Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 37 "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 22-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

22-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 37 "БАҲОЛАНГАН МАЖБУРИЯТЛАР,

ШАРТЛИ МАЖБУРИЯТЛАР ВА ШАРТЛИ

АКТИВЛАР"



Мақсад


Мазкур стандартнинг мақсади баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активларга нисбатан тегишли тан олиш мезонлари ва баҳолаш асослари қўлланилишини ҳамда фойдаланувчилар уларнинг характерини, вақтини ва қийматини тушуниши учун изоҳларда етарлича маълумотлар ёритиб берилишини таъминлашдан иборат.



Қўллаш доираси


1 Мазкур стандарт барча ташкилотлар томонидан баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активларни ҳисобга олишда қўлланади, қуйидагилар бундан мустасно:

(a) зарар келтирувчи шартномалар бўлмаган, ижро этиладиган шартномалар натижасида келиб чиқадиган мажбуриятлар ва активлар; ва

(б) [Чиқариб ташланган]

(в) бошқа стандартнинг қўллаш доирасида бўлган мажбуриятлар ва активлар.


2. Мазкур стандарт 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"нинг қўллаш доирасида бўлган молиявий инструментларга (шу жумладан, кафолатларга) нисбатан қўлланмайди.


3. Ижро этиладиган шартнома - томонларнинг ҳеч бири шартномада белгиланган жавобгарликларни бажармаган ёки иккала томон ҳам ўз жавобгарликларини тенг тарзда қисман бажарган шартномалардир. Мазкур стандарт ижро этиладиган шартномаларга нисбатан, агар улар зарар келтирувчи шартнома бўлмаса, қўлланмайди.


4. [Чиқариб ташланган]


5. Баҳоланган мажбурият, шартли мажбурият ва шартли активнинг муайян тури бошқа стандарт билан тартибга солинганда, ташкилот мазкур стандартнинг ўрнига ўша стандартни қўллайди. Масалан, баҳоланган мажбуриятларнинг айрим турлари қуйидаги стандартларда кўриб чиқилади:

(а) [Чиқариб ташланган]

(б) фойда солиқлари (12-сон БҲХС "Фойда солиқлари"га қаранг);

(в) ижара (16-сон MҲХС "Ижара"га қаранг). Лекин мазкур стандарт 16-сон MҲХСда белгиланганидек ижара муддати бошланишидан олдин зарар келтирувчи бўладиган хар қандай ижарага нисбатан қўлланади; Шунингдек, мазкур стандарт қисқа муддатли ижара ва 16-сон МҲХСнинг 6 бандига мувофиқ ҳисобга олинадиган ва зарар келтирувчи бўладиган таянч активнинг қиймати паст бўлган ижара бўйича ҳам қўлланади;

(г) ходимларнинг даромадлари (19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари"га қаранг); ва

(д) суғурта шартномалари (4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари"га қаранг). Лекин мазкур стандарт суғурталовчининг 4-сон МҲХСнинг қўллаш доирасидаги суғурта шартномалари асосидаги шарномавий мажбуриятлар ва ҳуқуқлардан юзага келадиган активлар ва мажбуриятлардан ташқари баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активларга нисбатан қўлланади.

(e) Бизнес бирлашуви доирасида бизнесни ҳарид қилувчи томонидан тўланадиган шартли товон (3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари"га қаранг); ва

(ё) харидорлар билан шартномалар бўйича тушум (15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум"га қаранг). Лекин, 15-сон МҲХС зарар келтирувчи бўладиган ёки зарар келтирувчи бўлиб қолган ҳолатлардаги харидорлар билан шартномаларга нисбатан махсус талабларни ўз ичига олмаганлиги сабабли, бундай ҳолларга нисбатан мазкур стандарт қўлланади.


6. [Чиқариб ташланган]


7. Мазкур стандарт баҳоланган мажбуриятларни ноаниқ бажариш муддатига ёки ноаниқ қийматга эга бўлган мажбуриятлар сифатида таърифлайди. Баъзи мамлакатларда "баҳоланган мажбурият" атамаси эскириш, активларнинг қадрсизланиши ёки шубҳали қарзлар каби моддалар контекстида фойдаланилади. Бундай моддалар активларнинг баланс қийматларига тузатишлар бўлиб ҳисобланади ва мазкур стандартда кўриб чиқилмайди.


8. Сарфларни активлар ёки харажатлар сифатида тан олиниши бошқа стандартлар билан белгиланади. Бундай масалалар мазкур стандартда кўриб чиқилмайди. Шунга мувофиқ, мазкур стандарт баҳоланган мажбурият яратилганда тан олинадиган сарфларни капиталлаштиришни тақиқламайди ҳам, талаб ҳам қилмайди.


9. Мазкур стандарт реструктуризация (шу жумладан, тугатилган фаолият) бўйича баҳоланган мажбуриятларга нисбатан қўлланади. Реструктуризация тугатилган фаолият таърифига мос келганда, 5-сон МҲХС "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият" бўйича қўшимча маълумотларни ёритиб бериш талаб этилиши мумкин.



Таърифлар


10. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:


Баҳоланган мажбурият - бу ноаниқ бажариш муддатига ёки ноаниқ қийматга эга бўлган мажбуриятдир.


Мажбурият - бу ташкилотнинг бўлиб ўтган ҳодисалардан юзага келадиган мавжуд жавобгарлиги бўлиб, унинг сўндирилиши натижасида ташкилотдан ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетиши кутилади*.


Жавобгарлик юклайдиган ҳодиса - ташкилотнинг сўндиришдан бошқа муқобил амалий чораси бўлмаслиги билан натижаланадиган, юридик ёки конструктив жавобгарликни юзага келтирадиган ҳодисадир.


Юридик жавобгарлик - бу қуйидагилардан юзага келадиган жавобгарлик:

(a) шартнома (унда аниқ кўрсатилган ёки назарда тутилган шартлар асосида);

(б) қонунчилик; ёки

(в) бошқа ҳуқуқий нормаларнинг қўлланиши.


Конструктив жавобгарлик - ташкилотнинг қуйидаги ҳолатлардаги хатти-ҳаракатларидан келиб чиқадиган жавобгарликдир:

(a) олдинги шаклланган тажриба, эълон қилинган сиёсат ёки етарлича аниқ бўлган жорий баёнот асосида, ташкилот бошқа томонларга муайян жавобгарликларни ўз зиммасига олишини кўрсатганлиги; ва

(б) бунинг натижасида, ташкилот ўз зиммасига олган жавобгарликларни бажариши юзасидан бошқа томонларда асосли кутишларни хосил қилиши.


Шартли мажбурият - бу:

(a) олдинги ҳодисалардан юзага келиши мумкин бўлган ва унинг мавжудлиги фақатгина ташкилотнинг тўлиқ назорати остида бўлмаган келгуси ноаниқ ҳодисаларнинг бири ёки бир нечтаси содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги натижасида тасдиқланадиган эҳтимолли жавобгарликдир; ёки

(б) олдинги ҳодисалардан юзага келадиган мавжуд жавобгарлик, лекин улар тан олинмайди, чунки:

(i) жавобгарликни бажариш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетишининг талаб этилиши эҳтимоли йўқ; ёки

(ii) жавобгарликнинг қиймати етарли даражада ишончли баҳолана олмайди.


Шартли актив - бу олдинги ҳодисалардан юзага келиши мумкин бўлган ва унинг мавжудлиги фақатгина ташкилотнинг тўлиқ назорати остида бўлмаган келгуси ноаниқ ҳодисаларнинг бири ёки бир нечтаси содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги натижасида тасдиқланадиган эҳтимолли активдир.


Зарар келтирувчи шартнома - бу шартнома бўйича жавобгарликларни бажариш учун муқаррар сарфлар ушбу шартнома бўйича олиниши кутилаётган иқтисодий нафдан ошиб кетадиган шартномадир.


Реструктуризация - бу раҳбарият томонидан режалаштирилган ва назорат қилинадиган дастур бўлиб, қуйидагиларни муҳим даражада ўзгартиради:

(a) ташкилот томонидан амалга ошириладиган бизнес кўламини; ёки

(б) ушбу бизнес бошқарилиши тарзини.



Баҳоланган мажбуриятлар

ва бошқа мажбуриятлар


11. Баҳоланган мажбуриятлар ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун талаб қилинадиган келгуси сарфларнинг муддати ёки қийматида ноаниқлик мавжудлиги жиҳатидан савдо кредиторлик қарзлари ва ҳисобланган мажбуриятлар каби бошқа мажбуриятлардан фарқ қилади. Қиёслаш учун:

(a) савдо кредиторлик қарзлари - бу олинган ёки етказиб берилган товарлар ёки хизматлар учун тўланадиган ва етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ фактура тақдим қилинган ёки у билан расмий келишилган мажбуриятлардир; ва

(б) ҳисобланган мажбуриятлар - бу олинган ёки етказиб берилган товарлар ёки хизматлар учун тўланадиган, лекин хали тўлов амалга оширилмаган ва етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ фактура тақдим қилинмаган ёки у билан расмий келишилмаган мажбуриятлардир, шу жумладан, ходимларга тўланиши лозим бўлган суммалар (масалан, ҳисобланган таътил учун хақлар). Баъзида ҳисобланган мажбуриятларнинг муддати ва қийматини баҳолаш талаб этилишига қарамай, ҳисобланган мажбуриятларнинг ноаниқлик даражаси, одатда, бахоланган мажбуриятларга нибатан анча пастдир.

Ҳисобланган мажбуриятлар ҳисоботда кўпинча савдо кредиторлик қарзлари ва бошқа кредиторлик қарзларнинг бир қисми сифатида тақдим этилади, бахоланган мажбуриятлар эса ҳисоботда алоҳида тақдим этилади.



Баҳоланган мажбуриятлар ва шартли

мажбуриятлар ўртасидаги боғлиқлик


12. Умуман олганда, барча баҳоланган мажбуриятлар муддати ёки қиймати бўйича ноаниқлиги сабабли шартлидир. Бироқ, мазкур стандарт доирасида "шартли" атамаси, мавжудлиги фақат ташкилотнинг тўлиқ назорати остида бўлмаган келгуси ноаниқ ҳодисаларнинг бири ёки бир нечтаси содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги натижасида тасдиқланадиган, тан олинмайдиган активлар ва мажбуриятларга нисбатан ишлатилади. Бундан ташқари, шартли мажбурият атамаси тан олиш мезонларига жавоб бермайдиган мажбуриятларга нисбатан ишлатилади.


13. Мазкур стандарт қуйидагилар ўртасидаги фарқларни белгилайди:

(a) бахоланган мажбуриятлар - мавжуд жавобгарлик бўлганлиги ва жавобгарликни бажариш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурслар чиқиб кетишининг талаб этилиши эҳтимоли мавжудлиги сабабли мажбуриятлар сифатида тан олинадиган (ишончли баҳоланиши мумкин деб ҳисобланган) мажбуриятлардир; ва

(б) шартли мажбуриятлар - қуйидаги сабабларга кўра мажбуриятлар сифатида тан олинмайди:

(i) эҳтимолли жавобгарликлардир, чунки ташкилот ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетиши олиб келиши мумкин бўлган мавжуд жавобгарликка эга бўлиши ёки бўлмаслиги ҳали тасдиқланмаган; ёки

(ii) мазкур стандарт белгилайдиган тан олиш мезонларига жавоб бермайдиган мавжуд жавобгарликлардир (чунки жавобгарликни бажариш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетишининг талаб этилиши эҳтимоли йўқ ёки жавобгарлик қийматини етарли даражада ишончли баҳолаш имконсиз).



Тан олиш


Баҳоланган мажбуриятлар


14. Баҳоланган мажбуриятлар қуйидаги ҳолларда тан олиниши лозим:

(a) ташкилот олдинги ҳодисалар натижасида мавжуд (юридик ёки конструктив) жавобгарликка эга бўлганда;

(б) жавобгарликни бажариш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетишининг талаб этилиши эҳтимоли мавжуд бўлганда; ва

(в) жавобгарлик қиймати ишончли баҳолана олганда.

Агар ушбу шартлар бажарилмаса, баҳоланган мажбурият тан олинмаслиги лозим.



Мавжуд жавобгарлик


15. Камдан-кам ҳолатларда жавобгарлик мавжуд эканлиги ноаниқ бўлади. Бундай ҳолатларда, агар барча мавжуд далилларни инобатга олган ҳолда, ҳисобот даврининг охирида мавжуд жавобгарликнинг мавжудлиги эҳтимоли унинг мавжуд эмаслиги эҳтимолидан кўпроқ бўлса, ўтган ҳодиса мавжуд жавобгарликни юзага келтиради деб ҳисобланади.


16. Деярли барча ҳолатларда ўтган ҳодиса мавжуд жавобгарликни юзага келтирганлиги аниқ бўлади. Камдан-кам ҳолатларда, масалан, суд жараёнида муайян ҳодисалар содир бўлгани ёки бу ҳодисалар мавжуд жавобгарликни юзага келтирганлиги тўғрисида баҳсли ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатда, ташкилот барча мавжуд далилларни, шу жумладан, масалан экспертларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, ҳисобот даврининг охирида мавжуд жавобгарликнинг мавжудлигини аниқлайди. Кўриб чиқиладиган далиллар ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар сабабли пайдо бўлган хар қандай қўшимча далилларни ўз ичига олади. Бундай далиллар асосида:

(a) ҳисобот даврининг охирида мавжуд жавобгарликнинг мавжудлик эҳтимоли унинг мавжуд эмаслик эҳтимолидан кўпроқ бўлса, ташкилот баҳоланган мажбуриятни тан олади (агарда тан олиш мезонларига жавоб берса); ва

(б) ҳисобот даврининг охирида мавжуд жавобгарликнинг мавжуд эмаслик эҳтимоли унинг мавжудлик эҳтимолидан кўпроқ бўлса, ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлмаса, ташкилот шартли мажбуриятни ёритиб беради (86-бандга қаранг).



Ўтган ҳодиса


17. Мавжуд жавобгарликни юзага келишига олиб келадиган ўтган ҳодиса жавобгарлик юклайдиган ҳодиса деб аталади. Ҳодиса жавобгарлик юклайдиган ҳодиса бўлиши учун ташкилотда ушбу жавобгарликни сўндиришдан бошқа муқобил амалий чора бўлмаслиги лозим. Бу фақатгина қуйидаги ҳолларда содир бўлиши мумкин:

(a) жавобгарлик сўндирилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминланадиган бўлганда; ёки

(б) конструктив жавобгарлик ҳолатида, ҳодиса (ташкилотнинг ўз хатти-ҳаракати ҳам бўлиши мумкин) ташкилот ўз зиммасига олган жавобгарликларни бажариши юзасидан бошқа томонларда асосли кутишларни хосил қилганда.


18. Молиявий ҳисобот ташкилотнинг келгусида мумкин бўлган молиявий ҳолатини эмас, ҳисобот даври охиридаги молиявий ҳолатини кўрсатади. Шунинг учун, келгусида фаолият кўрсатиш учун зарур бўлган сарфлар бўйича ҳеч қандай баҳоланган мажбурият тан олинмайди. Ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида тан олинадиган мажбуриятлар фақат ҳисобот даври охирида мавжуд бўлган мажбуриятлардир.


19. Ташкилотнинг келгуси хатти-ҳаракатларидан (яъни келгусидаги фаолиятни амалга оширишидан) мустақил тарзда, ўтган ҳодисалар натижасида юзага келадиган жавобгарликларгина баҳоланган мажбуриятлар сифатида тан олинади. Бундай жавобгарликларга ташкилотнинг келгуси хатти-ҳаракатларидан қатъий назар, сўндириш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетишига олиб келадиган жарималар ёки атроф-муҳитга ноқонуний етказилган зарарни бартараф этиш сарфлари мисол бўла олади. Шунга ўхшаш, ташкилот нефть қазиб оладиган қурилма ёки атом электростанциясини фойдаланишдан чиқариш бўйича сарфлари учун, ташкилот етказилган зарарни қоплаб беришга жавобгарлиги даражасида баҳоланган мажбуриятни тан олади. Аксинча, тижорат босимлари остида ёки қонуний талаблар сабабли ташкилот келгусида муайян йўналишда фаолият юритиш учун сарфларни амалга оширишни режалаштириши ёки бундай сарфларни амалга ошириши зарур бўлиши мумкин (масалан, муайян турдаги заводда тутунга қарши фильтрларни ўрнатиш). Ташкилот ўзининг келгуси хатти-ҳаракатлари ёрдамида, масалан фаолият юритиш усулини ўзгартириш орқали, келгуси сарфларни четлаб ўтиши мумкинлиги сабабли, унда келгуси сарфлар учун ҳеч қандай мавжуд жавобгарлик бўлмайди ва ҳеч қандай баҳоланган мажбурият тан олинмайди.


20. Жавобгарлик унинг мавжуд бўлиши хар доим бошқа бир томон олдида эканини назарда тутади. Лекин бу томон айнан ким эканлиги муҳим эмас - аслида, жавобгарлик бутун жамият олдида вужудга келиши ҳам мумкин. Жавобгарлик ҳар доим бошқа томон олдидаги шартномавий мажбуриятни назарда тутганлиги сабабли, раҳбарият ёки директорлар кенгашининг қарори, агар ушбу қарор ҳисобот даври охиридан олдин таъсирланадиган томонларга, ушбу томонларда ташкилот ўз зиммасига олган жавобгарликларни бажариши юзасидан асосли кутишлар хосил қилинганини етарлича аниқ тарзда етказилмаган бўлса, ҳисобот даври охирида конструктив жавобгарликни келтириб чиқармайди.


21. Жавобгарликни дарҳол келтириб чиқармайдиган ҳодиса, қонунчиликдаги ўзгаришлар ёки ташкилотнинг конструктив жавобгарликни юзага келишига сабаб бўладиган хатти-ҳаракати туфайли (масалан, етарлича аниқ ижтимоий баёнот), уни кейинги санада юзага келтириши мумкин. Масалан, атроф-муҳитга зарар етказилганда унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича жавобгарлик юзага келмаслиги мумкин. Лекин, етказилган зарар, уни бартараф этиш янги киритилган қонунларда талаб қилганида ёки ташкилот конструктив жавобгарликни келтириб чиқарадиган шаклда зарарни бартараф этиш бўйича жавобгарликни оммавий тарзда ўз зиммасига олганда, жавобгарлик юклайдиган ҳодиса ҳисобланади.


22. Таклиф этилаётган янги қонуннинг тафсилотлари ҳали охиригача якунланмаган бўлса, жавобгарлик янги қонун лойиҳасида келтирилган таҳрирда қабул қилиниши деярли шубҳасиз бўлганда, юзага келади. Мазкур стандарт мақсадларида, бундай жавобгарлик юридик жавобгарлик сифатида қаралади. Қонун ҳужжатларини қабул қилиш тартибидаги фарқлар, қонун ҳужжатларининг қабул қилинишини деярли аниқ таъминлайдиган ягона ҳодисани аниқлашнинг имконсизлигига олиб келади. Кўп ҳолатларда, қонун ҳужжати расмий қабул қилинмагунча унинг қабул қилинишини деярли аниқ деб бўлмайди.



Ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган

ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли


23. Мажбурият тан олиш мезонларига жавоб бериши учун нафақат мавжуд жавобгарлик бўлиши, балки жавобгарликни сўндириш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли ҳам мавжуд бўлиши лозим. Мазкур стандартнинг мақсадларида**, ресурсларнинг чиқиб кетиши ёки бошқа ҳодисанинг содир бўлиши, агар ҳодисанинг содир бўлиши унинг содир бўлмаслиги эҳтимолидан кўпроқ бўлса, эҳтимоли мавжуд ҳисобланади. Мавжуд жавобгарликнинг борлиги эҳтимоли бўлмаганда, ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлмаса, ташкилот шартли мажбуриятни ёритиб беради (86-бандга қаранг).


24. Бир қанча ўхшаш жавобгарликлар мавжуд бўлганда (масалан, товар бўйича кафолатлар ёки шунга ўхшаш шартномалар) жавобгарликни сўндириш учун ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли бундай жавобгарликларни бутун синфига нисбатан аниқланади. Ҳар бир шартнома бўйича ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлиши мумкинлигига қарамай, бундай жавобгарликларнинг бутун бир синфини сўндириш учун бир қанча ресурсларнинг чиқиб кетиши талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолларда, баҳоланган мажбурият тан олинади (агар бошқа тан олиш мезонлари бажарилса).



Жавобгарликнинг ишончли ҳисоб баҳоси


25. Ҳисоб баҳоларидан фойдаланиш молиявий ҳисобот тайёрлашнинг муҳим қисмидир ва унинг ишончлилигини камайтирмайди. Бу, айниқса, молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботнинг кўпгина бошқа моддаларига қараганда кўпроқ даражада ноаниқ бўлган, баҳоланган мажбуриятларга нисбатан тўғридир. Жуда камдан-кам ҳолатлардан ташқари, ташкилот эҳтимолли натижалар тўпламини аниқлай олади ва шу сабабли баҳоланган мажбуриятни тан олишда фойдаланиш учун етарлича ишончли бўлган жавобгарликнинг ҳисоб баҳосини аниқлайди.


26. Ишончли ҳисоб баҳосини аниқлаш имкони бўлмаган жуда ҳам камдан-кам ҳолатларда, тан олинмайдиган мажбурият мавжуд бўлади. Бундай мажбурият молиявий ҳисоботда шартли мажбурият сифатида ёритиб берилади (86-бандга қаранг).



Шартли мажбуриятлар


27. Ташкилот шартли мажбуриятни тан олмаслиги лозим.


28. 86-бандда талаб этилганидек, ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлмаса, шартли мажбурият молиявий ҳисоботда ёритиб берилади.


29. Ташкилот жавобгарлик учун солидар жавобгар бўлса, мажбуриятнинг бошқа томонлар бажариши кутилаётган қисми шартли мажбурият сифатида ҳисобга олинади. Ишончли ҳисоб баҳосини аниқлашнинг имкони бўлмаган жуда камдан-кам ҳолатлардан ташқари, жавобгарликнинг ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурслар чиқиб кетиши эҳтимоли бор қисми учун ташкилот баҳоланган мажбуриятни тан олади.


30. Шартли мажбуриятлар дастлаб кутилганидан фарқли тарзда ўзгариши мумкин. Шунинг учун, ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурслар чиқиб кетиши эҳтимоли пайдо бўлганини аниқлаш мақсадида, улар мунтазам равишда баҳолаб борилади. Агар олдин шартли мажбурият сифатида таснифланган модда бўйича ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурслар чиқиб кетиши талаб этилиши эҳтимоли пайдо бўлса, баҳоланган мажбурият эҳтимолликда ўзгариш содир бўлган даврдаги молиявий ҳисоботда тан олинади (ишончли ҳисоб баҳосини аниқлашнинг имкони бўлмаган жуда камдан-кам ҳолатлардан ташқари).



Шартли активлар


31. Ташкилот шартли активни тан олмаслиги лозим.


32. Шартли активлар одатда ташкилотга иқтисодий наф келиб тушиши эҳтимолини келтириб чиқарадиган режалаштирилмаган ёки бошқа кутилмаган ҳодисалар натижасида юзага келади. Ташкилот суд орқали натижаси ноаниқ бўлган даъво қўзғатиши мисол бўла олади.


33. Шартли активлар, ҳеч қачон олинмаслиги мумкин бўлган даромаднинг тан олинишига олиб келиши мумкинлиги сабабли, молиявий ҳисоботда тан олинмайди. Лекин даромаднинг олиниши деярли аниқ бўлганда, тегишли актив шартли актив ҳисобланмайди ва унинг тан олиниши ўринли бўлади.


34. 89-бандда талаб этилганидек, иқтисодий наф келиб тушиши эҳтимоли мавжуд бўлганда, шартли актив ёритиб берилади.


35. Шартли активлар, улардаги ўзгаришларни молиявий ҳисоботда тегишли тарзда акс эттириш мақсадида мунтазам баҳоланади. Агар иқтисодий наф келиб тушиши деярли аниқ бўлса, актив ва тегишли даромад ўзгариш содир бўлган давр молиявий ҳисоботида тан олинади. Агар иқтисодий наф келиб тушиши эҳтимоли пайдо бўлганда, ташкилот шартли активни ёритиб беради (89-бандга қаранг).



Баҳолаш


Энг тўғри ҳисоб баҳоси


36. Баҳоланган мажбурият сифатида тан олинган қиймат ҳисобот даври охирида мавжуд жавобгарликни бажариш учун талаб этиладиган сарфнинг энг тўғри ҳисоб баҳоси бўлиши лозим.


37. Мавжуд жавобгарликни бажариш учун талаб этиладиган сарфнинг энг тўғри ҳисоб баҳоси - бу ташкилот томонидан ҳисобот даври охирида жавобгарликни бажариш учун ёки уни учинчи томонга ўтказиш учун етарли бўлган оқилона суммадир. Кўпгина ҳолларда жавобгарликни ҳисобот даври охирида бажариш ёки ўтказиш имконсиз бўлади ёки ҳаддан ташқари қимматга тушади. Лекин ташкилот томонидан жавобгарликни сўндириш ёки ўтказиш учун етарли бўлган оқилона сумманинг ҳисоб баҳоси ҳисобот даври охирида мавжуд жавобгарликни сўндириш учун талаб этиладиган сарфнинг энг тўғри ҳисоб баҳосини беради.


38. Операциялар натижалари ва молиявий таъсирининг ҳисоб баҳолари ўхшаш операциялар амалга ошириш натижасида эгалланган тажрибага, баъзи ҳолатларда мустақил экспертларнинг хулосаси билан биргаликда, ташкилот раҳбариятининг мулоҳазаси асосида аниқланади. Кўриб чиқиладиган далиллар ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар сабабли пайдо бўлган хар қандай қўшимча далилларни ўз ичига олади.


39. Баҳоланган мажбурият сифатида тан олиниши лозим бўлган суммага тегишли ноаниқликларни бартараф этиш учун, ҳолатга қараб, турли усуллардан фойдаланилади. Агар баҳоланган мажбуриятни баҳолаш катта ҳажмдаги моддалар жамланмасини ўз ичига олса, жавобгарлик барча мумкин бўлган натижаларни уларга тегишли бўлган эҳтимолликлар билан ҳисобга олган ҳолдаги тортилган қийматини аниқлаш орқали баҳоланади. Баҳолашнинг бу статистик усули "кутилаётган қиймат" деб номланади. Шунинг учун, баҳоланган мажбурият бу суммани йўқотиш эҳтимоли, масалан, 60 фоизга ёки 90 фоизга тенг бўлишига қараб, фарқ қилади. Мумкин бўлган натижаларнинг оралиғи узлуксиз бўлса ва бу оралиқнинг ҳар бир нуқтаси бошқаси каби бир хил эҳтимолли бўлса, оралиқдаги ўрта нуқта олинади.

          


        

Мисол.

Ташкилот товарларни, харид қилингандан сўнг олти ой давомида аниқланган ҳар қандай ишлаб чиқариш нуқсонларини бартараф этиш сарфларини қоплаб бериш кафолати билан сотади. Агар барча сотилган товарларда кичик нуқсонлар аниқланадиган бўлса, таъмирлаш сарфлари 1 миллионга тенг бўлади. Агар барча сотилган товарларда аҳамиятли нуқсонлар аниқланадиган бўлса, таъмирлаш сарфлари 4 миллионга тенг бўлади. Ташкилотнинг олдинги тажрибаси ва келгуси прогнозлари кейинги йил учун сотиладиган товарларнинг 75 фоизи нуқсонсиз, 20 фоизи кичик нуқсонли ва 5 фоизи аҳамиятли нуқсонли бўлишини кўрсатмоқда. 24-бандга мувофиқ, ташкилот кафолатли жавобгарликлар учун ресурслар чиқиб кетиши эҳтимолини бир бутун ҳолда баҳолайди.


Таъмирлаш сарфларининг кутилаётган қиймати қуйидагича ҳисобланади:

(нолнинг 75%) + (1 млннинг 20%) + (4 млннинг 5%) = 400.000

         


       

40. Алоҳида олинган жавобгарлик баҳоланганда, унинг энг катта эҳтимолли ягона натижаси мажбуриятнинг энг тўғри ҳисоб баҳоси бўлиши мумкин. Лекин бундай ҳолда ҳам, ташкилот бошқа мумкин бўлган натижаларни кўриб чиқади. Бошқа мумкин бўлган натижалар, эҳтимолий натижадан юқорироқ ёки пастроқ бўлганда, энг тўғри ҳисоб баҳоси мос равишда юқорироқ ёки пастроқ қийматга эга бўлади. Масалан, агар харидор учун қурилган асосий қурилманинг аҳамиятли нуқсони ташкилот томонидан бартараф этилиши лозим бўлса, 1000 бирликдаги маблағларни сарфлаб таъмирлаш орқали нуқсонни биринчи уринишда бартараф этиш энг катта эҳтимоли бўлган ягона натижа бўлиши мумкин. Лекин агар бошқа уринишлар ҳам талаб этилиши эҳтимоллиги катта бўлса, баҳоланган мажбурият каттароқ суммада тан олинади.


41. Баҳоланган мажбурият солиқ солингунча қиймати бўйича баҳоланади, чунки баҳоланган мажбуриятнинг солиқ оқибатлари ва улардаги ўзгаришлар 12-сон БҲХСда кўриб чиқилади.



Рисклар ва ноаниқликлар


42. Кўпгина воқеа ва ҳодисаларга муқаррар равишда хос бўладиган рисклар ва ноаниқликлар баҳоланган мажбуриятнинг энг тўғри ҳисоб баҳосини аниқлашда ҳисобга олиниши лозим.


43. Риск натижанинг ўзгарувчан бўлишини тавсифлайди. Риск бўйича тузатиш мажбуриятнинг баҳоланган қийматини ошириши мумкин. Даромадлар ёки активлар баҳоси ошириб ва харажатлар ёки мажбуриятлар баҳоси камайтириб кўрсатилмаслиги учун ноаниқлик шартларида мулоҳаза юритишда эҳтиёткорлик талаб этилади. Лекин ноаниқликнинг мавжудлиги ҳаддан ташқари ортиқча баҳоланган мажбуриятлар яратилиши ёки мажбуриятлар қийматини атайлаб ошириб кўрсатилишини оқламайди. Масалан, агар маълум бир ҳодисанинг салбий натижаси бўйича режалаштирилган сарфлар эҳтиёткорлик асосида баҳоланган бўлса, бу натижа атайлаб у аслида эга бўлган эҳтимолга қараганда кўпроқ эҳтимолга эга деб кўрсатилган ҳисобланмайди. Баҳоланган мажбуриятнинг қийматини ошириб кўрсатилишига олиб келадиган риск ва ноаниқликлар бўйича тузатишларни икки марта ҳисобга олишга йўл қўймаслик учун эҳтиёткорлик талаб этилади.


44. Кутилаётган сарфларнинг қийматига хос бўлган ноаниқлик бўйича маълумотлар 85(б) бандга мувофиқ ёритиб берилади.



Дисконтланган қиймат


45. Пулнинг вақт қиймати таъсири муҳим бўлганда, баҳоланган мажбуриятнинг қиймати жавобгарликни бажариш учун талаб этилиши кутилаётган сарфларнинг жорий қийматига тенг бўлиши лозим.


46. Пулнинг вақт қиймати сабабли, ҳисобот давридан кейин қисқа муддатда юзага келадиган пул маблағлари чиқимлари айнан шу қийматда кейинроқ юзага келадиган пул маблағлари чиқимларига қараганда, каттароқ баҳоланган мажбуриятларни юзага келтиради. Шу боис, таъсири муҳим бўлганида, баҳоланган мажбуриятлар дисконтланади.


47. Дисконтлаш ставкаси (ёки ставкалари) пулнинг вақт қийматининг жорий бозор баҳолашларини ва мажбуриятга хос бўлган рискларни акс эттирадиган солиқ солишдан олдинги ставкаси (ёки ставкалари) бўлиши лозим. Дисконтлаш ставкаси (ставкалари) келгуси пул оқимларининг ҳисоб баҳосига тузатиш тарзида киритилган рискларни ҳисобга олмаслиги лозим.



Келгуси ҳодисалар


48. Жавобгарликни сўндириш учун талаб этиладиган суммага таъсир қилиши мумкин бўлган келгуси ҳодисалар, улар содир бўлишига етарлича объектив далиллар мавжуд бўлганда, баҳоланган мажбурият қийматида акс эттирилиши лозим.


49 Кутилаётган келгуси ҳодисалар баҳоланган мажбуриятларни баҳолашда айниқса, муҳим бўлиши мумкин. Масалан, ташкилот фойдаланиш муддати тугаганидан сўнг ер майдонини тозалаш сарфлари келгусида технологиялардаги ўзгаришлар натижасида камайиши мумкин деб ҳисоблаши мумкин. Тан олинадиган сумма, барча мавжуд далилларни ҳисобга олган ҳолда, тозалаш пайтида мавжуд бўладиган технологияларга тегишли барча далилларни ҳисобга олган ҳолда, техник жиҳатдан етарлича малакали, объектив кузатувчиларнинг асосли кутишларини акс эттиради. Шунинг учун, масалан, мавжуд технологиядан фойдаланиш тажрибаси ошиши билан боғлиқ тарзда кутилаётган сарфларнинг камайишини ёки олдин амалга оширилган тозалаш ишларига нисбатан мураккаброқ ёки каттароқ кўламдаги ишларни амалга ошириш учун мавжуд бўлган технологияни ишлатиш бўйича кутилаётган сарфларни ҳисобга олиш ўринлидир. Лекин агар бу етарлича объектив далиллар билан асосланган бўлмаса, ташкилот тозалаш ишларини амалга ошириш учун умуман янги технологиянинг ишлаб чиқилишига умид қила олмайди.


50. Янги қонунчилик қабул қилиниши деярли аниқ эканлигига етарлича объектив далиллар мавжуд бўлганда, кутилаётган қонунчиликнинг таъсири мавжуд бўлган жавобгарликни баҳолашда ҳисобга олинади. Амалиётда юзага келадиган ҳолатларнинг турли хиллиги ҳар бир ҳолатда етарли ва объектив далилни таъминлайдиган ягона ҳодисани аниқлашни имкони йўқлигига олиб келади. Далиллар бу қонунчилик нимани талаб этиши ҳамда унинг тегишли тарзда қабул қилиниши ва қўлланиши деярли аниқ бўлиши учун талаб этилади. Кўп ҳолатларда, янги қонунчилик кабул қилинмагунча етарли объектив далил мавжуд бўлмайди.



Активларнинг кутилаётган ҳисобдан чиқарилиши


51. Активларнинг кутилаётган чиқиб кетишидан фойда баҳоланган мажбуриятни баҳолашда ҳисобга олинмайди.


52. Активларнинг кутилаётган чиқиб кетишидан фойда, уларнинг чиқиб кетиши баҳоланган мажбуриятни юзага келтирадиган ҳодиса билан чамбарчас боғлиқ бўлса ҳам, баҳоланган мажбуриятни баҳолашда ҳисобга олинмайди. Аксинча, ташкилот активларнинг чиқиб кетишидан фойдани ушбу активлар тегишли бўлган стандартда белгиланган тартибда тан олади.



Қоплаб бериш


53. Баҳоланган мажбуриятни сўндириш учун талаб этиладиган сарфнинг тўлиқ суммасини ёки унинг бир қисмини бошқа томон қоплаб бериши кутилаётган бўлса, бундай қоплаб бериш суммаси фақат ва фақат ташкилот томонидан жавобгарлик сўндирилса, қоплаб бериш суммасининг олиниши деярли аниқ бўлганда тан олинади. Қоплаб бериш суммаси алоҳида актив сифатида тан олиниши лозим. Қоплаб бериш бўйича тан олинган сумма баҳоланган мажбурият суммасидан ошмаслиги лозим.


54. Умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда, баҳоланган мажбурият билан боғлиқ бўлган харажат қоплаш суммаси чегириб ташланган ҳолда тақдим этилиши мумкин.


55. Баъзида, ташкилот бошқа бир томонга баҳоланган мажбуриятни сўндириш учун талаб қилинадиган сарфнинг тўлиқ суммасини ёки унинг бир қисмини тўлаш бўйича мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади (масалан, суғурта шартномалари, зарарларни қоплаш тўғрисидаги шартнома шартлари ёки етказиб берувчиларнинг кафолатлари орқали). Бошқа томон ташкилот томонидан тўланган суммаларни қоплаб бериши ёки ўша томон ўзи бевосита тўлаши мумкин.


56. Аксарият ҳолларда, агар учинчи томон қандайдир сабабга кўра, тўлай олмаса, ташкилот бутун суммани тўлиқ тўлашига тўғри келишини ҳисобга олиб, ташкилот белгиланган сумманинг бутун қисми учун жавобгар сифатида қолади. Бундай ҳолатда, ҳисобланган мажбурият мажбуриятнинг тўлиқ суммасида тан олинади ва ташкилот мажбуриятни сўндирганда қоплаш суммаси олиниши деярли аниқ бўлганда, кутилаётган қоплаш суммаси бўйича алоҳида актив тан олинади.


57. Баъзи ҳолларда, учинчи томон қоплаш суммасини тўлай олмаса, ташкилот бундай сарфлар учун жавобгар бўлмайди. Бу ҳолатда, ташкилот ушбу сарфлар учун мажбуриятга эга бўлмайди ва уларни баҳоланган мажбуриятга киритмайди.


58. 29-бандда таъкидланганидек, ташкилот солидар жавобгар бўладиган мажбурият, унинг бошқа томонлар орқали сўндирилиши кутилаётган қисми суммасида шартли мажбурият бўлиб ҳисобланади.



Баҳоланган мажбуриятлардаги ўзгаришлар


59. Баҳоланган мажбуриятлар ҳар ҳисобот даври охирида қайта кўриб чиқилади ва уларнинг жорий энг тўғри ҳисоб баҳосини акс эттириш учун тузатиш киритилади. Агар жавобгарликни сўндириш учун ўзида иқтисодий нафни мужассамлаштирган ресурсларнинг чиқиб кетишининг талаб этилиши эҳтимоли мавжуд бўлмаса, баҳоланган мажбурият қайта тикланади.


60. Дисконтлаш қўлланганда, баҳоланган мажбуриятнинг баланс қиймати вақт ўтишини акс эттириш мақсадида ҳар бир даврда ўсиб боради. Бу ўсиш қарзлар бўйича сарфлар сифатида тан олинади.



Баҳоланган мажбуриятлардан фойдаланиш


61. Баҳоланган мажбурият фақат ушбу баҳоланган мажбурият дастлаб қайси сарфлар бўйича тан олинган бўлса, ўша сарфлар учун фойдаланилади.


62. Дастлаб тан олинган баҳоланган мажбуриятга алоқадор бўлган сарфларгина ушбу баҳоланган мажбурият ҳисобидан қопланади. Сарфларни дастлаб бошқа мақсад учун тан олинган баҳоланган мажбурият ҳисобидан қоплаш иккита фарқланадиган ҳодисанинг таъсирини яширади.



Тан олиш ва баҳолаш қоидаларининг қўлланиши


Келгуси операцион зарарлар


63. Баҳоланган мажбуриятлар келгуси операцион зарарлар бўйича тан олинмайди.


64 Келгуси операцион зарарлар 10-бандда келтирилган мажбурият таърифига ва 14-бандда келтирилган баҳоланган мажбурятларни умумий тан олиш мезонларига жавоб бермайди.


65. Келгуси операцион зарарларнинг кутилиши муайян операцион активларнинг қадрсизланиши мумкинлигининг белгисидир. Ташкилот бундай активларнинг 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши"га мувофиқ қадрсизланиш тестидан ўтказади.



Зарар келтирувчи шартномалар


66. Агар ташкилот зарар келтирувчи шартномага эга бўлса, ушбу шартнома бўйича мавжуд жавобгарлик баҳоланган мажбурият сифатида тан олинади ва баҳоланади.


67. Кўпгина шартномалар (масалан, баъзи одатий харид буюртмалари) бошқа томонга компенсация тўламасдан бекор қилиниши мумкин ва шунга кўра хеч қандай жавобгарлик юзага келмайди. Бошқа шартномалар томонлар учун ҳуқуқ ва жавобгарликларни вужудга келтиради. Ҳодисалар бундай зарар келтирувчи шартномаларни пайдо бўлишига сабаб бўлса, бундай шартнома мазкур стандартни қўллаш доирасида бўлади ва тан олинадиган мажбурият мавжуд бўлади. Зарар келтирувчи бўлмаган ижро этиладиган шартномалар мазкур стандартнинг қўллаш доирасига кирмайди.


68. Мазкур стандартда зарар келтирувчи шартнома бу шартнома бўйича жавобгарликларни бажариш учун муқаррар сарфлар ушбу шартнома бўйича олиниши кутилаётган иқтисодий нафдан ошиб кетадиган шартнома деб таърифланган. Шартнома бўйича муқаррар сарфлар шартномани бажариш учун талаб этиладиган сарфлардан ва уни бажармаслик натижасида юзага келадиган ҳар қандай компенсациялар ёки жарималардан кичиги бўлган, шартномадан чиқишнинг энг кам соф сарфини акс эттиради.


68A. Шартномани бажариш сарфлари бевосита шартнома билан боғлиқ бўлган сарфлар ўз ичига олади. Бевосита шартнома билан боғлиқ бўлган сарфлар қуйидагилар иккаласидан иборат:

(a) шартномани бажаришнинг қўшимча сарфлари-масалан, бевосита меҳнатга хақ тўлаш ва хом ашёлар; ва

(б) бевосита шартномаларни бажариш билан боғлиқ бўлган сарфларни тақсимлаш-масалан, бошқалари орасида ушбу шартномани бажаришда фойдаланиладиган асосий воситалар объекти учун амортизация суммасини тақсимлаш.


69. Зарар келтирувчи шартнома бўйича алоҳида баҳоланган мажбурият яратилишидан олдин, ташкилот ушбу шартнома бажарилиши учун фойдаланиладиган активларнинг ҳар қандай қадрсизланишидан зарарни тан олади (36-сон БҲХСга қаранг).



Реструктуризация


70. Реструктуризация таърифига тўғри келиши мумкин бўлган ҳодисаларга қуйидагилар мисол бўлади:

(a) фаолият йўналишини сотилиши ёки тугатилиши;

(б) мамлакат ёки ҳудуддаги бўлинмаларни ёпилиши ёки хўжалик фаолиятини бир мамлакат ёки ҳудуддан бошқасига кўчирилиши;

(в) бошқарув тузилмасидаги ўзгаришлар, масалан, бошқарувнинг қандайдир поғонасидан воз кечилиши; ва

(г) ташкилот фаолиятининг характери ва йўналишига муҳим даражада таъсир қиладиган фундаментал қайта ташкил этиш.


71. Реструктуризация сарфлари бўйича баҳоланган мажбурият 14-бандда белгиланган баҳоланган мажбуриятларни тан олишнинг умумий мезонларига жавоб берганда тан олинади. 72 - 83-бандлар умумий тан олиш мезонлари реструктуризацияга нисбатан қўллаш қоидаларини белгилайди.


72. Реструктуризация қилиш бўйича конструктив жавобгарлик фақат ташкилот қуйидагиларни бажарганда юзага келади:

(a) ташкилот энг камида қуйидагиларни аниқлайдиган реструктуризация бўйича батафсил расмий режага эга бўлганда:

(i) реструктуризация қилинадиган бизнес фаолияти ёки унинг бир қисми;

(ii) реструктуризация таъсири остидаги асосий географик жойлар;

(iii) хизматларидан воз кечганлик учун компенсация тўланадиган ходимларнинг жойлашуви, вазифалари ва уларнинг тахминий сони;

(iv) амалга ошириладиган сарфлар; ва

(v) режанинг амалга ошириш муддати; ва

(б) ташкилот реструктуризация режасини бажаришини бошлаш ёки унинг асосий хусусиятларини эълон қилиш орқали реструктуризация таъсир кўрсатадиган томонларда асосли кутишни ҳосил қилганда.


73. Ташкилот реструктуризация режасини амалга оширишни бошлаганлигига масалан, заводни демонтаж қилиши ёки активларни сотиши ёки ушбу режанинг асосий хусусиятларини эълон қилиши далил бўлиши мумкин. Реструктуризация бўйича батафсил режанинг оммавий эълон қилиниши, агар у харидорлар, етказиб берувчилар ва ходимлар (ёки уларнинг вакиллари) каби бошқа томонларда ташкилот реструктуризацияни амалга ошириши юзасидан асосли кутишни ҳосил қиладиган тарзда ва етарлича батафсил равишда (яъни, режанинг асосий хусусиятларини белгилаган ҳолда) берилган бўлса, реструктуризация бўйича конструктив жавобгарликни ҳосил қилади.


74. Режа таъсир кўрсатадиган томонларга маълум қилинганда конструктив жавобгарликни келтириб чиқаришга етарли бўлиши учун, уни амалга ошириш имкони борича тезроқ бошланиши ва режага аҳамиятли ўзгаришлар киритилиши эҳтимоли бўлмаган муддатда тугалланиши лозим. Агар реструктуризация бошланишидан олдин узоқ муддатли кечикиш содир бўлганда ёки уни амалга оширилишига асоссиз жуда узоқ вақт талаб этилиши кутилса, режа бошқа томонларда ташкилот ҳозирги пайтда реструктуризацияни амалга ошириши бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олгани тўғрисида асосли кутишни вужудга келтириш эҳтимоли жуда кам бўлади, чунки бу муддат ташкилотга ўз режаларини ўзгартириш имкониятини беради.


75. Агар ташкилот ҳисобот даври тугашидан олдин қуйидагиларни амалга оширмаган бўлса, раҳбарият ёки директорлар кенгаши томонидан ҳисобот даври тугашидан олдин қабул қилинган реструктуризацияни амалга ошириш тўғрисидаги қарор ҳисобот даври охирида конструктив мажбуриятни келтириб чиқармайди:

(a) реструктуризация бўйича режани амалга оширишни бошламаган; ёки

(б) режанинг асосий хусусиятларини реструктуризация режаси таъсир кўрсатадиган томонларда реструктуризацияни амалга ошириши юзасидан асосли кутишни ҳосил қилиш учун етарли даражада эълон қилинмаган.

Ташкилот реструктуризация бўйича режани амалга оширишни фақат ҳисобот давридан кейин бошлаганда ёки унинг асосий хусусиятларини у таъсир кўрсатадиган томонларга фақат ҳисобот давридан кейин эълон қилганда, агар реструктуризация муҳим бўлса ва у тўғрисидаги маълумотларни молиявий ҳисоботда ёритиб бермаслик фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисобот асосида қабул қиладиган иқтисодий қарорларига таъсир этиши мумкин бўлса, 10-сон БҲХС "Ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар"га мувофиқ, маълумотларни ёритиб бериш талаб этилади.


76. Конструктив жавобгарлик фақат раҳбариятнинг қарори билан юзага келмаслигига қарамасдан, жавобгарлик бундай қарор билан бирга олдинроқ содир бўлган бошқа ҳодисалар натижасида келиб чиқиши мумкин. Масалан, ишдан бўшатиш нафақалари бўйича ходимларнинг вакиллари билан музокаралар ёки бизнесни сотиш бўйича харидорлар билан музокаралар натижалари фақат директорлар кенгаши томонидан маъқулланганидан сўнг қабул қилиниши мумкин. Бундай маъқулланиш олинганидан ва бошқа томонларга маълум қилинганидан кейин, агар 72-бандда белгиланган шартлар бажарилса, ташкилот конструктив мажбуриятга эга бўлади.


77. Баъзи мамлакатларда, якуний қарорни қабул қилиш бўйича ваколат аъзолигига раҳбариятдан ташқари манфаатдор томонларнинг (масалан ходимларнинг) вакиллари кириши ёки директорлар кенгаши қарор қабул қилишидан олдин бундай вакилларга хабар қилиши талаб этилиши мумкин бўлган кенгашга берилган. Бу кенгаш томонидан қарор қабул қилиш жараёни бундай манфаатдор томонларнинг вакилларга хабар беришни ўз ичига олганлиги сабабли, у реструктуризация бўйича конструктив жавобгарлик юзага келишига олиб келиши мумкин.


78. Ташкилот бизнесни сотиш бўйича жавобгарликни олмагунча, яъни мажбурий сотиш шартномаси тузилмагунча, бизнесни сотиш бўйича жавобгарлик юзага келмайди.


79. Ташкилот бизнесни сотиш тўғрисида қарор қабул қилганда ва бу тўғрисида оммага эълон қилганда ҳам, токи харидор аниқланмагунча ва мажбурий сотиш шартномаси мавжуд бўлмагунча, ташкилот ушбу сотиш бўйича жавобгарликни олган деб ҳисоблана олмайди. Мажбурий сотиш шартномаса мавжуд бўлмагунча, ташкилот ўз қарорини ўзгартириши мумкин ва ҳақиқатда ҳам, муносиб шартлар асосида харидор топилмаса, бошқа хатти-ҳаракатларни амалга оширишга мажбур бўлиши мумкин. Бизнесни сотиш реструктуризациянинг бир қисми сифатида қаралганда, ушбу бизнесга тегишли активлар 36-сон БҲХСга мувофиқ қадрсизланиш бўйича кўриб чиқилади. Сотиш реструктуризациянинг фақат бир қисми бўлганда, мажбурий сотиш шартномаси мавжуд бўлишидан олдин реструктуризациянинг бошқа қисмлари бўйича конструктив жавобгарлик юзага келиши мумкин.


80. Реструктуризация бўйича баҳоланган мажбурият қуйидаги икки шартларга жавоб берадиган ва реструктуризация натижасида юзага келадиган фақат бевосита сарфларни ўз ичига олиши лозим:

(a) бевосита реструктуризация натижасида юзага келган; ва

(б) ташкилотнинг доимий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган.


81. Реструктуризация бўйича баҳоланган мажбурият қуйидаги сарфларни ўз ичига олмайди:

(a) қолган ходимларни қайта тайёрлаш ёки бошқа жойга кўчириш;

(б) маркетинг; ёки

(в) янги тизимлар ва тарқатиш тармоқларига инвестиция.

Ушбу сарфлар келгусида фаолиятни юритишга таалуқли бўлади ва ҳисобот даври охирида реструктуризация бўйича мажбуриятларни ифода этмайди. Бундай сарфлар улар реструктуризацияга боғлиқ бўлмаган ҳолда юзага келган сарфлар каби бир хил тарзда тан олинади.


82. Реструктуризация санасигача бўлган идентификацияланадиган келгуси операцион зарарлар, агар улар 10 бандда таърифланган зарар келтирувчи шартномаларга тегишли бўлмаса, баҳоланган мажбурият таркибига киритилмайди.


83. 51 бандда талаб этилганидек, активларнинг кутилаётган чиқиб кетишидан фойда, ҳатто активларнинг сотилиши реструктуризациянинг бир қисми сифатида қараладиган бўлса ҳам, реструктуризация бўйича баҳоланадиган мажбуриятни баҳолашда инобатга олинмайди.



Маълумотларни ёритиб бериш


84. Баҳоланган мажбуриятларнинг ҳар бир синфи бўйича ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) давр бошидаги ва охиридаги баланс қиймати;

(б) давр мобайнида қўшимча яратилган баҳоланган мажбуриятлар, шу жумладан мавжуд баҳоланган мажбуриятларнинг кўпайиши;

(в) давр мобайнида фойдаланилган суммалар (яъни баҳоланган мажбурият ҳисобидан сарфланган ва баҳоланган мажбуриятни камайтирган суммалар);

(г) давр мобайнида қайта тикланган фойдаланилмаган суммалар; ва

(д) давр мобайнида вақт ўтиши билан ва дисконтлаш ставкасидаги ҳар қандай ўзгаришнинг таъсири натижасида дисконтланган қийматнинг кўпайиши.

Қиёсий маълумот талаб этилмайди.


85. Ташкилот баҳоланган мажбуриятнинг ҳар бир синфи бўйича қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) жавобгарлик характерининг қисқача тавсифи ва унинг натижасида иқтисодий наф чиқиб кетишининг кутилётган муддати;

(б) ресурслар чиқиб кетишининг суммаси ёки муддатига тегишли ноаниқликларнинг таснифи. Етарлича маълумотлар тақдим этилиши зарур бўлган ҳолларда, ташкилот келгуси ҳодисалар бўйича қилинган аҳамиятли фаразларни 48 бандда талаб этилганидек, ёритиб бериши лозим; ва

(в) кутилаётган қоплаб бериш суммаси бўйича тан олинган ҳар қандай активнинг қийматини кўрсатган ҳолда ҳар қандай кутилаётган қоплаб бериш суммаси.


86. Агар мажбурият сўндириш учун ресурслар чиқиб кетиш эҳтимоли кам бўлмаса, ташкилот ҳисобот даври охирида шартли мажбуриятнинг ҳар бир синфи бўйича шартли мажбурият характерининг қисқача тавсифи ва, амалий имкони бўлса, қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) 36 - 52 бандларга мувофиқ баҳоланган шартли мажбуриятнинг молиявий таъсири ҳисоб баҳоси;

(б) ресурсларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ сумма ёки муддатга тегишли ноаниқликларнинг таснифи; ва

(в) ҳар қандай қоплаб беришнинг олиниши эҳтимоллиги.


87. Бир синфни ташкил этиши мумкин бўлган баҳоланган мажбуриятлар ёки шартли мажбуриятларни аниқлашда 85(a) ва (б) ҳамда 86(a) ва (б) бандлар талабларини бажариш учун моддаларнинг характери етарлича ўхшаш эканлигини ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун, турли товарларга тегишли кафолатлар суммасини баҳоланган мажбуриятларнинг алоҳида синфи сифатида тан олиш ўринли бўлиши мумкин, лекин стандарт кафолатларга ва суд низолари бўйича суммаларни баҳоланган мажбуриятларнинг ягона синфи сифатида тан олиш ўринли бўлмайди.


88. Баҳоланган мажбурият ва шартли мажбурият бир хил ҳолатлардан келиб чиққанда, ташкилот 84 - 86 бандларда талаб қилинганидек, баҳоланган мажбурият ва шартли мажбурият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган тарзда ёритиб беради.


89. Иқтисодий нафлар келиб тушиши эҳтимоли мавжуд бўлганда, ташкилот ҳисобот даври охирида шартли активлар характерининг қисқача тавсифини ва амалий имкони бўлганда, 36 - 52 бандлардаги баҳоланган мажбуриятлар бўйича белгиланган тамойиллардан фойдаланган ҳолда, улар молиявий таъсирининг ҳисоб баҳоси тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим.


90. Шартли активлар бўйича ёритиб бериладиган маълумотлар даромад олиш эҳтимоллиги тўғрисида чалғитадиган тасаввур бермаслиги муҳимдир.


91. 86 ва 89 бандларда талаб этилган ҳар қандай маълумот амалий имконсизлиги туфайли ёритиб берилмаса, ушбу факт қайд этилиши лозим.


92. Жуда камдан-кам ҳолатларда, 84 - 89 бандларда талаб этилган барча маълумотлар ёки уларнинг бир қисми ёритиб берилиши ташкилотнинг баҳоланган мажбурият, шартли мажбурият ёки шартли актив масаласида бошқа томонлар билан мунозараларида ташкилотнинг позициясига жиддий зарар келтириши кутилиши мумкин. Бундай ҳолатларда, ташкилот маълумотларни ёритиб бериши шарт эмас, лекин маълумотлар ёритиб берилмаслиги фактини ва сабабини мунозаранинг умумий характери билан биргаликда ёритиб бериши лозим.



Ўтиш қоидалари


93. Мазкур стандарт қабул қилинишининг таъсири кучга кириш санасида (ёки ундан олдинроқ санада) стандарт биринчи марта қўлланилаётган даврдаги тақсимланмаган фойданинг давр бошидаги қолдиғига тузатиш тарзида тақдим этилиши лозим. Ташкилотлар энг олдинги тақдим қилинган даврдаги тақсимланмаган фойданинг давр бошидаги қолдиғига тузатиш киритиши ва қиёсий маълумотларни қайта ҳисоблаши маъқулланади, лекин талаб этилмайди. Агар қиёсий маълумот қайта ҳисобланмаса, бу факт ёритиб берилиши лозим.


94. [Чиқариб ташланган]


94A. 2020 йил май ойида эълон қилинган "Зарар келтирувчи шартномалар-Шартномани бажариш сарфлари" бўйича 68А банд киритилган ва 69-банд ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни биринчи марта қўллаган (дастлабки қўллаш санаси) йиллик ҳисобот даврининг бошида ўзининг барча мажбуриятларини бажармаган шартномаларига нисбатан ушбу ўзгартиришларни қўллаши лозим. Ташкилот қиёсий маълумотларни қайта ҳисобламаслиги лозим. Бунинг ўрнига, ташкилот мазкур ўзгартиришларни дастлабки қўллашнинг кумулятив таъсирини дастлабки қўллаш санасида кирувчи тақсимланмаган фойдага ёки хусусий капиталнинг бошқа компонентига, киритилган тузатиш сифатида тан олиши лозим.



Кучга кириш санаси


95. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 1999 йил 1 июл ёки ундан кейинги даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур стандартни 1999 йил 1 июлдан олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


96. [Чиқариб ташланган]


97. [Чиқариб ташланган]


98. [Чиқариб ташланган]


99. 2013 йил декабрь ойида эълон қилинган "2010-2012 йиллар учун МҲХСларни йиллик такомиллаштиришлар" бўйича 3-сон МҲХСга ўзгартиришлардан келиб чиқиб 5 бандга ўзгартиришлар киритилди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни перспектив тарзда 3-сон МҲХСга ўзгартиришлар қўлланадиган бизнес бирлашувларига нисбатан қўллаши лозим.


100. 2014 йил май ойида эълон қилинган 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" бўйича ва 5 бандга ўзгартиришлар киритилди ва 6 банд чиқариб ташланди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 15-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


101. 2014 йил июл ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 2-банд ўзгартирилган ва 97 ҳамда 98 бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


102. 2016 йил январ ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС бўйича 5 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


103. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


104. 2018 йил октябр ойида эълон қилинган "Муҳимлик таърифи" (1-сон БҲХС ва 8-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 75 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2000 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган даврлар учун перспектив қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 1-сон БҲХСнинг 7-банди ва 8-сон БҲХСнинг 5 ва 6-бандларидаги муҳимлик таърифига ўзгартиришлар билан биргаликда қўллаши лозим.


105. 2020 йил май ойида эълон қилинган "Зарар келтирувчи шартномалар-Шартномани бажариш сарфлари" бўйича 68А ва 94А бандлар киритилган ва 69-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилотлар мазкур ўзгартиришларни 2022 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.

          

          

*) 2018-йилда эълон қилинган "Молиявий ҳисоботларни тақдим этишнинг консептуал асоси"даги мажбурият атамаси қайта кўриб чиқилгандан кейин мазкур стандартдаги мажбурият атамасининг таърифи кайта кўриб чиқилмаган.


**) Ушбу стандартдаги "эҳтимол" тушунчасининг "бўлиши эҳтимоли бўлмаслиги эҳтимолидан кўпроқ" деган маънодаги шарҳи бошқа стандартларда ушбу маънода фойдаланилиши шарт эмас.

            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь