Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.07.2023 й. ПҚ-230-сон "Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.07.2023 й.

N ПҚ-230



ХАЛҚАРО ШАРТНОМАНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА



"Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:


1. 2023 йил 24 февраль куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.


2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.


3. Белгилансинки:

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л. Кудратов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори - Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш. Вафаев Ўзбекистон Республикаси томонидан Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармаси директорлар кенгаши аъзолари ҳисобланади;

Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармасининг устав капиталида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг улуши Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантирилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори - Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш. Вафаевга Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармасининг уставини имзолаш ваколати берилади.


4. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида Озарбайжон томонига тегишли билдиришномани юборсин.


5. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.


6. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг "2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 20 июль