Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IFRS) 15 "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 41-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

41-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 15 "ХАРИДОРЛАР БИЛАН

ШАРТНОМАЛАР БЎЙИЧА ТУШУМ"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади харидор билан шартномадан юзага келадиган тушум ва пул оқимларининг характери, суммаси, муддати ва юзага келиши ноаниқлиги тўғрисида молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун фойдали маълумотларни акс эттиришда ташкилот томонидан қўлланиши лозим бўлган тамойилларни белгилашдан иборат.



Мақсадга мувофиқлиги


2. 1-бандда кўрсатилган мақсадга эришиш учун мазкур стандартнинг асосий тамойили харидорга ваъда қилинган товарлар ёки хизматларнинг ўтказилишини акс эттиришда ташкилот томонидан тушумни ушбу товарлар ёки хизматлар эвазига олиниши кутилаётган товон суммасида тан олиниши лозимлигидан иборатдир.


3. Мазкур стандартни қўллашда ташкилот шартнома шартларини ва барча тегишли далиллар ва ҳолатларни инобатга олиши лозим. Ташкилот мазкур стандартни, шу жумладан ҳар қандай амалий мақсадлардаги соддалаштиришларни ўхшаш хусусиятларга эга бўлган ва ўхшаш ҳолатлардаги шартномаларга нисбатан изчил қўллаши лозим.


4. Мазкур стандартда харидор билан индивидуал шартнома ҳисоби кўриб чиқилади. Лекин, агар ташкилот молиявий ҳисобот нуқтаи назаридан мазкур стандартнинг шартномалар портфелига қўллаш натижалари уни шундай портфел доирасидаги индивидуал шартномаларга (ёки бажариш жавобгарликларига) нисбатан қўллаш натижаларидан муҳим даражада фарқ қилмаслигини асосланган даражада кутса, амалий жиҳатдан соддалаштириш мақсадида, ташкилот мазкур стандартни ўхшаш хусусиятларга эга бўлган шартномалар (ёки бажариш жавобгарликлари) портфелига нисбатан қўллаши мумкин. Шартномалар портфели бўйича ҳисоб юритишда ташкилот ушбу портфелнинг ҳажми ва таркибини акс эттирадиган ҳисоб баҳолари ва фаразлардан фойдаланиши лозим.



Қўллаш доираси


5. Ташкилот мазкур стандартни харидорлар билан барча шартномаларга нисбатан қўллаши лозим, бундан қуйидагилар мустасно:

(a) 16-сон МҲХС "Ижара"ни қўллаш доирасидаги ижара шартномалари;

(б) 4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари"ни қўллаш доирасидаги суғурта шартномалари;

(в) 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар", 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот", 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар", 27-сон БҲХС "Алоҳида молиявий ҳисобот" ва 28-сон БҲХС "Таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестициялар"ни қўллаш доирасидаги молиявий инструментлар ва бошқа шартномавий ҳуқуқлар ёки мажбуриятлар; ва

(г) харидорларга ёки потенциал харидорларга сотувлар бўйича кўмаклашиш мақсадида бир хил фаолият йўналишидаги ташкилотлар ўртасидаги номонетар айирбошлашлар. Масалан, мазкур стандарт турли минтақаларда ўз харидорлари талабларини ўз вақтида қондириш учун нефть айирбошлашувига ўзаро келишган иккита нефть компанияси ўртасидаги шартномага нисбатан қўлланмайди.


6. Ташкилот мазкур стандартни фақат шартнома бўйича контрагент харидор ҳисобланган (5-бандда келтирилган шартномалардан ташқари) шартномаларга нисбатан қўллайди. Харидор - бу товон эвазига ташкилотнинг одатдаги фаолияти натижаси бўлган товарлар ёки хизматларни олиш учун ташкилот билан шартнома тузган тарафдир. Агар шартнома бўйича контрагент шартномани ташкилотнинг одатдаги фаолияти натижаларини олиш бўйича эмас, балки, масалан, ташкилот билан бирон бир фаолият ёки жараёнда иштирок этиш учун тузган бўлса ва бундай фаолият ёки жараённинг рисклари ва нафлари тарафлар ўртасида ўзаро тақсимланса (масалан, ҳамкорлик келишуви доирасида активни ишлаб чиқиш), бундай шартнома бўйича контрагент харидор ҳисобланмайди.


7. Харидор билан шартнома қисман мазкур стандартни қўллаш доирасига ва қисман 5-бандда санаб ўтилган бошқа стандартларнинг қўллаш доирасига кириши мумкин.

(а) Агар бошқа стандартларда шартноманинг бир ёки бир нечта компонентларини ажратиш ва/ёки дастлаб қандай баҳолаш лозимлиги белгиланган бўлса, унда ташкилот дастлаб ушбу стандартларнинг ажратиш ва/ёки баҳолашга оид талабларини қўллаши лозим. Ташкилот дастлаб бошқа стандартларга мувофиқ баҳоланадиган шартнома компоненти (ёки компонетлари) қийматини операция нархидан чиқариб ташлаши лозим ва операция нархининг қолган қийматини (агар у мавжуд бўлса) ушбу стандартнинг амал қилиш доирасидаги ҳар бир бажариш жавобгарлигига ва 7(б) бандида кўрсатилган шартноманинг бошқа компонетларига тақсимлаш учун 73-86-бандларни қўллаши лозим.

(б) Агар бошқа стандартларда шартноманинг бир ёки бир нечта компонентларини ажратиш ва/ёки дастлаб қандай баҳолаш лозимлиги белгиланганмаган бўлса, унда ташкилот шартноманинг бир ёки бир нечта компонентларини ажратиш ва/ёки дастлабки баҳолаш учун мазкур стандартни қўллаши лозим.


8. Харидор билан шартнома тузиш учун қўшимча сарфлар ва харидор билан шартномани бажариш учун амалга оширилган сарфларнинг ҳисоби, агар бундай сарфлар бошқа стандартни қўллаш доирасига кирмаса, мазкур стандартда кўриб чиқилади (91-104-бандларга қаранг). Ташкилот ушбу бандларни фақат мазкур стандартни қўллаш доирасида бўлган харидор билан шартнома (ёки бундай шартноманинг компоненти) билан боғлиқ сарфларга нисбатан қўллаши лозим.



Тан олиш


Шартномани идентификациялаш


9. Ташкилот мазкур стандартни қўллаш доирасидаги харидор билан шартномани фақат қуйида келтирилган барча мезонлар бажарилган тақдирда ҳисобга олиши лозим:

(а) шартнома тарафлари шартномани тасдиқлаган (ёзма, оғзаки ёки бошқа иш муомаласи одатларига мувофиқ) ва шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олган бўлса;

(б) ташкилот ҳар бир тарафнинг ўтказиладиган товарлар ёки хизматларга нисбатан ҳуқуқларини идентификация қила олса;

(в) ташкилот ўтказиладиган товарлар ёки хизматлар учун тўлов шартларини идентификация қила олса;

(г) шартнома тижорий моҳиятга эга (яъни, шартнома натижасида ташкилотнинг келгуси пул оқимларининг риски, даврлар бўйича тақсимланиши ёки миқдори ўзгариши кутилади) бўлса; ва

(д) ташкилот харидорга ўтказиладиган товарлар ёки хизматлар эвазига олиш хуқуқига эга бўлган товонни олиши эҳтимоли мавжуд. Товон суммасини олиш эҳтимолини баҳолашда ташкилот фақат харидорнинг тўлов муддати келганда ушбу товонни тўлаш қобилияти ва ниятини ҳисобга олиши лозим. Ташкилот олиш ҳуқуқига эга бўлган товон суммаси, агар товон ўзгарувчан бўлса, шартномада кўрсатилган нархдан паст бўлиши мумкин, чунки ташкилот харидорга нархдан чегирма таклиф қилган бўлиши мумкин (52-бандга қаранг).


10. Шартнома - бу икки ёки ундан ортиқ тарафлар ўртасида қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқарадиган келишувдир. Шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлиги қонун билан таъминланади. Шартномалар ёзма, оғзаки шаклда бўлиши ёки ташкилотнинг иш муомаласи одатларида назарда тутилиши мумкин. Харидорлар билан шартнома тузиш амалиёти ва тартиб-таомиллари юрисдикцияларга, соҳаларга ва ташкилот турларига қараб фарқ қилади. Бундан ташқари, улар бир ташкилот доирасида ҳам фарқланиши мумкин (масалан, харидорлар синфига ёки ваъда қилинган товарлар ёки хизматларнинг характерига боғлиқ тарзда). Ташкилот харидор билан шартнома қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқариши ёки чиқармаслигини ҳамда қачон келтириб чиқаришини аниқлашда ушбу амалиёт ва тартиб-таомилларни таҳлил қилиши лозим.


11. Харидорлар билан айрим шартномалар қатъий амал қилиш муддатига эга бўлмаслиги ва ихтиёрий тараф исталган вақтда уларни бекор қилиши ёки модификация қилиши мумкин. Бошқа шартномаларнинг амал қилиш муддати шартномада белгиланган даврийликда автоматик тарзда узайтирилиши мумкин. Ташкилот мазкур стандартни тарафлар амалда қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлган шартноманинг амал қилиш муддати (яъни, шартнома муддати) давомида қўллаши лозим.


12. Агар шартноманинг ҳар бир тарафи хеч бир қисми бажарилмаган шартномани бошқа тарафга (ёки тарафларга) компенсация тўламасдан, қонун билан ҳимояланадиган бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлса, шартнома мазкур стандартни қўллаш мақсадида мавжуд эмас деб ҳисобланади. Агар қуйидаги иккита мезон бажарилса, шартноманинг ҳеч бир қисми бажарилмаган ҳисобланади:

(а) ташкилот харидорга ваъда қилинган товарлар ёки хизматларни ҳали ўтказмаган бўлса; ва

(б) ташкилот ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар эвазига ҳали товон олмаган ва ҳали уни олиш ҳуқуқига эга бўлмаса.


13. Агар харидор билан шартнома у тузилган пайтда 9-банддаги мезонларга жавоб берса, ташкилот ушбу мезонларни, агар далиллар ва ҳолатларда аҳамиятли ўзгаришлар аломати мавжуд бўлмаса, қайта баҳолаши талаб этилмайди. Масалан, агар харидорнинг товонни тўлаш қобилияти аҳамиятли даражада пасайиб кетса, ташкилот харидорга ўтказиладиган товар ёки хизматларнинг қолган қисми эвазига ушбу ташкилот унга тегишли бўлган товонни олиш эҳтимоли мавжудлигини қайта баҳолаши лозим бўлади.


14. Агар харидор билан шартнома 9-банддаги мезонларга жавоб бермаса, ташкилот 9-банддаги мезонларнинг кейинчалик бажарилишини аниқлаш учун шартномани баҳолашда давом этиши лозим.


15. Агар харидор билан шартнома 9-банддаги мезонларга жавоб бермаса ва ташкилот харидордан товон олса, ташкилот олинган товонни фақат қуйидаги ҳодисалардан ихтиёрий бири содир бўлган тақдирда тушум сифатида тан олиши лозим:

(а) ташкилотнинг товарларни ёки хизматларни харидорга бериш бўйича мажбуриятлари қолмаган ва харидор томонидан ваъда қилинган товонни ташкилот тўлиқ ёки деярли тўлиқ ҳажмда олган ва ушбу товон қайтариб берилмайди; ёки

(б) шартнома бекор қилинган ва харидордан олинган товон қайтариб берилмайди.


16. Ташкилот 15-банддаги ҳодисалардан бири содир бўлгунга қадар ёки 9-банддаги мезонлар кейинчалик бажарилмагунча харидордан олинган товонни мажбурият сифатида тан олиши лозим (14-бандга қаранг). Шартнома билан боғлиқ бўлган далиллар ва ҳолатларга қараб, тан олинган мажбурият ташкилотнинг келгусида товарларни ёки хизматларни ўтказиш ёки олинган товонни қайтариш мажбуриятини назарда тутади. Ҳар қандай ҳолатда, мажбурият харидордан олинган товон суммаси бўйича баҳоланиши лозим.



Шартномаларни бирлаштириш


17. Ташкилот бир вақтнинг ўзида ёки деярли бир вақтнинг ўзида бир харидор (ёки харидорнинг ўзаро боғлиқ томонлари) билан тузилган икки ёки ундан ортиқ шартномаларни қуйидаги мезонлардан бири ёки бир нечтаси бажарилган тақдирда бирлаштириши ва ушбу шартномаларни ягона шартнома сифатида ҳисобга олиши лозим:

(а) шартномалар ягона тижорат мақсади билан пакет сифатида келишилган;

(б) бир шартнома бўйича тўланадиган товон суммаси бошқа шартноманинг нархига ёки бажарилишига боғлиқ бўлса; ёки

(в) шартномалар бўйича ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар (ёки ҳар бир шартнома бўйича ваъда қилинган баъзи товарлар ёки хизматлар) 22-30-бандларга мувофиқ ягона бажариш жавобгарлигини ташкил этади.



Шартномани модификация қилиш


18. Шартномани модификация қилиш - бу шартнома тарафлари томонидан тасдиқланган шартноманинг предмети ёки нархини (ёки ҳар иккаласини) ўзгартиришдир. Баъзи тармоқ ва юрисдикцияларда шартномани модификация қилиш ўзгартириш киритиш, ўзгартириш ёки тузатиш киритиш талаби сифатида тавсифланиши мумкин. Шартномани модификация қилиш шартнома тарафлари уларнинг амалдаги қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўзгартирадиган ёки янги хуқуқлар ва мажбуриятларни келтириб чиқарадиган модификацияни тасдиқлаганда юзага келади. Шартномани модификация қилиш ёзма равишда, оғзаки келишув тарзида ёки иш муомаласи одатларидан келиб чиқиб тасдиқланиши мумкин. Агар шартнома тарафлари шартномани модификация қилишни тасдиқламаган бўлсалар, ташкилот мазкур стандартни амалдаги шартномага нисбатан ушбу шартномани модификация қилиш тасдиқлангунга қадар қўллашда давом этиши лозим.


19. Шартномани модификация қилиш тарафлар шартнома предмети ёки нархини (ёки ҳар иккаласини) модификация қилиш тўғрисида мунозарага эга бўлсалар ҳам ёки шартноманинг предметидаги ўзгаришни тасдиқлаган, лекин нархнинг тегишли ўзгаришини аниқлаб олмаган бўлсалар ҳам юзага келиши мумкин. Шартномани модификация қилишдан келиб чиқадиган ёки модификация қилиш доирасида ўзгартирилган ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлигини аниқлашда ташкилот барча тегишли далиллар ва ҳолатларни, шу жумладан шартнома шартларини ва бошқа далилларни ҳисобга олиши лозим. Агар шартнома тарафлари шартнома предметига ўзгаришни тасдиқлаган, лекин нархнинг тегишли ўзгаришини ҳали аниқлаб олмаган бўлсалар, ташкилот модификация қилишдан келиб чиқадиган операция нархидаги ўзгаришни ўзгарувчан товонни баҳолаш тўғрисидаги 50-54-бандларга ва ўзгарувчан товонни баҳолашдаги чекловлар тўғрисидаги 56-58-бандларга мувофиқ баҳолаши лозим.


20. Ташкилот қуйидаги ҳар иккала шарт бажарилганда шартномани модификация қилишни алоҳида шартнома сифатида ҳисобга олиши лозим:

(а) шартнома предмети қўшимча ваъда қилинган фарқли товарлар ёки хизматлар ҳисобига кенгайиши (26-30-бандларга мувофиқ); ва

(б) шартнома нархи ташкилотнинг қўшимча ваъда қилинган товарлари ёки хизматларининг алоҳида сотиш нархини ва аниқ шартнома шартларига асосан ушбу нархларга тегишли тузатишларни акс эттирадиган товон суммасига ошиши. Масалан, ташкилот қўшимча товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархини харидорга тақдим этилган чегирмани ҳисобга олиш учун ўзгартириши мумкин, чунки ташкилот шу каби товар ёки хизматни янги харидорга сотишда юзага келиши мумкин бўлган сарфларни амалга ошириши шарт бўлмайди.


21. Агар 20-бандга мувофиқ шартномани модификация қилиш алоҳида шартнома сифатида ҳисобга олинмаса, ташкилот шартномани модификация қилиш санасида ҳали ўтказилмаган ваъда қилинган товарлар ёки хизматларни (яъни қолган ваъда қилинган товарлар ёки хизматларни) вазиятга қараб қуйидаги усуллардан бири орқали ҳисобга олиши лозим:

(а) Агар қолган товарлар ёки хизматлар шартномани ўзгартириш санасида ёки ундан олдин ўтказилган товарлар ёки хизматлардан фарқли бўлса, ташкилот шартномани модификация қилишни худди мавжуд шартномани бекор қилгандек ва янги шартнома тузилгандек ҳисобга олиши лозим. Қолган бажариш жавобгарликларига (ёки 22(б)-бандга мувофиқ идентификация қилинган ягона бажариш жавобгарлиги таркибида қолган фарқли товар ёки хизматларга)) тааллуқли товон суммаси қуйидагиларни қўшиш натижаси ҳисобланади:

(i) харидор томонидан ваъда қилинган (харидордан аллақачон олинган суммаларни ўз ичига олган) операция нархини аниқлашда ҳисоб баҳоси таркибига киритилган ва тушум сифатида тан олинмаган; ва

(ii) шартномани модификация қилиш доирасида ваъда қилинган товон.

(б) Агар қолган товарлар ёки хизматлар фарқли бўлмаса ва шу сабабли шартномани модификация қилиш санасида қисман бажарилган ягона бажариш жавобгарлигини ташкил этса, ташкилот модификация қилишни мавжуд шартноманинг бир қисми сифатида ҳисобга олиши лозим. Шартномани модификация қилишнинг операция нархига ва ташкилотнинг бажариш жавобгарлиги бажарилиши даражасини баҳолашига таъсири шартномани модификация қилиш санасида тушумни тузатиш (тушумнинг ўсиши ёки камайиши) сифатида тан олинади (яъни, тушумни тузатиш кумулятив ёндашув асосида амалга оширилади).

(в) Агар қолган товарлар ёки хизматлар (а) ва (б) банддагиларни ўз ичига оладиган бўлса, у ҳолда ташкилот ушбу банднинг мақсадларига мувофиқ модификация қилинган шартномада бажарилмаган (шу жумладан қисман бажарилмаган) бажариш жавобгарликларига модификациянинг таъсирини ҳисобга олиши лозим.



Бажариш жавобгарликларини идентификациялаш


22. Шартнома тузиш пайтида ташкилот харидор билан шартномада ваъда қилинган товар ёки хизматларни баҳолаши ва харидорга қуйидагиларни ўтказиш бўйича ҳар бир ваъдани бажариш жавобгарлиги сифатида идентификация қилиши лозим:

(а) фарқли маҳсулот ёки хизмат (ёки товарлар ёхуд хизматлар пакети); ёки

(б) деярли бир хил бўлган ва харидорга бир хил схема бўйича ўтказиладиган фарқли товарлар ёки хизматлар тўплами (23-бандга қаранг).


23. Агар қуйидаги ҳар иккала мезон бажарилса, фарқли товар ёки хизматлар тўплами бир хил схемада харидорга ўтказилади:

(а) ташкилот харидорга ўтказишни ваъда қилган тўпламдаги ҳар бир фарқли товар ёки хизмат 35-банддаги мезонларга жавоб беради ва давр мобайнида бажариладиган бажариш жавобгарлиги ҳисобланади; ва

(б) 39-40-бандларга мувофиқ харидорга тўпламдаги ҳар бир фарқли товар ёки хизматни ўтказиш бўйича бажариш жавобгарлигининг бажариш даражасини баҳолашда бир хил усул қўлланади.



Харидорлар билан шартномалардаги ваъдалар


24. Харидор билан шартномада одатда ташкилот харидорга ўтказишни ваъда қилган товар ёки хизматлар аниқ белгиланади. Лекин, харидор билан шартномада идентификация қилинадиган белгиланган бажариш жавобгарликлари ушбу шартномада аниқ кўрсатилган товарлар ёки хизматлар билан чегараланмаслиги мумкин. Бунинг сабаби, харидор билан шартнома, шунингдек, ташкилотнинг иш муомаласи одатлари, эълон қилинган сиёсати ёки ўзига хос баёнотларида назарда тутилган ваъдаларни, агар шартномани тузиш пайтида бундай ваъдалар харидорда ташкилот товар ёки хизматни ўтказиши бўйича асосланган кутиш пайдо бўлишига олиб келса, ўз ичига олиши мумкин.


25. Бажариш жавобгарлиги ташкилот шартномани бажариши учун амалга ошириши лозим бўлган фаолиятни ўз ичига олмайди, бундан товар ёки хизматни харидорга ўтказиш фаолияти мустасно. Масалан, хизматлар кўрсатувчи шартнома тузиш учун турли хил маъмурий вазифаларни бажаришига тўғри келиши мумкин. Бундай вазифалар бажарилиши билан харидорга хизмат ўтказилмайди. Шунинг учун, шартнома тузиш бўйича бундай фаолият бажариш жавобгарлиги ҳисобланмайди.



Фарқли товарлар ёки хизматлар


26. Шартномага қараб ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин, лекин улар билан чекланмайди:

(а) ташкилот томонидан ишлаб чиқарилган товарларни сотиш (масалан, ишлаб чиқарувчининг захираларини);

(б) ташкилот томонидан сотиб олинган товарларни қайта сотиш (масалан, чакана савдо ташкилоти товарлари);

(в) ташкилот томонидан сотиб олинган товарларга ёки хизматларга бўлган ҳуқуқларнинг қайта сотилиши (масалан, Б34-Б38-бандларда тавсифланганидек, принципал вазифасини бажарувчи ташкилот томонидан қайта сотилган чипта);

(г) харидор учун шартномада келишилган вазифани (ёки вазифаларни) бажариш;

(д) товарларни ёки хизматларни тайёр бўлиши билан таъминлаш хизматини (масалан, илгари назарда тутилмаган дастурий таъминот янгиланишларини улар юзага келиши билан тақдим этиш) ёки харидор томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда унинг фойдаланиши учун товарлар ёки хизматларни тақдим этиш;

(е) бошқа тараф томонидан харидорга товарларни ёки хизматларни ўтказишни ташкил этиш бўйича хизматни кўрсатиш (масалан, Б34-Б38-бандларда тавсифланганидек, бошқа тараф учун агент вазифасини бажариш);

(ё) келгусида харидор қайта сотиши ёки ўзининг харидорига тақдим этиши мумкин бўлган товарларга ёки хизматларга тақдим этиладиган ҳуқуқларнинг берилиши (масалан, чакана савдо ташкилоти маҳсулотларини сотадиган ташкилот чакана савдо ташкилоти маҳсулотларини сотиб оладиган жисмоний шахсга қўшимча маҳсулот ёки хизматни беришни ваъда қилади);

(ж) харидор номидан активни қуриш, ишлаб чиқариш ёки яратиш;

(з) лицензиялар бериш (Б52-Б63-бандларга қаранг); ва

(и) қўшимча товарлар ёки хизматларни сотиб олиш учун опционлар бериш (ушбу опционлар харидорга Б39-Б43-бандларда тавсифланганидек муҳим ҳуқуқ тақдим этганда).


27. Харидорга ваъда қилинган товар ёки хизмат, агар қуйидаги иккита мезонлар бажарилса, фарқли ҳисобланади:

(а) харидор товар ёки хизматнинг ёлғиз ўзидан ёки харидор бемалол фойдаланиши мумкин бўлган бошқа ресурслар билан биргаликда наф олиши мумкин (яъни товар ёки хизмат фарқли бўлиши мумкин); ва

(б) ташкилотнинг товар ёки хизматни харидорга ўтказиш тўғрисидаги ваъдаси шартномадаги бошқа ваъдалардан алоҳида идентификацияланадиган бўлади (яъни, товар ёки хизмат шартнома контекстида фарқли ҳисобланади).


28. Агар товар ёки хизматдан фойдаланиш, истеъмол қилиш, уларни қолдиқ қийматидан юқори суммага сотиш ёки иқтисодий фойда келтирадиган бошқа йўл билан ушлаб туриш мумкин бўлса, харидор 27(а) бандига мувофиқ товар ёки хизматдан наф кўриши мумкин. Муайян товар ёки хизматларга нисбатан харидор уларнинг ҳар бирини алоҳида олганда наф кўриши мумкин. Бошқа товарларга ёки хизматларга нисбатан, харидор товар ёки хизматлардан фақат бемалол фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ресурслар билан биргаликда наф олиши мумкин. Бемалол фойдаланиш мумкин бўлган ресурслар - бу алоҳида сотиладиган (ташкилот ёки бошқа шахслар томонидан) ёки харидор аллақачон ташкилотдан олган (шу жумладан, ташкилот шартномага биноан харидорга ўтказган товарлар ёки хизматларни ўз ичига олган) ёки бошқа операциялар ёки ҳодисалар натижасида сотиб олинган товарлар ёки хизматлардир. Турли хил омиллар харидор товар ёки хизматдан алоҳида фойдаланганда ёки бемалол фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ресурслар билан биргаликда наф олиши мумкинлигини кўрсатади. Масалан, ташкилот товар ёки хизматни мунтазам равишда алоҳида сотиши харидор товар ёки хизматдан алоҳида фойдаланганда ёки бемалол фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ресурслар билан биргаликда наф олиши мумкинлигини кўрсатади.


29. 27(б) бандига мувофиқ, ташкилотнинг товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказиш тўғрисидаги ваъдаcи алоҳида идентификацияланадиган бўлишини баҳолашдан мақсад, шартнома контекстидаги ваъданинг характери ҳар бир шундай товар ёки хизматни алоҳида ўтказиш эканини ёки ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар манба ресурс ҳисобланадиган модда ёки моддалар жамланмасини ўтказиш эканини аниқлашдир. Товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказиш тўғрисидаги икки ёки ундан ортиқ ваъдаларни алоҳида идентификациялаш мумкин эмаслигини кўрсатувчи омиллар қуйидагиларни ўз ичига олади, лекин улар билан чекланмайди:

(а) ташкилот товар ёки хизматни шартномада ваъда қилинган товарлар ёки хизматларни бошқа товарлар ёки хизматлар билан харидор олишни мақсад қилиб шартнома тузган умумий натижа ҳисобланган товарлар ёки хизматлар пакетига интеграциялаш бўйича аҳамиятли хизматни тақдим қилади. Бошқача қилиб айтганда, ташкилот товар ёки хизматни харидор томонидан белгилаб қўйилган умумий натижа ёки натижаларни яратиш ёки таъминлаш учун фойдаланиладиган омил сифатида ишлатади. Умумий натижа ёки натижалар бир нечта босқичларни, элементларни ёки бирликларни ўз ичига олиши мумкин;

(б) товар ёки хизмат шартномада ваъда қилинган бошқа маҳсулот ёки хизматни аҳамиятли даражада модификация қилса ёки аҳамиятли даражада мослаштирса;

(в) товар ёки хизмат бошқа ваъда қилинган товарлар ёки хизматларга жуда боғлиқ бўлса ёки улар билан ўзаро боғланган бўлса. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир товар ёки хизматга шартнома бўйича бир ёки бир нечта бошқа товарлар ёки хизматлар аҳамиятли даражада таъсир кўрсатади. Масалан, баъзи ҳолларда икки ёки ундан ортиқ товарлар ёки хизматлар бир-бирига аҳамиятли даражада таъсир кўрсатади, чунки ташкилот ўз ваъдасини ҳар бир товар ёки хизматни алохида ўтказиш орқали бажара олмаслиги мумкин.


30. Агар ваъда қилинган товар ёки хизмат фарқли бўлмаса, ташкилот ушбу товар ёки хизматни, токи улар фарқли товар ёки хизматлар пакети сифатида индентификацияланмагунча, ваъда қилинган бошқа товарлар ёки хизматлар билан бирлаштириши лозим. Баъзи ҳолларда, бу ташкилот шартнома бўйича ваъда қилинган барча товар ёки хизматларни ягона бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олишига олиб келади.



Бажарилиши лозим бўлган жавобгарликларни бажариш


31. Ташкилот ваъда қилинган товар ёки хизматни (яъни активни) харидорга ўтказиш орқали бажариш жавобгарлигини бажарганда (ёки бажариши билан) тушумни тан олиши лозим. Актив харидор ушбу актив устидан назоратни олганда (ёки олиши билан) ўтказилган ҳисобланади.


32. 22-30-бандларга мувофиқ идентификацияланган ҳар бир бажариш жавобгарлиги учун ташкилот шартнома тузилаётган пайтда бажариш жавобгарлиги бажарилиш пайтини - муайян давр мобайнида (35-37-бандларга мувофиқ) ёки муайян вақт нуқтасида (38-бандга мувофиқ) бажарилишини аниқлаши лозим. Агар ташкилот бажариш жавобгарлигини муайян давр мобайнида бажариладиган бўлмаса, у ҳолда бажариш жавобгарлиги муайян вақт нуқтасида бажариладиган ҳисобланади.


33. Товарлар ва хизматлар, ҳатто улар бир лаҳза мавжуд бўлса ҳам, улар қабул қилинган ва фойдаланилган (кўпгина хизматларда бўлгани каби) пайтда активлар бўлиб ҳисобланади. Активни назорат қилиш ундан қандай фойдаланишни аниқлаш ва активдан қолган амалдаги барча нафларни олиш қобилиятини англатади. Назорат қилиш бошқа ташкилотлар томонидан активдан қандай фойдаланишни аниқлаш ва ундан наф олишга тўсқинлик қилиш қобилиятини ўз ичига олади. Активдан наф олиш кўпгина усуллар билан бевосита ёки билвосита олиниши мумкин бўлган потенциал пул оқимлари (пул оқимларининг тушиши ёки чиқиб кетишининг камайиши) ҳисобланади, жумладан:

(а) товар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш (шу жумладан ижтимоий хизматлар) учун активдан фойдаланиш;

(б) активдан бошқа активлар қийматини ошириш учун фойдаланиш;

(в) активдан мажбуриятларни сўндириш ёки харажатларни камайтириш учун фойдаланиш;

(г) активни сотиш ёки айирбошлаш;

(д) кредитни таъминлаш учун активни тақдим этиш; ва

(е) активни ушлаб туриш.


34. Харидор активни назорат қилиш ҳуқуқини олганлигини баҳолашда ташкилот активни қайта сотиб олиш бўйича мавжуд келишувларни эътиборга олиши лозим (Б64-Б76-бандларга қаранг).



Давр мобайнида бажариладиган

бажариш жавобгарликлари


35. Агар қуйидаги мезонлардан бири бажарилса, ташкилот товар ёки хизмат устидан назоратни муайян давр мобайнида ўтказади ва шу сабабли муайян давр мобайнида бажариш жавобгарлигини бажаради ва тушумни тан олади:

(a) харидор ташкилот ушбу бажариш жавобгарлигини бажариш билан таъминланадиган нафларни бир вақтнинг ўзида қабул қилади ва истеъмол қилади (Б3-Б4-бандларга қаранг);

(б) ташкилот ўз бажариш жавобгарлигини бажариш жараёнида актив (масалан, тугалланмаган ишлаб чиқариш) яратилади ёки яхшиланади, харидор унинг устидан назоратни ушбу актив яратилиши ва яхшиланиши билан олади (Б5-бандга қаранг); ёки

(в) ташкилотнинг ўз жавобгарлигини бажариши ташкилотнинг муқобил мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган активни яратмайди (36-бандга қаранг) ва бунда ташкилот шартномавий ишларнинг шу кунгача бажарилган бир қисми учун тўловни олиш бўйича қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлади (37-бандга қаранг).


36. Агар шартнома шартлари ташкилот активни яратиш ёки яхшилаш жараёнида ундан фойдаланишнинг бошқа мақсадини эркин белгилаш имкониятини чекласа ёки ташкилот активдан унинг тугалланган ҳолатида фойдаланишнинг бошқа мақсадини эркин аниқлашнинг амалий имконига эга бўлмаса, ташкилот фаолияти натижасида яратилган актив ташкилот учун муқобил фойдаланиш усулига эга бўлмайди. Ташкилотда ушбу активдан муқобил мақсадларда фойдаланиш имконияти мавжудлигини баҳолаш шартнома тузилган пайтда амалга оширилади. Шартнома тузилгандан сўнг, агар шартнома томонлари бажариш жавобгарлигини аҳамиятли даражада ўзгартирадиган шартномани модификация қилишни тасдиқламаса, ташкилот активдан муқобил мақсадларда фойдаланиш имкониятини баҳолашни ўзгартирмаслиги лозим. Б6-Б8-бандлар ташкилот активдан муқобил мақсадларда фойдаланиш имкониятига эга ёки эга эмаслигини баҳолаш бўйича кўрсатма беради.


37. 35-банднинг (в) кичик бандига биноан ишларнинг шу кунгача бажарилган қисми учун тўловни олиш учун қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга ёки эга эмаслигини ҳал қилишда, ташкилот шартнома шартларини, шунингдек шартномага оид қонун ҳужжатларини таҳлил қилиши лозим. Бугунги кунга қадар бажарилган ишларнинг бир қисми учун тўловни олиш ҳуқуқи қатъий белгиланган суммада бўлиши шарт эмас. Шу билан бирга, шартнома муддати давомида ҳар қандай вақтда, агар ташкилот ушбу шартномани ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ҳолатидан ташқари бошқа сабабларга кўра харидор ёки бошқа томон шартномани бекор қилса, ташкилот ишларнинг шу кунгача бажарилган қисмини ҳеч бўлмаганда қоплайдиган суммани олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Б9-Б13-бандлар тўловни олиш ҳуқуқининг мавжудлиги ва қонун билан ҳимояланганлигини ҳамда ташкилотнинг тўловни олиш ҳуқуқи шу кунгача бажарилган ишнинг бир қисми учун тўловни талаб қилиш учун асос бўла олишини баҳолаш бўйича кўрсатма беради.



Муайян вақт нуқтасида бажариладиган

бажариш жавобгарликлари


38. Агар бажариш жавобгарлиги 35-37-бандларга мувофиқ муайян давр мобайнида бажарилмаса, ташкилот бажариш жавобгарлигини муайян вақт нуқтасида бажаради. Харидор ваъда қилинган актив устидан назоратни олиши ва ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариш вақтини аниқлаш учун ташкилот 31-34-бандлардаги назорат талабларини эътиборга олиши лозим. Бундан ташқари, ташкилот қуйидагиларни ўз ичига олган, лекин улар билан чекланмаган назоратни ўтказиш кўрсаткичларини ҳисобга олиши лозим:

(а) Ташкилот актив учун тўловга нисбатан мавжуд ҳуқуққа эга бўлса- агар харидор ҳозирда актив учун тўловни амалга ошириши лозим бўлса, бу харидор фойдаланиш усулини белгилаш ва айирбошлаш предмети бўлган активдан кутилаётган қолган амалдаги барча нафларни олиш имкониятига эга бўлганлигини кўрсатиши мумкин.

(б) Харидор активга нисбатан эгалик ҳуқуқига эга бўлса, эгалик ҳуқуқи шартноманинг қайси тарафи фойдаланиш усулини белгилаши ва активдан кутилаётган қолган амалдаги барча нафларни олиш ёки бошқа ташкилотларни ушбу нафларни олиш имкониятини чеклаши мумкинлигини кўрсатиши мумкин. Шунинг учун, активга эгалик ҳуқуқининг ўтказилиши, харидор актив устидан назоратни олганлигидан далолат бериши мумкин. Агар ташкилот фақат харидор томонидан тўлов тўланмай қолишидан ҳимояланиш учун бундай ҳуқуқни сақласа, ташкилотнинг ушбу ҳуқуқлари харидорнинг активни назорат қилишига тўсқинлик қилмайди.

(в) Ташкилот активга нисбатан жисмоний эгалик ҳуқуқини ўтказган бўлса - харидор томонидан активга жисмоний эгалик ҳуқуқи харидор активдан фойдаланиш усулини белгилаши ва ундан кутилаётган қолган амалдаги барча нафларни олиши ёки бошқа ташкилотларнинг ушбу нафларни олиш имкониятини чеклаши мумкинлигини кўрсатиши мумкин. Лекин, жисмоний эгалик актив устидан назорат мавжуд бўлмаганда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, баъзи бир қайта сотиб олиш шартномаларида ва айрим консигнация шартномаларида харидор ёки консигнатор ташкилот назорат қиладиган активга жисмоний эгалик қилиши мумкин. Ва аксинча, ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишувларида ташкилот харидор томонидан назорат қилинадиган активга жисмоний эгалик қилиши мумкин. Б64-Б76, Б77-Б78 ва Б79-Б82-бандлар мос равишда қайта сотиб олиш шартномалари, консигнация шартномалари ва ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишувларини ҳисобга олиш бўйича кўрсатмалар беради.

(г) Харидор активга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ аҳамиятли рисклар ва нафларга эга бўлса - харидорга активга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ аҳамиятли рисклар ва нафларнинг ўтказилиши харидор активдан фойдаланиш усулини белгилаши ва ундан кутилаётган қолган амалдаги барча нафларни олиш имкониятига эга эканлигини кўрсатиши мумкин. Лекин, ваъда қилинган активга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ рисклар ва нафларни баҳолашда ташкилот активни ўтказиш мажбуриятидан ташқари алоҳида бажариш жавобгарлигини келтириб чиқарадиган ҳар қандай рискларни чиқариб ташлаши лозим. Масалан, ташкилот активни назорат қилишни харидорга ўтказган бўлиши мумкин, лекин ўтказилган активга жорий хизмат кўрсатилишини таъминлаш бўйича қўшимча мажбуриятни ҳали бажармаган бўлиши мумкин.

(д) Харидор активни қабул қилган бўлса - харидор томонидан актив қабул қилиниши у фойдаланиш усулини белгилаши ва активдан кутилаётган қолган амалдаги барча нафларни олиш имкониятига эга бўлганлигини кўрсатиши мумкин. Харидор томонидан шартноманинг актив назоратини ўтказиш пайтини белгилаш тўғрисидаги шартлари таъсирини баҳолаш учун ташкилот Б83-Б86-бандлардаги кўрсатмаларни эътиборга олиши лозим.



Бажариш жавобгарлигини бажариш

даражасини баҳолаш


39. 35-37-бандларга мувофиқ давр мобайнида бажариладиган ҳар бир бажариш жавобгарлиги учун ташкилот ушбу давр мобайнида тушумни бажариш жавобгарлигининг тўлиқ бажарилишини баҳолаш орқали тан олиши лозим. Бажариш даражасини баҳолашнинг мақсади - харидорга ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар устидан назоратни ўтказишда ташкилот фаолияти натижаларини акс эттиришдир (яъни ташкилотнинг бажариш жавобгарлиги бажарилиши).


40. Ташкилот муайян давр мобайнида бажариладиган ҳар бир бажариш жавобгарлигининг бажарилиш даражасини баҳолаш учун баҳолашнинг битта усулини қўллайди ва қўшимча равишда ушбу усул ўхшаш бажариш жавобгарликларига ва шунга ўхшаш ҳолатларда изчил равишда қўлланади. Ҳар бир ҳисобот даврининг охирида ташкилот ушбу давр мобайнида бажариш жавобгарлигининг бажарилиш даражасини қайта баҳолаши лозим.



Бажариш даражасини баҳолаш усуллари


41. Бажариш даражасини баҳолашнинг тегишли усуллар натижалар усули ва ресурслар усулини ўз ичига олади. Б14-Б19-бандлар ташкилотнинг бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини баҳолаш учун натижалар усули ва ресурслар усулидан фойдаланиш бўйича кўрсатма беради. Бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини баҳолаш учун тегишли усулни белгилашда ташкилот харидорга ўтказишни ваъда қилган товар ёки хизматнинг характерини эътиборга олиши лозим.


42. Бажариш даражасини баҳолаш усулини қўллаганда, ташкилот бажариш даражасини баҳолашдан назорат қилиш харидорга ўтказилмаган товарлар ёки хизматларни чиқариб ташлаши лозим. Аксинча, ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариш орқали назорат қилишни харидорга ўтказган товар ёки хизматларни бажариш даражасини баҳолашга киритиши лозим.


43. Вақт ўтиши билан вазият ўзгаришига қараб, ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини баҳолашни янгилаб туриши лозим. Бажариш даражасини баҳолашдаги бундай ўзгаришлар 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ ҳисобга олинади.



Бажариш даражасини асосли баҳолаш


44. Ташкилот бажариш жавобгарлиги бўйича тушумни, агар ташкилот давр мобайнида бажариладиган бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини асосли баҳолай олса, тан олиши лозим. Агар бажариш даражасини баҳолаш учун мақбул усулни қўллаш учун талаб қилинадиган етарлича ишончли маълумот бўлмаса, ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини асосли баҳолашга қодир бўлмайди.


45. Баъзи ҳолларда (масалан, шартнома бажарилишининг дастлабки босқичларида) ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини асосли баҳолашга қодир бўлмаслиги мумкин, лекин ташкилот бажариш жавобгарлигини бажаришда амалга оширилган сарфларни қопланишини кутиши мумкин. Бундай ҳолатларда, ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариш натижасини асосли баҳолай олмагунча, ташкилот тушумни фақат амалга оширилган сарфлар даражасига нисбатан тан олиши лозим.



Баҳолаш


46. Бажариш жавобгарлиги бажарилганда (ёки бажарилиши билан), ташкилот (56-58-бандларга мувофиқ чекланган ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳосини истисно этадиган) операция нархининг мазкур бажариш жавобгарлигига тақсимланадиган қисмини тушум сифатида тан олиши лозим.



Операция нархини аниқлаш


47. Операция нархини аниқлашда ташкилот шартнома шартларини ва иш муомаласи одатларини ҳисобга олиши лозим. Операция нархи - бу учинчи шахслар номидан олинган суммаларни (масалан, баъзи сотувдан олинадиган солиқлар) истисно қилганда, ташкилот томонидан ваъда қилинган товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказиш эвазига олиниши кутилаётган товон суммасидир. Харидор билан шартнома бўйича ваъда қилинган товон қатъий белгиланган суммаларни, ўзгарувчан суммаларни ёки ҳар иккаласини ўз ичига олиши мумкин.


48. Харидор томонидан ваъда қилинган товон характери, даврий тақсимланиши ва суммаси операция нархига таъсир кўрсатади. Операция нархини аниқлашда ташкилот қуйидаги барча омилларнинг таъсирини ҳисобга олиши лозим:

(а) ўзгарувчан товон (50-55 ва 59-бандларга қаранг);

(б) ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳосига чекловлар (56-58-бандларга қаранг);

(в) шартномада аҳамиятли молиялаштириш компоненти мавжудлиги (60-65-бандларга қаранг);

(г) пулсиз товон (66-69-бандларга қаранг); ва

(д) харидорга тўланадиган товон (70-72-бандларга қаранг).


49. Операция нархини аниқлаш мақсадлари учун ташкилот товарлар ёки хизматлар харидорга амалдаги шартнома бўйича ваъда қилинган тарзда ўтказилишини ва шартноманинг бекор қилинмаслиги, муддати узайтирилмаслиги ёки модификация қилинмаслигини ҳисобга олиши лозим.



Ўзгарувчан товон


50. Агар шартномада ваъда қилинган товон ўзгарувчан суммани ўз ичига оладиган бўлса, ташкилот ваъда қилинган товарлар ёки хизматларни харидорга ўтказиш эвазига ташкилот олиш ҳуқуқига эга бўлган товон суммасини баҳолаши лозим.


51. Товон суммаси чегирмалар, қисман қайтаришлар (рибейт), пулни қайтариш, кредитлар, нархдан чегирмалар, рағбатлантиришлар, натижалар учун бонуслар, жарималар ёки бошқа шунга ўхшаш моддалар туфайли ўзгарувчан бўлиши мумкин. Ваъда қилинган товон, агар ташкилотнинг товон олиш ҳуқуқи келгусидаги муайян ҳодиса содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги билан боғлиқ бўлса ҳам ўзгарувчан бўлиши мумкин. Масалан, агар маҳсулот қайтариб бериш ҳуқуқи билан сотилган бўлса ёки маълум бир босқич тугагандан сўнг бонус сифатида белгиланган сумма ваъда қилинган бўлса, товон суммаси ўзгарувчан бўлади.


52. Харидор томонидан ваъда қилинган товоннинг ўзгарувчанлиги шартномада аниқ кўрсатилиши мумкин. Шартнома шартларидан ташқари, ваъда қилинган товон қуйидаги ҳолатларда ўзгарувчан бўлади:

(а) харидор ташкилотнинг иш муомаласи одатлари, эълон қилинган сиёсати ёки ўзига хос баёнотлари туфайли ташкилот товонни шартномада кўрсатилганидан камроқ қабул қилишини асосланган тарзда кутиши мумкин бўлганда. Бошқача қилиб айтганда, ташкилот нарх бўйича чегирма бериши кутилади. Юрисдикцияга, соҳага ёки харидорга қараб, бундай таклиф чегирма, қисман қайтариш (рибейт), маблағларни қайтариш ёки кредит сифатида назарда тутилган бўлиши мумкин;

(б) бошқа далиллар ва ҳолатлар харидор билан шартнома тузишда ташкилот харидорга нарх бўйича чегирма беришни ният қилганини кўрсатганда.


53. Ташкилот ўзгарувчан товон суммасини қуйидаги усуллардан бири - қайси усул ташкилот нуқтаи назаридан ташкилот олиш ҳуқуқига эга бўлган товон суммасини яхшироқ баҳоласа, шу усул ёрдамида баҳолаши лозим:

(а) Кутилаётган қиймат - мумкин бўлган товон суммаларининг ўртача тортилган эҳтимолий йиғиндисидир. Кутилаётган қиймат, агар ташкилотда шунга ўхшаш хусусиятларга эга бўлган кўплаб шартномалар мавжуд бўлса, ўзгарувчан товон суммасининг тегишли ҳисоб баҳоси бўлиши мумкин.

(б) Энг катта эҳтимолли сумма-келиб чиқиши мумкин бўлган товон суммалари орасидаги ягона энг катта эҳтимолли суммадир (яъни шартноманинг ягона энг катта эҳтимолий натижаси). Энг катта эҳтимолли сумма, агар шартномада фақат иккита мумкин бўлган натижалар мавжуд бўлса (масалан, ташкилот натижа учун бонус ё олади, ё олмайди), ўзгарувчан товон суммасини тегишли ҳисоб баҳоси бўлиши мумкин.


54. Ташкилот ноаниқликнинг ташкилот олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўзгарувчан товон суммасига таъсирини баҳолашда шартнома бўйича изчил тарзда битта усулни қўллаши лозим. Бундан ташқари, ташкилот асосланган тарзда фойдаланиш имконияти бўлган барча маълумотларни (олдинги даврларга тааллуқли, жорий ва прогноз) таҳлил қилиши ва товон суммаси эхтимолий кўрсаткичларининг асосланган қийматларини идентификация қилиши лозим. Ўзгарувчан товон суммасини баҳолаш учун ташкилот фойдаланадиган маълумотлар, одатда, ташкилот раҳбарияти томонидан тендерлар жараёнида ваъда қилинган товарлар ёки хизматларга нарх белгилашда фойдаланилган маълумот билан бир хил бўлади.



Маблағларни қайтариш мажбурияти


55. Агар ташкилот харидордан товон олса ва у харидорга товонни тўлиқ ёки қисман қайтариб беришни кутса, ташкилот маблағни қайтариш мажбуриятини тан олиши лозим. Маблағларни қайтариш мажбурияти олинган (ёки энди олинадиган) товоннинг ташкилот олиш ҳуқуқига эга бўлиши кутилмайдиган (яъни битим нархига киритилмаган суммалар) суммаси бўйича баҳоланади. Маблағларни қайтаришга оид мажбурият (ва операция нархидаги тегишли ўзгариш ва шу сабабли шартнома бўйича мажбуриятнинг ўзгариши) ҳар бир ҳисобот даври охирида вазият ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда янгиланиши лозим. Қайтариш ҳуқуқи билан сотишга доир маблағларни қайтариш мажбуриятини ҳисобга олиш учун ташкилот Б20-Б27-бандларидаги кўрсатмаларни қўллаши лозим.



Ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳоларидаги чеклов


56. Ташкилот операция нархига 53-бандга мувофиқ баҳоланган ўзгарувчан товоннинг бир қисмини ёки бутун суммасини фақат ўзгарувчан товонга хос бўлган ноаниқлик кейинчалик бартараф этилганда тан олинган тушумнинг жамғарилган якуни деб эътироф этилган сумманинг аҳамиятли камаймаслиги эҳтимоли энг юқори бўлган даражада киритиши лозим.


57. Ўзгарувчан товонга хос бўлган ноаниқлик кейинчалик бартараф этилганда тан олинган тушумнинг жамғарилган якуни деб эътироф этилган сумманинг аҳамиятли камаймаслиги эҳтимоли энг юқори бўлган даражадалигини баҳолашда ташкилот тушумнинг камайиши эҳтимолини ҳам, камайиш суммасини ҳам ҳисобга олиши лозим. Тушумнинг камайиши эҳтимолини ҳам, камайиш суммасини ҳам ошириши мумкин бўлган омилларга, хусусан, қуйидагилар киради:

(а) товон суммаси ташкилот томонидан таъсир кўрсатиб бўлмайдиган омиллар таъсирига жуда сезгирлиги. Бундай омилларга бозорнинг ўзгарувчанлиги, учинчи томонларнинг мулоҳазалари ёки ҳаракатлари, об-ҳаво шароитлари ва ваъда қилинган маҳсулот ёки хизматнинг маънавий эскиришининг юқори риски бўлиши мумкин;

(б) товон суммаси тўғрисидаги ноаниқлик узоқ вақт давомида ҳал қилиниши кутилмаслиги;

(в) ўхшаш турдаги шартномалар контекстида ташкилотнинг тажрибаси (ёки бошқа далиллар) чекланган бўлса ёки тажриба (ёки бошқа далиллар) чекланган прогноз қийматига эгалиги;

(г) ташкилот кенг кўламли нарх чегирмаларини таклиф қилиш ёки ўхшаш шароитларда ўхшаш шартномалар бўйича тўлов шартларини ўзгартириш тажрибасига эгалиги;

(д) шартномада кўп сонли ва кўп турдаги эҳтимолий товон суммалари назарда тутилиши.


58. Ташкилот сотишга ёки фойдаланишга асосланган роялти шаклидаги интеллектуал мулкка лицензия эвазига ваъда қилинган товонни ҳисобга олиш учун Б63-бандни қўллаши лозим.



Ўзгарувчан товонни қайта баҳолаш


59. Ҳар бир ҳисобот даврининг охирида ташкилот операция нархлари баҳоланишини (шу жумладан ўзгарувчан товон ҳисоб баҳолари чекланганлигини таҳлил қилишни янгилаш билан) ҳисобот даври охиридаги ҳолатларни ва ҳисобот даври давомидаги вазиятларнинг ўзгаришини рўйи-рост ифодалаш учун янгилаши лозим. Ташкилот операция нархидаги ўзгаришларни 87-90-бандларга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.



Шартномада аҳамиятли молиялаштириш

компоненти мавжудлиги


60. Операция нархини аниқлашда, агар шартнома тарафлари томонидан келишилган тўловлар муддати (аниқ ёки билвосита) харидорга товарларни ёки хизматларни ўтказишни молиялаштиришда харидорга ёки ташкилотга аҳамиятли наф келтирадиган бўлса, операция нархини аниқлашда ваъда қилинган товон суммасига пулнинг вақт қиймати таъсирини ҳисобга олган ҳолда тузатиш киритиши лозим. Бундай ҳолатларда, шартнома аҳамиятли молиялаштириш компонентини ўз ичига олади. Молиялаштиришнинг аҳамиятли компоненти молиялаштириш бўйича ваъда шартномада аниқ кўрсатилган ёки шартнома тарафлари келишган тўлов шартлари билан назарда тутилганидан қатъий назар мавжуд бўлиши мумкин.


61. Молиялаштиришнинг аҳамиятли компонентини ҳисобга олган ҳолда ваъда қилинган товон суммасини тузатишнинг мақсади, ташкилот томонидан тушумни, ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар харидорга ўтказилганда (ёки харидорга ўтиши билан) харидор ушбу товарлар ёки хизматлар учун тўловни пул маблағлари билан амалга ошириши лозим бўлгандаги нархни акс эттирадиган суммада (яъни пулли сотиш нархи) тан олиниши ҳисобланади. Ташкилот шартномада молиялаштириш компонентининг мавжудлигини ва молиялаштириш компонентининг шартномага нисбатан аҳамиятлилигини аниқлашда барча тегишли далиллар ва ҳолатларни, шу жумладан қуйидаги иккита омилни ҳисобга олиши лозим:

(а) ваъда қилинган товон суммаси билан ваъда қилинган товарлар ёки хизматларнинг пулли сотиш нархи ўртасидаги фарқни (агар мавжуд бўлса); ва

(б) қуйидагиларнинг биргаликдаги таъсирини:

(i) ташкилот томонидан ваъда қилинган товар ва хизматларни харидорга ўтказадиган пайт билан харидорнинг ушбу товар ёки хизматлар учун тўловни амалга ошириши пайти ўртасидаги кутилаётган вақт оралиғи; ва

(ii) тегишли бозорда устун фоиз ставкалари.


62. 61-банддаги баҳолаш натижаларига қарамай, қуйида келтирилган омиллардан исталган бири мавжуд бўлса, харидор билан шартномада молиялаштиришнинг аҳамиятли компоненти мавжуд бўлмайди:

(а) харидор товарлар ёки хизматлар учун олдиндан тўловни амалга оширган бўлса ва бундай товарларни ёки хизматларни ўтказиш муддати харидор томонидан белгиланса;

(б) харидор томонидан ваъда қилинган товоннинг аҳамиятли қисми ўзгарувчан бўлиб, шундай товоннинг суммаси ёки тўлаш муддати эса харидор ёки ташкилотнинг назорати остида бўлмаган ҳодисанинг келгусида содир бўлиши ёки бўлмаслигига қараб ўзгарса (масалан, агар товон сотишга асосланган роялти шаклида бўлса);

(в) ваъда қилинган товон билан товар ёки хизматнинг пулли сотиш нархи ўртасидаги фарқ (61-бандда тавсифланганидек) харидорга ёки ташкилотга маблағлар ажратишдан бошқа сабабларга кўра пайдо бўлса ва ушбу фарқнинг келиб чиқиш сабабига мутаносиб бўлса. Масалан, тўлов шартлари ташкилотни ёки харидорни бошқа тарафнинг шартнома бўйича ўз мажбуриятларининг бир қисмини ёки барчасини етарлича бажаришига қодир эмаслигидан ҳимоя қилиши мумкин.


63. Агар ташкилот шартнома тузилган пайтда ваъда қилинган товар ёки хизматни харидорга топшириш пайти билан харидор ушбу товар ёки хизмат учун тўловни амалга ошириш пайти ўртасидаги вақт оралиғи бир йилдан ортиқ бўлмаслигини кутса, амалий нуқтаи назардан соддалаштириш мақсадида ташкилот молиялаштиришнинг аҳамиятли компоненти таъсири ҳисобига ваъда қилинган товон суммасига тузатиш киритмаслиги лозим.


64. 61-бандда кўрсатилган мақсадга эришиш учун, молиялаштиришнинг аҳамиятли компонентини таъсири ҳисобига ваъда қилинган товон суммасига тузатиш киритишда, ташкилот ва унинг харидори ўртасида шартномани тузиш пайтида алоҳида молиялаштириш операцияси учун қўлланадиган дисконтлаш ставкасидан фойдаланиш лозим. Ушбу ставка шартнома бўйича молиялаштиришни олувчи тарафнинг кредит хусусиятларини ва харидор ёки ташкилот томонидан тақдим этиладиган таъминот ёки гаровни, шу жумладан шартнома бўйича ўтказиладиган активларни акс эттиради. Ташкилот ушбу ставкани ваъда қилинган товоннинг номинал суммасини харидор товарлар ёки хизматлар учун тўловни улар харидорга ўтказилган пайтда (ёки ўтиши билан) пул маблағлари билан амалга оширган тақдирдаги нархгача дисконтлайдиган ставкани идентификация қилиш орқали аниқлаш имкониятига эга бўлиши мумкин. Шартнома тузилгандан сўнг, ташкилот фоиз ставкалари ёки бошқа ҳолатлар ўзгаришини (масалан, харидорнинг кредит рискини баҳолашдаги ўзгаришни) ҳисобга олиб дисконтлаш ставкасини тузатмаслиги лозим.


65. Ташкилот молиялаштириш таъсирини (фоизлар бўйича тушум ёки фоизлар бўйича харажатлар) умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда харидорлар билан тузилган шартномалардан олинадиган тушумдан алоҳида тақдим этиши лозим. Фоиз тушумлари ёки фоизлар бўйича харажатлар фақат харидор билан шартномани ҳисобга олишда шартнома бўйича актив (ёки дебиторлик қарзи) ёки шартнома бўйича мажбурият тан олинадиган даражада тан олинади.



Пулсиз товон


66. Харидор товонни пулдан ташқари бошқа шаклда ваъда қилган шартномалар бўйича операция нархини аниқлаш учун ташкилот пулсиз товонни (ёки пулсиз товон ваъдасини) ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаши лозим.


67. Агар ташкилот пулсиз товоннинг ҳаққоний қийматини асосли баҳолай олмаса, ташкилот товонни унинг эвазига харидорга (ёки харидорлар синфига) ваъда қилган товар ёки хизматларни алоҳида сотиш нархига асосланиб, билвосита баҳолаши лозим.


68. Пулсиз товоннинг ҳаққоний қиймати товон шаклига қараб фарқ қилиши мумкин (масалан, ташкилот харидордан олиш ҳуқуқига эга бўлган акция нархининг ўзгариши). Агар харидор томонидан ваъда қилинган пулсиз товоннинг ҳаққоний қиймати товон шаклидан ташқари бошқа сабабларга кўра ўзгарса (масалан, ҳаққоний қиймат ташкилот фаолияти натижаларига қараб ўзгариши мумкин), ташкилот 56-58-бандлардаги талабларини қўллаши лозим.


69. Агар харидор ташкилот томонидан шартномани бажарилишини осонлаштириш учун уни товарлар ёки хизматлар (масалан, материаллар, асбоб-ускуналар ёки ходимлар) билан таъминласа, ташкилот тақдим этилаётган товарлар ёки хизматлар устидан назоратни олиши ёки олмаслигини баҳолаши лозим. Агар шундай бўлса, ташкилот товар ёки хизматларни харидордан олинган пулсиз товон сифатида ҳисобга олиши лозим.



Харидорга тўланадиган товон


70. Харидорга тўланиши лозим бўлган товон ўз ичига ташкилот харидорга (ёки ташкилот товарлари ёки хизматларини харидордан сотиб оладиган бошқа томонларга) тўлайдиган ёки тўлаши кутилаётган пул маблағларини олади. Харидорга тўланадиган товонга, шунингдек, ташкилот (ёки харидордан товар ёки хизмат сотиб оладиган бошқа томонлар) олиши лозим бўлган суммалар ҳисобига олинадиган кредит ёки бошқа моддалар (масалан, купон ёки ваучер) киради. Ташкилот харидорга тўланиши лозим бўлган тўловни, агар харидорга тўлов (26-30-бандларда тавсифланганидек) харидор ташкилотга ўтказадиган фарқли товар ёки хизмат эвазига бўлмаса, операция нархининг пасайиши ва шу сабабли тушумнинг камайиши сифатида ҳисобга олиши лозим. Агар харидорга тўланадиган товон ўзгарувчан суммани ўз ичига оладиган бўлса, ташкилот операция нархини 50-58-бандларга мувофиқ баҳолаши (шу жумладан ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳосидаги чекловни таҳлил қилиши) лозим.


71. Агар харидорга тўланиши лозим бўлган товон харидор томонидан етказиб бериладиган фарқли товар ёки хизмат учун тўлов бўлса, ташкилот товар ёки хизмат сотиб олинишини етказиб берувчилардан бошқа харидларни ҳисобга олганидек ҳисобга олиши лозим. Агар харидорга тўланадиган товон суммаси ташкилот харидордан оладиган фарқли товар ёки хизматнинг ҳаққоний қийматидан ошса, ташкилот бундай ортиқча суммани операция нархининг пасайиши сифатида ҳисобга олиши лозим. Агар ташкилот харидордан олинган товар ёки хизматнинг ҳаққоний қийматини асосли баҳолай олмаса, у харидорга тўланадиган товонни тўлалигича операция нархининг пасайиши сифатида ҳисобга олиши лозим.


72. Шунга кўра, агар харидорга тўланадиган товон суммаси операция нархининг пасайиши деб ҳисобга олинса, ташкилот қуйидаги икки ҳодисадан қайси бири кейинроқ содир бўлса, шу пайтда (ёки содир бўлиши билан) тушум камайишини тан олади:

(а) ташкилот тегишли товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказиш билан боғлиқ тушумни тан олади; ва

(б) ташкилот тўловни амалга оширади ёки тўлашни ваъда қилади (ҳатто тўлов келгусидаги ҳодиса билан боғлиқ бўлса ҳам). Ушбу ваъда ташкилотнинг иш муомаласи одатларидан келиб чиққан бўлиши мумкин.



Операция нархини бажариш

жавобгарликларига тақсимлаш


73. Операция нархини тақсимлаш мақсади ташкилот томонидан операция нархини ҳар бир бажариш жавобгарлигига (ёки фарқли товар ёки хизматга) харидорга ваъда қилинган товарлар ёки хизматларни ўтказиш эвазига ташкилот олиш ҳуқуқини кутадиган товон суммасини акс эттирадиган суммада тақсимланиши ҳисобланади.


74. Ушбу мақсадга эришиш учун ташкилот операция нархини шартномада идентификация қилинган ҳар бир бажариш жавобгарлигига 76-80-бандларга мувофиқ нисбий алоҳида сотиш нархи асосида тақсимлаши лозим, бундан 81-83-бандларда (чегирмаларни таксимлаш учун) ва 84-86-бандларда (ўзгарувчан суммаларни ўз ичига олган товонни тақсимлаш учун) қайд этилган ҳоллар мустасно.


75. Агар шартномада бажариш жавобгарлиги фақат битта бўлса, 76-86-бандлар қўлланмайди. Лекин, 84-86-бандлар, агар ташкилот 22(б) кичик бандга мувофиқ ягона бажариш жавобгарлиги сифатида идентификация қилинган фарқли товар ёки хизматлар тўпламини беришни ваъда қилса ва ваъда қилинган товон ўзгарувчан суммаларни ўз ичига олган бўлса, қўлланиши мумкин.



Алоҳида сотиш нархлари асосида тақсимлаш


76. Операция нархини ҳар бир бажариш жавобгарлигига нисбий алоҳида сотиш нархи асосида тақсимлаш учун ташкилот шартнома тузилган пайтда шартнома бўйича ҳар бир бажариш жавобгарлиги асосида ётган фарқли товар ёки хизмат учун алоҳида сотиш нархини аниқлаши ва операция нархини ушбу алоҳида сотиш нархларига мутаносиб равишда тақсимлаши лозим.


77. Алоҳида сотиш нархи - бу ташкилот ваъда қилинган товарни ёки хизматни харидорга алоҳида сотганда қўлланадиган нархдир. Алоҳида сотиш нархининг энг яхши далили бўлиб ташкилот ушбу товарни ёки хизматни ўхшаш ҳолатларда ва ўхшаш харидорларга алоҳида сотганда товар ёки хизматнинг кузатиладиган нархи ҳисобланади. Шартномада кўрсатилган ёки прейскурант бўйича нарх ушбу товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархи бўлиши мумкин (лекин, ўз-ўзидан шундай нарх деб ҳисобланмаслиги лозим).


78. Агар алоҳида сотиш нархи бевосита кузатилмаса, ташкилот алоҳида сотиш нархини операция нархининг тақсимланиши 73-банддаги тақсимлаш мақсадига мос келишига олиб келадиган суммада баҳолаши лозим. Алоҳида сотиш нархини баҳолашда ташкилот у асосланган тарзда олиши мумкин бўлган барча маълумотларни (шу жумладан бозор шароитлари, ташкилотга хос бўлган омиллар, харидор ёки харидорлар синфи тўғрисидаги маълумотларни) эътиборга олиши лозим. Бунда ташкилот кузатиладиган бирламчи маълумотлардан максимал даражада фойдаланиши ва ўхшаш шароитларда баҳолаш усулини изчил равишда қўллаши лозим.


79. Товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархини баҳолашнинг мақбул усулларига қуйидагилар киради, лекин улар билан чекланмайди:

(а) Тузатилган бозор баҳосига асосланган ёндашув - ташкилот товар ёки хизматларни сотадиган бозорни таҳлил қилиши ва ушбу бозордаги харидор ушбу товар ёки хизматлар учун тўлашга рози бўлган нархни аниқлаши мумкин. Бундай ёндашув, шунингдек, ташкилот рақобатчиларининг ўхшаш товарлар ёки хизматлар нархларидан фойдаланишни ва ушбу нархларни ташкилотнинг сарфлари ва маржаларини акс эттириш учун зарур бўлган даражада тузатишни назарда тутиши мумкин.

(б) Маржани ҳисобга олган ҳолда кутилаётган сарф ёндашуви - бунда ташкилот бажариш жавобгарлигини бажариши учун кутилаётган сарфларни прогноз қилиши ва кейин ушбу товар ёки хизмат учун тегишли маржани қўшиши мумкин.

(в) Қолдиқ ёндашуви - ташкилот алоҳида сотиш нархини операциянинг умумий нархи асосида ундан шартнома бўйича ваъда қилинган бошқа товарлар ёки хизматларнинг кузатиладиган алоҳида сотиш нархлари йиғиндисини чегирган ҳолда баҳолаши мумкин. Лекин, ташкилот товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархини (78-бандга мувофиқ) баҳолаш учун қолдиқ усулдан фақат қуйидаги мезонлардан бири бажарилган тақдирда фойдаланиши мумкин:

(i) ташкилот бир хил товар ёки хизматни турли харидорларга (бир вақтнинг ўзида ёки деярли бир вақтнинг ўзида) аҳамиятли даражада фарқ қиладиган суммаларни олган ҳолда сотади (яъни, сотиш нархи юқори даражада ўзгарувчан, чунки алоҳида сотишнинг одатдаги нархи ўтган операциялар ёки бошқа кузатиладиган тасдиқлашлар асосида аниқ кўринмайди); ёки

(ii) ташкилот ушбу товар ёки хизмат учун ҳали нарх белгиламаган ва товар ёки хизмат илгари алоҳида сотилмаган (яъни сотиш нархи ноаниқ).


80. Шартнома бўйича ваъда қилинган товар ёки хизматларнинг алоҳида сотиш нархларини баҳолаш учун, агар ушбу товар ёки хизматларнинг икки ёки ундан ортиғи юқори даражада ўзгарувчан ёки ноаниқ алоҳида сотиш нархларига эга бўлса, усулларнинг комбинацияси талаб қилиниши мумкин. Масалан, ташкилот юқори даражада ўзгарувчан ёки ноаниқ алоҳида сотиш нархларига эга бўлган ваъда қилинган товарлар ёки хизматларнинг жамланган алоҳида сотиш баҳосини баҳолаш учун қолдиқ ёндашувидан фойдаланиши мумкин, сўнгра қолган товар ёки хизматларнинг ҳар бирининг алоҳида сотиш нархларини қолдиқ ёндашувга мувофиқ белгиланган ушбу тахминий жамланган алоҳида сотиш нархига нисбатан бошқа усулдан фойдаланиши мумкин. Ташкилот шартнома бўйича ваъда қилинган ҳар бир товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархини баҳолаш учун усуллар комбинациясини қўллаганда, ушбу операция нархини ушбу ҳисобланган алоҳида сотиш нархлари асосида тақсимлаш 73-банддаги операция нархини тақсимлаш мақсадига ва 78-банддаги алоҳида сотиш нархларини баҳолаш талабларига мувофиқ эканини баҳолаши лозим.



Чегирмани тақсимлаш


81. Агар шартнома бўйича ваъда қилинган товарлар ёки хизматларнинг алоҳида сотиш нархлари суммаси шартнома бўйича ваъда қилинган товондан ошиб кетса, харидор товар ёки хизматлар пакетини сотиб олишда чегирма олган ҳисобланади. Ташкилот 82-бандга мувофиқ чегирманинг барча суммаси бажариш жавобгарликларининг фақат бир ёки бир нечтасига тааллуқли эканлиги тўғрисида кузатиладиган далилларга эга бўлган ҳоллардан ташқари, ташкилот чегирмани шартномадаги барча бажариш жавобгарликларига мутаносиб равишда тақсимлаши лозим. Бундай ҳолатларда чегирманинг мутаносиб равишда тақсимланиши ташкилот томонидан операция нархини ҳар бир бажариш жавобгарлигига тегишли фарқли товар ёки хизматларнинг нисбий алоҳида сотиш нархлари асосида тақсимлашининг натижасидир.


82. Агар қуйида келтирилган барча мезонлар қаноатлантирилса, ташкилот чегирмаларнинг барча суммасини шартнома бўйича бажариш жавобгарликларининг барчасига эмас, балки бир ёки бир нечтасига тақсимлаши лозим:

(а) ташкилот мунтазам равишда ҳар бир фарқли товар ёки хизматни (ёки ҳар бир алоҳида маҳсулот ёки хизматларнинг ҳар бир пакетини) шартномада алоҳида сотади;

(б) ташкилот, шунингдек, айрим бундай алоҳида товарлар ёки хизматларнинг алоҳида пакетини (ёки пакетларини) алоҳида ҳар бир пакетдаги товарлар ёки хизматларнинг алоҳида сотиш нархига чегирма билан сотади; ва

(в) 82(б) бандда тавсифланган товар ёки хизматларнинг ҳар бир пакетига тааллуқли бўлган чегирма шартномадаги чегирма билан деярли бир хил бўлса ва ҳар бир пакетдаги товарлар ёки хизматларнинг таҳлили унга шартномада назарда тутилган чегирманинг барча суммаси тааллуқли бўлган бажариш жавобгарлигининг (ёки бажариш жавобгарликларининг) кузатиладиган тасдиғини таъминлайди.


83. Агар чегирма 82-бандга мувофиқ шартномадаги бажариш жавобгарликларининг бир ёки бир нечтасига тақсимланса, ташкилот 79(в) бандга мувофиқ товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархини баҳолаш учун қолдиқ ёндашувини қўллашдан олдин чегирмани тақсимлаши лозим.



Ўзгарувчан товонни тақсимлаш


84. Шартнома бўйича ваъда қилинган ўзгарувчан товон бутун шартномага ёки унинг муайян қисмига тааллуқли бўлиши мумкин, масалан:

(а) шартномадаги бажариш жавобгарликларининг бир ёки бир нечтасига, лекин барчасига эмас (масалан, бонус ташкилотга муайян вақт ичида маълум бир ваъда қилинган товар ёки хизматни етказиб беришга боғлиқ бўлиши мумкин); ёки

(б) 22(б) бандига мувофиқ ягона бажариш жавобгарлигини ташкил этадиган алоҳида товар ёки хизматлар тўпламида ваъда қилинган бир ёки бир нечта алоҳида товар ёки хизматларга, лекин барчасига эмас (масалан, тозалаш хизматлари кўрсатиш бўйича икки йиллик шартноманинг иккинчи йилида ваъда қилинган товон келишилган инфляция индекси ўзгариши асосида ошади).


85. Ташкилот бутун ўзгарувчан суммани (ва шу сумманинг кейинги ўзгаришларини) қуйидаги иккита мезон бажарилган тақдирда 22(б)-бандга мувофиқ ягона бажариш жавобгарлигининг бир қисми бўлган бажариш жавобгарлигига ёки алоҳида товарга ёки хизматга таксимлаши лозим:

(а) ўзгарувчан тўлов шартлари ташкилотнинг бажариш жавобгарлигининг бажарилиши ёки фарқли товар ёки хизмат ўтказилиши бўйича фаолиятига бевосита (ёки аниқ бир бажариш жавобгарлигининг бажарилишига ёки фарқли товар ёки хизмат ўтказилишига) тааллуқли бўлганда; ва

(б) шартнома бўйича барча бажариш жавобгарликлари ва тўлов шартлари кўриб чиқилганда бутун ўзгарувчан товон суммасини бажариш жавобгарлигига ёки фарқли товар ёки хизматга тақсимлаш 73-банддаги тақсимлаш мақсадига мувофиқ бўлганда.


86. 73-83-бандлардаги тақсимлаш талаблари операция нархининг 85-банддаги мезонларга жавоб бермайдиган қолган суммасини тақсимлашда қўлланиши лозим.



Операция нархидаги ўзгаришлар


87. Шартнома тузилгандан сўнг операция нархи турли сабабларга кўра ўзгариши мумкин, шу жумладан ноаниқликларни ҳал қилиш ёки ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар эвазига ташкилот олишни кутаётган товон суммасини ўзгартирадиган бошқа шароитлар сабабли.


88. Ташкилот операция нархидаги ҳар қандай кейинги ўзгаришларни шартномадаги бажариш жавобгарликларига шартномани тузиш пайтидаги асос билан бир хил асосда тақсимлаши лозим. Шунинг учун ташкилот операция нархини алоҳида сотиш нархларидаги шартномадан кейинги ўзгаришларни акс эттириш учун қайта тақсимлаши шарт эмас. Бажарилган бажариш жавобгарликларига тақсимланган суммалар операция нархи ўзгарган даврда тушум ёки тушумнинг камайиши тарзида тан олиниши лозим.


89. Ташкилот операция нархидаги ўзгаришни тўлиқ ҳажмда фақат 85-бандда келтирилган ўзгарувчан товонни тақсимлаш билан боғлиқ мезонларга риоя қилинган тақдирдагина 22(б) бандига мувофиқ ягона бажариш жавобгарликларига киритилган тўпламда ваъда қилинган бажариш жавобгарликларининг ёки фарқли товар ёки хизматларнинг барчасига эмас, бир ёки бир нечтасига тақсимлаши лозим.


90. Ташкилот шартномани модификация қилиш натижасида юзага келадиган операция нархининг ўзгаришини 18-21-бандларга мувофиқ ҳисобга олиши лозим. Лекин, шартнома модификация қилингандан сўнг операция нархи ўзгарганда ташкилот вазиятдан келиб чиқиб қуйидаги усулларнинг биридан фойдаланган ҳолда операция нархидаги ўзгаришни тақсимлаш учун 87-89-бандларни қўллаши лозим:

(а) ташкилот, агар операция нархидаги ўзгариш ваъда қилинган ўзгарувчан товон суммасига тааллуқли ва шу ҳажмда бўлса, модификациянинг ўзи эса 21(а) бандига мувофиқ ҳисобга олинганда, операция нархидаги ўзгаришни шартномада - у модификация қилинишидан олдин, идентификация қилинган бажариш жавобгарликларига тақсимлаши лозим.

(б) 20-бандга мувофиқ шартномани модификация қилиш алоҳида шартнома сифатида ҳисобга олинмаган қолган бошқа ҳолларда, ташкилот операция нархидаги ўзгаришни модификация қилинган шартномадаги бажариш жавобгарликларига (яъни бевосита модификация қилингандан сўнг бажарилмаган ёки қисман бажарилмаган бажариш жавобгарликларига) тақсимлаши лозим.



Шартнома бўйича сарфлар


Шартнома тузиш учун қўшимча сарфлар


91. Ташкилот харидор билан шартнома тузиш учун қўшимча сарфларни, агар ташкилот ушбу сарфлар қопланишини кутаётган бўлса, актив сифатида тан олиши лозим.


92. Шартнома тузиш учун қўшимча сарфлар - бу ташкилот харидор билан шартнома тузганлиги боис юзага келган сарфлар бўлиб, шартнома тузилмаган тақдирда бундай сарфлар юзага келмайди (масалан, савдо комиссияси).


93. Шартнома тузилиши ёки тузилмаслигидан қатъий назар шартнома тузишда юзага келиши мумкин бўлган сарфлар улар юзага келган даврда харажат сифатида тан олинади, бундан ушбу сарфларнинг харидор томонидан шартнома тузилиши-тузилмаслигидан қатъий назар, қопланиши аниқ бўлган ҳоллар мустасно.


94. Амалий жихатдан соддалаштириш учун ташкилот шартнома тузиш учун қўшимча сарфларни, агар ташкилот акс ҳолда тан олиши лозим бўлган активнинг амортизация даври бир йилдан ошмаса, улар юзага келган даврда харажат сифатида тан олиши мумкин.



Шартномани бажариш сарфлари


95. Агар харидор билан шартномани бажариш учун амалга оширилган сарфлар бошқа стандартни қўллаш доирасига кирмаса (масалан, 2-сон БҲХС "Захиралар", 16-сон БҲХС "Асосий воситалар" ёки 38-сон БҲХС "Номоддий активлар"), ушбу сарфлар қуйидаги барча мезонларга жавоб берса, ташкилот шартномани бажариш сарфлари билан боғлиқ активни тан олиши лозим:

(a) сарфлар бевосита шартномага ёки ташкилот қандайдир тарзда идентификация қилиши мумкин бўлган режалаштирилган шартномага тегишли бўлганда (масалан, мавжуд шартнома муддатини узайтириш бўйича хизматлар билан боғлиқ сарфлар ёки маълум бир ҳали тасдиқланмаган шартнома бўйича бериладиган активни лойиҳалаштириш сарфлари);

(б) бундай сарфлар орқали келгусида бажариш жавобгарликларини бажариш (ёки бажаришни давом эттириш) учун фойдаланиладиган ташкилот ресурслари яратилади ёки яхшиланади; ва

(в) сарфларнинг қопланиши кутилади.


96. Ташкилот бошқа бир стандартни қўллаш доирасига кирадиган харидор билан шартномани бажариш учун амалга оширилган сарфларни ушбу бошқа стандартга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.


97. Бевосита шартномага (ёки муайян режалаштирилган шартнома билан) боғлиқ сарфлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш сарфлари (масалан, харидорга ваъда қилинган хизматларни кўрсатадиган ходимларнинг маоши ёки иш ҳақи);

(б) бевосита материал сарфлари (масалан, харидорга ваъда қилинган хизматларни кўрсатиш учун сарфланган материаллар);

(в) бевосита шартнома ёки шартнома бўйича фаолият билан боғлиқ бўлган сарфларни тақсимлаш (масалан, шартномани бошқариш ва унинг бажарилишини назорат қилиш сарфлари, суғурталаш ва шартномани бажариш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва фойдаланиш хуқуқидаги активларнинг эскириши);

(г) харидор томонидан қопланиши аниқ бўлган сарфлар; ва

(д) фақат ташкилотнинг шартнома тузиши натижасида юзага келадиган бошқа сарфлар (масалан, ёрдамчи пудратчиларга тўловлар).


98. Ташкилот қуйидаги сарфларни улар юзага келган даврда харажат сифатида тан олиши лозим:

(a) умумий ва маъмурий сарфлар(бундан ушбу сарфлар шартномага мувофиқ харидор томонидан қопланиши аниқ бўлиб, ташкилот ушбу сарфларни 97-бандга мувофиқ баҳолаши шарт бўлган ҳоллар мустасно);

(б) шартнома нархида акс эттирилмаган шартномани бажариш учун материаллар, ишчи кучи ёки бошқа ресурслардан самарасиз фойдаланиш сарфлари;

(в) шартномадаги бажарилган (ёки қисман бажарилган бажариш жавобгарликларига) бажариш жавобгарликларига тааллуқли сарфлар (яъни, ўтган даврлардаги фаолият билан боғлиқ сарфлар); ва

(г) ташкилот уларнинг бажарилмаган (ёки қисман бажарилган бажариш жавобгарликларига) бажариш жавобгарликларига ёки бажарилган бажариш жавобгарликларига тааллуқли эканлигини аниқлай олмайдиган сарфлар.



Амортизация ва қадрсизланиш


99. 91 ёки 95-бандларга мувофиқ тан олинган актив ўзи тегишли бўлган товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказишга мос равишда тизимли асосда амортизация қилиниши лозим. Актив муайян режалаштирилган шартномага мувофиқ бериладиган товарлар ёки хизматларга оид бўлиши мумкин (95(а) бандда тавсифланганидек).


100. Ташкилот активга тегишли бўлган товар ёки хизматларни харидорга ўтказиш вақтидаги кутилаётган аҳамиятли ўзгаришларни акс эттириш учун амортизация қилишни янгилаши лозим. Бундай ўзгариш ҳисоб баҳоларидаги ўзгариш сифатида 8-сон БҲХСга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим.


101. Ташкилот фойда ёки зарар таркибидаги қадрсизланишдан олинган зарарни 91 ёки 95-бандга мувофиқ тан олинган активнинг баланс қиймати қуйидаги миқдорлардан ошиши даражасида тан олиши лозим:

(а) ташкилот актив тегишли бўлган товарлар ёки хизматлар эвазига кутаётган қолган товон суммаси; бундан қуйидагилар чегирилади

(б) харажат сифатида тан олинмаган товар ёки хизматларни тақдим этиш билан бевосита боғлиқ сарфлар (97-бандга қаранг).


102. Ташкилот олишни кутаётган товон суммасини аниқлаш учун 101-бандни қўллаш мақсадида операция нархларини аниқлаш принципларидан фойдаланиши лозим (56-58-бандларнинг ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳоларидаги чеклов тўғрисидаги талаблари бундан мустасно) ва ушбу суммани харидорнинг кредит риски таъсирига қараб тузатиши лозим.


103. Ташкилот 91 ёки 95-бандларга мувофиқ тан олинган актив бўйича қадрсизланишдан зарарни тан олишдан олдин, ташкилот бошқа стандартга (масалан, 2-сон БҲХС, 16-сон БҲХС ва 38-сон БҲХС) мувофиқ тан олинган шартнома билан боғлиқ активлар бўйича қадрсизланишдан зарарни тан олиши лозим. 101-банддаги қадрсизланиши тестини қўллагандан сўнг, ташкилот 91 ёки 95-бандга мувофиқ тан олинган активнинг олинган баланс қийматини 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши"ни шундай пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликка қўллаш мақсадида, у тегишли бўлган пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликнинг баланс қийматига киритиши лозим.


104. Агар қадрсизланишга сабаб бўлган шартлар ортиқ мавжуд бўлмаса ёки яхшиланса, ташкилот илгари 101-бандга мувофиқ тан олинган қадрсизланишдан зарарнинг тўлиқ ёки қисман тикланишини фойда ёки зарар таркибида тан олиши лозим. Активнинг оширилган баланс қиймати олдин қадрсизланишдан зарар тан олинмаганда аниқланадиган қийматдан (амортизацияни чиқариб ташлаган ҳолда) ошмаслиги лозим.


105. Агар шартнома тарафи шартнома бўйича бирон бир мажбуриятини бажарган бўлса, ташкилотнинг ўз жавобгарликларини бажариши ва харидорнинг тўловлари ўртасидаги нисбатга қараб шартномани молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда шартнома бўйича актив ёки шартнома бўйича мажбурият сифатида тақдим этиши лозим. Ташкилот товонга бўлган мутлақ ҳуқуқларни дебиторлик қарзи сифатида алоҳида тақдим этиши лозим.


106. Агар харидор товон тўласа ёки ташкилотда товон суммасига шартсиз эга бўлиш ҳуқуқи (яъни, дебиторлик қарзи) мавжуд бўлса, харидорга товар ёки хизматни ўтказишдан олдин ташкилот шартномани тўлов амалга оширилган пайтда ёки тўлов тўланиши лозим бўлган пайтда (қайси бири эртароқ юзага келган бўлса) шартнома бўйича мажбурият сифатида тақдим этиши лозим. Шартнома бўйича мажбурият - бу ташкилотга харидор томонидан товони тўланган (ёки товон тўланиши муддати келган) товар ёки хизматларни харидорга ўтказиш бўйича ташкилот мажбуриятидир.


107. Агар ташкилот товарларни ёки хизматларни харидорга товон тўланишидан олдин ёки товон тўлаш мажбурияти юзага келишидан олдин ўтказса, ташкилот шартномани шартнома бўйича актив сифатида тақдим этиши лозим, бундан дебиторлик қарзи сифатида тақдим этилган суммалар мустасно. Шартнома бўйича актив - бу ташкилот томонидан харидорга ўтказилган товарлар ёки хизматлар эвазига товон олиш бўйича ташкилот ҳуқуқидир. Ташкилот шартнома бўйича активнинг қадрсизланишини 9-сон МҲХСга мувофиқ баҳолаши лозим. Шартнома бўйича активнинг қадрсизланиши 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасидаги молиявий актив билан бир хил асосда баҳоланиши, тақдим этилиши ва ёритиб берилиши лозим (113(б) бандига ҳам қаранг).


108. Дебиторлик қарзи - бу ташкилотнинг товон олишга бўлган шартсиз ҳуқуқидир. Агар товон тўланиши лозим бўлган пайтнинг келиши фақат вақт ўтишига боғлиқ бўлса, товон олинишига бўлган ҳуқуқ шартсиз ҳисобланади. Масалан, агар ташкилот тўловни олиш бўйича мавжуд ҳуқуққа эга бўлса, ҳатто ушбу сумма келгусида қайтарилиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, ташкилот дебиторлик қарзини тан олади. Ташкилот дебиторлик қарзни 9-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим. Шартнома бўйича дебиторлик қарзининг дастлабки тан олинишидан сўнг, 9-сон МҲХСга мувофиқ дебиторлик қарзини баҳолаш билан унга тегишли тан олинган тушум суммаси ўртасидаги ҳар қандай фарқ харажат сифатида (масалан, қадрсизланишдан зарар сифатида) тақдим этилиши лозим.


109. Мазкур стандарт "шартнома бўйича актив" ва "шартнома бўйича мажбурият" атамаларини қўллайди, аммо ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида ушбу моддалар учун муқобил атамалардан фойдаланишни тақиқламайди. Агар ташкилот шартнома бўйича актив учун муқобил номдан фойдаланса, ташкилот молиявий ҳисобот фойдаланувчисига дебиторлик қарзи ва шартнома бўйича активларни фарқлай олиши учун етарли маълумот тақдим этиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


110. Маълумотларни ёритиб беришга қўйиладиган талабларнинг мақсади молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига харидорлар билан шартномалардан келиб чиқадиган тушум ва пул оқимларининг характери, миқдори, муддати ва пайдо бўлиши ноаниқлигини тушуниши учун етарли маълумотни ёритиб беришдир. Ушбу мақсадга эришиш учун ташкилот қуйидагиларнинг барчаси тўғрисида сифат ва миқдорий маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) харидорлар билан шартномалар (113-122-бандларга қаранг);

(б) ушбу шартномаларга нисбатан мазкур стандартни қўллашда фойдаланилган аҳамиятли мулоҳазалар ва мулоҳазалардаги ўзгаришлар (123-126-бандларга қаранг); ва

(в) 91 ёки 95-бандларга мувофиқ харидорлар билан шартнома тузиш ёки уларни бажариш сарфлари бўйича тан олинган активлар (127-128-бандларга қаранг).


111. Ташкилот маълумотларни ёритиб бериш мақсадига эришиш учун зарур тафсилот даражасини ва турли талабдан ҳар бирининг аҳамиятини белгилаши лозим. Ташкилот катта миқдордаги аҳамиятсиз тафсилотларни киритиш ёки турли хил хусусиятларга эга моддаларни жамлаш орқали фойдали маълумотларни мавҳумлаштирмаслик мақсадида ёритиб берилаётган маълумотларни жамлаши ёки ажратиши лозим.


112. Агар ташкилот маълумотни бошқа стандартга мувофиқ тақдим этган бўлса, ташкилот маълумотни мазкур стандартга мувофиқ ёритиб бериши талаб этилмайди.



Харидорлар билан шартномалар


113. Ташкилот ҳисобот даври учун қуйидаги барча суммаларни ёритиб бериши лозим, бундан ушбу суммалар бошқа стандартларга мувофиқ умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида тақдим этилган ҳоллар мустасно:

(а) ташкилот бошқа тушум манбаларидан алоҳида ёритиб бериши лозим бўлган харидорлар билан шартномалар бўйича тан олинган тушум; ва

(б) ташкилотнинг бошқа шартномалар бўйича қадрсизланишдан зарарлардан алоҳида ёритиши лозим бўлган харидорлар билан шартномаларига оид бўлган дебиторлик қарзлари бўйича ёки шартнома бўйича активлар бўйича тан олинган (9-сон МҲХСга мувофиқ) қадрсизланишдан зарарлар.



Тушум тўғрисидаги маълумотни батафсиллаштириш


114. Ташкилот харидорлар билан шартномалар бўйича тан олинган тушум тўғрисидаги маълумотларни тоифалар бўйича батафсиллаштириши лозим, бу тоифалар иқтисодий омилларнинг тушумлар ва пул оқимларининг характери, миқдори, муддати ва юзага келиш ноаниқлигига қандай таъсир кўрсатишини акс эттиради. Тушумлар тўғрисидаги маълумотларни батафсиллаштириш учун фойдаланиладиган тоифаларни танлашда ташкилот Б87-Б89-бандларидаги кўрсатмаларни қўллаши лозим.


115. Бундан ташқари, ташкилот молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига батафсиллаштирилган тушумни (114-бандга мувофиқ) ва агар ташкилот 8-сон МҲХС "Операцион сегментлар"ни қўлласа, ҳар бир ҳисобот сегменти бўйича тушумни ёритиб бериш ўртасидаги боғлиқликни тушунишга имкон берадиган етарли маълумотни ёритиб бериши лозим.



Шартнома бўйича қолдиқлар


116. Ташкилот қуйидагиларнинг барчасини ёритиб бериши лозим:

(а) агар алоҳида тақдим этилмаса ёки бошқача тарзда ёритиб берилмаса, харидорлар билан шартномаларга боғлиқ бўлган дебиторлик қарзлари, шартнома бўйича активлар ва шартнома бўйича мажбуриятлар бўйича давр бошида ва охиридаги қолдиқлар;

(б) давр бошида шартнома бўйича мажбурият қолдиғига киритилган ҳисобот даврида тан олинган тушум; ва

(в) олдинги даврларда бажарилган (ёки қисман бажарилган) бажариш жавобгарликларига тааллуқли ҳисобот даврида тан олинган тушум (масалан, операция нархидаги ўзгаришлар).


117. Ташкилот бажариш жавобгарликларини бажариш муддати (119(а) бандига қаранг) тўловнинг одатдаги муддати билан қандай боғлиқлигини (119(б) бандига қаранг) ва ушбу омилларнинг шартнома бўйича активлар қолдиқлари ва шартнома бўйича мажбуриятлар қолдиқларига таъсирини тушунтириб бериши лозим. Тушунтиришни тақдим этишда сифат маълумотларидан фойдаланиш мумкин.


118. Ташкилот ҳисобот даври мобайнида шартнома бўйича актив ва шартнома бўйича мажбуриятнинг қолдиқларидаги аҳамиятли ўзгаришларни тушунтириб бериши лозим. Тушунтиришда ҳам сифат, ҳам миқдорий маълумотлар бўлиши лозим. Шартнома бўйича активлар ва шартнома бўйича мажбуриятларнинг қолдиқлари ўзгаришига мисоллар:

(а) бизнес бирлашувлари натижасида юзага келадиган ўзгаришлар;

(б) шартнома бўйича тегишли актив ёки мажбуриятга таъсир кўрсатадиган тушумнинг кумулятив ёндашув асосидаги тузатишлар, шу жумладан бажариш жавобгарликларини бажариш даражаси баҳосининг ўзгариши, операция нархининг ўзгариши (шу жумладан ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳосидаги чеклов таҳлили натижасидаги ўзгаришлар) ёки шартномани модификация қилиш;

(в) шартнома бўйича активнинг қадрсизланиши;

(г) товонга бўлган ҳуқуқ шартсиз бўлиши учун ўтиши зарур бўлган вақт ўзгариши (яъни, харидор билан шартнома бўйича активни дебиторлик қарзи таркибига қайта таснифлаш); ва

(д) бажариш жавобгарлигининг бажарилиши лозим бўлган вақт давомийлиги (яъни, шартнома бўйича мажбуриятдан келиб чиқадиган тушумни тан олиш муддати) ўзгариши.



Бажариш жавобгарликлари


119. Ташкилот харидорлар билан шартномаларда ўз бажариш жавобгарликлари тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан қуйидагиларнинг барчасини ёритиб бериши лозим:

(а) ташкилот бажариш жавобгарлигини одатда бажарадиган пайтни (масалан, жўнатишда, етказиб бериш пайтида, хизмат кўрсатилиши билан ёки хизмат кўрсатиш тугаганидан кейин), шу жумладан, бажариш жавобгарлиги ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишувида бажарилганда;

(б) муҳим тўлов шартлари (масалан, одатда товон тўлаш муддати келиши, шартномада ахамиятли молиялаштириш компоненти мавжудлиги, товон суммаси ўзгарувчан экани, ўзгарувчан товонни баҳолаш одатда 56-58-бандларга мувофиқ чекланганлиги);

(в) бошқа тарафдан харидорга товарлар ёки хизматлар ўтказилишини ташкил этиш бўйича бажариш жавобгарликларини кўрсатиб, ташкилот ўтказишни ваъда қилган товарлар ёки хизматларнинг характери (яъни, агар ташкилот агент сифатида иш юритса);

(г) товарларни қайтариш, маблағларни қайтариш бўйича мажбуриятлар ва шунга ўхшаш бошқа мажбуриятлар; ва

(д) кафолатлар ва тегишли мажбуриятлар турлари.



Қолган бажариш жавобгарликларига

тақсимланадиган операция нархи


120. Ташкилот қолган бажариш жавобгарликлари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) ҳисобот даври охирида бажарилмаган (ёки қисман бажарилмаган) бажариш жавобгарликларига тақсимланган операция нархининг жами суммаси; ва

(б) ташкилот 120(а) бандига мувофиқ ёритиб берилган суммани тушум сифатида қачон тан олиши тўғрисида тушунтириш, буни ташкилот қуйидаги усуллардан бири билан ёритиб бериши лозим:

(i) қолган бажариш жавобгарликлари бажариладиган давр учун энг мос бўлган вақт оралиғидан фойдаланган ҳолда миқдорий асосда; ёки

(ii) сифат маълумотларидан фойдаланган ҳолда.


121. Амалий жихатдан соддалаштириш учун ташкилот қуйидаги шартлардан бирортаси бажарилган тақдирда, бажариш жавобгарликлари бўйича 120-банддаги маълумотларни ёритиб бериши талаб этилмайди:

(а) бажариш жавобгарлиги дастлабки кутилаётган амал қилиш муддати бир йилдан ошмайдиган шартноманинг бир қисми ҳисобланганда; ёки

(б) ташкилот бажариш жавобгарлигини бажаришдан тушумни Б16-бандга мувофиқ тан олганда.


122. Ташкилот сифат маълумотларидан фойдаланиб, 121-банддаги амалий жиҳатдан соддалаштиришни қўллаётганини, шунингдек харидорлар билан шартномалар бўйича муайян товон операция нархига киритилмаганлиги ва шу сабабли 120-бандга мувофиқ ёритиб бериладиган маълумотлар таркибига киритилмаганлигини тушунтириб бериши лозим. Масалан, операция нархи баҳоланишига ўзгарувчан товоннинг чекланган ҳисобланган суммалари киритилмайди (56-58-бандларга қаранг).



Мазкур стандартни қўллашдаги

аҳамиятли мулоҳазалар


123. Ташкилот мазкур стандартни қўллашда харидорлар билан шартномалар бўйича тушум суммаси ва муддат бўйича тақсимланишини аниқлашга аҳамиятли таъсир кўрсатадиган мулоҳазалар ва мулоҳазалардаги ўзгаришларни ёритиб бериши лозим. Хусусан, ташкилот қуйидаги иккала бандни аниқлашда фойдаланилган мулоҳазалар ва мулоҳазалардаги ўзгаришларни тушунтириб бериши лозим:

(a) жавобгарлик бажарилиши муддати (124-125-бандларга қаранг); ва

(б) операция нархи ва бажариш жавобгарликларига тақсимланган суммалар (126-бандга қаранг).



Бажариш жавобгарликлари бажарилишини

муддат бўйича тақсимланишини аниқлаш


124. Ташкилот маълум бир давр мобайнида бажарадиган бажариш жавобгарликлари бўйича қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(а) тушумни тан олиш учун фойдаланилган усуллар (масалан, натижалар усули ва ресурслар усули, шунингдек ушбу усулларнинг қандай қўлланиши); ва

(б) нима учун қўлланган усуллар товарлар ёки хизматларнинг ўтказилишини рўйи-рост акс эттиришини тушунтириш.


125. Ташкилот томонидан муайян вақтда бажариладиган бажариш жавобгарликлари бўйича харидор ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар устидан назоратни олишини баҳолашда фойдаланилган аҳамиятли мулоҳазаларни ёритиб бериши лозим.



Операция нархи ва бажариш жавобгарликларига

тақсимланадиган суммаларни аниқлаш


126. Ташкилот қуйида келтирилган барча ҳолларда қўлланилган усуллар, кирувчи маълумотлар ва баҳолашлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) ўзгарувчан товонни баҳолашни, пулнинг вақт қиймати таъсирини ҳисобга олгандаги товонни тузатишни ва пулсиз товонни баҳолашни назарда тутадиган, лекин улар билан чекланмаган операция нархини аниқлаш;

(б) ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳосидаги чекловни таҳлил қилиш;

(в) операция нархини, шу жумладан ваъда қилинган товарлар ёки хизматларнинг алоҳида сотиш нархларини ва чегирмалар ҳамда ўзгарувчан товонни шартноманинг тегишли қисмига тақсимлаш (агар қўллаш мумкин бўлса); ва

(г) товарларни қайтариш, маблағларни қайтариб бериш ва шунга ўхшаш бошқа мажбуриятлар баҳоланиши.



Харидор билан шартнома тузиш ёки уни бажариш

билан боғлиқ ҳолда тан олинган активлар


127. Ташкилот қуйидагиларнинг ҳар иккисини тавсифлаши лозим:

(а) буюртмачи билан шартнома тузиш ёки уни бажаришда амалга оширилган сарфлар суммасини аниқлашда фойдаланилган мулоҳазалар (91 ёки 95-бандларга мувофиқ); ва

(б) ҳар бир ҳисобот даври учун амортизацияни аниқлашда фойдаланилган усул.


128. Ташкилот қуйидагиларнинг барчасини ёритиб бериши лозим:

(а) активнинг асосий тоифалари бўйича харидор билан шартнома тузиш ёки уни бажариш учун амалга оширилган сарфлар (91 ёки 95-бандларга мувофиқ) бўйича тан олинган активларнинг давр охиридаги қолдиқлари (масалан, харидорлар билан шартномалар тузиш сарфлари, шартнома тузилгунга қадар амалга оширилган сарфлар ва шартнома бўйича тайёргарлик сарфлари); ва

(б) ҳисобот даврида тан олинган амортизация ва қадрсизланишдан зарарлар суммаси.



Амалий жиҳатдан соддалаштиришлар


129. Агар ташкилот 63-банддаги (молиялаштиришнинг аҳамиятли компоненти мавжудлиги тўғрисида) ёки 94-бандда (шартнома тузиш учун қўшимча сарфлар тўғрисида) амалий жиҳатдан соддалаштиришдан фойдаланишга қарор қилса, ташкилот ушбу фактни ёритиб бериши лозим.

          

         




А ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ

        

Мазкур илова стандартнинг ажралмас қисмидир

         

         

шартнома

Икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасида юридик жиҳатдан ҳимояланган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни келтириб чиқарадиган келишув.


шартнома бўйича актив

Ташкилот томонидан харидорга ўтказилган товарлар ёки хизматлар эвазига товон олиш бўйича муайян вақт ўтишидан бошқа нарсага (масалан, ташкилот томонидан келгусида маълум мажбуриятлар бажарилишига) боғлиқ бўлган ҳуқуқ.


шартнома бўйича мажбурият

ташкилотга харидор томонидан товони тўланган (ёки товон тўланиши муддати келган) товар ёки хизматларни харидорга ўтказиш бўйича ташкилот мажбурияти.


харидор

Ташкилот билан товон эвазига ташкилотнинг одатдаги фаолияти натижаси бўлган товарлар ёки хизматларни олиш учун шартнома тузган тараф.


даромад

Капитал иштирокчилари бадаллари билан боғлиқ бўлмаган хусусий капиталнинг ошишига олиб келадиган, ҳисобот даврида активлар келиб тушиши ёки яхшиланиши ёки мажбуриятларнинг камайиши шаклидаги иқтисодий нафнинг ўсишидир.


бажариш жавобгарлиги

Харидор билан шартномада қайд этилган харидорга қуйидагиларни ўтказиш ваъдаси:

(a) фарқли товар ёки хизматни (ёки товарлар ёки хизматлар пакетини); ёки

(б) харидорга бир хил схема бўйича ўтказиладиган деярли бир хил бўлган фарқли товарлар ёки хизматлар тўпламини.


тушум

Ташкилотнинг одатдаги фаолиятидан юзага келадиган даромад.


алоҳида сотиш нархи

(товар ёки ҳизмат учун)


Ташкилот ваъда қилинган товарни ёки хизматни харидорга алоҳида сотиши мумкин бўлган нарх.


операция нархи

(харидор билан шартнома бўйича)

Учинчи шахслар номидан олинган суммаларни истисно қилганда, ташкилот томонидан ваъда қилинган товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказиш эвазига олиниши кутилаётган товон суммаси.

         

         




Б ИЛОВА



ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМА


Мазкур илова стандартнинг ажралмас қисмидир. Мазкур илова 1-129-бандларнинг қўлланишини ифодалайди ва стандартнинг бошқа қисмлари билан тенг кучлидир.


Б1. Мазкур қўллаш бўйича кўрсатма қуйидаги тоифаларга бўлинган:

(a) давр мобайнида ижро этиладиган бажариш жавобгарликлари (Б2-Б13-бандлар);

(б) бажариш жавобгарликларини ижро этиш даражасини баҳолаш усуллари (Б14-Б19-бандлар);

(в) қайтариш ҳуқуқи билан сотиш (Б20-Б27-бандлар);

(г) кафолатлар (Б28-Б33-бандлар);

(д) принципал ёки агентнинг роли (Б34-Б38-бандлар);

(е) қўшимча товарлар ва хизматларга доир харидорга тақдим этилган опционлар (Б39-Б43-бандлар);

(ё) харидорларнинг фойдаланилмаган ҳуқуқлари (Б44-Б47-бандлар);

(ж) копланмайдиган дастлабки тўлов (ва шу билан боғлиқ айрим сарфлар) (Б48-Б51-бандлар);

(з) лицензиялаш (Б52-Б63-бандлар);

(и) қайта сотиб олиш шартномалари (Б64-Б76-бандлар);

(й) консигнация келишувлари (Б77-Б78-бандлар);

(к) ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишувлари (Б79-Б82-бандлар);

(л) харидор томонидан қабул қилиш (Б83-Б86-бандлар); ва

(м) батафсиллаштирилган тушум тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш (Б87-Б89-бандлар).



Давр мобайнида бажариладиган

бажариш жавобгарликлари


Б2. 35-бандга мувофиқ, қуйидаги мезонлардан бири бажарилган тақдирда, бажариш жавобгарлиги давр мобайнида бажарилади:

(а) харидор ташкилот ушбу бажариш жавобгарлигини бажариш билан таъминланадиган нафларни бир вақтнинг ўзида қабул қилади ва истеъмол қилади (Б3-Б4-бандларга қаранг);

(б) ташкилот ўз бажариш жавобгарлигини бажариш жараёнида актив (масалан, тугалланмаган ишлаб чиқариш) яратилади ёки яхшиланади, харидор унинг устидан назоратни ушбу актив яратилиши ва яхшиланиши билан олади (Б5-бандга қаранг); ёки

(в) ташкилотнинг ўз мажбуриятини бажариши ташкилотнинг муқобил мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган активни яратмайди (Б6-Б8-бандларга қаранг) ва бунда ташкилот шартномавий ишларнинг шу кунгача бажарилган бир қисми учун тўловни олиш бўйича қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлади (Б9-Б13-бандларга қаранг).



Бир вақтнинг ўзида ташкилотнинг фаолиятидан

наф олиш ва уни истеъмол қилиш (35(а) банд)


Б3. Бажариш жавобгарликларининг айрим турлари бўйича харидор ташкилот фаолиятини амалга оширишига қараб унинг фаолияти натижаларидан наф олиши-олмаслиги ва бир вақтнинг ўзида уларнинг олинишига қараб ушбу нафларни истеъмол қилиши-қисмаслигини баҳолаш осон бўлади. Бунга мисол сифатида харидор томонидан ташкилот фаолиятидан наф олиши ва бир вақтнинг ўзида уни истеъмол қилишини осон идентификация қилиш мумкин бўлган мунтазам ёки вақти-вақти билан кўрсатиладиган хизматларни (масалан, тозалаш хизматларини) келтириш мумкин.


Б4. Бошқа бажариш жавобгарликлалари турлари бўйича харидор ташкилот фаолиятини амалга оширишига қараб унинг фаолияти натижаларидан наф олиши-олмаслиги ва бир вақтнинг ўзида уларнинг олинишига қараб ушбу нафларни истеъмол қилиши-қисмаслигини осонликча идентификация қила олмаслиги мумкин. Бундай вазиятларда, агар ташкилот жорий санага қадар бажарилган ишнинг аҳамиятли қисмини бошқа ташкилот бажариши шарт эмас деган хулосага келса (агар бошқа ташкилот харидор олдида қолган бажариш жавобгарлигини бажариши лозим бўлса), бажариш жавобгарлиги давр мобайнида бажарилади. Бошқа ташкилот, аслида, ташкилот жорий санагача бажарган ишини қайта бажариши шарт эмас деган хулосага келганда, ташкилот қуйидаги икки тахминлардан ҳам фойдаланиши лозим:

(а) акс ҳолда ташкилотнинг қолган бажариш жавобгарлигини бошқа ташкилотга ўтказишига тўсқинлик қиладиган потенциал шартномавий ёки амалий чекловларни ҳисобга олмаслик; ва

(б) бошқа ташкилот бажариш жавобгарлигининг қолган қисмини бажараётганда, ташкилот ҳозирда назорат қиладиган ва агар бажариш жавобгарлиги бошқа ташкилотга ўтказилса, ташкилот назорати остида қоладиган ҳар қандай активдан наф кўрмайди деган тахминга келиш.



Харидор актив бўйича назоратни у яратилиши

ёки яхшиланиши билан олади (35(б) банд)


Б5. Харидор 35(б) бандга мувофиқ актив бўйича назорат у яратилиши ёки яхшиланиши билан олишини аниқлашда, ташкилот 31-34 ва 38-бандлардаги назоратни бўйича талабларни қўллаши лозим. Яратилаётган ёки яхшиланаётган актив (масалан, тугалланмаган ишлаб чиқариш бўлган актив) моддий ёки номоддий бўлиши мумкин.



Ташкилотнинг фаолияти натижалари муқобил

мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган актив

яратилишига олиб келмайди (35(в) банд)


Б6. 36-бандга мувофиқ актив ташкилот томонидан муқобил фойдаланиши мумкинлигини баҳолашда ташкилот ушбу активдан фойдаланишнинг бошқа усулини эркин танлашга шартномавий ва амалий чекловларнинг таъсирини, масалан, уни бошқа харидорга сотиш имкониятига таъсирини эътиборга олиши лозим. Харидор билан шартномани бекор қилиш имконияти субъектнинг активдан фойдаланишнинг бошқа усулини эркин танлаш имкониятини баҳолашда ҳисобга олинмаслиги лозим.


Б7. Ташкилот активдан муқобил фойдаланиш имкониятига эга бўлмаслиги учун активдан бошқа тарзда фойдаланишни танлаш имкониятини шартномавий чеклаш аҳамиятли бўлиши лозим. Агар ташкилот активдан фойдаланишнинг бошқа усулини танлашга ҳаракат қилганда, харидор ваъда қилинган активга нисбатан ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин бўлса, шартномавий чеклаш аҳамиятли ҳисобланади. Аксинча, агар, масалан, аслида ташкилот активни бошқа харидорга шартномани бузмасдан ва бошқа сабабларга кўра юзага келмайдиган аҳамиятли сарфларни амалга оширмасдан ўтказиши мумкин бўлган бошқа активлар билан осонликча алмаштирилиши мумкин бўлса, шартномавий чеклаш аҳамиятли ҳисобланмайди.


Б8. Активдан фойдаланишнинг муқобил усулини танлаганда ташкилот аҳамиятли иқтисодий зарар кўрадиган бўлса, ташкилот активдан фойдаланишнинг бошқа усулини танлаш имкониятига амалий чеклов мавжуд бўлади. Агар ташкилот активга якуний ишлов бериш билан боғлиқ аҳамиятли сарфларга дуч келса ёки активни фақат аҳамиятли зарар билан сотиши мумкин бўлса, унда аҳамиятли иқтисодий зарар юзага келиши мумкин. Масалан, ташкилот харидор учун ноёб ҳисобланган ўзига хос техник хусусиятларга эга бўлган ёки олис худудда жойлашган активлардан фойдаланиш усулини ўзгартириш бўйича амалий чекловларга эга бўлиши мумкин.



Жорий санага қадар бажарилган фаолият натижалари

учун тўловни олиш ҳуқуқи (35(в) банд)


Б9. 37-бандга мувофиқ, агар ташкилот жорий санагача бажарилган фаолият натижалари учун камида қопланадиган суммани олиш ҳуқуқига эга бўлса, ташкилот жорий санагача харидор ёки бошқа тараф ташкилотнинг шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлигидан бошқа сабабларга кўра, шартномани бекор қилганда бажарилган фаолият натижалари учун тўлов олишга ҳақлидир. Жорий санага қадар ташкилотга шартнома бўйича бажарилган ишлар натижаларини қоплайдиган сумма фақат шартномани бекор қилинган тақдирда ташкилотнинг потенциал йўқотилган фойдаси учун компенсация бўлиб эмас, балки шу жорий санагача ўтказилган товар ёки хизматларнинг сотиш нархига тахминан тенг сумма ҳисобланади (масалан, ташкилот томонидан бажариш жавобгарликларини бажаришда амалга оширилган сарфларни ўртача фойда нормасини қўшган ҳолда қоплаш). Асосланган фойда нормасига доир компенсация шартнома унда ваъда қилинганидек бажарилган тақдирда кутилган фойда нормаси даражасига тенг бўлиши талаб этилмайди, лекин ташкилот қуйидаги суммалардан бирига нисбатан компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим:

(а) харидор (ёки бошқа тараф) томонидан шартнома бекор қилинишидан олдин ташкилотнинг шартнома бўйича фаолияти натижаларини асосли акс эттирадиган шартнома бўйича кутилаётган фойда нормасининг мутаносиб қисми; ёки

(б) агар шартномага хос фойда нормаси одатда ташкилот шу каби шартномалардан оладиган даромаддан юқори бўлса, ташкилотнинг шунга ўхшаш шартномалар бўйича капитали қийматига асосли фойда нормаси (ёки шунга ўхшаш шартномалар бўйича ташкилотнинг операцион фойдаси нормаси).


Б10. Ташкилотнинг жорий санагача бажарилган шартномавий ишларнинг бир қисми учун тўловни олиш ҳуқуқи, тўловни олиш учун мавжуд шартсиз ҳуқуқ бўлиши шарт эмас. Кўп ҳолларда, ташкилот келишилган белгиланган босқич тугагандан кейин ёки бажариш жавобгарлиги тўлиқ бажарилгандан кейин тўловни олиш бўйича шартсиз ҳуқуққа эга бўлади. Шартнома бўйича ишларнинг жорий санагача бажарилган қисми учун тўловни олиш ҳуқуқининг мавжудлигини баҳолашда ташкилот жорий санагача бажарилган шартнома ишларининг бир қисми учун тўловни, агар ташкилот шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги сабабидан бошқа сабабларга кўра шартнома у тўлиқ бажарилишидан олдин бекор қилинганда, талаб қилиш ёки олдин олинган тўловни ушлаб қолиш бўйича қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлиши ёки бўлмаслигини таҳлил қилиши лозим.


Б11. Баъзи шартномаларда харидорга шартномани унинг амал қилиш муддати давомида фақат маълум ҳолатларда бекор қилиш ҳуқуқи берилиши мумкинлиги ёки харидор бундай ҳуқуқга эга бўлмаслиги мумкин. Агар харидор шартномани муайян пайтда бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда (шу жумладан харидор ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ҳолатида) шартномани бекор қилиш учун бирон бир ҳаракат қилса, шартнома (ёки бошқа юридик ҳужжатлар) ташкилотга харидорга шартнома бўйича ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар ўтказишни давом эттириш ва харидордан бундай товарлар ёки хизматлар эвазига ваъда қилинган товонни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини бериши мумкин. Бундай шароитда ташкилот шартномавий ишнинг жорий санагача бажарилган қисми учун тўловни олиш хуқуқига эга бўлади, чунки ташкилот шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттириш ва харидордан ўз мажбуриятларини (шунингдек ваъда қилинган товонни тўлашни) бажаришини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


Б12. Жорий санага қадар бажарилган шартномавий ишларнинг бир қисми учун тўловни олиш хуқуқи мавжудлиги ва қонун билан ҳимояланганлигини баҳолашда ташкилот ушбу шартнома шартларини тўлдириши ёки бекор қилиши мумкин бўлган шартномавий шартларни, шунингдек қонунчиликни ёки ҳуқуқий прецедентни ҳисобга олиши лозим. Ушбу таҳлил қуйидагиларни ўз ичига олади:

(а) қонунчилик, маъмурий амалиёт ёки ҳуқуқий прецедент ташкилотга жорий санагача бажарилган шартномавий ишларнинг бир қисми учун тўлов олиш ҳуқуқини, ҳатто харидор билан шартномада бундай ҳуқуқ белгиланмаган бўлса ҳам, тақдим этиши ёки этмаслиги;

(б) тегишли ҳуқуқий прецедент шу каби шартномаларда жорий санагача бажарилган шартномавий ишларнинг бир қисми учун тўловни олиш бўйича ўхшаш ҳуқуқлар юридик кучга эга эмаслигини кўрсататиши ёки кўрсатмаслиги; ёки

(в) ташкилотнинг тўловни олиш ҳуқуқидан фойдаланмасликдан иборат бўлган иш муомаласи одатлари ушбу ҳуқуқий муҳитда ҳуқуқнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ҳисобланмаслигига олиб келиши ёки келмаслиги. Лекин, гарчи ташкилот шу каби шартномаларда тўловни олиш ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин бўлсада, агар харидор билан шартномада ташкилотнинг жорий санагача бажарилган шартномавий ишнинг бир қисми учун тўловни олишга ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ бўлиб қолса, ташкилот жорий санагача бажарилган шартномавий ишининг бир қисми учун олдингидек тўловни олиш ҳуқуқига эга бўлади.


Б13. Шартномада белгиланган тўловлар жадвали ташкилотнинг жорий санагача бажарилган шартномавий ишларнинг бир қисми учун тўловни олиш ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини кўрсатиши шарт эмас. Шартномадаги тўловлар жадвали харидор томонидан тўланиши лозим бўлган товон суммасини ва вақт бўйича тақсимланишини белгилаб берган бўлишига қарамай, тўловлар жадвали ташкилотнинг жорий санага қадар бажарилган фаолият натижалари учун тўлов олиш ҳуқуқини тасдиқлаши талаб этилмайди. Чунки, масалан, шартнома буюртмачидан олинган маблағ ташкилотнинг шартнома бўйича мажбуриятларини бажармасликдан бошқа сабабларга кўра қайтарилиши лозимлигини кўрсатиши мумкин.



Бажариш жавобгарликларини бажариш

босқичларини баҳолаш усуллари


Б14. 35-37-бандларга мувофиқ ташкилот ўз бажариш жавобгарликларини давр мобайнида бажариш босқичларини баҳолаш учун фойдаланиладиган усулларга қуйидагилар киради:

(а) натижалар усули (Б15-Б17-бандларга қаранг); ва

(б) ресурслар усули (Б18-Б19-бандларга қаранг).



Натижалар усули


Б15. Натижалар усули тушумни жорий санагача ўтказилган товарлар ёки хизматларнинг қийматини қолган ваъда қилинган товарлар ёки хизматларга нисбатан харидор учун бевосита баҳолаш асосида тан олишни назарда тутади. Натижалар усули жорий санагача якунланган фаолият натижаларини кўриб чиқиш, эришилган натижалар, якунланган босқичлар, ўтган вақт ва ишлаб чиқарилган ёки етказиб берилган бирликларни баҳолаш каби усулларни ўз ичига олади. Ташкилот бажариш босқичларини баҳолаш учун натижалар усулини қўллашни баҳолаганда, танланган натижалар ташкилотнинг бажариш жавобгарликларини бажариш бўйича фаолиятини рўйи-рост акс эттириши ёки акс эттирмаслигини эътиборга олиши лозим. Натижа усули, агар танланган натижа назорат қилиш харидорга ўтган айрим товар ёки хизматларнинг баҳолаш учун етарли бўлмаса, ташкилот фаолиятини рўйи рост акс эттирмайди. Масалан, ишлаб чиқарилган ёки етказиб берилган бирликларга асосланадиган натижалар усули, агар ҳисобот даври охирида ташкилот фаолиятининг натижалари бўлиб натижани баҳолашга киритилмаган ишлаб чиқарилиши тугалланмаган ёки харидор томонидан назорат қилинадиган тайёр маҳсулотлар бўлса, ташкилотнинг бажариш жавобгарлигини бажариши натижаларини рўйи-рост акс эттирмайди.


Б16. Амалий жиҳатдан соддалаштириш учун, агар ташкилот харидор учун ўзининг фаолият натижалари қийматига мос келадиган суммада жорий санагача якунланган ташкилот фаолияти натижалари (масалан, ташкилот кўрсатилган хизматнинг ҳар бир соати учун қатъий белгиланган суммада тўлаш учун ўз ҳисоб-китобини тақдим этадиган хизмат кўрсатиш шартномаси) бўйича харидордан бевосита товон олиш ҳуқуқига эга бўлса, ташкилот тушумни тўлов олиш учун счёт тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган суммада тан олиши мумкин.


Б17. Натижа усуллининг камчиликлари бажариш даражасини баҳолаш учун фойдаланиладиган натижаларни бевосита кузатиб бўлмаслиги мумкин ва ташкилот уларни қўллаш учун зарур бўлган маълумотлардан ортиқча сарфларсиз фойдалана олмаслиги мумкин. Шунинг учун, ресурслар усулини қўллаш талаб этилиши мумкин.



Ресурслар усули


Б18. Ресурслар усули ташкилотнинг бажариш жавобгарлигини бажариш учун қилган саъй-ҳаракатлари ёки бундай бажариш жавобгарлигини бажариш учун сарфланиши кутилаётган жами ресурсларга нисбатан сарфланган ресурслар (масалан, сарфланган ресурслар, сарфланган иш вақти, амалга оширилган сарфлар, ўтган вақт ёки ишлатилган машина вақти) асосида тушумни тан олишни назарда тутади. Агар ташкилотнинг қилган саъй-ҳаракатлари ёки сарфланадиган ресурслари бажариш жавобгарлиги бажарилиши даврига бир маромда тақсимланса, ташкилот тушумни тўғри чизиқли усул бўйича тан олиши мумкин.


Б19. Ресурслар усулининг камчилиги шундаки, ташкилот фойдаланадиган ресурслар билан товарларни ёки хизматларни назорат қилишни харидорга ўтказиш ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун, ресурс усулини қўллаганда ташкилот фойдаланадиган ресурсларнинг 39-банддаги бажариш даражасини баҳолаш мақсадига мувофиқ товар ёки хизматлар устидан назоратни харидорга ўтказиш бўйича ташкилот фаолияти натижаларини акс эттирмайдиган таъсирини истисно қилиши лозим. Масалан, ҳақиқатдаги сарфларга асосланган ресурслар усулидан фойдаланганда, қуйидаги ҳолатларда бажариш даражасини баҳолашга тузатиш киритиш талаб этилиши мумкин:

(а) Амалга оширилган сарфлар ташкилотнинг бажариш жавобгарлиги бажарилишининг амалдаги даражасига эришишига ҳисса қўшмаса. Масалан, ташкилот шартнома нархида акс эттирилмаган, ташкилот фаолиятидаги аҳамиятли самарасизликлар билан боғлиқ бўлган сарфлар асосида тушумни тан олмайди (масалан, бажариш жавобгарлиги бажарилиши учун фойдаланилган материаллар, ишчи кучи ёки бошқа ресурсларни беҳуда ортиқча сарфлаш билан боғлиқ кутилмаган сарфлар қиймати).

(б) Амалга оширилган сарфлар ташкилотнинг бажариш жавобгарлиги бажарилишининг даражасига номутаносиб бўлса. Бундай ҳолатларда ташкилот фаолияти натижасининг энг яхши ифодаси тушумни фақат амалга оширилган сарфлар даражасида тан олиш мақсадида натижалар усулига тузатиш киритиш бўлиши мумкин. Масалан, ташкилот фаолияти натижасининг рўйи-рост ифодаси бўлиб тушумни, агар ташкилот шартнома тузилаётган пайтда қуйидаги шартларнинг барчаси бажарилишини кутаётган бўлса, бажариш жавобгарлигини бажариш учун фойдаланилган товар қийматига тенг суммада тан олиш бўлиши мумкин:

(i) товар фарқли бўлмаса;

(ii) харидор товарларга тегишли хизматларни олишдан аҳамиятли даражада олдин товарлар назоратини олиши кутилаётган бўлса;

(iii) ўтказилган товар билан боғлиқ сарфлар бажариш жавобгарлигини тўлиқ ҳажмда бажаришга сарфланадиган кутилаётган жами сарфлар билан солиштирганда аҳамиятли бўлса; ва

(iv) ташкилот учинчи шахсдан товарни сотиб олса ва маҳсулотни яратиш ва ишлаб чиқаришда аҳамиятли иштирок этмаса (лекин ташкилот Б34-Б38-бандларга мувофиқ принципал вазифасини бажарса).



Қайтариш ҳуқуқи билан сотиш


Б20. Баъзи шартномаларда ташкилот маҳсулотни назорат қилишни харидорга ўтказади ва, шунингдек харидорга маҳсулотни турли сабабларга кўра (масалан, маҳсулот қониқтирмаслиги сабабли) қайтариш ҳуқуқини беради ҳамда исталган комбинацияда қуйидаги имкониятлар тақдим этилади:

(а) тўланган товонни тўлиқ ёки қисман қайтариш;

(б) ташкилот олиши лозим бўлган суммалар ёки келгусида олиши мумкин бўлган суммалар бўйича чегирма;

(в) қайтарилган товар ўрнига бошқа товар.


Б21. Қайтариш ҳуқуқи билан ўтказилган товарни (шунингдек, маблағлар қайтариб берилиши назарда тутилган ҳолда тақдим этиладиган баъзи хизматларни) ҳисобга олиш учун ташкилот қуйидагиларнинг барчасини тан олиши лозим:

(а) ташкилот олишни кутаётган товон суммасида ўтказилган товар бўйича тушум (шу сабабли қайтарилиши кутилаётган товарлар бўйича тушум тан олинмайди);

(б) маблағларни қайтариш бўйича мажбурият; ва

(в) маблағларни қайтариш мажбуриятини бажараётганда харидорлардан товар олиш ҳуқуқига доир актив (ва сотиш таннархига тегишли тузатиш).


Б22. Ташкилотнинг қайтарилаётган товарни белгиланган қайтариш муддати давомида қабул қилишга тайёр эканлиги тўғрисидаги ваъдаси маблағларни қайтариш мажбуриятига қўшимча тарзда бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олинмаслиги лозим.


Б23. Ташкилот олишни кутаётган товон суммасини аниқлаш учун (яъни, қайтарилиши кутилаётган товарларни ҳисобга олмаган ҳолда) 47-72-бандлардаги талабларни (шу жумладан 56-58-бандларнинг ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳоларидаги чекловга доир талабларини) қўллаши лозим. Ташкилот олиши кутилмаган ҳолда олинган (ёки олинадиган) суммалар бўйича ташкилот товарларни харидорларга ўтказишда тушумни тан олмаслиги лозим. Аксинча, бундай суммалар маблағларни қайтариш мажбурияти сифатида тан олиниши лозим. Кейинчалик, ҳар бир ҳисобот даври охирида ташкилот ўтказилган товарлар эвазига олиниши кутилаётган суммаларнинг баҳосига ва шунга мувофиқ операция нархига, шунингдек тан олинган тушум суммасига тузатиш киритиши лозим.


Б24. Ташкилот ҳар бир ҳисобот даври охирида қайтариб бериш мажбурияти баҳосига қайтариб берилиши лозим бўлган суммалар тўғрисидаги кутишларнинг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда тузатиш киритиши лозим. Ташкилот бундай тузатишларни тушум (ёки тушумнинг камайиши) сифатида тан олиши лозим.


Б25. Маблағларни қайтариш мажбурияти бажарилаётганда ташкилотнинг харидор томонидан қайтарилаётган товарга ҳуқуқи билан боғлиқ тан олинадиган актив дастлаб ушбу товарни олиш бўйича кутилаётган ҳар қандай сарфларни (шу жумладан қайтариладиган товар қийматининг ташкилот учун потенциал пасайишини) чегирган ҳолда товарнинг (масалан, захиралар) аввалги баланс қиймати асосида баҳоланиши лозим. Ҳар бир ҳисобот даврининг охирида ташкилот қайтариладиган товарлар бўйича кутишларнинг ўзгариши натижасида актив баҳосига тузатиш киритиши лозим. Ташкилот бундай активни маблағларни қайтариш мажбуриятидан алоҳида тақдим этиши лозим.


Б26. Харидор бир товарни бошқа шу турдаги, сифатдаги, бир хил ҳолатдаги ва бир хил нархдаги товарга (масалан, бир ҳил ранг ёки ўлчамдаги товарни бошқасига) айирбошлаши мазкур стандартни қўллаш мақсадларида қайтариш сифатида қаралмайди.


Б27. Харидор нуқсонли товарни нуқсонсиз товарга алмаштириши мумкин бўлган шартномалар Б28-Б33-бандларидаги кафолатларни ҳисобга олиш бўйича кўрсатмаларга мувофиқ таҳлил қилиниши лозим.



Кафолатлар


Б28. Кўп ҳолларда ташкилот маҳсулотни (товар ёки хизматни) сотаётганда (шартнома, қонун ҳужжатлари ёки иш муомаласи одатларига мувофиқ) кафолат тақдим этади. Кафолат характери тармоқ ёки шартномага боғлиқ ҳолда аҳамиятли даражада фарқланиши мумкин. Айрим кафолатлар харидор учун тегишли маҳсулот келишилган параметрларга мувофиқ бўлгани ҳолда томонлар ўзаро келишган шартларга мувофиқ бўлишини таъминлаш воситаси ҳисобланади. Бошқа кафолатлар маҳсулот келишилган параметрларга мувофиқлигини таъминлашга қўшимча равишда харидорга муайян хизмат кўрсатилишини назарда тутади.


Б29. Агар харидорда кафолатни алоҳида сотиб олиш ҳуқуқи мавжуд бўлса (масалан, агар кафолат нархи алоҳида белгиланиши ёки алоҳида келишиладиган бўлса), кафолат фарқли хизмат ҳисобланади, чунки ташкилот шартномада баён этилган функционал тафсилотларга эга бўлган маҳсулотга қўшимча равишда харидорга хизмат кўрсатишни ваъда қилади. Бундай ҳолатларда ташкилот ваъда қилинган кафолатни 22-30-бандларга мувофиқ бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олиши лозим ва операция нархи бир қисмини ушбу бажариш жавобгарлигига 73-86-бандларга мувофиқ таксимлаши лозим.


Б30. Агар харидорда кафолатни алоҳида сотиб олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаса, ташкилот кафолатни 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"га мувофиқ ҳисобга олиши лозим, бундан ваъда қилинган кафолат ёки ваъда қилинган кафолатнинг бир қисми маҳсулот келишилган параметрларга мувофиқлигини таъминлаш воситаси ҳисобланишига қўшимча равишда харидорга муайян хизматни тақдим этадиган ҳолатлар мустасно.


Б31. Кафолат маҳсулотнинг келишилган параметрларга мувофиқлигини таъминлаш воситаси ҳисобланишига қўшимча равишда харидорга муайян хизматни тақдим этиши ёки тақдим этмаслигини таҳлил қилишда ташкилот қуйидаги омилларни ҳисобга олиши лозим:

(a) конунчиликка мувофиқ кафолат берилиши талаб этилиши ёки этилмаслиги - агар қонунчилик ташкилотдан кафолат берилишини талаб қилса, бундай қонунчилик талаби мавжудлиги ваъда қилинган кафолат бажариш жавобгарлиги ҳисобланмаслигини кўрсатади, чунки бундай талаблардан одатда харидорларни нуқсонли маҳсулотларни харид қилиш рискидан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади.

(б) Кафолат муддатининг давомийлиги - кафолат муддати давомийлиги қанча узун бўлса, ваъда қилинган кафолат бажариш жавобгарлиги деб ҳисобланиши эҳтимоли шунча юқори бўлади, чунки бунда кафолат маҳсулот келишилган параметрларга мувофиқлигини таъминлаш воситаси ҳисобланишига қўшимча равишда харидорга муайян хизматни тақдим этиш бўлиб ҳисобланиши эҳтимоли юқоридир.

(в) Ташкилот бажаришни ваъда қилган вазифалар характери - агар ташкилот маҳсулот келишилган параметрларга мувофиқлигини таъминлаш учун муайян вазифаларни бажариши зарур бўлса (масалан, у қайтарилган тақдирда нуқсонли маҳсулотни ташиш хизматини кўрсатиш), бундай вазифалар катта эҳтимол билан бажариш жавобгарлигининг пайдо бўлишига олиб келмайди.


Б32. Агар кафолат ёки кафолатнинг бир қисми маҳсулот келишилган параметрларга мувофиқлигини таъминлаш воситаси ҳисобланишига қўшимча равишда харидорга муайян хизматни тақдим этса, ваъда қилинган хизмат бажариш жавобгарлиги ҳисобланади. Шунинг учун ташкилот операция нархини маҳсулотга ҳам, хизматга ҳам тақсимлаши лозим. Агар ташкилот мувофиқлик кафолатини ҳам, хизмат кўрсатиш кафолатини ҳам тақдим этгани ҳолда уларни асосли равишда алоҳида-алоҳида ҳисобга ололмаса, ташкилот иккала кафолатни ҳам биргаликда ягона бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олиши лозим.


Б33. Агар ташкилотнинг маҳсулотлари зарар ёки зиён етказган тақдирда, ташкилотга компенсация тўлаш мажбуриятини юклайдиган қонун ҳужжати бажариш жавобгарлигининг пайдо бўлишига олиб келмайди. Масалан, ишлаб чиқарувчи маҳсулотини ундан харидор ўз мақсадига мувофиқ фойдаланиши натижасида етказилиши мумкин бўлган ҳар қандай зиён (масалан шахсий мол-мулкка) учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладиган юрисдикцияда сотиши мумкин. Шу каби, ташкилот маҳсулоти патентлар, муаллифлик ҳуқуқлари, савдо маркаларига бўлган ҳуқуқларни бузиши, шунингдек бошқа қонунбузилишлар билан боғлиқ учинчи тарафларнинг даъволари сабабли юзага келган мажбуриятлар бўйича тўловларни ва зиённи қоплаб бериш бўйича ташкилотнинг ваъдасини бажариш жавобгарлиги пайдо бўлишига олиб келмайди. Ташкилот бундай мажбуриятларни 37-сон БҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.



Принципал ёки агентнинг роли


Б34. Харидорга товарлар ёки хизматларни тақдим этишда бошқа тараф иштирок этганда, ташкилот ўз ваъдаси характерини ўзи томонидан муайян товарлар ёки хизматларни тақдим этиш бўйича (яъни, ташкилот принципал ҳисобланади) ёки бошқа тараф томонидан (яъни, ташкилот агент вазифасини бажаради) бундай товарлар ёки хизматларни тақдим этишни ташкил қилиш бўйича бажариш жавобгарлиги ҳисобланишини аниқлаши лозим. Ташкилот харидорга ваъда берилган ҳар бир муайян товар ёки хизмат учун приципал ёки агент эканини аниқлайди. Муайян товар ёки хизмат бу харидорга тақдим этиладиган фарқли товар ёки хизмат (ёки фарқли товарлар ёки хизматлар пакети) ҳисобланади. Агар харидор билан шартнома бир нечта муайян товар ёки хизматни ўз ичига олса, ташкилот баъзи муайян товарлар ёки хизматлар учун принципал ва бошқалар учун агент бўлиши мумкин.


Б34А. Ваъдасининг характерини аниқлаш учун ташкилот қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

(а) харидорга тақдим этиладиган муайян товарлар ёки хизматларни (масалан, бошқа тараф томонидан тақдим этиладиган товар ёки хизматга бўлган хуқуқ (26-бандга қаранг)) идентификациялаш; ва

(б) ташкилот муайян товар ёки хизматни харидорга ўтказишдан олдин бундан ҳар бир товарни ёки хизматни назорат қилиши ёки назорат қилмаслигини (33-бандда тавсифланганидек) баҳолаш.


Б35. Агар у ваъда қилинган товар ёки хизматни харидорга ўтказилгунга қадар назорат қилса, ташкилот принципал ҳисобланади. Лекин, ташкилот, агар у товарга мулк ҳуқуқини фақатгина товарни харидорга топширишдан олдин қўлга киритса, принципал сифатида ҳаракат қилиши талаб этилмайди. Принципал ҳисобланган ташкилот бажариш жавобгарлигини ўзи бажариши ёки ташкилот номидан бажариш жавобгарлигини тўлиқ ёки қисман бажариши учун бошқа томонни (масалан, субпудратчини) жалб қилиши мумкин.


Б35А. Харидорга товарлар ёки хизматлар тақдим этишда бошқа бир тараф жалб этилганда, принципал ҳисобланган ташкилот қуйидагилардан бири устидан назоратни олади:

(а) натижада бошқа тараф томонидан харидорга ўтказиладиган товар ёки бошқа актив.

(б) ташкилотга бошқа тарафнинг ташкилот номидан ҳизмат кўрсатишига топшириқ беришга имконият берадиган, бошқа тараф томонидан кўрсатиладиган хизматга бўлган ҳуқуқ.

(в) харидорга муайян товар ёки хизматни тақдим этишда бошқа товарлар ва хизматлар билан бирлаштириладиган бошқа тарафнинг товар ёки хизмати. Масалан, агар ташкилот харидор билан келишилган муайян товар ёки хизматга бошқа тараф томонидан таъминланадиган товарлар ёки хизматларни интеграциялаш бўйича аҳамиятли хизмат кўрсатса, ташкилот муайян товар ёки хизмат бўйича бундай товар ёки хизматни харидорга ўтказишдан олдин назоратга эга бўлади. Бунинг сабаби, ташкилот дастлаб муайян товар ёки хизмат учун (шу жумладан, бошқаларнинг товарлари ёки хизматларини ўз ичига олган) маълумотлар учун назоратни олади ва уларда қандай қилиб келишилган товар ёки хизмат бўлган умумий натижани яратиш учун фойдаланилишини аниқлайди.


Б35Б. Принципал бўлган ташкилот бажариш жавобгарлигини бажарганда (ёки бажариши билан), ўтказилган муайян товар ёки хизмат эвазига олиниши кутилаётган ялпи товон суммасида тушумни тан олади.


Б36. Агар ташкилот зиммасига олган бажариш жавобгарлиги бошқа тараф томонидан муайян товар ёки хизматни етказиб беришни ташкил қилиш бўлса, ташкилот агент ҳисобланади. Агент бўлган ташкилот муайян товар ёки хизматни бошқа тараф томонидан харидорга ўтказилишидан олдин назорат қилмайди. Агент ҳисобланган ташкилот бажариш жавобгарлигини бажарганда (ёки бажариши билан) ташкилот бошқа томоннинг товарларни ўтказиш ёки хизматларни кўрсатишини ташкил қилиш эвазига олиниши кутилаётган тўлов ёки воситачилик ҳақи суммасида тушумни тан олади. Ташкилотнинг хизматлари учун ҳақ ёки воситачилик ҳақи ташкилот бошқа тарафга ушбу тараф томонидан тақдим этиладиган товарлар ёки хизматлар эвазига олинган тўловни бошқа тарафга тўлаганидан кейин ушлаб қоладиган соф товон суммасини ўзида акс эттиради.


Б37. Ташкилотнинг агент эканлигини (шу сабабли харидорга тақдим этилишидан олдин муайян товар ёки хизматни назорат қилмаслигини) кўрсатувчи далилларга қуйидагилар киради:

(а) шартноманинг бажарилиши учун биринчи навбатда бошқа томоннинг жавобгарлиги; Одатда, бу муайян товар ёки хизматнинг мақбуллиги учун жавобгарликни ўз ичига олади (масалан, товар ёки хизматнинг харидор талабларига мувофиқлиги учун асосий жавобгарлик). Агар ташкилот муайян товар ёки хизматни тақдим этиш тўғрисидаги ваъдани бажариш учун асосий жавобгарликни ўз зиммасига олса, бу ушбу муайян товар ёки хизматни тақдим этиш билан шуғулланадиган бошқа тараф ташкилот номидан иш юритаётганлигини кўрсатиши мумкин.

(б) ташкилот харидорга муайян товарлар ёки хизматларни ўтказишидан олдин ёки харидорга назорат ўтказилгандан сўнг, ташкилотнинг захиралар бўйича рискка эгалиги; Масалан, агар ташкилот харидор билан шартнома тузишдан олдин муайян товар ёки хизматни олиш мажбуриятни олган бўлса ёки ўз зиммасига олган бўлса, бу ташкилот ушбу товар ёки хизматдан улар харидорга ўтказилишидан олдин фойдаланиш усулини белгилаш ва амалдаги барча нафларни олиш имкониятига эга бўлганлигини кўрсатиши мумкин.

(в) ташкилот муайян товарлар ёки хизматларга нархларни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга; Харидор муайян товар ёки хизмат учун тўлайдиган нархни белгилаш имконияти, ушбу товар ёки хизматдан фойдаланиш усулини белгилаш ва амалдаги қолган барча нафларни олиш имкониятига эга эканлигини кўрсатиши мумкин. Лекин, баъзи ҳолларда агент нархларни белгилашда эркин бўлиши мумкин. Масалан, агент харидорларга бошқа тараф томонидан товарлар ёки хизматлар таъминланишини ташкил этиш хизматидан қўшимча тушум олиш учун нархларни белгилашда бирон бир мустақилликка эга бўлиши мумкин.


Б37A. Муайян товар ва хизматнинг характерига ва шартнома шартларига қараб, Б37-бандда келтирилган аломатлар назоратни баҳолаш учун озми-кўпми аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, турли хил шартномаларда турли аломатлар янада ишончли далил бўлиб хизмат қилиши мумкин.


Б38. Агар бошқа томон бажариш жавобгарлигини зиммасига оладиган бўлса ва ташкилотнинг шартномавий ҳуқуқларини оладиган бўлса ва натижада ташкилот ортиқ муайян товар ёки хизматни ўтказиш бўйича бажариш жавобгарлигини бажариш мажбуриятига эга бўлмаса (яъни, ташкилот энди принципал вазифасини бажармаса), ташкилот бажариш жавобгарлиги бўйича тушумни тан олмаслиги лозим. Бунинг ўрнига, ташкилот бошқа томон учун шартнома тузиш бўйича бажариш жавобгарлигини бажариши юзасидан тушумни тан олиши лозим ёки лозим эмаслигини (яъни ташкилот агент сифатида иш юритиши ёки юритмаслигини) баҳолаши лозим.



Қўшимча товарлар ва хизматларга доир

харидорга тақдим этилган опционлар


Б39. Қўшимча товарларни ёки хизматларни бепул ёки чегирмали харид қилиш учун харидорларга бериладиган опционлар турли шаклларга эга, шу жумладан улар харидни рағбатлантириш воситалари, харидорга ҳисобланадиган баллар (ёки бирликлар), шартномани узайтириш ҳуқуқи ёки келгуси товарларга ёхуд хизматларга бошқа чегирмалар шаклида бўлиши мумкин.


Б40. Агар шартномада харидорга қўшимча товарлар ёки хизматларни харид қилиш имкониятини берадиган опцион назарда тутилган бўлса, ушбу опцион харидорга у шартнома тузмасдан олиши мумкин бўлмаган муҳим ҳуқуқни тақдим этгандагина (агар масалан, муайян бир минтақада ёки бозорда маълум тоифадаги харидорлар учун бундай товарлар ёки хизматлар учун одатда тақдим этиладиган чегирмалар тўпламига қўшимча равишда чегирма олиш ҳуқуқи учун) шартнома бўйича бажариш жавобгарлиги юзага келишига олиб келади. Агар опцион харидорга муҳим ҳуқуқни тақдим этса, у ҳолда харидор келгусида ўтказиладиган товарлар ёки хизматлар учун ташкилотга амалда олдиндан бўнак тўлайди ва ташкилот тушумни ушбу келгусида ўтказиладиган товарлар ёки хизматлар ўтказилганда ёки опцион муддати тугаганда тан олади.


Б41. Агар харидорда қўшимча товарлар ёки хизматларни ушбу товар ёки хизматнинг алоҳида сотиш нархини акс эттирадиган нархда сотиб олиш имконияти мавжуд бўлса, бу опцион харидорга, ҳатто олдинги тузилган шартнома натижасида фойдаланиш мумкин бўлганда ҳам муҳим ҳуқуқни тақдим этмайди. Бундай ҳолларда, ташкилот маркетинг таклифини киритган бўлади ва уни ушбу стандартга мувофиқ фақат харидор қўшимча товарлар ёки хизматларни сотиб олиш опционидан фойдаланганда ҳисобга олиш лозим.


Б42. 74-бандга мувофиқ ташкилот операция нархини бажариш жавобгарликлари ўртасида уларнинг нисбий алоҳида сотиш нархлари асосида тақсимлаши лозим. Агар харидорга бериладиган қўшимча товарларни ёки хизматларни сотиб олиш опционидан алоҳида сотиш нархини бевосита кузатиб бўлмаса, ташкилот уни баҳолаши лозим. Бундай ҳисоб баҳоси харидор опционини фойдаланганда оладиган чегирмани акс эттириши ва қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда тузатилиши лозим:

(а) харидор опционни фойдаланмасдан олиши мумкин бўлган ҳар қандай чегирма; ва

(б) опциондан фойдаланиш эҳтимоли.


Б43. Агар харидор келгусида товарларни ёки хизматларни харид қилиш бўйича муҳим ҳуқуққа эга бўлса ва ушбу товарлар ёки хизматлар дастлабки шартномадаги товарлар ёки хизматларга ўхшаш бўлса ва ушбу шартнома шартларига мувофиқ тақдим этилса, у ҳолда ташкилот (опционни алоҳида сотиш нархини баҳолашнинг амалий муқобили сифатида) тақдим этилиши кутилаётган товар ёки хизматлар ҳажмига ва тегишли равишда кутилаётган товонга қараб операция нархини опционда назарда тутилган қўшимча товарларга ёки хизматларга тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлади. Одатда, ушбу турдаги опционлар шартномани узайтириш учун берилади.



Харидорларнинг фойдаланилмаган ҳуқуқлари


Б44. 106-бандга мувофиқ, харидордан олдиндан тўлов олгандан сўнг, ташкилот товарлар ёки хизматларни ўтказишдан ёки келгусида ўтказишга тайёрлигидан иборат бўлган бажариш жавобгарлигига нисбатан олдиндан олинган тўловга тенг суммада шартнома бўйича мажбуриятни тан олиши лозим. Ташкилот бундай товарларни ёки хизматларни ўтказганда ва шу сабабли бажариш жавобгарлигини бажарганда шартнома бўйича мажбуриятни тан олишни бекор қилиши (ва тушумни тан олиши) лозим.


Б45. Харидордан олинган қайтариб олинмайдиган олдиндан тўлов харидорга келгусида товар ёки хизматни олиш ҳуқуқини беради (ва ташкилотга товар ёки хизматни ўтказишга тайёр бўлиш мажбуриятини юклайди). Лекин, харидорлар ўзларининг барча шартномавий ҳуқуқларидан фойдаланмасликлари мумкин. Бундай амалга оширилмаган ҳуқуқлар одатда "талаб қилинмаган ҳуқуқлар" деб аталади.


Б46. Агар ташкилот шартнома бўйича мажбуриятга киритилган талаб қилинмаган қисмга нисбатан ҳуқуқни олишни кутса, ташкилот талаб қилинмаган қисмнинг кутилаётган суммасини харидор ўз ҳуқуқларини қандай амалга ошираётганига мутаносиб равишда тушум сифатида тан олиши лозим. Агар ташкилот талаб қилинмаган қисмга нисбатан ҳуқуқни олишни кутмаса, ташкилот талаб қилинмаган қисмнинг кутилган суммасини тушум сифатида харидор қолган ўз ҳуқуқларни амалга ошириши эҳтимоли паст бўлганда тан олиши лозим. Ташкилотнинг талаб қилинмаган қисм суммасига эга бўлиш ҳуқуқини кутиши ёки кутмаслигини аниқлаш учун ташкилот 56-58-бандларнинг ўзгарувчан товоннинг ҳисоб баҳоларидаги чекловларга нисбатан талабларини кўриб чиқиши лозим.


Б47. Ташкилот бошқа тарафга, масалан талаб қилинмайдиган мулк бўйича қонунчиликка мувофиқ давлат ташкилоти ўтказиши лозим бўлган харидорнинг амалга оширилмаган хуқуқларига боғлиқ бўлган ҳар қандай товонга нисбатан мажбуриятни (тушумни эмас) тан олиши лозим.



Қопланмайдиган дастлабки тўлов

(ва шу билан боғлиқ айрим сарфлар)


Б48. Баъзи шартномаларда шартнома тузилаётган пайтда ёки шунга яқин пайтда харидорлар ташкилотга қайтарилмайдиган дастлабки тўлов тўлайди. Бундай тўловларга мисол сифатида спорт клубига аъзолик шартномаларига мувофиқ кириш тўловлари, телекоммуникация тармоғи ташкилотлари билан шартномалар бўйича фаоллаштириш тўловлари, баъзи хизмат кўрсатиш шартномаларида дастлабки тўловлар ва баъзи етказиб бериш шартномаларида бошланғич воситачилик тўловлари киради.


Б49. Бундай шартномалар бўйича бажариш жавобгарликларини идентификация қилиш учун ташкилот шундай ҳақ ваъда қилинган товар ёки хизматни ўтказиш билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини баҳолаши лозим. Кўпгина ҳолларда, қайтариб берилмайдиган дастлабки тўлов шартномани бажариш учун ташкилот шартнома тузилаётган пайтда ёки шунга яқин пайтда амалга ошириши лозим бўлган фаолиятга тегишли бўлсада, бундай ҳаракатлар ваъда қилинган товар ёки хизматни харидорга ўтказилишига олиб келмайди (25-бандга қаранг). Бунинг ўрнига, дастлабки тўлов келгусида ўтказилиши лозим бўлган товарлар ёки хизматлар учун бўнак тўлови ҳисобланади ва шунинг учун келгусида ушбу товарлар ёки хизматлар ўтказилганда тушум сифатида тан олиниши лозим. Агар ташкилот харидорга шартнома узайтириш опционини тақдим қилса ва ушбу опцион Б40-бандда баён этилганидек харидорга муҳим ҳуқуқни тақдим қилса, тушумни тан олиш даври дастлабки шартномавий даврдан узоқроқ бўлади.


Б50. Агар қайтариб берилмайдиган дастлабки тўлов товар ёки хизмат учун тўланган бўлса, ташкилот ушбу товар ёки хизматни 22-30-бандларга мувофиқ алоҳида бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олиш зарурлигини баҳолаши лозим.


Б51. Ташкилот шартномани тузиш пайтида қилинган сарфларни (ёки 25-бандда баён қилинган бошқа маъмурий вазифаларни) қоплаш учун қисман қайтариб берилмайдиган тўловни талаб қилиши мумкин. Агар шартномани тузиш бўйича бундай ишлар бажариш жавобгарлигининг бажарилишига олиб келмаса, ташкилот Б19-бандга мувофиқ бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини баҳолашда ушбу фаолиятни (ва тегишли сарфларни) ҳисобга олмаслиги лозим. Бунинг сабаби, шартномани тузиш фаолияти билан боғлиқ сарфлар харидорга хизматларни ўтказишни акс эттирмайди. Ташкилот шартнома тузиш учун амалга оширилган сарфлар натижасида 95-бандга мувофиқ тан олиниши лозим бўлган актив юзага келиши ёки келмаслигини таҳлил қилиши лозим.



Лицензиялаш


Б52. Лицензия ташкилотнинг интеллектуал мулкига бўлган харидорнинг ҳуқуқларини белгилайди. Интеллектуал мулк лицензиялари қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин, лекин улар билан чекланмайди:

(а) дастурий таъминот ва технология;

(б) кинофильмлар, мусиқа ва аудиовизуал ахборот ва кўнгилочар бошқа воситалар;

(в) франшизалар; ва

(г) патентлар, савдо белгилари ва муаллифлик ҳуқуқлари.


Б53. Харидорга лицензия бериш ваъдасига қўшимча равишда, ташкилот бошқа товарларни ёки хизматларни харидорга ўтказишни ҳам ваъда қилиши мумкин. Бундай ваъдалар шартномада аниқ белгиланиши мумкин ёки ташкилотнинг иш муомаласи одатлари, эълон қилинган сиёсати ёки аниқ баёнотлари билан боғлиқ бўлиши мумкин (24-бандга қаранг). Бошқа турдаги шартномалар сингари, харидор билан шартнома бошқа ваъда қилинган товарлар ёки хизматларга қўшимча равишда лицензия(лар) беришни ваъда қилишни ўз ичига олганда, ташкилот шартномадаги ҳар бир бажариш жавобгарлигини идентификация қилиш учун 22-30-бандларни қўллайди.


Б54. Агар лицензияни тақдим этиш мажбурияти 26-30-бандларга мувофиқ шартномадаги бошқа ваъда қилинган товарлар ёки хизматлардан фарқли бўлмаса, ташкилот лицензияни тақдим этиш ваъдасини бошқа ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар билан бирга ягона бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олиши лозим. Шартномада ваъда қилинган бошқа товарлар ёки хизматлардан фарқли бўлмаган лицензияларга қуйидагилар киради:

(а) моддий товарнинг компоненти бўлган ва унинг функционал имкониятларининг ажралмас қисмини ташкил этадиган лицензия; ва

(б) харидор фақатгина тегишли хизмат билан боғлиқ ҳолда наф олиши мумкин бўлган лицензия (масалан, лицензия бериш орқали харидорга контентга киришни таъминлайдиган ташкилот томонидан тақдим этиладиган онлайн хизмат).


Б55. Агар лицензия фарқли бўлмаса, ташкилот бажариш жавобгарлигини (ваъда қилинган лицензияни ўз ичига олган) давр мобайнида ёки вақтнинг муайян нуқтасида бажариладиган бажариш жавобгарлиги бўлишини аниқлаш учун 31-38-бандларни қўллаши лозим.


Б56. Агар лицензия бериш тўғрисидаги ваъда шартномадаги бошқа ваъда қилинган товарлар ёки хизматлардан фарқли бўлса ва шунинг учун лицензия бериш тўғрисидаги ваъда алоҳида бажариш жавобгарлиги ҳисобланса, ташкилот лицензияни давр мобайнида ёки вақтнинг муайян нуқтасида ўтказилишини аниқлаши лозим. Буни аниқлашда ташкилот харидорга лицензия бериш тўғрисидаги ваъдаси ўз характерига кўра харидорга берган қуйидагиларни тақдим этиш ваъдаси эканлигини таҳлил қилиши лозим:

(а) ташкилотнинг интеллектуал мулкини лицензиянинг амал қилиш муддати давомида мавжуд бўлган шаклда олиш ҳуқуқи; ёки

(б) ташкилотнинг интеллектуал мулкидан лицензия берилган пайтда мавжуд бўлган шаклда фойдаланиш ҳуқуқи.



Ташкилотнинг лицензия тақдим этиш тўғрисидаги

ваъдасининг характерини аниқлаш


Б57. [Чиқариб ташланган]


Б58. Ташкилотнинг лицензияни тақдим этишдаги ваъдаси, ўз характерига кўра, қуйида келтирилган барча мезонларга риоя қилинганда, ташкилотнинг интеллектуал мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ваъда ҳисобланади:

(а) харидорнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларига аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолиятни бажариши бўйича шартнома талаби ёки харидор бундай фаолиятни талаб қилиши (Б59-бандга қаранг);

(б) лицензия билан берилган ҳуқуқлар харидорни бевосита Б58(а) бандида идентификация қилинган ташкилот фаолиятининг ижобий ёки салбий таъсири остига тушиши; ва

(в) ушбу фаолиятлар амалга оширилиши билан товар ёки хизматни харидорга ўтказилмаслиги (25-бандга қаранг).


Б59. Харидорнинг ташкилот интеллектуал мулкка аҳамиятли таъсир кўрсатадиган фаолият билан шуғулланишини асосланган тарзда кутишини асослаши мумкин бўлган омиллар ташкилотнинг иш муомаласи одатлари, эълон қилинган сиёсати ёки аниқ баёнотларини ўз ичига олади. Харидор ҳуқуқларга эга бўлган интеллектуал мулк контекстида ташкилот ва харидор ўртасида умумий иқтисодий манфаат (масалан, сотувларга асосланган роялти) мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмаса ҳам, унинг мавжудлиги ташкилот томонидан бундай фаолият амалга оширилишини харидор асосланган тарзда кутиши мумкинлигини кўрсатиши мумкин.


Б59A. Ташкилотнинг фаолияти харидорнинг қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлган интеллектуал мулкига таъсир қилади, агар:

(a) бундай фаолият интеллектуал мулк шаклини (масалан, тузилма ёки таркиб) ёки функционал хусусиятларни (масалан, функция ёки вазифани бажариш қобилияти) аҳамиятли даражада ўзгартириши кутилаётган бўлса; ёки

(б) харидорнинг интеллектуал мулкдан фойдаланиш қобилияти аҳамиятли даражада ушбу фаолиятлардан келиб чиқади ёки ушбу фаолиятларга боғлиқ. Масалан, товар белгисидан фойдаланишнинг нафи кўпинча ташкилотнинг интеллектуал мулк қийматини сақлаш ёки ошириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларига боғлиқ.

Шунга кўра, агар харидор ўзига тегишли бўлган интеллектуал мулк аҳамиятли функционал хусусиятларга эга бўлса, бундай интеллектуал мулкдан олинадиган фойданинг муҳим қисми ушбу хусусиятлардан келиб чиқади. Шундай қилиб, ташкилот фаолияти, агар бундай фаолият интеллектуал мулк шаклини ёки функционал хусусиятини аҳамиятли даражада ўзгартирмаса, харидорнинг бундай интеллектуал мулкдан наф олиш қобилиятига аҳамиятли таъсир кўрсатмайди. Кўпинча алоҳида аҳамиятли функционал хусусиятларга эга бўлган интеллектуал мулк намуналарига дастурий таъминот, биологик бирикмалар ёки дори-дармонлар формулалари ва оммавий ахборот воситаларининг контенти (фильмлар, телешоулар ва мусиқий ёзувлар) киради.


Б60. Агар Б58-банддаги мезонларга риоя қилинган бўлса, ташкилот лицензияни бериш ваъдасини муайян давр давомида бажариладиган бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олиши лозим, чунки харидор бир вақтнинг ўзида интеллектуал мулкдан фойданиш ҳуқуқи тақдим этилиши бўйича ташкилот фаолиятидан у амалга оширилишига қараб наф олади ва истеъмол қилади (35(а)-бандга қаранг). Ташкилот фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш бўйича бажариш жавобгарлигини бажариш даражасини баҳолаш учун тегишли усулни танлаш учун 39-45-бандларни қўллаши лозим.


Б61. Агар Б58-банддаги мезонларга риоя этилмаса, ташкилотнинг ваъдаси ўз характерига кўра лицензия харидорга берилганида (шакли ва функциялари жиҳатидан) ташкилот вақтнинг муайян нуқтасида мавжуд бўлган интеллектуал мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ваъдадир. Бу харидор лицензиядан фойдаланиш усулини белгилаш ва у тақдим этилган пайтдаги вақтнинг муайян нуқтасида амалдаги қолган барча нафларни олиш имкониятига эга бўлади. Ташкилот унинг интеллектуал мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини ўтказиш бўйича ваъдасини вақтнинг муайян вақт нуқтасида бажариладиган бажариш жавобгарлиги сифатида ҳисобга олиши лозим. Ташкилот лицензияни харидорга ўтказиш пайтидаги вақтнинг муайян нуқтасини аниқлашда 38-бандни қўллаши лозим. Лекин, ташкилотнинг интеллектуал мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга тааллуқли тушум харидорнинг лицензиядан фойдаланиши ва ундан наф олиши мумкин бўлган давр бошлангунга қадар тан олиниши мумкин эмас. Масалан, агар дастурий таъминотнинг лицензия муддати ташкилот харидорга дастурий таъминотдан зудлик билан фойдаланишга имкон берадиган дастур кодини тақдим этгунча (ёки бошқа усул билан фойдаланиш имкониятини бергунга қадар) бошланган бўлса, бундай дастур коди тақдим этилгунга (ёки бошқа усул билан ташкилот ундан фойдаланиш имкониятини бергунига) қадар ташкилот тушумни тан олмайди.


Б62. Лицензия ташкилотнинг интеллектуал мулкига кириш ҳуқуқини ёки унинг интеллектуал мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини бериши ёки бермаслигини аниқлашда ташкилот қуйидаги омилларни ҳисобга олмаслиги лозим:

(а) Вақт, географик минтақа ёки ундан фойдаланиш усулларидаги чекловлар - бундай чекловлар ваъда қилинган лицензиянинг хусусиятларини белгилайди, лекин ташкилот томонидан бажариш жавобгарлигини муайян вақт нуқтасида ёки давр мобайнида бажарилишини кўрсатмайди.

(б) Ташкилот томонидан амалдаги интеллектуал мулк патентига эга эканлиги ва у патентни ноқонуний ишлатилишидан ҳимоя қилиши тўғрисида берилган кафолатлар - ташкилот патентини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ваъда бажариш жавобгарлиги ҳисобланмайди, чунки патентни ҳимоялаш бўйича ҳаракатлар ташкилотнинг интеллектуал мулк билан ифодаланадиган активлари қийматини ҳимоя қилади ва харидорга берилган лицензиянинг шартномада ваъда қилинган лицензия параметрларига мувофиқлигини таъминлаш воситаси ҳисобланади.



Сотишга асосланган ёки фойдаланишга

асосланган роялтилар


Б63. 56-59-бандлардаги талабларга қарамай, ташкилот интеллектуал мулк лицензияси эвазига ваъда қилинган сотишга ёки фойдаланишга асосланган роялтилар учун тушумни фақат қуйидаги ҳодисалардан қайси бири кечроқ юз берса (ёки юз бериши билан) тан олиши лозим:

(а) кейинги сотиш ёки фойдаланиш юз берганда; ва

(б) сотишга ёки фойдаланишга асосланган роялтиларнинг маълум бир қисми ёки барчаси тақсимланган бажариш жавобгарлигини бажариш.


Б63A. Сотишга ёки фойдаланишга асосланган роялти учун , агар роялти фақат интеллектуал мулк лицензиясига тегишли бўлса ёки роялти интеллектуал мулк лицензияси бўлган асосий моддага тегишли бўлса, Б63-банддаги талаб қўлланади (Масалан, интеллектуал мулк лицензияси, агар ташкилот харидордан лицензия харажатларининг асосий қисмини роялти тегишли бўлган бошқа тўловларга ёки хизматларга қараганда аҳамиятли даражада катта қисмини ажратишни талаб қилса роялти билан боғлиқ бўлган асосий модда бўлиши мумкин).


Б63Б. Б63A банддаги талаб бажарилганда, сотишга ёки фойдаланишга асосланган роялтидан тушум Б63 бандга мувофиқ тўлиқ тан олинади. Б63A банддаги талаб бажарилмаганда, сотишга ёки фойдаланишга асосланган роялтига нисбатан 50-59-бандлардаги ўзгарувчан товон бўйича талаблар қўлланади.



Қайта сотиб олиш шартномалари


Б64. Қайта сотиб олиш шартномаси - бу ташкилот активни сотиши ва (айни шу ёки бошқа шартнома асосида) активни қайта сотиб олишга ваъда берган ёки активни қайта сотиб олиш опционини олган шартномадир. Қайта сотиб олинадиган актив дастлабки операцияда харидорга сотилган актив, худди шу актив билан деярли бир хил бўлган актив ёки дастлабки шартномада харидорга сотилган актив унинг компоненти бўлган бошқа актив бўлиши мумкин.


Б65. Одатда, қайта сотиб олиш шартномалари қуйидаги учта шаклда бўлади:

(а) ташкилотнинг активни қайта сотиб олиш мажбурияти (форвард);

(б) ташкилотнинг активни қайта сотиб олиш ҳуқуқи (колл опцион); ва

(в) ташкилотнинг харидор томонидан талаб қилинганда активни қайта сотиб олиш мажбурияти (пут опцион).



Форвард ёки колл опцион


Б66. Агар ташкилот активни қайта сотиб олиш мажбуриятига ёки ҳуқуқига (форвард ёки колл опцион) эга бўлса, харидор актив устидан назоратга эга бўлмайди, чунки бунда харидорнинг ушбу активдан, ҳатто у активга жисмонан эгалик қилишига қарамасдан, фойдаланиш усулини белгилаш ва амалдаги барча қолган нафларни олиш имконияти чекланган ҳисобланади. Шунинг учун ташкилот шартномани қуйидагилардан бири орқали ҳисобга олиши лозим:

(а) агар ташкилот активни дастлабки сотиш нархидан пастроқ суммага қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига ёки мажбуриятига эга бўлса, 16-сон МҲХС "Ижара"га мувофиқ ижара сифатида; ёки Агар шартнома қайта ижарага олиш шарти билан сотиш операциясининг бир қисми бўлса, ташкилот активни тан олишни давом эттиради ва сотиб олувчидан олинган товон учун молиявий мажбуриятни тан олади. Ташкилот бундай мажбуриятларни 9-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.

(б) агар ташкилот активни дастлабки сотиш нархига тенг ёки ундан юқори бўлган суммага қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига ёки мажбуриятига эга бўлса, Б68-бандга мувофиқ молиялаштириш келишуви сифатида.


Б67. Қайта сотиб олиш нархини сотиш нархи билан таққослашда ташкилот пулнинг вақт қийматини ҳисобга олиши лозим.


Б68. Агар қайта сотиб олиш шартномаси молиялаштириш шартномаси бўлса, ташкилот активни тан олишни давом эттириши ва шунингдек, харидордан олинган товон бўйича молиявий мажбуриятни тан олиши лозим. Ташкилот харидордан олинган товон ва харидорга тўланадиган товон суммаси ўртасидаги фарқни фоиз сифатида ва, агар қўллаш мумкин бўлса, қайта ишлаш ёки сақлаш сарфлари (масалан, суғурта) сифатида тан олиши лозим.


Б69. Агар опцион муддати тугаса ва у бажарилмай қолса, ташкилот мажбуриятни тан олишни бекор қилиши ва тушумни тан олиши лозим.



Пут опцион


Б70. Агар ташкилот харидорнинг талабига биноан активни дастлабки сотиш нархидан паст нархда сотиб олиш мажбуриятини олган бўлса (пут опцион), ташкилот шартномани тузиш пайтида харидор буни амалга оширишда аҳамиятли иқтисодий рағбатга эга ёки эга эмаслигини баҳолаши лозим. Харидор томонидан ушбу ҳуқуқни амалга ошириши харидор амалда белгиланган муддат давомида ушбу активдан фойдаланиш ҳуқуқи учун ташкилотга товон тўлашига олиб келади. Шунинг учун, агар харидор ушбу ҳуқуқни амалга оширишда аҳамиятли иқтисодий рағбатга эга бўлса, ташкилот ушбу шартномани 16-сон МҲҲСга мувофиқ ижара сифатида ҳисобга олиши лозим, бундан шартнома қайта ижарага олиш шарти билан сотиш операциясининг бир қисми бўлган ҳолат мустасно. Агар шартнома қайта ижарага олиш шарти билан сотиш операциясининг бир қисми бўлса, ташкилот активни тан олишни давом эттиради ва сотиб олувчидан олинган товон учун молиявий мажбуриятни тан олади. Ташкилот бундай молиявий мажбуриятни 9-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олиши лозим.


Б71. Харидорнинг ўз ҳуқуқидан фойдаланиш учун аҳамиятли иқтисодий рағбатга эга ёки эга эмаслигини аниқлаш учун ташкилот турли омилларни, шу жумладан қайта сотиб олиш нархининг ушбу сотиб олиш кунидаги активнинг кутилган бозор қийматига нисбати ва ҳуқуқнинг амал қилиш муддати тугашигача бўлган вақт оралиғини ҳисобга олиши лозим. Масалан, агар қайта сотиб олиш нархи активнинг бозор қийматидан аҳамиятли даражада ошиши кутилса, бу харидор пут опционни амалга оширишда аҳамиятли иқтисодий рағбатга эгалигини кўрсатиши мумкин.


Б72. Агар харидор активни дастлабки сотиш нархидан пастроққа сотиш ҳуқуқини амалга оширишда аҳамиятли иқтисодий рағбатга эга бўлмаса, ташкилот бу шартномани, Б20-Б27-бандларда баён этилганидек, маҳсулотни қайтариш ҳуқуқи билан сотиш тарзидан ҳисобга олиши лозим.


Б73. Агар активни қайта сотиб олиш нархи унинг дастлабки сотиш нархига тенг ёки ундан юқори бўлса, шунингдек активнинг кутилган бозор қийматидан ошса, шартнома моҳиятига кўра молиялаштириш шартномаси ҳисобланади ва шунинг учун Б68-бандга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим.


Б74. Агар активни қайта сотиб олиш нархи дастлабки сотиш нархига тенг ёки ундан юқори бўлса ва активнинг кутилган бозор қийматидан кам ёки унга тенг бўлса ҳамда харидор активни сотиш ҳуқуқини амалга оширишда аҳамиятли иқтисодий рағбатга эга бўлмаса, ташкилот бу келишувни Б20-Б27-бандларда баён этилгандагидек, маҳсулотни қайтариш ҳуқуқи билан сотиш тарзида ҳисобга олиши лозим.


Б75. Қайта сотиб олиш нархини сотиш баҳоси билан таққослаганда, ташкилот пулнинг вақт қийматини ҳисобга олиши лозим.


Б76. Агар опцион муддати тугаса ва у бажарилмай қолса, ташкилот мажбуриятни тан олишни бекор қилиши ва тушумни тан олиши лозим.



Консигнация келишувлари


Б77. Ташкилот маҳсулотни охирги харидорларга сотиш учун бошқа томонга (масалан, дилер ёки дистрибюторга) етказиб берганда, ташкилот ўша пайтда ушбу бошқа томон маҳсулот бўйича назоратни олган ёки олмаганини баҳолаши лозим. Бошқа томонга етказиб берилган маҳсулотлар, агар бошқа томон маҳсулотлар бўйича назоратни олмаган бўлса, консигнация келишуви асосида сақлаб турилиши мумкин. Шунга кўра, агар етказиб берилган маҳсулот консигнация асосида сақлаб турилган бўлса, ташкилот маҳсулотни бошқа томонга етказиб берганда тушумни тан олмаслиги лозим.


Б78. Келишув консигнация келишуви бўлиши аломатларига қуйидагилар киради, лекин улар билан чекланмайди:

(а) маҳсулот ташкилот томонидан маълум бир ҳодиса рўй бергунга қадар, масалан, дилер маҳсулотни харидорга сотиши ёки маълум бир муддат ўтгунча назорат қилинади;

(б) ташкилот маҳсулотни қайтариб беришни ёки маҳсулотни учинчи шахсга (масалан, бошқа дилерга) ўтказишни талаб қилиш имкониятига эга; ва

(в) дилерда маҳсулот учун тўловни тўлаш бўйича шартсиз мажбуриятга эга бўлмайди (лекин ундан депозит қўйиш талаб қилиниши мумкин).



Ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб

туриш келишувлари


Б79. Ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишуви - бу ташкилот харидорга маҳсулот учун ҳисоб тақдим қилган, аммо келгусида белгиланган вақтда харидорга ўзказилгунга қадар маҳсулотни жисмоний сақлаб туриш келишувидир. Масалан, харидор маҳсулотни сақлаш учун бўш жой йўқлиги ёки унинг режалаштирилган ишлаб чиқариш жадвали бажарилиши кечикаётганлиги сабабли бундай шартномани тузиш талаби билан ташкилотга мурожаат қилиши мумкин.


Б80. Ташкилот харидор ушбу маҳсулот бўйича назоратни қайси пайт олганини баҳолаш орқали маҳсулотни ўтказиш бўйича бажариш жавобгарлиги бажарилиши пайтини аниқлаши лозим (38-бандга қаранг). Баъзи шартномалар бўйича назорат шартномаларда назарда тутилган шартларга (шу жумладан, етказиб бериш ва юклаб жўнатиш шартларига) боғлиқ ҳолда, маҳсулот харидорга етказиб берилган пайтда ёки у юклаб жўнатилган пайтда ўтказилади. Лекин, баъзи бошқа шартномалар бўйича, маҳсулот жисмонан ташкилот томонидан сақлаб турилган бўлса ҳам, харидор маҳсулот бўйича назоратни олиши мумкин. Бундай ҳолатда, харидор, гарчи у жисмоний эгалик ҳуқуқидан фойдаланмасликни танлаган бўлса ҳам, маҳсулотдан фойдаланиш усулини белгилаш ва ундан қолган амалдаги барча нафларни олиш имкониятига эга бўлади. Бинобарин, ташкилот маҳсулотни назорат қилмайди. Бунинг ўрнига, ташкилот харидорга унга тегишли бўлган активни маъсулиятли сақлаш хизматини кўрсатади.


Б81. 38-банддаги талабларни қўллаш билан бир қаторда, харидор ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишувига мувофиқ маҳсулот бўйича назоратни олган деган хулосага келиш учун қуйидаги мезонларнинг барчаси бажарилиши лозим:

(а) ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишувини тузиш сабаби муҳим бўлиши лозим (масалан, харидор ушбу турдаги келишувни қўллаш бўйича сўров билан мурожаат қилган);

(б) маҳсулот харидорга тегишли эканлиги алоҳида идентификация қилиниши лозим;

(в) маҳсулот айни пайтда харидорга жисмоний ўтказилишга тайёр бўлиши лозим; ва

(г) ташкилотнинг маҳсулотдан фойдаланиш ёки уни бошқа харидорга ўтказиш имконияти бўлмаслиги лозим.


Б82. Агар ташкилот маҳсулотни ҳисоб тақдим этиш ва сақлаб туриш келишуви шартларида сотиш бўйича тушумни тан олса, ташкилот 22-30-бандларга мувофиқ ўзида қолган бажариш жавобгарликлари (масалан, масъулиятли сақлаш хизматини кўрсатиш бўйича) мавжудлигини баҳолаши ва 73-86-бандларга мувофиқ операция нархининг бир қисмини бундай жавобгарликларга тақсимлаши лозим.



Харидор томонидан қабул қилиш


Б83. 38(д) бандга мувофиқ, харидор томонидан актив қабул қилиниши, харидор активни назорат қилиш ҳуқуқини олганлигини кўрсатиши мумкин. Шартномаларнинг харидор томонидан қабул қилиш қоидалари, агар товар ёки хизмат келишилган параметрларга жавоб бермаса, харидорга шартномани бекор қилишга ёки ташкилотдан тузатишини талаб қилишга имкон беради. Харидор товар ёки хизматни назорат ҳуқуқини олганида, ташкилот баҳолашда бундай ҳолатларни ҳисобга олиши лозим.


Б84. Агар ташкилот товар ёки хизматни назорат қилиш шартномада назарда тутилган келишилган параметрларга мувофиқ харидорга топширилганлигини холисона аниқлай олса, харидор томонидан қабул қилиш харидор қачон товар ёки хизмат бўйича назоратни олганлиги тўғрисида ташкилотнинг хулосасига таъсир кўрсатмайдиган расмиятчилик бўлиб қолади. Масалан, агар харидор томонидан қабул қилиш шартлари белгиланган ўлчамлар ва вазн параметрларига мувофиқ бўлишга асосланган бўлса, ташкилот ушбу мезонларнинг харидор қабул қилганлиги тўғрисида тасдиқ олишдан олдин бажарилишини аниқлай олади. Ташкилотнинг ўхшаш товарларга ёки хизматларга шартномалар тузиш тажрибаси харидорга тақдим этилаётган товар ёки хизмат келишилган шартнома параметрларига жавоб беришидан далолат бериши мумкин. Агар тушум харидор томонидан қабул қилишдан олдин тан олинса ҳам, ташкилот қолган бажариш жавобгарликларининг мавжудлигини (масалан, ускунани ўрнатиш мажбурияти) таҳлил қилиши ва уларни алоҳида ҳисобга олиш лозимлигини баҳолаши лозим.


Б85. Лекин, агар ташкилот харидорга ўтказилган товар ёки хизматнинг келишилган шартнома параметрларига мос келишини холисона аниқлай олмаса, ташкилот харидор томонидан қабул қилиш тўғрисидаги маълумотни олмагунча, харидор назоратни олган деган хулоса қила олмайди. Бунинг сабаби, бундай ҳолатда ташкилот харидорнинг товар ёки хизматдан фойдаланиш усулини белгилаш ва ундан қолган амалдаги барча нафларни олиш имкониятига эга эканлигини аниқлай олмайди.


Б86. Агар ташкилот маҳсулотни синов тариқасида ўтказиш ёки баҳолаш мақсадида харидорга етказиб берса ва харидор ташкилотга синов муддати тугашидан олдин бирор бир товон тўлаш мажбуриятига эга бўлмаса, маҳсулот бўйича назорат харидорга маҳсулотни қабул қилгандан ёки синов муддати тугагандан кейин ўтказилади.



Батафсиллаштирилган тушум тўғрисида

маълумотларни ёритиб бериш


Б87. 114-бандга мувофиқ ташкилот харидорлар билан шартномалар бўйича тушум тўғрисидаги маълумотларни иқтисодий омиллар тушум ва пул оқимларининг характери, миқдори, муддати ва ноаниқлигига қандай таъсир қилишини акс эттирадиган тоифалар бўйича тақсимлаши лозим. Бинобарин, ушбу маълумотларни ёритиб бериш талабини бажариш учун тушумни батафсиллаштириш даражаси ташкилотнинг харидорлар билан шартномаларга тааллуқли далиллар ва ҳолатларга боғлиқ. 114-банддаги тушумни батафсиллаштириш мақсадига эришиш учун баъзи ташкилотлар бир нечта тоифадан фойдаланишига тўғри келиши мумкин. Бошқа ташкилотлар ушбу мақсадга тушумни батафсиллаштиришнинг фақат битта тоифасидан фойдаланиш орқали эришишлари мумкин.


Б88. Тушумни батафсиллаштириш учун фойдаланиладиган тоифани (ёки тоифаларни) танлашда ташкилот тушум тўғрисидаги маълумотлар бошқа мақсадлар учун қандай тарзда тақдим этилганлигини, шу жумладан қуйидагиларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим:

(а) молиявий ҳисоботдан ташқари маълумотларни (масалан, фойда тўғрисидаги ҳисоботларда, йиллик ҳисоботларда ёки инвесторлар учун тақдимотларда) ёритиб бериш;

(б) операцион сегментларнинг молиявий натижаларини баҳолаш учун операцион қарорлар қабул қилувчи бошқарув органи томонидан доимий равишда таҳлил қилинадиган маълумотлар; ва

(в) ташкилот томонидан ёки ташкилотнинг молиявий ҳисоботидан фойдаланувчилар томонидан ташкилот молиявий фаолиятини баҳолаш ёки ресурсларни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиши учун фойдаланиладиган, Б88(а) ва (б) кичик бандларида идентификация қилинган маълумотлар турларига ўхшаш бошқа маълумотлар.


Б89. Ўринли бўлган тоифаларга мисоллар қуйидагиларни ўз ичига олади, лекин улар билан чекланмайди:

(а) маҳсулот ёки хизмат тури (масалан, асосий маҳсулот линиялари);

(б) географик минтақа (масалан, мамлакат ёки минтақа);

(в) бозор ёки харидорлар синфи (масалан, давлат ва нодавлат секторлари харидорлари);

(г) шартнома тури (масалан, қатъий белгиланган нархдаги шартномалар ва сарфланган иш вақти қийматини ва материаллар учун тўловни назарда тутадиган шартномалар);

(д) шартноманинг амал қилиш муддати (масалан, қисқа ва узоқ муддатли шартномалар);

(е) товарларни ёки хизматларни ўтказишнинг вақт бўйича тақсимланиши (масалан, муайян вақт нуқтасида харидорларга ўтказилган товарлар ҳамда хизматлардан тушум ва давр мобайнида ўтказиладиган товарлар ёки хизматлардан тушум); ва

(ё) сотиш каналлари (масалан, бевосита харидорларга сотиладиган товарлар ва воситачилар орқали сотиладиган товарлар).

        

         




В ИЛОВА



КУЧГА КИРИШ САНАСИ

ВА ЎТИШ ҚОИДАЛАРИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисми бўлиб, МҲХСнинг бошқа қисмлари каби тенг кучлидир.



Кучга кириш санаси


В1. Мазкур Стандарт ташкилотлар томонидан 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур стандартни олдинроқ санадан бошлаб қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


В1A. 2016 йил январь ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС "Ижара" бўйича 5, 97, Б66 ва Б70-бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


В1Б. 2016 йил апрель ойида эълон қилинган 15-cон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум"га аниқлик киритишга мувофиқ 26, 27, 29, Б1, Б34-Б38, Б52-Б53, Б58, В2, В5 вa В7-бандларига ўзгартиришлар киритилган, Б57-банд чиқариб ташланган ва Б34A, Б35A, Б35Б, Б37A, Б59A, Б63A, Б63Б, В7A вa В8A бандлар киритилган. Ташкилотлар мазкур ўзгартиришларни 2018 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


В1В. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]



Ўтиш қоидалари


В2. В3-В8-бандлардаги ўтиш талаблари мақсадларида:

(а) дастлабки қўллаш санаси бу ташкилот мазкур стандартни дастлаб қўллаган йиллик ҳисобот даврининг боши ҳисобланади;

(б) бажарилган шартнома бу ташкилот у бўйича 11-сон БҲХС "Қурилиш шартномалари", 18-сон БҲХС "Тушум"га мувофиқ идентификация қилинган барча товарларни ёки хизматларни ўтказган шартнома ҳисобланади.


В3. Ташкилот мазкур стандартни қуйидаги икки усулдан биридан фойдаланган ҳолда қўллайди:

(а) 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ тақдим этилган ҳар бир олдинги ҳисобот даври учун ретроспектив тарзда, В5-банддаги соддалаштиришларни ҳисобга олган ҳолда; ёки

(б) мазкур стандартни дастлабки қўллаш санасида В7-В8-бандларга мувофиқ дастлабки татбиқ этишнинг жамланган таъсирини ретроспектив тарзда тан олган ҳолда.


В4. 8-сон БҲХСнинг 28-банди талабларига қарамай, мазкур стандартни биринчи марта қўллашда ташкилот 8-сон БҲХСнинг 28(е)-банди билан талаб қилинадиган миқдорий маълумотларни фақат мазкур стандарт қўлланадиган биринчи йиллик даврдан бевосита олдинги давр учун ва агар ташкилот мазкур стандартни В3(а) бандга мувофиқ ретроспектив равишда қўлласа ("бевосита олдинги давр"), тақдим этиши лозим. Ташкилот мазкур маълумотларни жорий давр учун ёки олдинги қиёсий даврлар учун ҳам тақдим этиши мумкин, аммо буни амалга ошириш талаб этилмайди.


В5. Ташкилот мазкур стандартни В3(а) бандга мувофиқ ретроспектив тарзда қўллаш орқали қуйидаги амалий жиҳатдан соддалаштиришларнинг бирини ёки бир нечтасидан фойдаланиши мумкин:

(а) бажарилган шартномалар бўйича ташкилот қуйидаги шартномаларни қайта ҳисоблаши шарт эмас:

(i) амал қилиш муддати бир йиллик ҳисобот даврида бошланадиган ва тугайдиган шартномалар; ёки

(ii) тақдим этилган энг олдинги даврнинг бошида якунланган шартномалар.

(б) ўзгарувчан товон назарда тутилган бажарилган шартномалдар бўйича ташкилот қиёсий ҳисобот даврларидаги ўзгарувчан товоннинг баҳолаш суммалари ўрнига шартнома бажарилган санадаги операция нархини қўллаши мумкин; ва

(в) дастлабки қўллаш санасигача тақдим этилган модификация қилинган шартномалар бўйича ташкилот 20-21-бандларга мувофиқ бундай шартномани ретроспектив тарзда қўлламайди. Бунинг ўрнига, ташкилот қуйидаги тақдим этилган энг эрта давр бошланишидан олдин содир бўлган модификацияларнинг жами таъсирини ак эттириши лозим:

(i) бажарилган ва бажарилмаган жавобгарликларни идентификациялаш;

(ii) операция нархини аниқлаш; ва

(iii) операция нархини бажарилган ва бажарилмаган жавобгарликка тақсимлаш.

(г) дастлабки қўллаш санасигача тақдим этилган барча ҳисобот даврлари учун ташкилот операция нархини қолган бажариш жавобгарликларига тақсимланганлигини ёритиб бериши , шунингдек ташкилот ушбу суммаларни тушум сифатида қачон тан олишни кутаётганлигини тушунтириб бериши талаб этилмайди (120-бандга қаранг).


В6. Агар ташкилот В5-банддаги бирон бир амалий жиҳатдан соддалаштиришдан фойдаланса, ташкилот шундай соддалаштиришни изчил тарзда ҳисобот давридаги барча шартномалар бўйича қўллаши лозим. Бундан ташқари, ташкилот қуйидаги барча маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) қўлланилган соддалаштиришлар; ва

(б) ҳар бир соддалаштиришнинг ҳисобланган таъсирини асосланган тарзда имкон қадар сифатли баҳолаш.


В7. Агар ташкилот мазкур стандартни В3(б) бандга мувофиқ ретроспектив тарзда қўллаш имкониятидан фойдаланса, ташкилот мазкур стандартни дастлабки қўллашнинг жамланган таъсирини дастлабки қўллаш санасини ўз ичига олган йиллик ҳисобот даврининг бошланишидаги тақсимланмаган фойда қолдиғини (ёки, тегишли равишда, хусусий капиталнинг бошқа компонентини) тузатиш сифатида тан олиши лозим. Мазкур ўтиш қоидасига мувофиқ ташкилот мазкур стандартни ретроспектив тарзда фақат дастлабки қўллаш санасида бажарилган ҳолатда бўлмаган шартномаларга татбиқ этиши лозим (масалан, ҳисобот йили 31 декабрда якунланадиган ташкилот учун 2018 йил 1 январь).


В7A. Мазкур стандартни В3(б) бандига мувофиқ ретроспектив тарзда қўллайдиган ташкилот, шунингдек, В5(в) бандида келтириб ўтилган амалий жиҳатдан соддалаштириш мақсадларида қуйидагилар учун фойдаланиши мумкин:

(a) тақдим этилган энг олдинги давр бошланишидан аввал юзага келган барча шартнома модификациялари учун; ёки

(б) дастлабки қўллаш санасидан олдин юзага келган барча шартнома модификациялари учун.

Агар ташкилот ушбу амалий жиҳатдан соддалаштиришни қўлласа, у ушбу соддалаштиришни барча шартномаларга нисбатан изчил тарзда қўллаши ва шунингдек, В6-бандда кўрсатилган талабларга мувофиқ маълумотни ёритиб бериши лозим.


В8. Агар мазкур стандарт В3(б) бандга мувофиқ ретроспектив тарзда қўлланган бўлса, дастлабки қўллаш санасини ўз ичига олган ҳисобот даврлари учун ташкилот қуйидаги кичик бандларда келтирилган маълумотларни қўшимча ёритиб бериши лозим:

(а) мазкур стандартни қўллаш натижасида молиявий ҳисобот ҳар бир сатр моддасига жорий ҳисобот даврида 11-сон БҲХС, 18-сон БҲХС ва мазкур ўзгаришларга қадар амалда бўлган шарҳлар билан солиштирганда таъсир кўрсатадиган сумма;

(б) В8(а) бандда идентификацияланган аҳамиятли ўзгаришларнинг сабабларини тушунтириш.


В8A. Ташкилот 8-сон БҲХСга мувофиқ 15-сон МҲХСга аниқлик киритишларни ретроспектив тарзда қўллаши лозим (В1Б бандга қаранг). Мазкур ўзгартиришларни ретроспектив қўллашда ташкилот ушбу тушунтиришларни 15-cон МҲХСнинг дастлабки қўллаш санасида киритилгандек қўллайди. Бинобарин, ташкилот мазкур ўзгартиришларни ҳисобот даврларига ёки 15-cон МҲХС талаблари В2-В8-бандларига мувофиқ қўлланмаган шартномаларга қўллаши талаб этилмайди. Масалан, агар ташкилот 15-сон МҲХСни В3(б) бандига асосан фақатгина дастлабки қўллаш санасида бажарилмаган шартномаларга нисбатан қўлласа, ташкилот дастлабки қўллаш санасида 15-сон МҲҲСга ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда бажарилган шартномаларни қайта ҳисоблаши талаб этилмайди.



9-сон МҲХСга ҳаволалар


В9. Агар ташкилот мазкур стандартни қўллаган, лекин ҳали 9-сон МҲХСҲХС "Молиявий инструментлар"ни қўлламаган бўлса, 9-сон МҲХСга ҳар қандай ҳавола 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш"га ҳавола тарзида ўқилиши лозим. Тан олиш ва баҳолаш.



Бошқа МҲХС ўз кучини йўқотиши


В10. Мазкур стандарт қуйидаги стандарларни ўрнини эгаллайди:

(a) 11-сон БҲХС "Қурилиш шартномалари";

(б) 18-сон БҲХС "Тушум";

(в) 13-сон МҲХСШҚ шарҳи "Харидор лояллиги дастурлари";

(г) 15-сон МҲХСШҚ шарҳи "Кўчмас мулк объектлари қурилиши бўйича шартномалар";

(д) 18-сон МҲХСШҚ шарҳи "Харидорлар томонидан активларни ўтказиш"; ва

(е) 31-сон ШДҚ шарҳи "Тушум - реклама хизматларини ўз ичига олган бартер операциялари".

           

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь