилиш сарфлари


11. Заҳираларнинг харид қилиш сарфлари харид нархи, импорт божлари ва бошқа солиқлар (солиқ органлари томонидан ташкилотга кейинчалик қопланадиган солиқлардан ташқари), шунингдек, ташиш, ортиш-тушириш ҳамда тайёр маҳсулотлар, материаллар ва хизматлар таннархига бевосита киритиладиган бошқа сарфларни ўз ичига олади. Савдо чегирмалари, рибейт чегирмалар ва шу кабилар харид қилиш сарфларидан чегирилади.



Қайта ишлаш сарфлари


12. Заҳираларни қайта ишлаш сарфлари маҳсулотни ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ сарфларни, масалан бевосита меҳнат сарфларини ўз ичига олади. Улар, шунингдек, хом ашёни тайёр маҳсулотга айлантиришда амалга ошириладиган ва тизимли тақсимланадиган доимий ва ўзгарувчан ишлаб чиқариш устама сарфларини ҳам ўз ичига олади. Доимий ишлаб чиқариш устама сарфлари ишлаб чиқариш ҳажмидан қатъий назар нисбий ўзгармас бўлиб қоладиган билвосита ишлаб чиқариш сарфларидир. Буларга, ишлаб чиқариш бинолари, ускуналар ва ишлаб чиқариш жараёнида бўлган фойдаланиш ҳуқуқидаги активларнинг эскириши ва уларни сақлаб туриш сарфлари ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқарув ва маъмурий сарфлардан иборат. Ўзгарувчан ишлаб чиқариш устама сарфлари- бу ишлаб чиқариш ҳажмига бевосита ёки деярли бевосита боғлиқликда ўзгарадиган билвосита ишлаб чиқариш сарфларидир, масалан билвосита хом ашё сарфлари ва билвосита меҳнатга ҳақ тўлаш сарфлари.


13. Доимий ишлаб чиқариш устама сарфларининг қайта ишлаш таннархига олиб борилиши ишлаб чиқаришнинг меъёрий қуввати асосида белгиланади. Меъёрий қувват бир нечта даврлар ёки мавсум давомида нормал шароитда, режалаштирилган таъмирлаш билан боғлиқ ишлаб чиқариш қувватидаги йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда, ўртача кўрсаткичлар асосида олиниши кутилаётган ишлаб чиқариш ҳажмидир. Ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмидан факатгина у меъёрий қувватга тахминан тенг бўлгандагина фойдаланиш мумкин. Маҳсулот бирлигига тўғри келадиган доимий устама сарфлар суммаси ишлаб чиқаришнинг пасайиши ёки бекор туришлар натижасида ошмайди. Тақсимланмаган устама сарфлар улар юзага келган даврда харажат сифатида тан олинади. Ишлаб чиқариш ўта юқори бўлган даврларда маҳсулот бирлигига тўғри келадиган доимий устама сарфлар заҳиралар таннархидан юқори баҳоланмаслиги учун камайтирилади. Ўзгарувчан ишлаб чиқариш устама сарфлари ишлаб чиқариш қувватларидан ҳақиқатда фойдаланиш асосида ҳар бир маҳсулот таннархига олиб борилади.


14. Ишлаб чиқариш жараёнида бир вақтнинг ўзида бир нечта маҳсулот ишлаб чиқарилиши мумкин. Бундай ҳолат, масалан, биргаликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ёки асосий ва қўшимча маҳсулот ишлаб чиқаришда кузатилиши мумкин. Агар ҳар бир маҳсулотнинг қайта ишлаш сарфларини алоҳида аниқлаш мумкин бўлмаса, у маҳсулотлар ўртасида мутаносиб ва изчил тақсимланади. Тақсимлашни, масалан, маҳсулотларни алоҳида ажратиш мумкин бўлган ишлаб чиқариш жараёни босқичида ёки ишлаб чиқариш тугалланганда, ҳар бир маҳсулотнинг нисбий сотиш қийматидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш мумкин. Аксарият қўшимча маҳсулотлар хусусиятига кўра, муҳим ҳисобланмайди. Кўпинча улар соф сотиш қиймати бўйича баҳоланади ва бу қиймат асосий маҳсулот таннархидан чегирилади. Бунинг натижасида асосий маҳсулотнинг баланс қиймати унинг таннархидан муҳим даражада фарқ қилмайди.



Бошқа сарфлар


15. Бошқа сарфлар заҳираларни жорий жойлашган жойи ва ҳолатига келтириш учун сарфланган тақдирдагина заҳиралар таннархига киритилади. Масалан, ноишлаб чиқариш устама сарфлари ёки маълум харидорлар учун маҳсулотларни лойиҳалаштириш сарфларини заҳиралар таннархига киритиш ўринли бўлиши мумкин.


16. Заҳиралар таннархига киритилмайдиган ва улар юзага келган давр харажатлари сифатида тан олинадиган сарфларга мисол тариқасида қуйидагилар киради:

(а) меъёрдан ортиқ сарфланган хом ашё, меҳнат ва бошқа ишлаб чиқариш сарфлари суммаси;

(б) ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичига ўтиш учун ишлаб чиқариш жараёнида сақлаш сарфлари талаб этилмаса, сақлаш сарфлари

(в) заҳираларни жорий жойлашган жойи ва ҳолатига келтириш билан боғлиқ бўлмаган маъмурий устама сарфлар;

(г) сотиш сарфлари.


17. 23-сон БҲХС "Қарзлар бўйича сарфлар" олинган қарзлар бўйича сарфларни заҳиралар таннархига киритиладиган камдан-кам ҳолларни белгилайди.


18. Ташкилот заҳираларни кечиктириб тўлаш шарти билан харид қилиши мумкин. Агар шартнома молиялаштириш элементини ўз ичига олса, бу элемент одатдаги кредит шартлари асосидаги харид қилиш нархи ва тўлов суммаси ўртасидаги фарқ сифатида, молиялаштириш даври мобайнида фоиз харажати сифатида тан олинади.


19. [Чиқариб ташланган]



Биологик активлардан олинган қишлоқ

хўжалиги маҳсулотларининг таннархи


20. 41-сон БҲХС "Қишлоқ хўжалиги"га асосан, ташкилот ўзининг биологик активларидан олган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат заҳиралари дастлабки тан олишда йиғим пайтидаги сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймат бўйича баҳоланади. Ушбу қиймат мазкур стандартнинг қўллаш доирасида заҳираларнинг ўша санадаги таннархидир.



Таннархни баҳолаш усуллари


21. Заҳиралар таннархини баҳолашда аниқроқ натижага эришиш учун қўлланиши мақсадга мувофиқ деб ҳисобланадиган меъёрий сарфлар усули ёки чакана нархлар усулидан фойдаланиш мумкин. Меъёрий сарфларда хом ашё ва материаллар, меҳнат, самарадорлик ва ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишнинг меъёрий даражаси ҳисобга олинади. Улар мунтазам таҳлил қилинади ва зарурат бўлса, жорий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.


22. Чакана нархлар усулидан кўпинча чакана савдо соҳасида кўп сонли, тез-тез ўзгариб турувчи ва бир хил фойда меъёрига эга заҳираларни баҳолашда, уларга нисбатан таннархни баҳолашнинг бошқа усулларидан фойдаланиш амалий жиҳатдан имконсиз бўлганлиги учун фойдаланилади. Заҳира бирлиги таннархи ушбу заҳиранинг сотиш нархини ялпи маржанинг тегишли фоизига камайтириш йўли билан аниқланади. Фойдаланиладиган фоизни аниқлашда дастлабки сотиш нархидан пастроқ нархга туширилган заҳиралар ҳам ҳисобга олинади. Кўпинча, ҳар бир чакана савдо бўлими бўйича ўртача фоиздан фойдаланилади.



Таннархни ҳисоблаш формулалари


23. Одатда бир-бирининг ўрнини босмайдиган заҳиралар бирликларининг таннархи ҳамда ишлаб чиқарилган ва аниқ лойиҳалар учун ажратилган товарлар ва хизматларнинг таннархи уларга тегишли алоҳида сарфлар бўйича таннархни идентификациялаш усули билан аниқланади.


24. Таннархни идентификациялаш усули деганда алоҳида сарфларни заҳираларнинг идентификацияланган бирликларига олиб борилиши тушунилади. Бундай тартиб аниқ лойиҳа учун ажратилган заҳираларни ҳисобга олишда, улар сотиб олинган ёки ишлаб чиқарилган бўлишидан қатъий назар, ўринли ҳисобланади. Лекин, кўп миқдордаги, одатда бир-бирининг ўрнини боса оладиган заҳира бирликлари мавжуд бўлганда, таннархни идентификациялаш усули ноўрин ҳисобланади. Бунда фойда ёки зарар бўйича олдиндан белгиланган натижаларга эришиш мумкин бўлган заҳираларда қоладиган бирликларни танлаш усулини қўллаш мумкин.


25. 23-бандда кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, заҳиралар таннархи "биринчи кирим, биринчи чиқим қилиниши" (ФИФО) усули ёки ўртача тортилган қиймат формуласи орқали аниқланиши лозим. Ташкилот ўзи учун фойдаланиши ва характери жиҳатидан бир хил бўлган барча заҳиралар бўйича таннархни ҳисоблашнинг бир хил формуласидан фойдаланиши лозим. Характери ва фойдаланиши жиҳатидан турли хил бўлган заҳиралар учун таннархни ҳисоблашнинг турли формулаларидан фойдаланиш ўзини оқлаши мумкин.


26. Масалан, битта операцион сегментда фойдаланиладиган заҳиралар ташкилот томонидан бошқа операцион сегментда худди шу турдаги заҳиралардан фарқли равишда қўлланилиши мумкин. Лекин, заҳираларнинг географик жойлашувидаги (ёки тегишли солиққа тортиш қоидаларидаги) фарқ таннархни ҳисоблашнинг турли хил формулаларидан фойдаланишга етарлича асос бўла олмайди.


27. ФИФО формуласи биринчи харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган заҳиралар биринчи бўлиб сотилиши ва ўз навбатида, давр охирида қолган заҳира бирликлари энг охирги харид қилинган ёки ишлаб чиқарилганини назарда тутади. Ўртача тортилган таннарх формуласида ҳар бир бирликнинг таннархи, худди шундай бирликларнинг давр бошига ўртача тортилган қиймати ва давр мобайнида харид қилинган ёки ишлаб чиқарилган худди шундай бирлик таннархининг ўртача тортилган қиймати бўйича аниқланади. Ўртача тортилган қиймат, ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятига қараб, даврий асосда ёки ҳар бир янги партия олинганда ҳисобланиши мумкин.



Соф сотиш қиймати


28. Заҳиралар шикастланганда, бутунлай ёки қисман эскирганда ёки уларнинг сотиш нархлари пасайганда, таннархи қопланмаслиги мумкин. Шунингдек, ишлаб чиқаришни якунлаш бўйича баҳоланган сарфлар ёки сотувни амалга ошириш бўйича баҳоланган сарфлар ошса, заҳиралар таннархи қопланмаслиги мумкин. Заҳиралар қийматини таннархдан паст бўлган соф сотиш қийматигача камайтириш амалиёти активлар уларнинг сотилиши ёки фойдаланилишидан олиниши кутилаётган суммадан ортиқ суммада ҳисобга олинмаслиги лозим деган тамойилга мос келади.


29. Одатда, заҳираларнинг ҳар бир бирлиги соф сотиш қийматигача камайтирилади. Лекин, айрим ҳолларда бир-бирига ўхшаш ёки ўзаро боғлиқ заҳира бирликларини гуруҳлаштириш ўринли бўлиши мумкин. Бундай ҳолат, заҳираларнинг бир хил мақсадда ёки бир хил якуний истеъмолчилар учун, бир хил географик ҳудудда ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган маҳсулот тури билан боғлиқ бўлган, ҳамда ушбу маҳсулот турига кирадиган бошқа бирликлардан амалда алоҳида баҳолана олмайдиган бирликларга тегишли бўлиши мумкин. Заҳираларнинг таннархини уларнинг таснифланиши асосида (масалан, тайёр маҳсулотлар ёки маълум бир операцион сегментдаги барча заҳиралар) камайтириш ўринли бўлмайди.


30. Соф сотиш қийматининг ҳисоб баҳолари баҳолаш пайтида реализация қилиниши кутилаётган заҳираларнинг суммаси тўғрисидаги энг ишончли далилларга асосланади. Бундай ҳисоб баҳолари ҳисобот давридан кейин рўй берган ва ҳисобот даври охирига мавжуд бўлган шарт-шароитларни тасдиқлайдиган ҳодисаларга бевосита боғлиқ бўлган нарх ёки таннарх ўзгаришларини ҳисобга олади.


31. Соф сотиш қийматининг ҳисоб баҳоси ушбу заҳирадан фойдаланиш мақсадини ҳам ҳисобга олади. Масалан, қатъий белгиланган нархлар бўйича товарлар сотиш ёки хизматлар кўрсатиш шартномаларини бажариш учун мўлжалланган ҳажмдаги заҳираларнинг соф сотиш қиймати шартномада кўрсатилган нархга асосланади. Агар бундай шартномаларда белгиланган сотув миқдори тегишли заҳираларнинг умумий миқдоридан кам бўлса, ортган қисмининг соф сотиш қиймати умумий сотиш нархларига асосланади. Мавжуд заҳиралар миқдоридан ортиқ миқдорни назарда тутадиган сотиш бўйича қатъий нархли шартномалар ёки харид бўйича қатъий нархли шартномалар баҳоланган мажбурият тан олинишига олиб келиши мумкин. Бундай баҳоланган мажбуриятлар 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбурият, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"га мувофиқ ҳисобга олинади.


32. Ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун мўлжалланган хом ашё ва бошқа материаллар уларнинг қиймати киритилган тайёр маҳсулот таннархи ёки ундан юқорироқ нархда сотилиши кутилаётган бўлса, таннархдан паст қийматга камайтирилмайди. Лекин, хом ашё нархининг пасайиши тайёр маҳсулотнинг таннархи соф сотиш қийматидан ошиб кетишини кўрсатса, хом ашё қиймати соф сотиш қийматигача камайтирилади. Бунда, хом ашёларнинг тиклаш қиймати уларнинг соф сотиш қийматини энг яҳши баҳоси бўлиши мумкин.


33. Соф сотиш қийматини қайта кўриб чиқиш кейинги ҳар бир даврда амалга оширилади. Агар заҳираларнинг қийматини таннархга нисбатан камайтиришга сабаб бўлган дастлабки шарт-шароитлар мавжуд бўлмаса ёки иқтисодий шарт-шароитларнинг ўзгариши натижасида соф сотиш қийматининг ошганлигига аниқ далиллар мавжуд бўлса, камайтириш суммаси заҳиранинг таннархи ва ўзгарган соф сотиш қийматининг кичиги билан баҳоланадиган баланс қийматига келтириш учун қайта тикланади (яъни қайта тиклаш дастлабки камайтириш суммаси чегарасида амалга оширилади). Масалан, бундай ҳолат сотиш нархи пасайгани учун соф сотиш қийматида ҳисобга олинадиган заҳиранинг кейинги даврда ҳам мавжуд бўлиши ва унинг сотиш нархи ошган тақдирда юз беради.



Харажат сифатида тан олиш


34. Заҳиралар сотилганда, ушбу заҳираларнинг баланс қиймати улар билан боғлиқ бўлган тушум тан олинадиган даврда харажат сифатида тан олиниши лозим. Заҳиранинг соф сотиш қийматигача ҳар қандай камайтириш суммаси ва заҳиралар бўйича барча йўқотишлар ушбу камайтириш ёки йўқотиш юзага келган даврда харажат сифатида тан олиниши лозим. Соф сотиш қийматининг ошиши натижасида заҳиралар қийматини камайтиришнинг ҳар қандай қайта тиклаш суммаси, бундай қайта тиклаш юзага келган даврда харажат бўлиб тан олинган заҳиралар суммасининг камайиши сифатида тан олиниши лозим.


35. Баъзи заҳираларнинг қиймати бошқа активлар қийматида, масалан, ташкилотнинг ўзида яратилган асосий воситанинг таркибий қисми сифатида ҳисобга олиниши мумкин. Шу тарзда, бошқа активларга киритилган заҳиранинг қиймати ушбу активнинг фойдали хизмат муддати давомида харажат сифатида тан олинади.



Маълумотларни ёритиб бериш


36. Молиявий ҳисоботда қуйидагилар ёритиб берилиши лозим:

(a) заҳираларни баҳолаш учун қабул қилинган ҳисоб сиёсати, жумладан, қўлланган таннархни ҳисоблаш формуласи;

(б) заҳираларнинг жами баланс қиймати ва ташкилот учун ўринли таснифланган заҳираларнинг баланс қиймати;

(в) сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда ҳисобга олинадиган заҳираларнинг баланс қиймати;

(г) ҳисобот даври давомида харажат сифатида тан олинган заҳиралар суммаси;

(д) 34 бандга мувофиқ ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган заҳиралар қийматини ҳар қандай камайтириш суммаси;

(е) 34 бандга мувофиқ ҳисобот даврида харажат бўлиб тан олинган заҳиралар суммасининг камайиши сифатида тан олинадиган ҳар қандай қайта тиклаш суммаси;

(ё) 34-бандга мувофиқ заҳиралар қиймати камайишининг қайта тикланишига сабаб бўлган шарт-шароит ва ҳодисалар; ва

(ж) мажбуриятлар таъминоти сифатида гаровга қўйилган заҳираларнинг баланс қиймати.


37. Заҳиралар гуруҳларининг баланс қийматлари ва ушбу активлардаги ўзгаришлар кўлами тўғрисидаги маълумотлар молиявий ҳисобот фойдаланувчилари учун фойдали бўлади. Одатда, заҳиралар товарлар, хом ашё, материаллар, тугалланмаган ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар каби синфларга бўлинади.


38. Кўпинча сотиш таннархи деб номланадиган, ҳисобот даври давомида харажат сифатида тан олинган заҳиралар суммаси, ҳозирги пайтда сотилган заҳиранинг баҳоланишига олдин киритилган сарфлардан, тақсимланмаган ишлаб чиқариш устама сарфларидан ва заҳираларнинг ишлаб чиқариш сарфларининг меъёридан ортиқ суммаси каби сарфлардан ташкил топади. Сотиш таннархи ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятига қараб, маҳсулотни тарқатиш бўйича сарфлар каби бошқа суммаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


39. Баъзи ташкилотлар ҳисобот даври мобайнида харажат сифатида тан олинадиган заҳиралар таннархи ўрнига бошқа сумма билан ёритиладиган фойда ёки зарар тўғрисидаги ҳисобот форматидан фойдаланади. Бундай формат бўйича, ташкилот харажатларнинг характерига асосланган таснифдан фойдаланиб, харажатлар таҳлилини тақдим этади. Бунда ташкилот харажат сифатида тан олинган хом ашё ва материаллар учун амалга оширилган сарфларни, меҳнат ҳақи ва бошқа сарфларни ҳисобот даври мобайнида заҳираларнинг соф ўзгариши суммаси билан бирга ёритиб беради.



Кучга кириш санаси


40. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2005 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот ушбу стандартни 2005 йил 1 январдан олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


40A. [Чиқариб ташланган]


40Б. [чиқариб ташланган]


40В. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС бўйича 6-банддаги ҳаққоний қиймат таърифи ва 7 бандга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


40Г. [Чиқариб ташланган]


40Д. 2014 йил май ойида эълон қилинган 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" бўйича 2, 8, 29 ва 37 бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 19 банд чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 15-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


40Е. 2014 йил июль ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 2 бандга ўзгартириш киритилган ва 40A, 40Б ва 40Г бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


40Ё. 2016 йил январ ойида чоп этилган 16-сон МҲХС "Ижара" бўйича 12 бандга ўзгартириш киритилди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.



Бошқа ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши


41. Мазкур стандарт 1993 йил таҳриридаги 2-сон БҲХС "Заҳиралар"нинг ўрнини эгаллайди.


42. Мазкур стандарт 1-сон ШДҚ "Изчиллик-заҳиралар таннархини аниқлашнинг турли хил формулалари"нинг ўрнини эгаллайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь