Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 21 "Валюта курсларидаги ўзгаришларнинг таъсирлари" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 11-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

11-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 21 "ВАЛЮТА КУРСЛАРИДАГИ

ЎЗГАРИШЛАРНИНГ ТАЪСИРЛАРИ"



Мақсад


1. Ташкилот чет эл валютасидаги операцияларни икки усулда амалга ошириши мумкин. У чет эл валютасида ифодаланган операцияларни амалга ошириши ёки чет элдаги бўлинмага эга бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ташкилот молиявий ҳисоботини чет эл валютасида тақдим этиши мумкин. Ушбу стандартнинг мақсади чет эл валютасидаги операцияларни ва чет элдаги бўлинмани қандай қилиб молиявий ҳисоботда акс эттиришни ҳамда молиявий ҳисоботни тақдим этиш валютасига қандай қилиб ўтказишни белгилашдан иборатдир.


2. Асосий масалалар бўлиб қайси айирбошлаш курс(лар)идан фойдаланиш ва молиявий ҳисоботда айирбошлаш курсларидаги ўзгаришлар таъсирларини қандай қилиб тақдим этиш ҳисобланади.



Қўллаш доираси


3. Мазкур стандарт қуйидаги ҳолатларда қўлланиши лозим*:

(a) чет эл валюталаридаги операцияларни ва қолдиқларни ҳисобга олишда, бундан 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"нинг қўллаш доирасидаги дериватив операциялар ва қолдиқлар мустасно;

(б) консолидациялаш ёки улушли қатнашиш усули орқали ташкилотнинг молиявий ҳисоботида акс эттириладиган чет элдаги бўлинманинг фаолият натижаларини ва молиявий ҳолатини бир валютадан бошқа валютага ўтказишда; ва

(в) ташкилотнинг фаолият натижаларини ва молиявий ҳолатини ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказишда.


4. 9-сон МҲХС кўпгина чет эл валютасидаги деривативларга нисбатан қўлланади ва шунга мувофиқ улар мазкур стандартнинг қўллаш доирасига кирмайди. Лекин, 9-сон МҲХСнинг қўллаш доирасида бўлмаган чет эл валютасидаги деривативлар (масалан, бошқа шартномаларга бириктирилган баъзи чет эл валютасидаги деривативлар) мазкур стандартнинг қўллаш доирасига киради. Шу билан бирга, мазкур стандарт ташкилот деривативларга тегишли суммаларни функционал валютасидан ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказганда ҳам қўлланади.


5. Мазкур стандарт чет эл валютасидаги моддалар бўйича хежлаш ҳисобига, жумладан чет элдаги бўлинмага соф инвестицияни хежлашга нисбатан қўлланмайди. Хежлаш ҳисобига нисбатан 9-сон МҲХС қўлланади.


6. Мазкур стандарт ташкилотнинг молиявий ҳисоботини чет эл валютасида тақдим этишга нисбатан қўлланади ва бундай молиявий ҳисоботни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХСлар) мувофиқ акс эттирилиши учун талабларни белгилайди. Ушбу талабларга жавоб бермайдиган молиявий маълумотларни чет эл валютасига ўтказиш учун мазкур стандарт ёритиб берилиши талаб этиладиган маълумотларни белгилайди.


7. Мазкур стандарт пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда чет эл валютасидаги операциялардан юзага келадиган пул оқимларини акс эттиришга ёки чет элдаги бўлинманинг пул оқимларини бир валютадан бошқа валютага ўтказишга нисбатан қўлланмайди (7-сон БҲХС "Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот"га қаранг).



Таърифлар


8. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Хисобот санасидаги курс - бу ҳисобот даври охиридаги жорий айирбошлаш курсидир.

Курс фарқи - бу бир валюта бирликларининг маълум миқдорини турли айирбошлаш курсларида бошқа валютага ўтказишдан юзага келадиган фарқдир.

Айирбошлаш курси - бу бир валютани бошқасига айирбошлаш коэффициентидир.

Ҳаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"га қаранг.)

Чет эл валютаси - бу ташкилотнинг функционал валютасидан фарқли бўлган валютадир.

Чет элдаги бўлинма - бу фаолияти ҳисобот берувчи ташкилот мамлакатидан бошқа мамлакатда амалга ошириладиган ёки ҳисобот берувчи ташкилотнинг валютасидан фарқли бўлган валютага асосланган, ҳисобот берувчи ташкилотнинг шўъба ташкилоти, таъсир остидаги ташкилоти, биргаликдаги фаолият бўйича келишуви ёки филиали бўлган ташкилотдир.

Функционал валюта - бу ташкилот фаолият юритадиган асосий иқтисодий муҳитнинг валютасидир.

Гуруҳ - бу бош ташкилот ва унинг барча шўъба ташкилотларидир.

Монетар моддалар - нақд ҳолатда бўлган валюта бирликлари, шунингдек қатъий белгиланган ва ёки аниқласа бўладиган валюта бирликлари миқдори билан ифодаланган олиниши ёки тўланиши керак бўлган активлар ва мажбуриятлардир.

Чет элдаги бўлинмага соф инвестициялар - бу ҳисобот берувчи ташкилотнинг ушбу бўлинманинг соф активларидаги улушидир.

Ҳисобот тақдим этиш валютаси - бу молиявий ҳисобот тақдим этиладиган валютадир.

Жорий айирбошлаш курси - бу дарҳол айирбошлаш учун мавжуд бўлган курсдир.



Таърифларни батафсил аниқлаштириш


Функционал валюта


9. Ташкилот фаолият юритадиган асосий иқтисодий муҳит бу одатда пул маблағларининг асосий қисми ишлаб топиладиган ва сарфланадиган муҳит ҳисобланади. Ташкилот функционал валютасини аниқлашда қуйидаги омилларни инобатга олади:

(a) қуйидаги валютани:

(i) товарлар ва хизматларнинг сотиш нархларига энг кўп таъсир кўрсатадиган валютани (бу кўп ҳолларда товарлар ва хизматларнинг сотиш нархлари белгиланадиган ва ҳисоб-китоб қилинадиган валютадир); ва

(ii) товарлар ва хизматларнинг сотиш нархлари асосан рақобат шартлари ва меъёрий ҳужжатлар асосида аниқланадиган мамлакатнинг валютасини.

(б) товарлар ёки хизматларни таъминлашда ишчи кучи, хом-ашё ва бошқа сарфларга асосан таъсир қиладиган валюта (бу кўп ҳолларда бундай сарфлар белгиланадиган ва ҳисоб-китоб қилинадиган валютадир).


10. Ташкилотнинг функционал валютасини аниқлашда қуйидаги омиллардан ҳам фойдаланиш мумкин:

(a) молиявий фаолиятдан (масалан, қарз ва улушли инструментларни чиқаришдан) келиб тушадиган валюта.

(б) операцион фаолиятдан келиб тушадиган маблағлар одатда сақланадиган валюта.


11. Қуйидаги қўшимча омиллар чет элдаги бўлинманинг функционал валютасини ҳамда унинг функционал валютаси ҳисобот берувчи ташкилотнинг функционал валютаси билан бир хиллигини аниқлашда инобатга олинади (ушбу ҳолатда ҳисобот берувчи ташкилот деганда шўъба ташкилот, филиал, таъсир остидаги ташкилот, ёки биргаликдаги фаолият бўйича келишув тарзидаги чет элдаги бўлинмага эга ташкилот тушунилади):

(a) чет элдаги бўлинма ўз фаолиятини ҳисобот берувчи ташкилотнинг кенгайтирилган фаолияти тарзида ёки аҳамиятли даражада мустақил амалга ошириши. Ушбу ҳолатларнинг биринчисига мисол тариқасида, чет элдаги бўлинма фақатгина ҳисобот берувчи ташкилотдан импорт қилинган товарларни сотадиган ва унга тушумларни ўтказиб берадиган ҳолатни келтириш мумкин. Ушбу ҳолатларнинг иккинчисига мисол тариқасида, чет элдаги бўлинма пул маблағларини ва бошқа монетар моддаларини жамғариш, харажатларни амалга ошириш, даромад топиш ва қарзларни олишнинг барчасини асосан ўзининг маҳаллий валютасида ташкил этадиган ҳолатни келтириш мумкин.

(б) ҳисобот берувчи ташкилот билан операциялар чет элдаги бўлинма умумий операциялари ҳажмининг кўп ёки кам улушини ташкил этиши.

(в) чет элдаги бўлинма фаолиятидан пул оқимлари ҳисобот берувчи ташкилотнинг пул оқимларига бевосита таъсир этиши ва унга ўтказиб бериш учун исталган пайтда тайёр бўлиши.

(г) чет элдаги бўлинманинг фаолиятидан пул оқимлари ҳисобот берувчи ташкилотнинг маблағларини жалб қилмаган ҳолда, мавжуд ва одатда кутиладиган қарз мажбуриятларини қоплаш учун етарли бўлиши.


12. Юқоридаги кўрсаткичлар ягона хулосага келиш имконини бермаса ва функционал валюта аниқ бўлмаса, раҳбарият тегишли операциялар, ҳодисалар ва шартларнинг иқтисодий оқибатларини энг юқори даражада рўйи-рост тақдим этадиган функционал валютани аниқлашда ўз мулоҳазасидан фойдаланади. Ушбу ёндашувнинг бир қисми сифатида, раҳбарият ташкилотнинг функционал валютасини аниқлашда қўшимча асосларни таъминлашга қаратилган 10 ва 11 бандлардаги кўрсаткичларни кўриб чиқишдан олдин, асосий эътиборини 9 банддаги бирламчи кўрсаткичларга қаратади.


13. Ташкилотнинг функционал валютаси унга тегишли операциялар, ҳодисалар ва шартларни акс эттиради. Шунга кўра, функционал валюта бир марта аниқлангандан сўнг, бундай операциялар, ҳодисалар ва шартларда ўзгариш бўлмагунча функционал валюта ўзгартирилмайди.


14. Агар функционал валюта гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлса, ташкилотнинг молиявий ҳисоботи 29-сон БҲХС "Гиперинфляцияли иқтисодиётда молиявий ҳисобот"га мувофиқ қайта ҳисобланади. Ташкилот мазкур стандартга мувофиқ аниқланган функционал валютадан бошқа валютани функционал валюта сифатида (масалан, унинг бош ташкилотининг функционал валютасини) қабул қилиш орқали 29-сон БҲХСга мувофиқ қайта ҳисоблашни четлаб ўта олмайди.



Чет элдаги бўлинмага соф инвестиция


15. Ташкилот чет элдаги бўлинмадан олинадиган ёки унга тўланадиган монетар моддага эга бўлиши мумкин. Сўндирилиши яқин келажакда режалаштирилмаган ва содир бўлиш эҳтимоли бўлмаган модда, моҳиятан, ташкилотнинг ушбу чет элдаги бўлинмага соф инвестициясининг бир қисми ҳисобланади ва у 32 ва 33 бандларга мувофиқ ҳисобга олинади. Бундай монетар моддалар узоқ муддатли дебиторлик қарзларини ёки берилган қарзларни ўз ичига олиши мумкин. Улар савдо дебиторлик қарзлари ёки савдо кредиторлик қарзларини ўз ичига олмайди.


15A. 15-бандда тавсифланган чет элдаги бўлинмадан олинадиган ёки унга тўланадиган монетар моддага эга ташкилот гуруҳнинг ҳар қандай шўъба ташкилоти бўлиши мумкин. Масалан, ташкилот иккита, А ва Б, шўъба ташкилотларига эга. Б шўъба ташкилот чет элдаги бўлинмадир. А шўъба ташкилоти Б шўъба ташкилотига қарз беради. Б шўъба ташкилотидан олинадиган қарз, агар қарзнинг сўндирилиши яқин келажакда режалаштирилмаган бўлса ва содир бўлиш эҳтимоли бўлмаса, бундай олинадиган қарз А шўъба ташкилотининг Б шўъба ташкилотига соф инвестициясининг бир қисми ҳисобланади. Юқоридаги ҳолат А шўъба ташкилотининг ўзи чет элдаги бўлинма бўлганда ҳам амал қилади.



Монетар моддалар


16. Монетар модданинг асосий жиҳати бу валюта бирликларининг қатъий белгиланган ёки аниқланадиган миқдорини олиш ҳуқуқидир (ёки ўтказиш мажбуриятидир). Мисол тариқасида пул маблағларида тўланадиган пенсиялар ва ходимларнинг бошқа даромадлари, пул маблағларида сўндириладиган баҳоланган мажбуриятлар, ижара мажбуриятлари ва мажбурият сифатида тан олинган пул маблағларида тўланадиган дивидендларни келтириш мумкин. Худди шу каби, олинадиган (ёки ўтказиладиган) ҳаққоний қиймат валюта бирликларининг қатъий белгиланган ёки аниқланадиган миқдорига тенг бўлган ҳолатдаги ташкилотнинг улушли инструментларининг ўзгарувчан миқдорини ёки активларнинг ўзгарувчан қийматини олиш (ёки ўтказиш) бўйича шартнома монетар модда ҳисобланади. Аксинча, номонетар модданинг асосий жиҳати бу валюта бирликларининг қатъий белгиланган ёки аниқланадиган миқдорини олиш ҳуқуқининг (ёки ўтказиш мажбуриятининг) мавжуд эмаслигидир. Мисол тариқасида товарлар ва хизматлар учун олдиндан тўланган суммалар, гудвил, номоддий активлар, захиралар, асосий воситалар, фойдаланиш хуқуқидаги актив, ва номонетар активни ўтказиш орқали сўндириладиган баҳоланган мажбуриятларни келтириш мумкин.



Мазкур стандарт талаб этадиган

ёндашувнинг қисқа баёни


17. Молиявий ҳисоботни тайёрлашда ҳар бир ташкилот, яъни мустақил ташкилот, чет элдаги бўлинмаларга эга ташкилот (масалан, бош ташкилот) ёки чет элдаги бўлинма (масалан, шўъба ташкилот ёки филиал) 9 - 14 бандларга мувофиқ ўз функционал валютасини аниқлайди. Ташкилот чет эл валютасидаги моддаларни функционал валютага ўтказади ва бундай ўтказишнинг таъсирларини 20 - 37 ва 50 бандларга мувофиқ тақдим этади.


18. Кўпчилик ҳисобот берувчи ташкилотлар бир қатор алоҳида ташкилотларни қамраб олади (масалан, бош ташкилот ва бир ёки ундан ортиқ шўъба ташкилотларидан иборат гуруҳ). Турли хилдаги ташкилотлар, улар бирор гуруҳнинг аъзоси бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, таъсир остидаги ташкилотларда ёки биргаликдаги фаолият бўйича келишувларда инвестицияларга эга бўлиши мумкин. Улар филиалларга ҳам эга бўлиши мумкин. Ҳисобот берувчи ташкилот таркибига кирадиган ҳар бир алоҳида ташкилотнинг фаолият натижаларини ва молиявий ҳолатини ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботини тақдим этадиган валютасига ўтказиш зарурдир. Мазкур стандарт ҳисобот берувчи ташкилотнинг ҳисобот тақдим этиш валютаси ҳар қандай валюта (ёки валюталар) бўлишига рухсат беради. Функционал валютаси ҳисобот тақдим этиш валютасидан фарқ қиладиган ҳисобот берувчи ташкилот таркибидаги ҳар қандай алоҳида ташкилотнинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати 38 - 50 бандларга мувофиқ бир валютадан бошқа валютага ўтказилади.


19. Мазкур стандарт, шунингдек, молиявий ҳисоботни тайёрлайдиган мустақил ташкилотга ёки 27-сон БҲХС "Алоҳида молиявий ҳисобот"га мувофиқ алоҳида молиявий ҳисоботни тайёрлайдиган ташкилотга молиявий ҳисоботини ҳар қандай валютада (ёки валюталарда) тақдим этишга рухсат беради. Агар ташкилотнинг ҳисобот тақдим этиш валютаси унинг функционал валютасидан фарқ қилса, унинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати ҳам 38 - 50 бандларга мувофиқ ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказилади.



Чет эл валютасидаги операцияларни

функционал валютада тақдим этиш


Дастлабки тан олиш


20. Чет эл валютасидаги операция чет эл валютасида белгиланган ёки чет эл валютасида сўндиришни талаб этадиган, шу жумладан ташкилот қуйидагиларни амалга оширганда юзага келадиган операциялардир:

(a) нархи чет эл валютасида белгиланган товарлар ёки хизматларни сотиб олиш ёки сотиш;

(б) тўланадиган ёки олинадиган суммалар чет эл валютасида белгиланганда пул маблағларини қарзга олиш ёки қарзга бериш; ёки

(в) бошқа ҳолларда чет эл валютасида белгиланган активларни харид қилиш ёки уларнинг чиқиб кетиши ёки мажбуриятларни ҳосил қилиш ёки уларни сўндириш.


21. Чет эл валютасидаги операция, функционал валютада дастлабки тан олишда, чет эл валютасидаги суммага операция санасидаги функционал валюта ва чет эл валютаси ўртасидаги жорий айирбошлаш курсини қўллаган ҳолда ҳисобга олиниши лозим.


22. Операция санаси операция МҲХСларга мувофиқ тан олиш мезонларига дастлаб жавоб берган санадир. Амалий қўллаш мақсадларида, кўп ҳолларда операция санасидаги ҳақиқий курсга яқинроқ курс фойдаланилади, масалан, ҳафта ёки ой учун ўртача курс ушбу давр мобайнида содир бўладиган ҳар бир чет эл валютасидаги барча операциялар учун фойдаланилиши мумкин. Лекин, айирбошлаш курслари аҳамиятли даражада тебранса, давр учун ўртача курсдан фойдаланиш ўринли бўлмайди.



Кейинги ҳисобот даврларининг якунида

ҳисоботни тақдим этиш


23. Ҳар бир ҳисобот даврининг якунида:

(a) чет эл валютасидаги монетар моддалар хисобот санасидаги курсдан фойдаланган ҳолда бир валютадан бошқа валютага ўтказилиши лозим;

(б) чет эл валютасида бошланғич қиймат бўйича баҳоланадиган номонетар моддалар операция санасидаги айирбошлаш курсидан фойдаланган ҳолда бир валютадан бошқа валютага ўтказилиши лозим; ва

(в) чет эл валютасида ҳаққоний қиймат бўйича баҳоланган номонетар моддалар ҳаққоний қиймат баҳоланган санадаги айирбошлаш курсларидан фойдаланган ҳолда бир валютадан бошқа валютага ўтказилиши лозим.


24. Модданинг баланс қиймати бошқа тегишли стандартларга боғлиқ ҳолда аниқланади. Масалан, асосий воситалар 16-сон БҲХС "Асосий воситалар"га мувофиқ ҳаққоний қийматда ёки бошланғич қийматда баҳоланиши мумкин. Баланс қиймати бошланғич қиймат асосида ёки ҳаққоний қиймат асосида аниқланишидан қатъий назар, агар бундай қиймат чет эл валютасида белгиланган бўлса, у мазкур стандартга мувофиқ функционал валютага ўтказилади.


25. Баъзи моддаларнинг баланс қиймати икки ёки ундан ортиқ суммаларни таққослаш орқали аниқланади. Масалан, захираларнинг баланс қиймати 2-сон БҲХС "Захиралар"га мувофиқ таннарх ва соф сотиш қийматининг кичиги билан аниқланади. Шунингдек, 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши"га мувофиқ, қадрсизланиш аломати мавжуд активнинг баланс қиймати унинг эҳтимолий қадрсизланишдан зарарни ҳисобга олишдан олдинги баланс қиймати ва қопланадиган қийматининг кичиги билан аниқланади. Бундай актив номонетар бўлса ва у чет эл валютасида баҳоланса, унинг баланс қиймати қуйидагиларни таққослаш орқали аниқланади:

(a) қиймат аниқланган санадаги айирбошлаш курсида бир валютадан бошқасига ўтказилган таннархи ёки, ўринлилигига қараб, баланс қиймати (яъни, бошланғич қийматда баҳоланган модда учун операция санасидаги валюта курси); ва

(б) қиймат аниқланган санадаги айирбошлаш курсида бир валютадан бошқа валютага ўтказилган соф сотиш қиймати ёки, ўринлилигига қараб, қопланадиган қиймат (масалан, ҳисобот даври охиридаги курс).

Ушбу таққослашнинг натижасида қадрсизланишдан зарар функционал валютада тан олинади, лекин чет эл валютасида тан олинмайди ёки аксинча.


26. Бир неча айирбошлаш курслари мавжуд бўлганда, операция билан боғлиқ келгуси пул оқимлари бўйича ёки агар пул оқимлари баҳолаш санасида содир бўлган бўлса, бундай операция бўйича қолдиқ сўндирилиши мумкин бўлган курс олинади. Агар икки валюта ўртасида айирбошлаш вақтинчалик мавжуд бўлмаса, айирбошлаш амалга ошириладиган кейинги биринчи курсдан фойдаланилади.



Курс фарқларини тан олиш


27. 3(a) ва 5 бандларда қайд қилинганидек, чет эл валютасидаги моддалар учун хежлаш ҳисобига нисбатан 9-сон МҲХС қўлланади. Хежлаш ҳисобини қўллаш ташкилотдан мазкур стандарт талаб этадиган курс фарқларини ҳисобга олиш тартибидан фарқ қилган ҳолда баъзи курс фарқларини ҳисобга олишни талаб этади. Масалан, 9-сон МҲХСга мувофиқ пул оқимини хежлашда хежлаш инструментлари сифатида ҳисобга олинадиган монетар моддалар бўйича курс фарқлари хежлаш самарали бўлган даражада дастлаб бошқа умумлашган даромадда тан олиниши талаб этилади.


28. Монетар моддаларни ҳисоб-китоб қилишда ёки монетар моддаларни давр мобайнида ёки олдинги молиявий ҳисоботда дастлабки тан олиш пайти бошқа валютага ўтказишда фойдаланилган курслардан бошқа курсларда бир валютадан бошқа валютага ўтказишда юзага келадиган курс фарқлари фойда ёки зарарда улар юзага келган даврда тан олиниши лозим, бундан 32-бандда қайд қилинган ҳолат мустасно.


29. Монетар моддалар чет эл валютасидаги операция натижасида юзага келса ва бунда операция санаси ва ҳисоб-китоб қилиш санаси ўртасидаги айирбошлаш курсида ўзгариш бўлса, курс фарқи юзага келади. Операция у содир бўлган ҳисобот даврида ҳисоб-китоб қилинса, барча курс фарқи ушбу даврда тан олинади. Лекин, операция кейинги ҳисобот даврида ҳисоб-китоб қилинса, ҳисоб-китоб қилиш санасигача бўлган ҳар бир даврда тан олинган курс фарқи ҳар бир давр мобайнида айирбошлаш курсларидаги ўзгариш орқали аниқланади.


30. Номонетар модда бўйича фойда ёки зарар бошқа умумлашган даромадда тан олинса, ушбу фойда ёки зарарнинг ҳар қандай айрибошлаш компоненти бошқа умумлашган даромадда тан олиниши лозим. Аксинча, номонетар модда бўйича фойда ёки зарар тегишли кўрсаткичлар тан олинса, ушбу фойда ёки зарарнинг ҳар қандай айрибошлаш компоненти фойда ёки зарарда тан олиниши лозим.


31. Бошқа МҲХСлар баъзи фойда ва зарарларни бошқа умумлашган даромадда тан олинишини талаб этади. Масалан, 16-сон БҲХС асосий воситаларни қайта баҳолаш бўйича юзага келадиган баъзи фойда ва зарарларни бошқа умумлашган даромадда тан олинишини талаб этади. Бундай актив чет эл валютасида баҳоланса, мазкур стандартнинг 23(в) банди қайта баҳоланган қийматни ушбу қиймат аниқланган санадаги курсдан фойдаланиб бошқа валютага ўтказилишини ва бунинг натижасидаги курс фарқини бошқа умумлашган даромадда тан олинишини талаб этади.


32. Ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмага соф инвестициясининг бир қисмини ташкил этадиган монетар модда бўйича юзага келадиган курс фарқлари (15-бандга қаранг), ўринлилигига қараб, ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботидаги ёки чет элдаги бўлинманинг индивидуал молиявий ҳисоботидаги фойда ёки зарарда тан олиниши лозим. Чет элдаги бўлинма ва ҳисобот берувчи ташкилотни ўз ичига олган молиявий ҳисоботда (масалан, чет элдаги бўлинма шўъба ташкилоти бўлган ҳолатдаги консолидациялашган молиявий ҳисобот) бундай курс фарқлари дастлаб бошқа умумлашган даромадда тан олиниши ва 48-бандга мувофиқ соф инвестицияни ҳисобдан чиқаришда хусусий капиталдан фойда ёки зарарга қайта таснифланиши лозим.


33. Монетар модда ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмага соф инвестициясининг бир қисмини ташкил этса ва ҳисобот берувчи ташкилотнинг функционал валютасида ифодаланган бўлса, 28-бандга мувофиқ чет элдаги бўлинманинг индивидуал молиявий ҳисоботида курс фарқи юзага келади. Агар бундай модда чет элдаги бўлинманинг функционал валютасида ифодаланган бўлса, 28-бандга мувофиқ курс фарқи ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида юзага келади. Агар бундай модда ҳисобот берувчи ташкилотнинг ёки чет элдаги бўлинманинг функционал валютасидан бошқа валютада ифодаланган бўлса, 28-бандга мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида ва чет элдаги бўлинманинг индивидуал молиявий ҳисоботида курс фарқи юзага келади. Бундай курс фарқлари чет элдаги бўлинма ва ҳисобот берувчи ташкилотни ўз ичига олган молиявий ҳисоботдаги (яъни, чет элдаги бўлинма консолидациялаш ёки улушли қатнашиш усули бўйича ҳисобга олинган молиявий ҳисоботдаги) бошқа умумлашган даромадда тан олинади.


34. Ташкилот бухгалтерия ҳисобини ва ёзувларини функционал валютасидан бошқа валютада юритса, ташкилот молиявий ҳисоботни тайёрлаш пайтида барча суммаларни 20 - 26 бандларга мувофиқ функционал валютага ўтказади. Бу эса ушбу моддалар дастлаб функционал валютада қайд этилганида, ҳосил бўлиши мумкин бўлган суммалар билан бир хил функционал валютадаги суммаларни келтириб чиқаради. Масалан, монетар моддалар функционал валютага ҳисобот санасидаги курсдан фойдаланиб ўтказилади ва бошланғич қиймат асосида баҳоланган номонетар моддалар уларни тан олинишига сабаб бўлган операция санасидаги айирбошлаш курсидан фойдаланиб функционал валютага ўтказилади.



Функционал валютадаги ўзгариш


35. Ташкилотнинг функционал валютаси ўзгарганда, ташкилот янги функционал валютага нисбатан қўлланадиган ўтказиш тартибларини ўзгариш санасидан бошлаб перспектив тарзда қўллаши лозим.


36. 13-бандда қайд қилинганидек, ташкилотнинг функционал валютаси унга тегишли операциялар, ҳодисалар ва шартларни акс эттиради. Шунга кўра, функционал валюта аниқлангандан сўнг, фақатгина ушбу тегишли операциялар, ҳодисалар ва шартларда ўзгариш бўлса, функционал валюта ўзгартирилиши мумкин. Масалан, товар ва хизматларнинг сотиш нархларига асосий таъсир кўрсатадиган валютанинг ўзгариши ташкилотнинг функционал валютасининг ўзгаришига олиб келиши мумкин.


37. Функционал валюта ўзгаришининг таъсири перспектив тарзда ҳисобга олинади. Бошқача қилиб айтганда, ташкилот барча моддаларни ўзгариш санасидаги айирбошлаш курсини қўллаган ҳолда янги функционал валютага ўтказади. Номонетар моддалар бўйича бир валютадан бошқа валютага ўтказиш натижасида ҳосил бўлган қиймат уларнинг бошланғич қиймати сифатида ҳисобга олинади. 32 ва 39(в) бандларга мувофиқ олдин бошқа умумлашган даромадда тан олинган чет элдаги бўлинмани бир валютадан бошқа валютага ўтказишдан юзага келадиган курс фарқлари чел элдаги бўлинмани ҳисобдан чиқаргунча хусусий капиталдан фойда ёки зарар таркибига қайта таснифланмайди.



Функционал валютадан фарқли бўлган ҳисобот

тақдим этиш валютасидан фойдаланиш


Ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказиш


38. Ташкилот молиявий ҳисоботини ҳар қандай валютада (ёки валюталарда) тақдим этиши мумкин. Агар ҳисобот тақдим этиш валютаси ташкилотнинг функционал валютасидан фарқ қилса, у фаолият натижаларини ва молиявий ҳолатини ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказади. Масалан, гуруҳ фарқли функционал валюталарга эга ташкилотларидан иборат бўлса, консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим этишда ҳар бир ташкилотнинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати умумий валютада акс эттирилади.


39. Функционал валютаси гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлмаган ташкилотнинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати қуйидаги тартиблардан фойдаланган ҳолда фарқли ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказилиши лозим:

(a) тақдим этиладиган ҳар бир молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот учун активлар ва мажбуриятлар (шу жумладан, қиёсий маълумотлар) ушбу молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот санасидаги курсда ўтказилиши лозим;

(б) тақдим этиладиган ҳар бир фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромадни акс эттирадиган ҳисобот учун даромад ва харажатлар (шу жумладан, қиёсий маълумотлар) тегишли операциялар содир бўлган саналардаги айирбошлаш курсларида ўтказилиши лозим; ва

(в) юзага келган барча курс фарқлари бошқа умумлашган даромад таркибида тан олиниши лозим.


40. Амалий қўллаш мақсадларида, кўп ҳолларда даромад ва харажат моддаларини ўтказишда операциялар содир бўлган саналардаги валюта курсларига яқинроқ курсдан, масалан давр учун ўртача курсдан фойдаланилади. Лекин, айирбошлаш курслари аҳамиятли даражада тебранса, давр учун ўртача курсдан фойдаланиш ўринли бўлмайди.


41. 39(в) бандда назарда тутилган курс фарқлари қуйидагилар натижасида юзага келади:

(a) даромад ва харажатларни операциялар содир бўлган саналардаги айирбошлаш курсларида ва актив ҳамда мажбуриятларни ҳисобот санасидаги курсларда бир валютадан бошқасига ўтказиш.

(б) соф активларнинг давр бошига қолдиғини олдинги ҳисобот санасидаги курсдан фарқ қиладиган ҳисобот санасидаги курс бўйича ўтказиш.

Ушбу курс фарқлари, айирбошлаш курсларидаги ўзгаришлар операцион фаолият бўйича жорий ва келгуси пул оқимларига кам таъсирга эгалиги ёки бевосита таъсирга эга эмаслиги туфайли, фойда ёки зарарда тан олинмайди. Курс фарқларининг жамғариладиган суммаси чет элдаги бўлинма ҳисобдан чиқарилгунга қадар хусусий капиталнинг алоҳида компонентида тақдим этилади. Курс фарқлари консолидацияланадиган, аммо тўлиқ эгаликда бўлмаган чет элдаги бўлинмага тегишли бўлса, бир валютадан бошқа валютага ўтказиш натижасида юзага келадиган ва назорат кучига эга бўлмаган улушларга тегишли бўлган жамғарилган курс фарқлари консолидациялашган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда назорат кучига эга бўлмаган улушларга тақсимланади ва уларнинг бир қисми сифатида тан олинади.


42. Функционал валютаси гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлган ташкилотнинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати қуйидаги тартиблардан фойдаланган ҳолда фарқли ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказилиши лозим:

(a) барча суммалар (яъни активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал моддалари, даромад ва харажатлар, шунингдек қиёсий маълумотлар) молиявий ҳолат тўғрисидаги энг сўнгги ҳисобот санасидаги курс бўйича ўтказилиши лозим, бундан қуйидаги ҳолат мустасно

(б) суммалар гиперинфляцияли бўлмаган иқтисодиётнинг валютасига ўтказилганда, қиёсланадиган суммалар ўтган йилнинг тегишли молиявий ҳисоботида жорий йил суммалари тарзида тақдим этилган суммалар бўлиши лозим (яъни нарх даражасидаги кейинги ўзгаришлар ёки айирбошлаш курсларидаги кейинги ўзгаришлар бўйича тузатишлар киритилмаган).


43. Ташкилотнинг функционал валютаси гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлса, ташкилот 42-бандда белгиланган бир валютадан бошқа валютага ўтказиш усулини қўллашдан олдин, 29-сон БҲХСга мувофиқ молиявий ҳисоботини қайта ҳисоблаши лозим, бундан гиперинфляцияли бўлмаган иқтисодиётнинг валютасига ўтказиладиган қиёсланадиган суммалар мустасно (42(б) бандга қаранг). Иқтисодиётда гиперинфляция тўхтаганда ва ташкилот молиявий ҳисоботини 29-сон БҲХСга мувофиқ қайта ҳисоблашни тўхтатса, у молиявий ҳисоботини қайта ҳисоблашдан тўхтаган санадаги нарх даражасида қайта ҳисобланган суммаларни ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказиш учун бошланғич қиймат сифатида фойдаланиши лозим.



Чет элдаги бўлинма бўйича маълумотларни

бир валютадан бошқа валютага ўтказиш


44. Чет элдаги бўлинма ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботига консолидациялаш ёки улушли қатнашиш усули орқали киритилиши учун чет элдаги бўлинманинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказилганда, 38 - 43 бандларга қўшимча тарзда, 45 - 47 бандлар қўлланади.


45. Чет элдаги бўлинманинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолатини ҳисобот берувчи ташкилотнинг фаолият натижалари ва молиявий ҳолати билан бирлаштиришда, масалан гуруҳ ичидаги қолдиқларни ва шўъба ташкилотининг гуруҳ ичидаги операцияларини чиқариб ташлашда, ташкилот одатдаги консолидациялаш тартибларига риоя этади (10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"га қаранг). Лекин, гуруҳ ичидаги монетар актив (ёки мажбурият), у қисқа муддатли ёки узоқ муддатли бўлишидан қатъий назар, консолидациялашган молиявий ҳисоботда валюта тебранишларининг натижаларини кўрсатмасдан тегишли гуруҳ ичидаги мажбуриятга (ёки активга) нисбатан чиқариб ташланмайди. Бунга сабаб, монетар модда бир валютани бошқасига ўтказиш бўйича мажбуриятни акс эттиради ва ҳисобот берувчи ташкилотга валюта тебранишлари орқали фойда ёки зарар олиб келади. Шу сабабли, ҳисобот берувчи ташкилотнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботида бундай курс фарқи фойда ёки зарар таркибида тан олинади ёки агар у 32-бандда келтирилган ҳолатлар натижасида юзага келса, у бошқа умумлашган даромад таркибида тан олинади ва чет элдаги бўлинма ҳисобдан чиқарилгунга қадар хусусий капиталнинг алоҳида компонентида жамғарилади.


46. Чет элдаги бўлинма молиявий ҳисоботининг санаси ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботи санасидан фарқ қилса, чет элдаги бўлинма одатда ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботи санаси билан бир хил бўлган санадаги қўшимча ҳисоботни тайёрлайди. Бу амалга оширилмаганда, 10-сон МҲХСга мувофиқ фарқли ҳисобот санасини қўллашга, ҳисобот саналари орасидаги фарқ уч ойдан ортиқ бўлмаслиги ва фарқ қилувчи саналар ўртасида содир бўладиган ҳар қандай аҳамиятли операциялар ёки бошқа ҳодисалар таъсирларига нисбатан тузатишлар амалга оширилиши лозим бўлган ҳолда, рухсат этилади. Бундай ҳолатда, чет элдаги бўлинманинг активлари ва мажбуриятлари чет элдаги бўлинманинг ҳисобот даври охиридаги валюта курсида бир валютадан бошқа валютага ўтказилади. Тузатишлар 10-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобот берувчи ташкилотнинг ҳисобот даври охирига қадар айирбошлаш курсларидаги аҳамиятли ўзгаришларга нисбатан амалга оширилади. Айнан шу ёндашув 28-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳрир)га мувофиқ таъсир остидаги ташкилот ва қўшма корхоналарга нисбатан улушли қатнашиш усулини қўллашда фойдаланилади.


47. Чет элдаги бўлинмани харид қилишдан юзага келадиган ҳар қандай гудвил ва ушбу чет элдаги бўлинмани харид қилишдан юзага келадиган активлар ва мажбуриятларнинг баланс қийматларига нисбатан ҳар қандай ҳаққоний қиймат тузатишлари чет элдаги бўлинманинг активлари ва мажбуриятлари сифатида ҳисобга олиниши лозим. Шунинг сабабли, улар чет элдаги бўлинманинг функционал валютасида акс эттирилиши ҳамда 39 ва 42-бандларга мувофиқ ҳисобот санасидаги курсда бир валютадан бошқа валютага ўтказилиши лозим.



Чет элдаги бўлинмани ҳисобдан чиқариш

ёки қисман ҳисобдан чиқариш


48. Чет элдаги бўлинмани ҳисобдан чиқаришда, ушбу чет элдаги бўлинмага тегишли курс фарқларининг жамғарилган суммаси яъни бошқа умумлашган даромадда тан олинган ва хусусий капиталнинг алоҳида компонентида жамғарилган сумма, ҳисобдан чиқариш бўйича фойда ёки зарарни тан олиш пайтида хусусий капитал таркибидан фойда ёки зарар таркибига қайта таснифланиши лозим (1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" (2007 йилдаги таҳрир)га қаранг).


48A. Ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасидаги барча улушини ҳисобдан чиқаришга қўшимча тарзда, қуйидаги қисман ҳисобдан чиқаришлар ҳам ҳисобдан чиқариш тарзида ҳисобга олинади:

(a) ташкилот қисман ҳисобдан чиқаришдан сўнг ўзининг собиқ шўъба ташкилотида назорат кучига эга бўлмаган улушни сақлаб қолишидан қатъий назар, қисман ҳисобдан чиқариш чет элдаги бўлинмани ўз ичига оладиган шўъба ташкилоти устидан назоратни йўқотишга олиб келса; ва

(б) биргаликдаги фаолият бўйича келишувдаги улушни қисман ҳисобдан чиқаришдан ёки чет элдаги бўлинмани ўз ичига оладиган таъсир остидаги ташкилотдаги улушни қисман ҳисобдан чиқаришдан сўнг сақланиб қоладиган улуш чет элдаги бўлинмани ўз ичига оладиган молиявий актив бўлса.


48Б. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига оладиган шўъба ташкилотини ҳисобдан чиқаришда, назорат кучига эга бўлмаган улушларда акс эттирилган ушбу чет элдаги бўлинмага тегишли курс фарқларининг жамғарилган суммаси ҳисобдан чиқарилиши лозим, лекин фойда ёки зарар таркибига қайта таснифланмаслиги лозим.


48В. Чет элдаги бўлинмани ўз ичига оладиган шўъба ташкилотини қисман ҳисобдан чиқаришда, ташкилот бошқа умумлашган даромад таркибида тан олинган курс фарқларининг жамғарилган суммасидаги пропорционал улушни ушбу чет элдаги бўлинмадаги назорат кучига эга бўлмаган улушларга қайта тақсимлаши лозим. Чет элдаги бўлинмани бошқа ҳар қандай қисман ҳисобдан чиқаришда, ташкилот фақат бошқа умумлашган даромадда тан олинган курс фарқларининг жамғарилган суммасидаги пропорционал улушини фойда ёки зарарга қайта таснифланиши лозим.


48Г. Ташкилотнинг чет элдаги бўлинмадаги улушини қисман ҳисобдан чиқариш ташкилотнинг чет элдаги бўлинмадаги эгалик улушининг камайишидир, бундан ҳисобдан чиқариш сифатида ҳисобга олинадиган 48А-банддаги камайишлар мустасно.


49. Ташкилот чет элдаги бўлинмадаги ўзининг улушини сотиш, тугатиш, устав капиталини қопланиши ёки ушбу ташкилотдан тўлиқ ёки қисман воз кечиш орқали ҳисобдан чиқариши ёки қисман ҳисобдан чиқариши мумкин. Ўзининг зарарлари сабабли ёки инвестор томонидан тан олинган қадрсизланиш сабабли, чет элдаги бўлинманинг баланс қийматини камайтириш қисман ҳисобдан чиқаришни англатмайди. Шу сабабли, бошқа умумлашган даромадда тан олинган валюта айирбошлашдан фойда ёки зарарнинг ҳеч қандай қисми камайтириш пайтида фойда ёки зарарга қайта таснифланмайди.



Барча курс фарқларининг солиқ

солишга таъсирлари


50. Чет эл валютасидаги операциялар бўйича фойда ва зарарлар ҳамда ташкилотнинг (чет элдаги бўлинма билан бирга) фаолият натижалари ва молиявий ҳолатини бошқа валютага ўтказишдан юзага келадиган курс фарқлари солиқ солиш таъсирларига эга бўлиши мумкин. Бундай солиқ солиш таъсирларига 12-сон БҲХС "Фойда солиқлари" қўлланади.



Маълумотларни ёритиб бериш


51. 53 ва 55 - 57 бандлардаги "функционал валюта"га ҳаволалар гуруҳ ҳолатида бош ташкилотнинг функционал валютасига тегишлидир.


52. Ташкилот қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) фойда ёки зарарда тан олинган курс фарқларининг суммаси, бундан 9-сон МҲХСга мувофиқ фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланган молиявий инструментлардан юзага келадиган курс фарқлари мустасно; ва

(б) бошқа умумлашган даромадда тан олинган ва хусусий капиталнинг алоҳида компонентида жамғарилган соф курс фарқлари ва бундай курс фарқлари суммасининг давр бошидаги ва охиридаги солиштирмаси.


53. Ҳисобот тақдим этиш валютаси функционал валютадан фарқ қилса, ушбу маълумот функционал валютани ва фарқли ҳисобот тақдим этиш валютасидан фойдаланиш сабабини ёритиб бериш билан бирга қайд қилиниши лозим.


54. Ҳисобот берувчи ташкилотнинг ёки аҳамиятли чет элдаги бўлинмасининг функционал валютаси ўзгарса, ушбу маълумот ва функционал валютанинг ўзгариш сабаби ёритиб берилиши лозим.


55. Ташкилот молиявий ҳисоботини унинг функционал валютасидан фарқ қиладиган валютада тақдим этса, у молиявий ҳисоботни, фақат ушбу ҳисобот МҲХСларнинг, жумладан 39 ва 42-бандларда белгиланган бир валютадан бошқа валютага ўтказиш усулининг, барча талабларига мувофиқ бўлса, МҲХСларга мувофиқ деб тавсифланиши лозим.


56. Ташкилот баъзида 55 банднинг талабларига жавоб бермаган ҳолда, молиявий ҳисоботини ёки бошқа молиявий маълумотларини унинг функционал валютаси бўлмаган бошқа валютада тақдим этади. Масалан, ташкилот молиявий ҳисоботидан фақат танланган моддаларни бошқа валютага ўтказиши мумкин. Муқобил тарзда, функционал валютаси гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлмаган ташкилот барча моддаларни энг сўнгги ҳисобот санасидаги курсда бир валютадан бошқа валютага ўтказиш орқали молиявий ҳисоботни бошқа валютага ўгказиши мумкин. Бундай конвертация қилиш МҲХСларга мувофиқ бўлмайди ва 57-бандга мувофиқ маълумотларни ёритиб бериш талаб этилади.


57. Ташкилот молиявий ҳисоботини ёки бошқа молиявий маълумотларини унинг функционал валютасидан ёки унинг ҳисобот тақдим этиш валютасидан фарқ қиладиган валютада акс эттирса ва 55-банд талабларига жавоб бермаса,:

(a) маълумотларни МҲХСларга мувофиқ маълумотлардан фарқлаш учун қўшимча маълумотлар тарзида аниқ белгилаши лозим;

(б) қўшимча маълумотлар акс эттирилган валютани кўрсатиши лозим; ва

(в) ташкилотнинг функционал валютасини ва қўшимча маълумотларни аниқлашда фойдаланилган бир валютадан бошқа валютага ўтказиш усулини ёритиб бериши лозим.



Кучга кириш санаси ва ўтиш қоидалари


58. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2005 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур стандартни 2005 йил 1 январдан олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


58A. 2005 йилнинг декабр ойида эълон қилинган "Чет элдаги бўлинмага соф инвестиция"га (21-сон БҲХСга ўзгартириш) асосан 15А банд киритилган ва 33-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2006 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади.


59. Ташкилот 47-бандни мазкур стандарт биринчи марта қўлланадиган молиявий ҳисобот даври бошидан кейин содир бўладиган барча харид қилишларга нисбатан перспектив тарзда қўллаши лозим. 47-бандни олдинги харид қилишларга нисбатан ретроспектив тарзда қўллашга рухсат этилади. Перспектив тарзда ҳисобга олинган, аммо мазкур стандарт биринчи марта қўлланадиган санадан содир бўлган чет элдаги бўлинмани харид қилиниши учун ташкилот олдинги йилларни қайта ҳисобламаслиги лозим ва ўз навбатида, ўринли бўлганда, ушбу харид қилишдан юзага келадиган гудвил ва ҳаққоний қиймат тузатишларини чет элдаги бўлинманинг активлари ва мажбуриятлари сифатида эмас, балки ташкилотнинг активлари ва мажбуриятлари сифатида ҳисобга олиши мумкин. Шу сабабли, ушбу гудвил ва ҳаққоний қиймат тузатишлари ташкилотнинг функционал валютасида аллақачон ифодаланган бўлади ёки харид қилиш санасидаги айирбошлаш курси орқали тақдим этилган номонетар чет эл валютасидаги моддалар ҳисобланади.


60. Мазкур стандартни қўллашдан юзага келадиган бошқа барча ўзгаришлар 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"нинг талабларига мувофиқ ҳисобга олиниши лозим.


60A. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳририда) бўйича барча МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Шу билан бирга, у 27, 30 - 33, 37, 39, 41, 45, 48 ва 52 бандларга ҳам ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот уларни 2009 йил 1 январдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳриридаги)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


60Б. 27-сон БҲХС (2008 йилдаги таҳрири) га асосан 48А - 48Г бандлар киритилган ва 49 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июл ва ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврларга нисбатан перспектив тарзда қўллаши лозим. Агар ташкилот 27-сон БҲХСни (2008 йилдаги ўзгаришлари билан биргаликда) олдинги давр учун қўлласа, ушбу ўзгартиришлар ҳам шу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


60В. [Чиқариб ташланган]


60Г. 2010 йилнинг май ойида эълон қилинган "МҲХСларни такомиллаштиришлар"га асосан 60Б бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот уни 2010 йил 1 июл ёки ундан кейинги йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади.


60Д. [Чиқариб ташланган]


60Е. 2011 йил май ойида эълон қилинган 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият"га асосан 3(б), 8, 11, 18, 19, 33, 44 - 46 ва 48А бандларга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХСлар билан биргаликда қўллаши лозим.


40В. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС бўйича 8 банддаги ҳаққоний қиймат таърифи ва 23 бандга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


60Ё. 2011 йилнинг июн ойида эълон қилинган "Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар)га асосан 39 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот мазкур ўзгаришни 2011 йил июнь ойида ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


60Ж. [Чиқариб ташланган]


60З. 2014 йил июль ойида эълон қилинган 9-сон МҲХСга асосан 3, 4, 5, 27 ва 52 бандларга ўзгартириш киритилган ва 60В, 60Д ва 60Ж бандлари чиқариб ташланди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


60Й. 2016 йил январ ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС "Ижара"га асосан 16-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим



Бошқа ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши


61. Мазкур стандарт 21-сон БҲХС "Валюта курсларидаги ўзгаришларнинг таъсирлари" (1993 йилдаги таҳрири)нинг ўрнини эгаллайди.


62. Мазкур стандарт қуйидаги шарҳларнинг ўрнини эгаллайди:

(a) 11-сон ШДҚ "Валюта айирбошлаш-валютанинг кучли девалвацияси натижасидаги зарарларни капиталлаштириш";

(б) 19-сон ШДҚ "Ҳисобот валютаси-21-сон БҲХС ва 29-сон БҲХСга асосан молиявий ҳисоботни баҳолаш ва тақдим этиш"; ва

(в) 30-сон ШДҚ "Ҳисобот валютаси-баҳолаш валютасидан ҳисобот тақдим этиш валютасига ўтказиш".



-------------------------------------------------

*) 7-сон ШДҚ "Евронинг муомалага киритилиши"га ҳам қаранг.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь